Мантиқ илмининг ватани

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган буюк аждодларимиз бор”, деб бежиз айтмаган эди. Ана шу улуғвор сўзлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бугунги аскарларимизга таълим бераётган муҳтарам устозлар ҳамда ўша олийжаноб аскарларимизнинг ўзлари ҳам “Қай йўсинда бу муҳтарам зотлар улуғлик даражасига етдилар ва қандай қилиб, улар ўтган минг йилликда бир эмас, иккита Уйғониш даврини бунёд эта олдилар?” деган саволларга жавоб излашлари тайин. Ғарбда, албатта, бу даврлар Темурийлар Уйғониш даври, Ренессанси, деган ном шараф қозонгани биз учун катта ғурур ва ифтихордир.

Юқоридаги фикрлар шуни англатадики, гарчи Амир Темур ҳарбий устунлик учун замонавий қуроллар зарурлигини ҳис этиб, бу йўлда жуда катта ижобий ўзгаришлар ясаган бўлса-да, унинг учун дунё­даги энг ноёб қурол – ИНСОНнинг ўзи эди. Аллоҳнинг буюк мўъжизаси бўлмиш жонли қуролдан фойдаланишда ундан ўтари йўқ, десак, хато қилмаган бўламиз. Унинг одам қиёфасидаги қуроллари турли соҳа вакиллари бўлиб, улар турли ки­йимларда, турли кўринишларда фаолият юритар, бир пайтнинг ўзида уларни дунёнинг турли бурчакларида учратиш мумкин бўлар ва лекин ҳеч қачон уларнинг бари Соҳибқирон Амир Темурнинг оламнинг энг кичик нуқталаридаги кўзи эканлиги хаёлига ҳам келмас эди. Бир пайтнинг ўзида улар моҳир савдогар, ҳотамтой инсон, ислом дини вакили, оддий дарбон ёхуд сартарош ва ёхуд мешкоб, фаррош, новвой ҳам бўлиши мумкин эди. Айни пайтда улар турли давлатларда фаолият юритаётган ноёб қобилиятли сиё­сатчи ва ўша давлатнинг ишончли кишиси ҳам бўлиши мумкин эди. Ва ўйлаб кўринг, “Биргина тўғри қарор ва адолатли сиёсат билан улкан мақсадга эришиш мумкин бўлган жойда тиғ, қуролдан фойдаланиш бемъаниликдир, деб ҳисоблаган Амир Темур яна иккинчи жиҳати, Аллоҳ таоло яратган бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишни, уларни урушлар туфайли қирилиб кетишларини ортиқча деб ҳисоблар ҳамда буни хиёнат ўрнида кўрарди. Шу боис ҳам, у тўққиз марта кенгашиб, фақат зўр келганда, қилич кучидан фойдаланишни мажбурий ҳодиса, деб анг­ларди.

Ижодкор,айни пайтда бой тарихимиз ҳақида илмий изланишлар олиб бораётган Тўлқин Ҳайитнинг “Маҳмуд Чжен ким эди?” мақоласи диққатимизни тортмасдан қолмайди. Унда айтилишича, келиб чиқишига кўра, юртимиздан бўлган Маҳмуд Чжен деган шахс 1404 йилда Хитой ҳарбий денгиз флотининг қўмондони эди. Мин сулоласининг шаклланишидаги жуда катта хизматлари эвазига унга “чжен”, яъни саройнинг муҳтарам кишиси унвони берилган ва бойсунлик бу шахс тарихда шу ном билан шуҳрат қозонган эди. Биз эса тарихимиздаги ана шу сулола вакиллари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз.

Аммо шу нарса аниқки, 1404 йилда Хитой юришига ҳозирлик кўраётган Соҳибқирон Амир Темур айнан шу қўмондон ҳақида тўла маълумотга эга эди, чунки ҳукмдор ғалабага омил бўлувчи бирорта нарсани ҳам, ҳатто битта хасни ҳам назардан қочирмаган. Маҳмуд Чжен у зотга ёрдам бериши мумкин эмас, деган саволга унчалик ишонгингиз келмайди. Ўйлашимизча, бу инсон ҳақида кенгроқ тадқиқотлар керак.

Гапнинг қисқасини айтганда, иккинчи Уйғониш даври ўз-ўзидан юзага чиққан эмас, унда Амир Темур ва Темурийлар ҳиссаси жуда ҳам катта.

Ҳақли савол туғилади: энди ўзимиз-чи?! Ўзимиз Учинчи Ренессанснинг пойдеворини барпо этиш йўлида қандай муҳим ишларни амалга оширишимиз керак?

Ҳарбий талабаларимизга сабоқ бераётган муҳтарам ўқитувчи, устозларимиз уларнинг олдиларига ана шундай мантиқий саволни кўндаланг қўйиб, ҳар бирларини фикрлашга, чуқурроқ ўйлашга ва мантиқий жавоблар топишга ундайдилар.

Султон ул-орифин, ҳазрат Аҳмад Яссавий шогирдларига умри поёнига етаётганини айтганда, улар хомуш тортишиб:

– Пирим, энди   сизнинг билимларингизни кимдан ўрганамиз? – деб сўрашди.

Пир жавоб қилибдилар:

– Ўзингиздан   изланг!

Ҳаёт   сабоғи бу: саодатни ҳам, ғамни ҳам ўзингиздан изланг, чунки ким улуғликка эришган бўлса, аввало, ўзи сабабчи, ким ғам ботқоғига тушган бўлса, ўзининг калтабинлиги оқибатидир.

Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси халқни бўйсундирмоқчи бўлсалар, унинг яна битта зўр қуроли –   мантиқ илмидан айро этишга, аскарларининг қалбидан миллий қадрият ва анъаналарини, тарихи ва маънавиятидан тамоман бебаҳра этиш учун тиш-тирноғи билан қаттиқ ва аёвсиз ҳаракат бошлайдилар.

“Темур тузуклари”да машҳур сўз бор: “Тажрибамда кўрилганиким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард, шижооатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир. Чунки тажрибали киши минглаб кишига иш буюради”.

Диққатингизни “Темур тузуклари”даги яна бир аҳамиятли бўлим – “Аскарни энг қуйи мартабадан олий мартабагача тарбиялаб кўтариш тузуги”даги:   “Сипоҳнинг аслу насабига ҳам қараш керак”, деган фикрга ҳам жалб этмоқчимизки, бу ҳам назаримизда беҳуда эмас. Наслу насаби тоза деганда, кимларни тушунамиз. Алабатта, биринчи галда илмни қадрлаб, ўзи ҳам олим ва етук инсон даражасига кўтарилиб, болаларини ҳам комил инсон сифатида шакллантирган оилани, ота-онани тушунамиз.

Шу боис ҳам, Амир Темур мамлакатда мантиқ илмини ривожлантииш учун 1380 йилда йирик олимлардан бири Саъдуддин Тафтазонийни ва 1387 йилда машҳур олим Мир Саййид Шариф Журжонийни ўзининг гўзал ва бетакрор пойтахти бўлмиш Самарқандга таклиф этиб, уларнинг илмидан, файласуф қарашларидан, мамлакатни ривожлантириш, халқни адолат билан бошқариш йўлидаги илмий асарларидан ўринли фойдаланишга эришди.

Гап шундаки, ўтган ХХ асрнинг   бошларида турмушнинг барча соҳаларида бошланган технократик жараёнлар ҳозирги вақтга келиб, жадал ривож­ланиб бормоқдаки, бу нарса аскарларимизни ҳам огоҳликка чақиради, чунончи инсон бажариши керак бўлган   ақлий ва жисмоний юмушларнинг автомат-робот ва компьютерлар томонидан бажарилаётгани, албатта, ижобий ҳолат, бу янги тараққиёт, янги олам, инсон меҳнатининг енгиллашуви ва омиллиги демакдир, аммо нишоннинг орқа томони бўлгани сингари, ҳар бир янгиликнинг муаммоли жиҳатлари ҳам мавжуд: техникага муккасидан кетган кишида ўз устида ишлаш тизимига путур етиши мумкин, бизнинг қўлида қурол тутган паҳлавон аскарлар ҳам фикрловчи ақлли баҳодирлар бўлиб, бу муаммони назардан қочирмайдилар ва тушунадиларки, инсон танасидаги асосий тизимда “дангасалик”, яъни “бу менинг ишим эмас, буни компьютер бажаради”, деган иддао пайдо бўлса, баркамолликка интилиш­лари ҳам фақат бирёқлама бўлиб қолади. Бундай таҳликали   вазиятларда қўлида қурол тутган аскарларимиз мантиқ илми билан кўпдан-кўп технократик жараёнлар туфайли ўз хотираларида тўпланиб қолаётган ортиқча хабарлардан пайдо бўладиган зўриқишларни, руҳий қийинчиликларни бартараф эта оладилар. Демак, дарслик, қўлланма ёзаётган ҳурматли олимларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз муаммонинг ана шу жиҳатига эътибор бериб, бу дарднинг эртага газак олиб кетмаслиги учун бугун унга малҳам бўладиган чора-тадбирларни топа билишлари ҳам зарур. Бизнинг олдимизда ҳам шундай масала кўндаланг турган экан, демак, Ватан ҳимоясини муқаддас билган аскарларимиз онгида инсониятга меҳр-муҳаббат, барча муқаддас тушунчаларга нисбатан хушкайфият, онгли муносабат ўйғотадиган ҳолатни вужудга келтирмоғимиз лозим.

Н.Камалов,

Ўзбекистон Республикаси

Қуролли Кучлари академияси ўқитувчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =