Улар 18 минг нафар…
Аслида савоб, қилинадиган яхшилик ҳақида кўп гапирилмайди. Яратганнинг ўзи ҳар бир эзгу амал учун мукофотини беради. Бу албатта, тўғри.
Аммо ҳаётда ёрдамга, ўзгалар парваришига, эътиборига муҳтож инсонлар учун ўз ҳаётини бағишлаган шундай инсонлар борки, улар ҳақида икки оғиз сўз айтсак, ноўрин бўлмаса керак. Қолаверса, Юртбошимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги зиммасига ана шундай эзгу вазифалар ижроси ҳам юклатилганлиги бежиз эмас.
Хабарингиз бор “Кексалар ҳафталиги”га тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 сентябрдаги 158-сон баёни тасдиқланган эди.
Мазкур ҳужжат асосида республикамизда шу йилнинг 6-10 октябрь кунлари “Кексалар ҳафталиги” ўтказилди. Ушбу ҳафталик доирасида Агентлигимиз тизимидаги ташкилотлар 184 та тадбир ўтказди. Шунда оммавий ахборот воситаларида 107 та чиқиш қилинди. Ўтказилган тадбирларда тизим бўйича жами 31815 нафар кекса пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар иштирок этиб, ҳомийлар ёрдами ва ташкилотимиз ҳисобидан жами 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. 4634 нафар уйида ётиб қолган ва ўзгалар парваришига муҳтож ва якка-ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олинди. Кексалар ва ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар реабилитация техник воситалари билан таъминланди.
“Кексалар ҳафталиги” доирасида ўтказилган тадбирларда муҳтожларга жами 3890 та протез-ортопедия мосламалари, реабилитация техник воситалари, сиҳатгоҳга йўлланмалар бепул етказиб берилди. 4634 нафар якка-ёлғизларнинг уйига бориб ҳолидан хабар олинди. Ҳафталик кунларида 85072 нафар ёши улуғ инсонлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Ўтказилган мана шу савобли ишларда тиббий-ижтимоий хизмат ходимлари фаол иштирок этдилар.
Юртимизда ёлғиз ва ёлғиз яшайдиган кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйида ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш кўлами кенгайтирилди, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реабилитацияси ва ижтимоийлашуви самарадорлиги йилдан йил оширилмоқда.
Орамизда тақдир тақозоси ёхуд яқинларининг оқибатсизлиги сабаб ёлғиз қолганлар топилади. Айниқса, ёши улуғлар, ногиронлиги бўлган шахслар учун бунинг юки жуда-жуда оғир. Ижтимоий ходимлар ўзининг самимий меҳри, эътибори билан ана шу кемтикликни уларга сездирмасликка, билинтирмасликка ҳамиша шай. Керак бўлса, улар орасида ўша яқинларидан ҳам меҳрибон, жонкуяр ва раҳмдил ходимлар талайгина. Улар аввало, қалб амри билан шу касбни танлайдилар. Ижтимоий ходимлар – мана шундай кишилар сирасидан.
Ҳозирги кунда 18 минг нафарга яқин ёлғиз ва ёлғиз яшайдиган кекса ва ногиронлиги бўлган шахслардан 4 минг нафари якка-ёлғизлар ва 14 мингини ёлғиз яшайдиганлар ташкил этади. Уларга 2244 нафар ижтимоий ходимлар томонидан уйда ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиб келинмоқда. Ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда 4 минг нафар ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойда бепул 19 турдаги маҳсулотлар етказиб берилмоқда.
Ижтимоий ходимлар ёлғиз эҳтиёжмандларнинг уйида уларнинг худдики оила аъзоси каби уларга ғамхўрлик кўрсатади. Саломатлиги учун қайғурадилар, ҳаттоки уй юмушлари, бозор-ўчарлари учун елиб-югурадилар. Меҳр-мурувват ҳаммамизда бор. Фақат уни бу тарзда инъом этиш барчанинг ҳам қўлидан келавермайди.
…Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Қўқон шаҳридаги “Темирйўлчилар” маданият саройида “Йилнинг энг яхши ижтимоий ходими” касбий кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
“Йилнинг энг яхши ижтимоий ходими” кўрик-танлови иштирокчилари буни сўзда ҳам, амалда ҳам исботлай олди.
Мазкур танлов давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 июндаги тегишли қарорига асосан ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Мақсад ижтимоий ходимларнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг машаққатли ва фидокорона фаолиятини халқ орасида кенг тарғиб қилишдан иборат.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар ижтимоий ходим куч синашди.
Беллашув жараёнлари, кўрик-танлов шартлари ва ижтимоий ходимларнинг соҳага оид билими, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни билиш даражаси ҳамда зукколиги нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳолаб борилди. Ўз ишида ҳам, оила ва жамиятда ҳам фаол ва ташаббускор ижтимоий ходимларнинг юксак ҳамда масъулиятли меҳнатлари хусусида ижобий фикрлар билдирилди. Барча шартларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришган иштирокчилар ҳамкор ташкилотларнинг қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Биринчи ўринни Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани ижтимоий ходимаси Шоҳида Узоқова қўлга киритди.
Иккинчи ўринни Андижон вилояти, Шаҳрихон туман тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбаси ижтимоий ходимаси Дилфузахон Каримова, Наманган ва Тошкент вилоятининг ижтимоий ходимлари – Наманган вилоят Давлатобод туман тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими ижтимоий ходимаси Гулчеҳра Низамова, Паркент тумани Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими ижтимоий ходимаси Матлуба Шамшиевалар фахрли учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлишди.
Умрини якка-ёлғиз ҳамда ёлғиз истиқомат қилаётган инсонларга хизмат қилишдек олийжаноб ишга бағишлаган ижтимоий ходимларнинг саъй-ҳаракатлари, меҳнати ва матонати юксак таҳсинга, эътиборга, эътирофга, эҳтиромга лойиқдир.
Фарғона вилояти ва Фарғона шаҳар ҳокимликлари ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бошқа бир қанча ташкилотлар ушбу тадбирнинг ўтказилишида катта кўмак беришди.
Б. КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари