Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг мурожаати

Азиз ҳамкасблар! Қадрли оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар!

Барчамизга маълумки, юртимиз бўйлаб яшил майдонларни кенгайтиришга, хонадонлар ва маҳаллалар ободлигини таъминлашга, кўчаларимиз кўркига-кўрк қўшишга киришилгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг 2 ноябридан 10 декабрига қадар дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилингани замирида халқимизга хос эзгу фазилатлар мужассам бўлиб, шаҳар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида “Яшил макон” умуммиллий лойи­ҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатини экиш, шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш назарда тутилгани эътирофга лойиқ эзгу амалдир.

Гўзал диёримизда дарахтзорларни янада кўпайтириш ва теварак-атрофни кўкаламзорлаштириш, боғ-роғлар барпо қилиш юзасидан белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда халқимиз ўзининг аҳиллигини, биргаликда нималарга қодирлигини намоён этишига шубҳа йўқ, албатта.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида “Журналистлар боғи”ни яратиш ташаббуси билан чиқди. Бу ташаббус қатор оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимиз ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Боғишамол” кўчаси бўйлаб кўчат экиш тадбири уюшқоқлик билан ўтказилди. Уюшмамиз номидан ушбу акцияда фаол иштирок этган барча таҳририятлар вакилларига, журналистлар ва тасвирчиларга, олий таълим даргоҳлари профессор-ўқитувчиларига, талаба-ёшларга самимий миннатдорлик билдирамиз. Албатта, биз кўчат экиш билангина чекланиб қолмай, юртимиз бўйлаб экилаётган ана шу кўчатларнинг униб-ўсиши, парвариш қилинишини ҳам доимий эътиборимиздан четда қолдирмаслигимиз талаб этилади.

Унутмайлик, “Долзарб 40 кунлик” ак­циясини ўтказиш орқали ҳовли-жойлар, кўп қаватли уйлар атрофи, автомобиль йўллари бўйи, маҳаллалар, кўчалар, хиёбонлар, ижтимоий соҳа ва туризм объект­ларига дарахт кўчатлари экиш, бир сўз билан айтганда, яшил ҳудудлар барпо этилиши, боғлар, дарахтзорлар кенгайтирилиши ўзимиз яшаётган муҳит кўркига-кўрк бағишлаши баробарида экологик мувозанатнинг яхшиланишига хизмат қилади.

Азиз дўстлар!

“Жамиятимиз кўзгуси”, дея таърифланадиган матбуот ходимлари эл-юртга наф келтирадиган жамоат ишларида ҳамиша пешқадамлар сафида бўлиб келган. Мамлакатимизда дарахтлар кесилишига мораторий жорий қилиниши учун ҳам сиз азиз журналист — ҳамкасбларимиз жонбозлик кўрсатдингиз. Зеро, бугун экилган ниҳол эртага катта дарахтга айланишини, унинг сояси-ю мевасидан катта-ю кичик бирдек баҳраманд бўлишини унутмайлик!

Бугунги кунда юртимизда нафақат ОАВлари балки адабиёт ва санъат, маънавият соҳасида фаолият олиб бораётган юртдошларимизни ҳам ҳисобга олсак, 200-300 минг кишилик жамоа бўлади. Агар улар атиги икки тупдан дарахт кўчати ўтқазганда ҳам қанчадан-қанча майдон яшил ҳудудга, боғ-роғга айланади.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Яхши биласиз, бугун нафақат юртимизда балки бутун дунёда долзарб муаммога айланган турли экологик муаммоларнинг бартараф этилишида айнан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши катта аҳамиятга эга. Чунки биринчи навбатда мазкур лойиҳа келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг қалбида табиатга меҳр-муҳаббат ҳиссини юксалтириш, аҳоли орасида экологик маданиятни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Қолаверса, бу саъй-ҳаракатлар она замин мусаффолигини асраш, атроф-муҳитни авайлаш ҳамда   барчамизнинг тоза ҳаводан нафас олишимиз учун хизмат қилади. Бу эса ҳаммамизнинг келажак авлодлар олдидаги муҳим вазифаларимиздан биридир. Шундай экан, юртимизда яшил майдонларни кўпайтириш, дов-дарахтларни асраш, парвариш қилиш фақатгина ободонлаштириш ташкилотларининг юмуши бўлиб қолмай, ҳаммамизнинг, керак бўлса,   касби коридан қатъи назар бутун халқимизнинг бурчига, вазифасига айланиши зарур. Ана шу эзгу ғояни тарғиб-ташвиқ қилиш йўлида сиз азиз ҳамкасбларимизни доимо фаол бўлишга чақирамиз!

Бунинг учун эса, аввало, ҳар биримиз ўзимиз яшаётган шаҳар, маҳалла, кўчамиз ободлиги, кўркига муносиб ҳисса қўшиб, фуқаролик бурчимизни адо этайлик!

Барча ижодкорларни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини умумхалқ ҳаракатига айлантириш йўлида жонбозлик кўрсатишга чорлаймиз!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =