“МУБОРАК ҲАЁТИ”нинг ҳаёти сўндими?

Бу хабарни эшитиб, “Ёлғон бўлса керак”, деб ўйладим. Ахир, келиб-келиб Муборак туманининг газетаси чиқмай қоладими? Матбуотга алоқаси бор бир танишимга қўнғироқ қилиб сўрадим. “Рост, газета чиқмаётганига анча бўлди”, деди у.

Муборакни биласиз, Қашқадарё вилоятидаги энг ривож топган туманлардан. Мамлакатимизнинг газ ва нефть таъминотида алоҳида ўринга эга, йирик саноат корхоналари маскани! Қирқ йиллик туман газетасининг бирдан чиқмай қолишини эса тасаввур қилиш қийин. Аммо бу ҳақиқат экан. Кўнглим оғринди. Чунки камина бу газетанинг илк сони чиққанда нав­батчи бўлганман…

Эсимда, ўша йиллари Муборак шаҳрининг “Дўстлик” маҳалласидаги иккита коттежнинг бири таҳририят, иккинчиси босмахонага айлантирилиб, иш бошланганди. Ўшанда мамлакат матбуоти тарихида туман миқёсида илк бор уч тилда: ўзбекча “Дўстлик байроғи”, русча “Дружба народов” ҳамда қрим-татарча “Достык байрағи” газеталарини нашр этишга киришилганди. Бу газеталарнинг ҳар бири ҳафтасига уч марта чиқар эди. Қолаверса, русча “Заря” ва қрим-татарча “Танг”, қўшни Баҳористон (ҳозирги Миришкор) туманининг “Баҳористон ҳақиқати” газеталари, умуман олганда, жиҳозлари эскириб кетган босмахонада ҳафтасига 15 марта газета нашр этилган.

“Муборак ҳаёти” газетаси таҳририятига ҳар куни 20-30 талаб хат келар, газетанинг деярли ҳар сонида танқидий-таҳлилий мақолалар босилиб, мутасадди ташкилотлар танқидларга жавоб йўллар, йўл қўйилган хато-нуқсонларни бартараф этишга ҳаракат қиларди. Шуни ҳам айтиш керакки, газетага Муборакдаги барча саноат корхоналари тўлиқ обуна бўлар, бу ташкилотларнинг баъзи ходимлари ўзларининг хат-хабарлари, бадиий машқлари билан газета саҳифаларида   иштирок ҳам этишарди.

Хўш, энди нима бўлади? Нега бугун туман газетаси чиқишдан тўхтади? Газетанинг ўқувчилар эътиборидан қолишида кейинги йилларда раҳбарлик қилган муҳаррирнинг ҳам айби бор, назаримда. У газетадан ўз тирикчилиги йўлида шахсий томорқадай фойдалана бошлади. Фақат жамоа хўжа­ликлари фаолияти ҳақида сийқа материаллар бериладиган, чайналавериб шилтаси чиқиб кетган гаплар жамланмасига айланиб қолганди бу нашр. Бир-биридан долзарб мавзудаги мақолаларга кенг ўрин бериб, ўқувчилар аудиториясини кенгайтиришга ҳаракат қилинмади.

“Муборак ҳаёти”нинг энг сўнгги муҳаррири ҳам савод ва ташкилотчилик, изланишу интилиш масаласида аввалгисидан пеш бўлмагани боис, обуначилар сони кес­кин камайиб кетди. Оқибатда мана, жорий йилга келиб туман газетаси умуман чиқмай қолди.

Туман раҳбарияти ҳам ўз нашрларига эътибор қилишни мутлақо хаёлларига келтиришмади. Ваҳоланки, мамлакатимиз раҳбари такрор-такрор уқтирганидек, маънавий қашшоқлик иқтисодий қашшоқликдан минг бора хавфли. Бу фожиани англаб етмаётган раҳбарларни нима деб аташгада ҳайрон қоласан киши.

Жоним ачиганидан яқинда “Муборак ҳаёти”нинг охирги муҳарририга боғланиб: “Туман ҳокими билан маслаҳатлашмадингизми?” — деб сўрадим. Унинг айтишича, ҳоким, дастлаб, таҳририят ҳисобига 5 миллион сўмча маблағ ўтказиб берибди. Сўнг, “Газета учун мени блогерлар интернетда шарманда қилишларини истамайман”, деб жавоб берибди. Ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган маънавият ривожига қайишган раҳбарни интернетда қоралайдиган ўзини “блогер” атагувчиларга, аввало, “маънавият душманлари” деб қараш керак, менимча. Қолаверса, блогерни баҳона қилиб, ўз нашридан воз кечаётган ҳоким қандай раҳбар бўлди? Ишбилармон, ғайратли раҳбар ўз фаолиятида газетага таянса, фақат ютади-ку!

Вақти замонида туман газетаси муҳаррири таҳририят учун қурилиши лозим бўлган бинодан “кўнгилли равишда” воз кечиши оқибатида “Муборак ҳаёти” кўчада қолиб кетган эди. Хуллас, у бўлди, бу бўлди қирқ йиллик туман газетаси бугун чиқмай қўйди. Ҳатто вилоятнинг нисбатан қолоқ туманларида газеталар нашр этилиб турган бир пайт­­да Муборакдай катта туманнинг бугун ўз газетаси бўлмаса?..

Юз мингдан ортиқ аҳоли, ўнлаб йирик саноат корхоналари, тўрт-бешта ҳарбий қисм, юзлаб фермер хўжаликлари, қирққа яқин таълим даргоҳи ва кўплаб маҳаллалар, бир неча юзлаб фирма ва хусусий корхоналарга эга бўлган туманда газетанинг ёпилиб кетиши, аввало, туман ҳокимияти учун уятли ҳол эмасми?

Тўғри, ривожланган даврда яшаяпмиз. Ҳамманинг қўлида уяли телефонлар бор. Барча янгилигу хабарлардан интернет орқали воқиф бўлиш мумкин. Лекин бу матбуотнинг фаолиятига нуқта қўйиш дегани эмас! Ҳозирги шиддатли замонда босма матбуотнинг ҳам ўз вазифаси, жамият ривожида ўз ўрни бор. Муборак тумани раҳбарияти ўзи муассис бўлган газетани сақлаб қолиш чораларини қўрса, мақбул иш бўларди.

Очил ТОҲИР,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × four =