Сохта обрў кимга керак?

Сўнгги вақтларда журналистикага қизиқувчан ёшлар сони сезиларли даражада кўпайди. Айниқса, блогерлик фаолияти оммалашгани боис бу соҳада ўзини кўрсатишга интилаётганларнинг ҳам кун сайин ортиб бораётганини кўряпмиз. Бу албатта яхши.

Чунки интернет тармоғида ўз саҳифасини очиб, тезкор хабар ва янгилик­лар билан оммани бохабар қилаётганлар кун давомидаги воқеликларга ўз фикрини билдириш баробарида, журналистик салоҳиятини ҳам маълум миқдорда ошириб боряпти. Саҳифасига кўпроқ одамни йиғиш мақсадида эса асосан шов-шувга сабаб бўлувчи материалларни жойлашга ҳаракат қилишяпти. Бу ҳам қайсидир маънода яхшиликкадир. Аммо… журналистикада мавзу танлашга ҳам алоҳида эътибор бериш кераклиги кўп айтилади. Шунинг учун ҳам нимадир ёзишдан аввал унинг ўқувчига қандай таъсир қилиши ҳақида обдан ўйлаш талаб этилади. Блогерларимиз эса мана шу жиҳатни ёдларидан чиқаргандеклар гўё. Биз ўзбекларда яхши хабардан кўра, ёмон хабарлар тез ва кенг тарқалади дейишади. Чиндан ҳам шундайдир.

Айнан мана шундай, бошида кишини ўзига жалб қиладиган мудҳиш хабарлардан блогерлар моҳирона фойдаланишяпти десак хато бўлмайди. Кунда-кун­ора юртимизнинг турли ҳудудларида содир этилаётган ҳар хил жиноятлар, пичоқбозлик, омма­вий тўда-тўда бўлиб олиб муштлашишлар, жинсий зўравонликлар ва бошқа ахлоқсизликлар ҳақида ўқиб танишаётганларимизни ҳеч иккиланмай шулар қаторига киритиш мумкин. Балки бу   орқали одамларни огоҳликка чорлаш мақсад қилинаётгандир, бироқ бу кабиларни тарқатиш орқали ўзимиз билмаган, ўйламаган ҳолда тарғиб қилиб қўймаяпмизмикан?

Аммо охирги пайтларда интернетдаги айрим каналларда буларнинг очиқ-ошкора, қандай тасвирга олинган бўлса шундайлигича берилаётганини ҳам кўряпмиз. Булар асосан бош­қалардан кўра олдинроқ бу каби ҳолатларни ўз саҳифасига жойлашга ҳаракат қиладиган қизиққон блогерлар фаолиятида кўзга ташланади. Натижада кўпчиликка бу каби жиноятлар ҳам одамлар орасида “ҳеч нима бўлмай қолибдида” деган хулосани бериб, дийдаси қотишига олиб келаётгандек. Зўрлик ишлатиш ҳамда жинсий тажовузкорлик ҳақидаги воқеалар ҳақида ҳам доим айтилавермаган. Сабаби орияти кучли халқимизда бунақа мавзуларни тилга олиш, муҳокама қилиш ҳам уятли ҳисоб­ланади.

Бордию ўйлаб-ўйламай қайсидир даврада бундай ҳолатлар ҳақида гап бошланса, катталар томонидан дарров тўхтатилар, беҳаё ва бузуқ мавзуларни очганларга қаттиқ дакки бериларди. Боиси кўпчилик гапиргани, ўзича муҳокама қилгани билан уларнинг олди олинишига ишониш қийин. Яхшиси уларни овоза қилмай тегиш­ли одамлар томонидан чора кўрилгани фойдали деб билинган. Балки ундай одамлардан кўпчилик ўзини тортиши, тўй-ҳашамларда аввалгидек муомала қилмасликлари бадхулқ одамларни тўғри йўлга солади деб ўйларсиз. Аммо катта-кичик бирдек фикр юритмайди-да. Орамизда интернетдан бу кабиларни ўқиб олиб, икки гапнинг бирида ҳазил-ҳузул қилиб ўзаро бемаза кулишадиганлар ҳам бор. Биз бўлғуси журналистлар бирор нарса қоралашда, аввало, мана шундай носоғлом шахс­лар учун мавзу яратиб бермаяпмизми деган саволни ўзимизга бериб кўришимиз менимча жуда ўринли бўларди. Фақатгина обуначилар сони ортишини эмас, балки бизнинг камтарона ижодимизни ота-онамиз, опа-сингилларимиз ҳам кузатаётганларини асло ёдимиздан чиқармайлик. Тўғри, журналист қизиқувчан бўлади. Аммо қизиққон ва шошқалоқ эмас. Мақсадимиз тезкорлик билан ҳуда-беҳуда нарсаларни ёйиб, ўзимизча сохта обрў орттириш эмас, халқимиз учун керакли сўзни айта олиш бўлсин.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + 14 =