Ранглардан ёмонлик изламанг!
Ҳаётимиз турфа ранглардан иборат. Уларни кўриб кўзимиз қувнайди баъзида. Ахир мовий осмон ва уммон, ям-яшил водийлар, алвон лолаларни ўзга рангда тасаввур қила оласизми? Ўрни келганда айтиш лозимки, ранг аслида оптик диапазондаги электромагнит нурларининг субъектив талқини эканлигидан кўпчилик бехабар. Соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, ранг — бу кўзимиз илғайдиган ёруғлик тўлқинлари бўлиб, уни узун-қисқалигига қараб ҳар хил кўрамиз. Бу рангнинг физик таърифи. Лекин унинг ҳаётимиздаги ўрни беқиёс.
Аввало, у маданиятнинг ажралмас қисми саналади. Инсонлар рангларни турли маънога эга сифатида ҳам қабул қилади. Хусусан, оқ ранг поклик, қора ранг эса ёвузлик, яшил ранг ёшлик, қизил томирдаги оқаётган қон ҳаёт тимсоли каби.
Кўп бўлгани йўқ, ижтимоий тармоқларда турфа рангли болалар ўйинчоқларидан эҳтиёт бўлиш кераклиги ҳақида видеохабар тарқалди. Нима эмиш, бу рангли ўйинчоқлар номақбул тарғиботчиларининг белгиси бўлиб, болаларга салбий таъсир кўрсатар экан. Бу муҳокамаларга қўшилиб, уни ёқлаб чиққанлар ҳам бўлди, афсуски. Қилдан қийиқ ахтариш деб шуни айтсалар керак.
Психологлар бола тарбиясида айнан рангларнинг ўрни борлигини алоҳида таъкидлашади. Ҳар бир инсоннинг ёшлигидан севимли ранглари бўлади. Шу туфайли инсон кийим танлаш, уйни жиҳозлар билан безатиш ёки таъмирлаш ишларида ҳам айнан шу рангга кўпроқ мурожаат қилади.
Мутахассислар олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, ранг нафақат инсон онги ва руҳиятига, балки жамики жонзотларга таъсир кўрсатади. Жумладан, пашшада олиб борилган тажрибада аниқланишича, улар кўк рангни ёқтиришмас экан. Бир хонанинг барча жиҳозларини, деразаларини кўк рангга бўяб, фақатгина бир кичкина дераза бўялмай қолдирилибди. Айни пайтда барча пашшалар фақат бўялмаган деразага қўнишибди. Чивинлар эса аксинча, кўк кийимдаги инсонларга кўпроқ ҳужум қилиши тажрибаларда кузатилган.
Психологлар ҳам рангларни узоқ вақт давомида ўрганиб қуйидаги хулосаларга келишган: қизил — асаб тизимига кучли таъсир кўрсатади, шунингдек, ижодкорликка ундайдиган фаол рангдир. Руҳиятни тинчлантирадиган ранг эса яшил саналади. Ҳаворанг, зангори — ранглар ҳам тинчлантириш баробарида тана ҳароратини пасайтириш, қон босимини меъёрга келтириб, оғриқни сусайтириш хусусиятларига эга. Илоҳий ҳиссиётлар ва ҳаёлпарастликка мойилликни сиёҳ ранг ва бинафша ранг уйғотади. Жигар ранг — асабий ҳолатдаги инсонлар танлайдиган ранг; қора ранг — танқид ва оқ ранг — софлик, мукаммаллик ранги.
— Рангларга шунчаки ранг деб эмас, балки ҳаётимизга катта таъсир кўрсатувчи восита сифатида қараш лозим, — дейди психолог Мақсуда Сулаймонова. — Боиси улар инсон руҳияти, кайфияти ва ҳаттоки инсон саломатлигига ҳам ўз таъсирини кўрсата оладиган омил эканлигини англашимиз даркор. Кўринадики, ранглар ва уларнинг хусусиятлари масаласига жиддий қараш, ҳар томонлама тадқиқ этиш зарур.
Демак, ўсиб келаётган болаларимизга она табиат ато этган барча рангларни таништириш, ўрнида тушунтириш шарт. Зеро, ҳар бир рангнинг ўз ўрни, сеҳри бор. Ана шу оддий ҳақиқатни англаб етиш қийин иш бўлмаса керак.
Маълумки, бола 3 ёшгача ўзининг кўриш қобилиятидан тўлалигича фойдаланмайди. Мурғак гўдак сариқ, зарғалдоқ ва қизил ранглардан иборат саноқли тусларни кўра олади. Бола 5 ёшга тўлгандагина турфа хил ранглар ичидан маълум бир тусни фарқлай ола билади.
3-4 ёшли гўдаклар турли нарса ва жисмлардан иборат дунёни ўзлаштира бошлайдилар. Улар турли ҳаракатчан ўйинларга ишқибоз бўладилар. Бу даврда ранг муҳим аҳамият касб этиб, гўдак тасаввуридаги оламнинг ажралмас қисмига айланади.
Ҳар нарсани таҳлил қилиб, унга теран нигоҳ билан қараган яхши. Лекин бу борада меъёрни, чегарани унутмайлик. Ҳар нарсадан ёмонлик излайверилса, барча нарса ёмон бўлиб туюлаверади. Зеро, “Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё”.
Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА