Болаликдан ҳуқуқни ўргатсак…

Конституция – истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи, ғурур-ифтихори, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, дини, ирқи, тилидан қатъий назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи дастуриламал ҳужжатдир.

Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланган жорий йилда Конституция куни байрами ҳам ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда. Зотан, ўтган йиллар давомида давлатимизнинг халқаро майдонда ўз ўрнини топиши, барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ва юксак марраларга эришиш, халқимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган фаровон ҳаёт барпо этишда Асосий Қонунимиз – Ўзбекис­тон Республикаси Конституцияси мус­таҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Олдимизга қўйган бош мақсадимиз – ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларимиз ҳам Конституциямизга таянган ҳолда олиб бориляпти.

Энг муҳими, Конституциямизда инсон шаъни, қадр-қиммати олий қад­рият сифатида эътироф этилган. Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб ана шу эзгу тамойил асосида иш олиб борилмоқда.

Юртимиз ёшларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улардаги қонун-қоидаларга бўлган ҳурмат ҳиссини шакллантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар ҳам боғча ёшидан бош­лангани, уларнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб улғайишларида муҳим омил бўлаётгани айни ҳақиқат.

Айни дамда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган Конституциямизнинг 29 йиллик байрами муносабати билан пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган 249-сонли “Мажнунтол” деб номланган мактабгача таълим ташкилотида ҳам “Конституция – бахтимиз қомуси” деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда “Мажнунтол”да тар­бияланаётган жами 12 та гуруҳдаги ўғил-қизларнинг бийрон тилидан чиқаётган ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар тадбир қатнашчиларига юқори кайфият улашган бўлса, тарбиячилари ёрдамида давлат рамзларини тасвирлаган суратлари ҳамда апликация йўли билан тайёрлаган кўргазмалари уларнинг ҳайрати ва олқишига сазовор бўлди.

Айниқса, болажонлар томонидан ифодали тарзда, ёддан айтилган Конс­титуциямиз моддалари ҳамда қонун бузилиши ҳолатларини намоён этган саҳна кўринишлари кечага ўзгача файз бағишлади.

— Агар фарзандларимизни болалигидан ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириб борсак, ўйлайманки бугунги кунда оғриқли томонларимиздан бири бўлган вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар сони сезиларли даражада камаяди. Албатта, бу йўлда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда мана шундай тадбир ва кечаларни доимий равишда ўтказиб бориш фойдали бўлади, – дейди 249-сонли давлат таълим ташкилоти мудираси Севара Аҳмеджанова.

К.РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + sixteen =