“Болам, болам” дейсиз-у…

Мультфильм томоша қилиш болакайларнинг севимли машғулоти. Ота-оналар болани тинчлантириш мақсадида кўпинча телевизор қаршисига ўтқазиб қўяди. “Бунинг нимаси ёмон, кўрса кўрибди-да” дейишингиз мумкин. Лекин эфирга узатилаётган ҳамма мультфильм ҳам талаб­­га жавоб берадими йўқми ҳамма гап шунда.

Хўш, болалар қандай мультфильм кўргани маъқул, деб ўйлайсиз? Қандай мультфильмлар болага ижобий таъсир қилади-ю, қайсилари онгини заҳарлайди? Шу ва шунга ўхшаш саволларга суҳбатдошимиз, Болалар психологи Дилдора Роҳатова ўз таж­рибаси мисолида жавоб беради.

— Руҳшунос олимлар болани оқ қоғозга қиёслайди. Яъни сиз оқ қоғозга нималарни ёзсангиз, худди шуларни ўқийсиз. Ҳозирги пайтда намойиш этилаётган мультфильмларнинг аксарияти чет давлатларда ишлаб чиқарилган. Уларда ўша мамлакат одамларининг руҳияти аксини топган. Фильм қаҳрамонлари, баъзан ҳайвонларга ҳам ўша руҳ сингдирилади. Улар ёвуз, бешафқат, ғирром ва ёки бошқа, бизнинг менталитетга зид бўлган қарашлар аксини топган бўлиши мумкин.

Барча йирик мультфильм мактаблари ўзига хос хусусиятларга эга. Компьютерлар пайдо бўлгандан сўнг йирик Анимация йўналиши ҳам пайдо бўлди. Глобаллашув аниме — япон мультфильмларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Гап қаҳрамонларнинг улкан кўзлари ва қўғирчоқ юзлари ҳақида эмас. Дастлаб Япониянинг ўзига хос маданиятини ифодаловчи аниме мульфильмлари кейинчалик катта томошабинларга мосроқ ҳолда чиқариладиган бўлди.

Шарқ мультфильмларидан фарқли равишда ғарбда хулқ-атвор стереотип­лари, кийиниш маданияти, оиладаги муҳит тубдан фарқ қилади. Бунда қаҳрамонларнинг очиқ-сочиқ кийиниши ва кўп холларда қўрқинчли жанг саҳналарининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бу каби мультфильмларни кўргандан сўнг болада ота-онага итоат қилмаслик, кийинишда ўша мультфильм қаҳрамонларига тақлид қилиш, хонасини алоҳида қилиб хоҳлагандек безатиш ва яккаланиб олиш ҳолатлари кузатилади. Бу эса менталитетимизга тўғри келмайдиган хислатларни ривожлантириб юборади.

Шуларнинг оқибатида боланинг руҳияти шикастланади. Дийдаси қотиб боради. Кўрганларини ўзида ва яқинларида такрорлашни хоҳлайди. Статистик маълумотларга қараганда “Қизалоқ ва маймоқ” мультфильми болалар ўртасида тўполончилик ва ўзбошимчаликнинг авж олишига сабаб бўлган.

Туғилганидан маълум вақт ўтгач болада нутқ ривожланади. Овозларга қараб тақлид қилишни бошлайди. Тафаккури, хотираси, сезги органлари шунга қараб ривожланади. 3 ёшдан бошлаб эса кўрган ва эшитганларига ўхшашни хоҳлай бошлайди. Шундай экан ота-оналар, болаларга фақатгина мультфильмни қўйиб бериш билан кифояланманг! Сиз болага нима қўйиб бераётганингизни яхшилаб ўйлаб кўринг.

Тавсиям, кўпроқ миллий мультфильмлардан кўрсатинг. Булар болада эзгулик, ҳалоллик, виждон каби туйғуларни шакл­лантиради. Қолаверса, диний мульт­фильмлар. Мисол учун “Нусса ва Рара”. Бу мультфильм оилада ота-она, ака-опалар билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини, жамоат жойида ўзини тутиш, мактабда аъло баҳоларга ўқиш зарурлигини умуман олганда бутун одоб қоидаларини болага яхшигина кўрсатиб бера олади. Бу каби мультфильмларни кўрадиган болажонларда албатта ижобий ўзгаришлар бўлади.

Шу жумладан, ўзингиз ҳам вақт топиб бола билан мулоқотда бўлинг. Эртак китоблар совға қилинг, ундаги ижобий ва салбий қаҳрамонларни ўзаро солиштиринг. Яхшиликнинг мукофоти, ёмонлик устидан жазо муқаррарлигини англашга ўргатинг!

Дилдора ДЎСМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 20 =