Яна тўйларимиз ҳақида

ёхуд калаванинг учи қаерда?

Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган бир қатор қарорларда “Маҳалла фуқаролар йиғини: тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ миллий қадриятларга, ахлоқ қоидаларига зид бўлган маросимлар, номақбул одатлар, уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бориши ва тегиш­ли тавсиялар бериши; тўй эгалари томонидан содир этиладиган миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик каби хатти-ҳаракатларни, тегиш­ли талабларга риоя этилмаган ҳолатларни жамоатчилик назоратига олиши…” белгилаб қўйилган.

Қолаверса, пандемия туфайли ўрнатилган қатъий чекловларга ҳам кўпчилик эътибор қаратишни истамаяпти. Эртаси билан иши йўқ, сохта дабдабага бунча ўч одамлар-а!

Масъуллар, жамоатчилик эса негадир жи..м..м! Хўш, нима учун тўй ва маросимларда янгидан-янги одатлар “кашф” этиляпти-ю, уларни тартибга соладиган мутасаддилар бунга лом-мим демаяпти?

Яқинда ижтимоий тармоқларда қуда томонга сарпо улашишнинг антиқа видеоси тарқалди. Унаш­тириш маросимими ёки тўйдан кейинги ҳолатми, келин томон куёвнинг ота-онаси, ака-укасига сарпо улашаётгани тасвирга туширилибди. Лавҳани кўрган ҳар қандай ақли расо одам бу дабдабабозликни ёқламаслиги табиий. Қайнонанинг ўзига тилла тақинчоқлар, ўрин-жой анжомларидан тортиб, қишки-ёзги либослар, ҳатто чиройли қутиларга жойланган, ўзларининг таъбири билан айтганда, “кўрсатишга ҳижолат бўладиган” ички кийимларгача сийлов қилган келин томон уларни шундай ғурур билан намойиш қилардики, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

Тўғри, бу катта харажатни келин томон қилган, улар сизу бизнинг чўнтагимиздан пул олишмаган албатта. Аммо улар шунчалар ҳимматли бўлсалар, сийловларини ўзаро қилиб қўявермайдиларми? Жараённи ижтимоий тармоққа олиб чиқишдан мақсад нима?  Шундай хурмача одатни оммалаштиришми? Ёки бундай имконияти йўқ, топиб-тутиб, қийналиб тўй қилаётганларни ўкситишми? Ачинарлиси, маҳалла, шаҳар-туманлардаги тўй ва бошқа маросимларни тартибга келтиришга масъул бўлган ходимларнинг бу ҳолатларга томошабин бўлиб турганида. Балки комиссия аъзоларидан кимлардир аллақачон бу жараёнларнинг бевосита иштирокчиси ҳам бўлгандир?

Бугун нима учун ана шундай дабдабалар гирдобида барпо этилаётган оила қасрлари мўрт бўлиб, арзимаган баҳоналар билан дарз кетяпти ёки бутунлай барбод бўляпти? Маълумотларга назар ташласангиз, оилавий ажримлар йилдан-йилга ортиб бораётганига, рўкач қилинаётган важ-карсонлар ажримгача етиб боришга, норасида, бегуноҳ болаларни тирик етимлик қисматига ташлашга арзимаслигига гувоҳ бўласиз.

Тан олайлик, олийжаноб мақсадлар рўёби учун масъул бўлган маҳалладаги баъзи ижрочиларнинг беэътиборлиги, юклатилган вазифага юзаки ёндашаётгани оқибатида бугун ажримлар кўпайиб, ноқонуний никоҳлар, оталикни белгилаш, ёлғиз оналар кўрсаткичлари ҳам камаймаяпти.

Хўш, калаванинг учи қаерда? Келинг масалани чуқурроқ таҳлил қилиб кўрамиз.

Биринчидан, йигит-қизлар ўз оиласида турмушга етарлича тайёрланмаяпти. Турмушнинг қувончу ташвишларига андармон бўлаётган ота-оналарнинг аксарияти ўғилларига уй-жой қуриш, қизларига сеп-сидирға йиғиш, серҳашам ва серчиқим тўй қилиш билан зиммаларидаги вазифани соқит қилаётган бўладилар. Ваҳоланки, йигитни қураётган оиласининг чинакам сарбони бўлиш, эрлик, оталик бурчи нималардан иборат эканлигига ўргатиш, қизни тушаётган хонадонида муомалада ҳам, саранжом-саришталикда ҳам, пазандаликда ҳам, бўлажак оналикда ҳам дуч келадиган синовларга жисман ва руҳан бардошли қилиб тарбиялаш иккинчи даражага тушиб қолаётир.

Муаммонинг иккинчи томони маҳалладаги масъулларнинг ўз вазифаларига юзаки ёндашаётганида, жамоатчилик назорати унутиб қўйилаётганида кўринади. Агар ўзини ўзи бошқариш органларидаги оилавий қад­риятларни мустаҳкамлаш комиссиялари, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмалари белгиланган вазифаларини рисоладагидек бажарганида, қолаверса, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар асосий вазифаларидан чалғиб “югур-югур”лар билан банд бўлмаганларида, оилавий қадриятлар унутилиб, тирик етимлар сони ортмас, эркак-аёллар сони деярли бир-бирига монанд келаётган бир пайтда қўш хотинлилар урчиб кетмасди.

Мамлакатимиз тараққиёти ҳам, умидли келажаги ҳам ёш оилаларнинг дунёқараши, интилишига чамбарчас боғлиқдир. Бундай оилалар қўрғонида ҳамма нарса, жумладан, тўй ва бошқа маросимларга ҳам, бола тарбиясига ҳам шахсий иш деб қарамайдилар. Аммо оила билан боғлиқ бот-бот дуч келаётганимиз барча иллатлар, жумладан, амалдаги тартиб-қоидадан чиқиб, ҳукумат даражасида қабул қилинган меъёрга, жамоатчиликка бепи­сандлик қилаётганлар ҳам орамиздаги одамлардир. Атрофда бўлаётган бундай ҳолатларга лоқайдлик, бефарқлик эса иллатлар кўпайишига йўл очмоқда.

Зеро, “Тўй бу — менинг шахсий ишим” дегувчилар хато қилишади. У халқимизнинг маънавияти, маданияти, ҳам дунёвий, ҳам диний қадриятларини намоён этувчи ижтимоий жараёндир.

Айтайлик, тўйда мушак отиш ўрнига бир эҳтиёж­мандларга ёрдам бериш ҳам диний, ҳам дунёвий қадриятга амал қилиш эмасмиди? Қудани тилла-тақинчоқдан тортиб бош-оёқ кийинтирган валломатлар бунинг ўрнига бирор тўй қилолмай юрган ночор оилага кўмаклашса, у дунёи бу дунёда беҳисоб савобга дохил бўлмасмиди? Бундай оилалар қанчалаб топилади атрофимизда.

Айтмоқчимизки, тўй ва бошқа маросимларни тартибга келтириш давлат аҳамиятига молик масаладир. Камбағалликни қисқартириш, аҳолининг кескин табақалашиб кетишига йўл қўймаган ҳолда олиб борилаётган сиёсатга оилавий тантаналаримизни тартибга солиш билан ҳам ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканини унутмайлик. Унутганларни эса жамоатчилик назорати асосида тартибга чақириш хайрли, айни пайтда савобли ишдир.

Хадичахон КАРИМОВА,

Фарғона вилоятидаги “Ойдин” газетаси бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 14 =