Оғзига келганни демоқ…

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Юнус­обод тумани мактабгача таълим бўлими мудираларининг  мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда келтирилишича, мудиралар Юнусобод туманининг 19-даҳасидаги уйлар атрофи ва кўчаларни тозалашга чақирилган. Бу мазмундаги гапларни дастлаб “Хabar.uz” ижтимоий тармоғида ўқидим. Сўнгра, “Qalampir.uz”да мазкур хабарга Юнусобод тумани ҳокимлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати муносабат билдиргани ҳақидаги маълумотларга кўзим тушди. Унда Юнусобод тумани ҳокими туманда 64 та маҳалла бор ва шу маҳаллалардаги хотин-қизлар ва ободонлаштиришга масъул ходимлар тўп­ланганлиги, улар орасида боғча мудиралари ва тар­биячилари бўлмаганлиги ҳақидаги маълумотни берган.

Мен газеталарда мухбир вазифасида фаолият олиб борган кезларим шу каби жараёнларни ёритишда муаммонинг ичига чуқур кириб, ҳар томонлама тўлиқ ўрганиб, ишонч ҳосил қилганимдан сўнггина мақола чоп этилар эди. Нафақат мен, балки газета ва журналларда ишлаган ҳар қайси жонкуяр ҳамкасбларимиз худди шундай йўл тутишган. Мана, газета билан ижтимоий тармоқларнинг бир-биридан фарқи. Агар бугун газета ва журналлар ўқувчилари сони кечагидай бўлганида эди, юзаки бир томонлама хабарлар омма эътиборини бунчалик торта олмасди. Истаймизми йўқми, газета ва журнал ўқувчилари сони камайиб, ижтимоий тармоқларда шов-шувли хабарлар кўпайиб кетди. Бугун ўзидан “блогер” ясаб олиб шов-шув кўтараётганларнинг асло оммавий ахборот воситаларига алоқаси йўқ бўлиб, журналист шаънига доғ тушираётган кимсалардир. Бундай дейишимга сабаб “Тentak Мinds” деб номланган ижтимоий тармоқда юқоридаги хабар бўрттириб омманинг эътиборини тортган ҳолда “Энг зўр мардикор боғча опа” сарлавҳали хабар видеоси билан эълон қилинди. Унда “бугун беш кун ишлайдиган корхоналар дам олишади уй ва болаларнинг ширин ташвишлари ҳақида ўйлашади. Лекин Юнусобод 19 кварталда бугун эрталаб Юнусобод ҳокими ташаббуси билан оммавий ҳашар уюштирилди. Оммавий эмас ўзи фақат шу супиришга тозалашга уста бўлган боғча мудиралари ва ходимлари иштирокида “биз ким энг яхши мардикор боғча опа” акциясига старт берилди, дейилади. Хўш, бу қадар пала-партишлик билан битилган юқоридаги сўзлар қандай асос­ларга биноан ёзилди? Ахир, келтирилган видеода аёллар тўпланган ҳолатида   ҳеч қандай ободонлаштириш жараёни акс этмаган-ку. Журналистик суриштирув натижасида, 19 даҳадаги ободонлаштириш жараёнларида ўша кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ҳамда ободонлаштириш бўлими ходимлари эканлигини аниқладик. Шошма-шошар блогер бўлмиш мукаммал ўрганмасдан туриб қандай қилиб оғзига келганини сайрайди! Энг ачинарлиси, боғча мудираси ва тар­биячисини асосланмаган ҳолда ёлланма ишчи, мардикорга қиёслаш одобга тўғри келадими? Блогер бўлмиш исботи бўлмасдан туриб нима учун мудира ва тарбиячини мардикорга қиёслаяпти? У қаердан биляпти, видеодаги хотин-қизлар мактабгача таълим ташкилоти мудиралари ёки тарбиячилари эканлигини. Қани исбот, қани аниқ факт? Яна нима ҳаққи борки, фарзандингиз ёки набирангизни баркамол авлод бўлиб камол топишига ҳисса қўшаётган тарбиячиларни “қўйга” қиёс­лашга? Бу ҳақорат учун жавоб бериши шарт!

Қолаверса, мактабми, боғчами, шифохона бўлсин, ё бошқа бир идорада ҳашар уюштириш қачондан буён “жиноят”, ёмон иш бўлиб қолди? Меҳнатнинг нимаси ёмон экан? Ҳар бир жамоа, ҳар бир оила дейлик, ўзи ишлайдиган ташкилот ё муассасада, ўзи истиқомат қиладиган кўчада, маҳаллада ободончиликка ҳисса қўшса, ҳашарга чиқса, бунинг нимаси “мажбурий меҳнат” бўлар экан?

Умуман, кейинги пайтларда “қилдан қийиқ ахтарадиган” кимсаларга керакли гапни айтиш, ижтимоий тармоқларда ақллилик қилаётган айрим нодон кимсаларга киройи жавоб беришнинг вақти келмадимикан?

Оддий ҳашарни ҳам деярли “жиноят” деб талқин қилиб, “мажбурий меҳнат” деб ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтаришни қачон бас қиласиз, эй сиз…

Шу боис, ижтимоий тармоқларда берилаётган хабарларга ҳамиша ҳам ишониб бўлмайди. Аксарияти ёлғон, бирёқлама, ҳақиқатга мос келмайди. Таҳлил ва профессионал журналис­тикадан асар ҳам йўқ. У ерда ҳамма қози, ҳамма жабрдийда, ўзича ҳамма ҳақ, ҳамма ҳақиқатгўй. Афсуски, буни бугун катта-кичик раҳбарлар тўлиқ тушуниб етяпти деб ҳам айтолмаймиз.

Улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий “Оғзига келганни демоқ — нодоннинг иши”, дейди.

Бу ҳикматнинг асл маънисини чақиш ҳар бир инсонга насиб этсин-да.

Лобар ТЎЛҚИН қизи,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − two =