Холислик мезон бўлса эди ёхуд тинглашни ўрганиш маданияти ҳақида

Аслида бу ҳақда ёзмоқчи эмасдим. Аммо… “тўғри гап туққанингга ёқмайди” деб бежиз айтишмаган экан. Барибир гапиришга қарор қилдим. Агар ўз ҳаққини талаб қилиш, адолат излаш айб бўлса, айбдор бўла қолайлик.

Тўрт йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 ноябрдаги қарорига мувофиқ таъсис этилган “Мард ўғлон” давлат мукофотига “Маданият-журналистика” йўналишида ҳужжат топшириб келаман. Шу пайтгача Наманган вилоят босқичидан ўтиб, Республикага тавсия этилар эдим. Аммо насиба қўшилмаганми, мукофотга сазовор бўлганимча йўқ.

Аксига олиб, бу йил Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бўлимидан ҳам ўт­мабман. Қизиғи шундаки, айнан журналис­тика бўйича топширилган ҳужжатларни соҳага алоқадор одамлар четда қолиб, вилоят маданият бошқармасининг вакиллари баҳолашибди.

Наҳотки, шунча ютуқлар (қуйида уларни номма-ном келтирилган) билан вилоятдан чиқишга муносиб бўлмадик? Ёшлар ишлари агентлигининг кадрлар бўлими ходими Мурод (шарифини айтмади) акага боғландим. Жуда баландпарвоз экан, муомала мада­ниятидан асар ҳам йўқ, зарда билан: “Биз бу ерда и…рилиб (қўпол сўз) ишладик, тинмадик, кечалари ҳам ҳужжат тайёрладик”, деса бўладими.

“Ишлаган бўлсангиз, бу сизнинг вазифангиз, меҳнатингизга яраша давлатдан ойлик олаяпсиз”, дегим келди-ю… Хуллас, Агентликнинг бу ходими умумий гаплардан нарига ўтмади.

Куйиб-пишаётганимнинг сабабини ҳам айтай. Отам — деҳқон, онам — оддий уй бекаси. 6 йил деганда талаба бўлганман. Мени танийдиганлар жуда яхши билишади буни. Бугунги ютуқларимга осонликча эришмадим. Ростини айтсам, шу мукофотни олиб, магистратурада имтиёзли ўқисам, деган умид билан ҳаракат қилгандим. Қўллари кетмонда қотиб кетган отамни яна икки йил “боламнинг контракти бор”, деган ҳадикка солмасам, дегандим.

Ниятим амалга ошмаган бўлса ҳам, керакли хулосалар олдим.

Қуйида “даъво”имга сабаб кўрсатиш мақсадида шу тақозо қилгани боис, эришган камтарона ютуқларимни санаб ўтишга мажбурман.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг 3-босқич талабасиман. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасида мутахассис бўлиб ишлайман. 300 га яқин публицис­тик мақола ва бадиий ҳикояларим туман, вилоят, респуб­лика босма нашрларида чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Зомин — 2017” семинари ҳамда Республика ёш ижодкорлари кенгашининг “Бўстонлиқ — 2017” форумларида иштирок этганман. 10 га яқин илмий-тақризий, тезисли мақолаларим Буюк Британия, Германия, Нидерландия каби давлатлардаги журнал, конференция-монография тўпламларида чоп этилган. Бадиий ҳикояларимдан 5 таси Ҳиндистонда чоп этилган “Замонавий ўзбек ҳикоялари” (Contemporary Uzbek Short Stories) халқаро наср анталогиясидан ўрин олган. Ҳиндистонда чоп этилган ҳикоялар тўп­ламим мазкур давлатнинг адабиёт йўналишидаги “SAHITYA SHREE” номидаги нуфузли адабий мукофот ва махсус сертификатига лойиқ кўрилган. Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон–Ҳиндистон маданият кунлари” доирасида бўлиб ўтган адабиёт ҳафталигининг махсус дипломи билан тақдирланганман. “Замонамиз қаҳрамонлари”, “Жилғалар қўшиғи”, “Улуғ салтанат васфи”, “Бахт қўнғироғи”, “Умид ёғдуси” каби илмий мақолаларим ёшлар альманахларидан, “Бугунги ўзбек тилшунослигида тил ва адабиётнинг ўрни”, “Филологиянинг умумназарий масалалари”, “Замонавий психология муаммолари” каби чиқишларим рес­публика миқёсидаги илмий-амалий конференция, илмий ва таҳлилий мақолалар тўпламларидан жой олган. “Маърифат” газетасида эълон қилинган “Муаллим, ўқувчингиз нима ўқияпти?” номли мақолам “Талаба-журналистнинг ёрқин публицистик иши” номинацияси йўналишида ғолиб деб топилган. Жаҳон истеъдодлари уюшмаси (Қозоғистон) томонидан ўтказилган “Олис болаликка саёҳат” халқаро-онлайн танловининг 1-мавсумида “Энг яхши ҳикоя” номинацияси ғолиби ҳамда махсус диплом билан тақдирландим ва 2020 йил 18 августда ушбу уюшманинг аъзолигига қабул қилинганман. 2020 йил 30 сентябрда Қирғизистон Республикасида фаолият олиб бораётган “Қирғиз шоир-ёзувчилари” жамоат фонди аъзоси бўлганман. Ўтган йили Қозоғистон Республикасининг “Абай” номидаги адабий медали билан тақдирлангандим. Шунингдек, Жаҳон истеъдодлари уюшмасининг “Елеулi енбегi ушiн” (“Муҳим хизматлари учун”) медали соҳиби бўлганман. Жорий йилда эса Қозоғистон Респуб­ликасида ўтказилган “Энг яхши ёш олим — 2021” халқаро танловининг журналистика йўналиши бўйича биринчи ўрин (олтин медаль) соҳиби бўлдим.

Юқоридагилардан “Бу бола роса мукофотга ўч экан-да”, деб ўйламанг. Асло! Аслида энг катта ютуқ, мукофот соғ-омонликда, ота-она, энг яқин инсонларнинг борлиги, устозу дўсти ёрларнинг эътибори, юртимизнинг тинчлиги, осмонимизнинг мусаффолигидадир. Лекин ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган Ёшлар ишлари агентлиги, унинг вилоятдаги бўлимларида адолат, холислик йўқ экан, деган фикрга келдим. Шуниси алам қилди, холос.

Сиз нима дейсиз, азиз тенгдош, ўзи кимлар мукофотга лойиқ?

Ислом АСИЛБЕКОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + 8 =