Газета муҳаррири ҳокимликдан норози
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ушбу вилоят ҳокимлиги, уюшманинг мазкур ва Сурхондарё вилоятлари бўлимлари ҳамкорлигида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида минтақавий семинар ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари — газета ва журналлар, телерадиоканаллар ҳамда интернет нашрлари журналистлари, маҳаллий ҳокимликлар, корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари масъуллари ҳамда айрим блогерлар иштирок этган семинарда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Х.Салимов кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган фаолият ўз самарасини бераётгани, жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Президент сайлови билан боғлиқ тадбирларни ёритишда журналистларнинг масъулияти, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида сўз эркинлиги таъминланишида собитлик – мамлакатимизда юритилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида давом эттирилаётгани, шунингдек, уюшмага аъзоларни қабул қилиш ва бу борада вилоят бўлимлари олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди.
— Кейинги пайтларда уюшмага аъзолик билан боғлиқ масалалар бўйича мурожаатлар ташкилотимиз ёки унинг ҳудудий бўлимларига эмас, бошқа идораларга бўлаётган ҳолатлар ҳам учраётгани тушунарсиз. Мурожаатлар бошқа давлат органлари орқали уюшмага келиб тушмоқда. Ваҳоланки, ҳар бир вилоятда уюшмамиз бўлимлари фаолият юритмоқда, — дея таъкидлади Х.Салимов.
Уюшманинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари бўлимлари раислари Г. Юлдашев, М. Абдураҳмонов, “Халқ йўли”, “Юрт таровати” газеталари муҳаррирлари Ч. Жумақулов, Н. Ибрагимова ва бошқалар соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган омиллар, жумладан, журналистларни қийнаб келаётган масалалар, уларнинг ижтимоий ҳимояси, босма нашрларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш каби соҳада юзага келган муаммо ва камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари хусусида сўз юритди.
Чироқчи тумани ҳокимлигининг “Чироқчи” газетаси муҳаррири Ҳазрат Эгамбердиев эса айни кунда ушбу нашр ёпилиш арафасида экани, жамоанинг тўрт нафар ходими бир неча ойлардан бери маошсиз ишлаётгани, таҳририят моддий-техник базаси ночор аҳволдалиги ва бошқа муаммолар ҳақида сўз юритиб, туман ҳокимлигидан норозилигини билдирди.
Семинарда айни пайтда туман ҳокимликлари ихтиёрида тегишли тартибда маблағ қолаётгани, улар ўз нашрларини (агар хоҳиш бўлса) ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаши мумкинлигини айтиб ўтишди.
Қизғин баҳс-мунозара тарзида ўтган тадбирда воҳа журналистлари Уюшма ҳар икки вилоят бўлимлари фаолиятини жонлантириш, энди эскича услубида ишлаб бўлмаслиги, журналистлар нафақат замон билан ҳамнафас бўлиши, балки бир қадам олдинда юриши, замонавий ахборот технологияларини яхши ўзлаштириши зарурлиги, бу борада тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга оид таклиф-тавсияларини билдирдилар.
Семинар иштирокчилари Ғузор туманида, жумладан, “Мирижанда ота” зиёратгоҳида амалга оширилган ободончилик ва бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
— Бугунги семинар ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, — деди Термиз тумани ҳокимлигининг “Жануб қуёши” газетаси муҳаррири Дўстмурод Нормуродов. — Тажриба алмашиш, соҳамизга, гезетачиликка оид муаммолар ечими бўйича мулоқотдан ташқари, бир-биримиз билан дийдорлашдик, яқиндан танишдик. Ҳамкасблар йиғилиши, ўзаро суҳбатлашиши, бирлашиши – кони фойда. Ғузор шаҳрига келмаганимга анча бўлганди. Тадбир баҳона шаҳарда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари, бу ерда яшовчи аҳоли учун яратилган қулайлигу шарт-шароитларни ўз кўзим билан кўриш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Ташкилотчиларга раҳмат.
Туман ҳокими Бекзод Суюновнинг айтишича, айни кунда туманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ижроси доирасида аҳолини тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергия билан таъминланишини янада яхшилаш, ички йўлларни асфальтлаш бўйича кенг кўламли, жумладан, юздан ортиқ объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Тумандаги “Обод”, “Наврўз”, “Мустақиллик” ва бошқа маҳаллалардаги кўп қаватли уйлар, аҳоли хонадонларига газ тармоғи тортиш шулар жумласидан.
Тадбир якунида бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари, семинар қатнашчиларига Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ғузор тумани ҳокимлигининг совғалари топширилди.
Зафар Назаров,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.