КEТСА — “ГЕНEРАЛ”ИДАН, КEТМАСА — МИНEРАЛИДАН…

Жаҳон халқи ўликдир ё тирикдир,
Тирик юрган илмсизлар ўликдир.
Алихонтўра СОҒУНИЙ
Кўчада ҳарорат 45 даража иссиқни кўрсатмоқда. Вилоятдан қайтаётиб, газ қуйиш шохобчаси (заправка)да тўхтадик. Одамларга эргашиб, қуёшни “алқаб”, булутни йўқлаб, кундага айланган шерикларига “мотам” тутганча мунғайиб турган дарахт соясига урдик ўзимизни. Шу пайт новчадан келган бола бўғиқ овозда рус тилида узоқ чулдиради. Мен унинг сўзига эмас, бобомнинг чўпон таёғидек билагию ёш бўлишига қарамай момомникига ўхшаб тиришган елкасига, лайлакникига ўхшаш оёғи ва кўзларидаги оғир дардни кузатдим. Болакай ёнимда ўтирган ўртоғимнинг “Мы студенты. У нас нет денег” деган сўзидан сўнг бизга бошдан оёқ разм солди-да, ортга бурилдию келган томонига қайтиб кетди. Ҳатто шу бола ҳам “студент” қандай яшашини билди чоғи…
Мен эса ички бир кибр ила ҳеч бўлмаса, шу болага пешонамиздаги тамғани такрорламасанг бўлмайдими, деган ўқрайиш билан дўстимга қарадим. У эса “Отам бизни ташлаб кетган, онам касал, онамнинг мендан бошқа суянчи йўқ…” деган гапини таржима қилиб, болага ёрдам бера олмаганидандир балки, сигаретасини чуқур тортди. Замондан қочиб юрган раҳмдиллик мени топиб олди шекилли, ички бир кибрланиш ила киссамга қўл солдим. Афсуски, менда ҳам “шимилдириғ” ҳам қолмаганди…
Шу пайт кечаги воқеалар кўз олдимда жонлана бошлади: тўй тўйдан қайтсин деб, курсдош дўстимизнинг тўйига – вилоятга жўнадик. Карантин қоидаларига “амал” қилинган тарзда бошланган тўйни маҳалла раиси очиб бераётганда айтган шу жумлалари миямга муҳрланди: “…кетса — “генерал”идан, кетмаса — минералидан олиб ўтиринглар”. Унинг ваъзи тугамасидан орқа ўриндиқлардан стаканларнинг “чинг, чинг…” урилиши эшитилди: “қани, олдик!” Мезбонлар қадаҳни кўтарар экан, икки ёшга шириндан- ширин омад ва бахт тилашарди.
Бироз ўтиб, саҳна ўртасига ўйин­­чи чиқди. Даврага терилган столдагилар бир-бир чиқиб, нав­батма-навбат, бир қатор бўлиб саҳнада хиром айлаётган раққосага пул қис­тириб қайтаётганига термулар эканман, ўзбегим “одат”ларига бисотимдаги бор “мақтов ёрлиқ”ларимни ёпиштирардим. Ёнимизда ўтирган куёвтўранинг жўралари ҳам шу ҳолатни такрорлади-да, ўз ўрнига қайтиб ўтирар экан, бизга кимлигини кўрсатиб қўйишгандек мағрурона қарашди. Бу ҳазм бўлиб улгурмасдан, давранинг нариги томонидаги аёллар ҳам “ўйинчи” атрофида айланиб, унга пул қистира бошлади: “…Кўҳна тарих шодасида битта маржон ўзбегим!”…
Бу одамлар ва уларга эргашиб отасининг пулини ҳавога совураётган биз тенги ёшлар ўз йўлига, энг ёмони — тўйга опичлаб келган ота-онасининг қилган иши ҳали эртакларда яшаётган мурғак нигоҳларда муҳрланмоқда эди!
Маълумотларга кўра, дунё олимлари яқин йилларда ички биологик соатни секинлатиш йўлларини қидирмоқда, тез орада қариш жараёнини тўхтатадиган таблеткалар ва генетик терапияларни тавсия қилишлари ҳақида айтишмоқда. Қизиқ, яшашни фақат элга данғиллама тўй қилишнию раққосага пул сочишни мақсад қилган одамларимиз, бу таблеткани қабул қилса, бу ҳолат яна узо-оқ йиллар такрорланар экан-да? Ҳа, биз замонга боқмаймиз, замон бизга боқсин, дея қадаҳларни жингирлатаётган эл одамларимиз, хотини йиртиқ ковушда юрадими, отасининг маҳсиси сиқадими, боласи тиланчилик қиладими… бу муҳим эмас: ахир, эл қараб турибди, уларга ўзининг кимлигини кўрсатиб қўйиш керак! Шундай эмасми?
Албатта, биз сизга ҳавас қиламиз! Фил гавдангизга, йўғон билагингизга! Кечирасизу, тўйга бориб, атрофимдаги одамлардан “ўрнак бўладиган” фақат шу нарсаларни олдим. Мактабгами ёки боғчага қадам қўйган фарзандингиз сизга ҳавас кўзи ила боқишини, керак бўлса, сиз сочган пуллардан бу менинг отам дея фахрланаётганини ҳам кўрдик. Яна бу нигоҳлардан “мен ҳам катта бўлсам шундай қиламан” деганларни ҳам англадик. Қаердадир ўқигандим, инсонни вақт эмас, аксинча, атрофдаги во­қеалар улғайтиради. Ҳа, келгусида илм билан тўлиши мумкин бўлган мияга шу ва шунга ўхшаш вақеалар муҳрланмоқда. Афсус…
Сардор ТОЛЛИБОЕВ.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =