ПУЛИ БОРГА ТАҚИҚ ЙЎҚ…МИ?

Айтишларига қараганда, бу йилги жазирама сўнгги 150 йилда кузатилмаган. Айрим манбалар сўнгги 300 йилда бундай жазирама бўлмаганини айтмоқда.

Гарчи, бир-икки кундан бери ҳаво бироз “ташлаган” бўлса-да, ҳамон офтобнинг шашти баланд. Ҳатто ичкаридаги ҳаво совутгичларнинг “ўпкаси тўлиб”, совуқ ҳаво ҳайдашга қийналиб қоляпти. Шу сабаб, кўчада юришнинг ўзи осон эмас. Шундай бўлишига қарамасдан, тирикчилик пайидаги минг-минглаб одамлар қуёшнинг тиғида юришга мажбур. Машина ва жамоат транспортларининг ойналари эса қорайтирилмаган. Чунки юртимизда тонировканинг нархи отнинг калласидек.

Маълум бўлишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев тонировканинг бепул қилиниши ёки унга минимал тўловлар асосида рухсат берилишини сўраб Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилган. Сўровга жавоб келган, аммо аниқ бир гап айтилмаган. Бу борада қарор лойиҳаси тайёрланаётгани маълум қилинган, холос. Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам тонировка учун баланд нархдаги тўловларга танқидий муносабатини кунда-кунора ижтимоий тармоқларда билдирмоқда. Таассуфки, депутатларимизнинг муносабати, сўровлари, жазирамада азият чекаётган минглаб фуқароларнинг шикоятлари тезкор чора кўрилишига туртки бўла олганича йўқ.

Ажабо, чидаб бўлмас даражадаги шундай иссиқда тонировканинг нархи пасайтирилмаса-я!.. Аслида бу ажабланарли ҳам эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг, автомобиль ойналарини тонировка қилганлик учун тўловлар, рухсатсиз қорайтирилган ойналар учун жарималар… Ким асал томиб турган тешикни беркитгиси келади?

Шу нарса тушунарсизки, бир пайтлар хавфсизлик нуқтаи назаридан машина ойналарини қорайтириш мумкин эмас дейиларди. Аммо пулли асосда бунга рухсат берилди. Яъни, пулини тўлаб қўйсангиз, автомобиль ойнасини қорайтиришга қў­йилган тақиқ сиз учун ишламайди. “Пули борга тақиқ йўқ”, дегани-да энди бу! Ажаб, кўп миқдорда пул тўланганидан кейин хавфсизлик масаласининг аҳамияти қолмаскан-да!

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари кучли иссиқдан қандай сақланиш кераклиги ҳақида тавсиялар берган бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам ҳар доимги “ғамхўрлиги”ни унутиб қўйган эмас. Нима бўлганда ҳам раҳмат, бор бўлсин шулар! Лекин “Кўпроқ суюқлик ич, сояда ўтир, бошингга нам латтани ўраб ёт”, деган гапларни ҳар ким айтиши мумкин-да. Нима учун мияси қайнаб, ўпкаси қуриб кетган кўчадаги минглаб жабрдийдалар ва саноқли депутатлардан бошқа ҳеч ким тонировканинг нархларини пасайтириш ҳақида ўйламайди? Ҳозирги аномал иссиқда одамларнинг саломатлиги учун бошга нам матони босишни ўргатгандан кўра, автомобилларни тонировка қилишга рухсат бериш халқ учун ўн марта фойдали эмасми?

Одамларни тўғри тушуниш керак. Тўлашга пули бўлганда, шу тонировка масаласини даҳмаза қилиб судраб юрмасди. Бугун хорижга кетишни истамаганларнинг, иш топишда омади чопмаганларнинг деярли барчаси киракашлик қилади, ахир…

Шу ўринда хорижий юртларда тонировкага муносабат қандай эканига бир кўз ташласак: Болтиқбўйида жойлашган Литвада тонировка текин, ҳеч қандай тўлов, давлат божи каби чиқимлар йўқ. Орқа ва орқа ён ойналарни хоҳлаганча тонировка қилиш мумкин, олд ён ойналарни эса 20 фоизгача қорайтирсангиз биров бир нарса демайди. Кавказортида жойлашган Грузия давлатида ҳам тонировка учун тўловлар йўқ, фақат устанинг ҳаққини берсангиз бўлгани. Устахонада машина ойналарини тўлиқ тонировка қилдириш эса бизнинг пулда 150 минг сўмларга тўғри келар экан.

Озарбайжон пойтахти Бокуда агар фарзандларингизни олиб юрсангиз, ёз пайти машинангизга тонировка тортишингиз мажбурий экан. Болаларнинг териси қуёшга жуда таъсирчан бўлиши бунга сабаб (ўзбекнинг боласига эса ҳеч нарса қилмайди!), экан.

Юқорида айтганимиз уч давлатнинг ҳам иқлими бизникидан анча нам, салқин. Агар уларда бизнинг юртдагидек жазирама бўлганида борми, эҳтимол, машина ойналарини қорайтириш учун улар пуллик қилиш у ёқда турсин, аксинча, ёрдам пули беришарди-ёв, деб ўйлаб қолади одам.

Яна бир маълумот: Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти қуёш фаоллиги юқори бўлган мамлакатларда тери саратони ва қуёшнинг бошқа зарарларидан ҳимояланиш мақсадида энг ишончли ва арзон усул сифатида автомашиналар ойнасини ЙҲХ қоидаларига мос равишда қорайтиришни тавсия этган. Бизда халқнинг, халқ вакили бўлган депутатларнинг сўзи тингланмаслиги одатий ҳол бўлиб бормоқда, ҳатто обрўли халқаро ташкилотларнинг тавсиясига ҳам амал қилинмаслигига нима дейсиз?!

Модомики, биз денгизлари мавж урган мўътадил иқлимли минтақада жойлашмаган эканмиз, шаҳарларимизда кўплаб дарахтларни қурбон қилиб қураётган ҳашаматли биноларимизнинг сояси атрофни оз бўлса-да салқинлатишга ярамаётган экан, ҳеч бўлмаса, фуқаролар ўз машиналарининг ойналарини арзон нархларда тонировка қилишига рухсат берилиши керак эмасми?

“Энди бу гапларга эътибор бўлгунича, балки куз ҳам келиб қолар, ўзи салқин тушиб қолади”, дейди бир ҳамкасбим шу ҳақда айт­сам. Балки. Лекин дам фақат шу дам эмас, омон бўлсак, келаси ёз бор, ундан кейингиси бор-ку, дейман ҳамкасбимга жиғибийрон бўлиб. Худди гўё тонировкага у рухсат бермаётгандек.

Сиз эса тонировканинг нархи арзонлашувини кутаётган азиз юртдошлар, ҳозирча дўхтирларнинг маслаҳатларига амал қилиб, кўпроқ суюқлик ичиб туринг, жуда иссиқда қолсангиз, сояга ўтинг, беҳузур бўлиб, мазангиз қочса, тезда бирор матони муздек сувга ботириб, пешанангизга қўйишни унутманг. Ахир, соғлиғингиз ўзингизга керак…

Шаҳзод ШОДМОНОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 3 =