Комиллик сари йўл ёхуд “Мажбурий обуна” деб ихтиёрий обунани қандай йўқотдик?

Китобхонлик, китоб мутолаасига эътибор нега муҳим? Нега бу давлат сиёсати даражасигача кўтариляпти? Чунки эзгулик, яхши амал борки, маърифат билан, маънавият билан татийди. Жамики яхшиликларнинг пойдевори таълим-тарбия биландир. Таълим-тар­бияни эса китобсиз, мутолаасиз амалга ошириб бўлмайди.

Хўш, бугунги китобхонлик даражаси қандай? Яширишга не ҳожат, бугун китоб ўқийдиганлар кўпдир, аммо ўқимайдиганлар ҳам кам эмас. Газета-журнални қўлига ҳатто ушлаб кўрмаганлар миллионларни ташкил этади. Бугун бу миллионларнинг қўлида телефон, қулоғида – қулоқчин, фикру хаёли эса осон пул топишда!

Бундай авлодни етиштирган ўзимиз. Узоқ йиллар маърифатни сийқа, бирёқлама талқин қилган ҳам ўзимиз.

Ачинарлиси, “Бизга газета-журнал нимага керак, унинг умри тугади”, дегувчилар пайдо бўлди.

“Мажбурий обуна” деб ёшу қарини чалғитган, юртимиздаги 10 мингдан зиёд мактабларни маърифат нури – матбуот нашрларисиз қолдирган, обуна уюштирган халқ таълими бўлими мудирларини ишдан ҳайдаган баъзи бир амалдорлар ўзларича ҳақлар: инновация, замонавий технологиялар…

Э, космосга учсанг ҳам матбуотдан хабардор бўлишнинг не зиёни бор, жаноб!, — дейдиган мард бор экан, ҳайрият!

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ана шу масалага ҳам қатъий фикрини, муносабатини билдирди: “Мажбурий обуна”, деб биз ихтиё­рий обунани ҳам йўқотдик”.

Илк қадам…

Эсимда… Ўшанда бошланғич синфда ўқир эдим. Синфимизга “Ғунча” журнали келган. Синфдошлар уни навбатма-навбат ўқир эдик. Журнални илк бор қўлимга олганим ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бир-икки йил ўтгач, “Гулхан” журналини ўқийдиган бўлдик. Бу журнални ҳам биринчи ушлаганимда аввалгисидан ҳам кучлироқ таъсирлангандим. Абадий хотиримга муҳрланди. Дилимдаги жўшқинликни таърифлай олмайман. Журнални варақлар эканман, шунақа берилиб ўқирдимки, тасаввуримда бир олам гавдаланарди. Бу олам бадиийликка ҳамоҳанг эди. Бунинг таъсири остида бадиий китобга берилдим. Дарсдан кейин ё мактаб, ё маҳалламиздаги мўъжаз кутубхонадан олган китобни қўлтиқлаб қайтадиган бўлдим. Мутолаа энг севимли машғулотимга айланди. Унинг таъсири остида оқ қоғозни қоралай бошладим. Ўқитувчимиз ҳар бир ўқувчидан катта бўлгач, қайси касб эгаси бўлишини сўраб, синф журналининг энг охирги саҳифасига ёзиб қўярди. Ўшанда “журналист бўламан” деганимда барча синфдошларим ажаблангандай, “ярқ” этиб менга қарашди. Ўзим ҳам бирор ножўя сўз айтиб қўйдимми, деб ўнғайсизландим…

Бунинг сабабини ўшанда тушунмаган эканман. Энди ўйласам, бу касбнинг нақадар улуғ ва машаққатли эканлиги боис синфдошларим менга бошқача қарашган экан чоғи.

Яхши ният ва эзгу амал, албатта, ўз самарасини берар экан. Бугун болалигимда сирли ва ғаройиб кўринган ижод оламидаман. Шу ўринда, охирги пайтларда ўзим ҳаётда кўп бора дуч келаётган айрим мулоҳазаларни бўлишмоқчиман. Жумладан, интернет сайтларда кўзим тушган қуйидаги мурожаатга эътибор қаратсак:

“Беш яшар ўғлим “Ўргимчак одам”, “Капитан америка”, “Уч баҳодир”, “Бэтмен” бўлиб югуради, сакрайди, шуларнинг кийимини кияди, расмларини чизади. Мен чекламоқчи бўламан. Лекин уларнинг ўрнига нимани таклиф қилишни билмайман. Кузатишларимдан аёнки, шу ёшдаги бошқа болалар ҳам айнан шундай ҳолат билан ўзларини хурсанд қилиб, вақтини чоғ этади.”

Ҳа, бугунги авлод шундай вояга етмоқда. Телевизорда ҳам, компьютерда ҳам “ўша қаҳрамонлар”. Таажжуб, наҳот бизда болаларимиз қўлига тутқазадиган, уларни қизиқтира олувчи китоб топилмаса, миллий эртакларимиз бўлмаса… Ватанпарварлик, инсонпарварлик, мардлик, садоқат каби умуминсоний туйғулар сингдирилган миллий қаҳрамонликни акс эттирувчи адабий асарларимиз топилмаса… Шунда кўз олдимда беихтиёр юқорида ёдга олган болалик даврим гавдаланди…

Болалар бўйича миллий дастуримиз борми?!

Маълумки, “Гулхан”, “Ғунча” журналлари ва “Тонг юлдузи”, “Класс” (рус тилида) газеталари республика марказий болалар нашрлари ҳисобланади. Ҳар қандай истеъдодни кашф этувчи ҳам шу – болалар газета ва журналлари бўлади. Улар не-не эл ардоғидаги таниқли адибларни кашф этмади, дейсиз. Айни пайтда ҳам бу нашрларда қанчалаб тажрибали ижодкорлар болалар учун қалам тебратиб келмоқда. Қанчалаб ёш истеъдодлар шу нашрлар бағрида бўй чўзмоқда. Қанча ёшлар Давлат мукофотлари соҳиб ва соҳибалари бўлишмоқда. Республика ва халқаро танловлар иштирокчиси ҳамда ғолибига айланмоқда. Бир сўз билан айтганда, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барчанинг қадрдон нашрларидир. Тўғри, улар қаторида болалар учун МЧЖ шаклида чоп этилаётган бир қанча нашрларни ҳам санаб ўтишимиз мумкин, аммо уларнинг мезони, нашр этиш бўйича мазмундорлик кўлами таъкидлаб ўтилган юқоридаги тўртта болалар нашрлари баробарида дея олмаймиз.

Айтишим жоизки, “Гулхан” ё “Ғунча” журнали қўлимга тушиб қолгудек бўлса, очиғи, ҳозир ҳам ўзимда ғайриоддий ҳисни туяман. Бу нашрлар улғаяётган янги авлоднинг ёшларига мос босқичма-босқич тақсимланган ҳолда чоп этилади. Улар ўз ўқувчисининг республика миқёсида тенгдошлараро сирдоши десам муболаға бўлмас. Бу журналларда айни даврнинг болалар адабиёти вакилларининг ҳали охори тўкилмаган, китоб ё бошқа нашрларда эълон қилинмаган қайноқ ижод намуналари бериб борилади. Бундан ташқари жаҳон болалар адабиёти намуналаридан янги таржима асарлари ҳам ўрин олади.

Хўш, унда юқоридаги масаламизга жавобни қаердан излаймиз? Мамлакатда неччи йиллик тарихга эга шунча болалар нашрлари бўлсаю, наҳот уларда чоп этилган ва кейинчалик шу муаллифларнинг ижод намуналари китоб шаклида босмадан чиққан бўлса-да, бирортаси қаҳрамонлик даражасида образ ярата олмаган бўлса. Гап нимада? Ҳозирги болалар адабиётимизда нечта миллий қаҳрамонимиз бор? Агар бўлса, уларни болалар биладими? Бугун болалар адабиёти қай аҳволда? Умуман, болалар бўйича аниқ мафкурамиз, идеологиямиз, миллий дастуримиз борми? Бу билан кимдир шуғулланаяптими?!

Очиқ айтганда, болалар нашрларида ҳам, болалар адабиёти вакилларида ҳам бугунги кунда муҳим оқсоқлик бор. Оқсоқлик шундаки, улар нашрлардаги болалар публицистикасида ҳам, нашр этилаётган бадиий адабиётларда ҳам бир жиҳат ҳисобга олинмайди. Гўёки, болалар адабиёти ва болалар нашрларидаги ғоя­вий услуб ўн ёшгача бўлган болалар қараши билан ўлчанади. Катта ёшдаги, айниқса, ўсмир ёшдаги болаларни унутиб қўяётгандек, гўё. Бу жуда катта хатоликдир. Эътибор бериб кузатсак, нашрлардаги барча адабиёт ҳам, публицистика ҳам айнан шу нуқтаи назардан келиб чиқилувчи қўлёзмалар. Ахир ўсмирлик, яъни 14-16 ёш оралиғидаги ёшлар учун қандай адабий қўлланмалар чоп этиляпти. Айни шу ёшда ўқувчи юраги жўшқин паллага келиб, ота-онага, оилага, ватанга бўлган туйғуларини, қаҳрамонлик ҳиссини уйғотувчи манбага кўпроқ эҳтиёж сезади. Кўпроқ шу мавзудаги фильмларни томоша қиладиган бўлади. Керак бўлса, уларнинг қалбида муҳаббат куртаклана бошлайди, яъни ўзи учун қадрли бўлган гўшага, қадрли бўлган инсонларга нисбатан ажиб туйғулар уйғона бошлайди. Шу уйғонган туйғуларни тўғри шакллантириш учун манба сифатида биз уларга нимани тортиқ этамиз? Демак, ўзимиздан жўяли ҳеч нима топа олмагач, четдан кириб келган турли манбалардан фойдаланиб, онг остини ўшалар билан тў­йинтиради. Юқоридаги каби ажнабий қаҳрамонларга тақлидан ўзини қаҳрамон ҳис этиб, шуларнинг ортидан эргашади. Айтиб ўтганимиздек, бола 5-6 ёшданоқ ўша қаҳрамонларга тақлид қилишар экан, ўсмир пайтига келгач, уларга нимани ўрнак қилиб кўрсатамиз? Бунда эса ўз-ўзидан интернет ва телевидение ёшларимиз учун муҳим ёрдамчи куч сифатида тайёр.

Бу борада бир пайтлари “Мактаб кутубхонаси” номи остида чоп этилган кўплаб адабиётларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Масалан, Х.Андерсен, А.Дюма, А.Пушкин, Н.Гоголь сингари кўплаб жаҳон адабиётининг вакилларини ва А.Қодирий, А.Қаҳҳор, Ғ.Ғулом, Х.Тўхтабоев, Т.Адашбоев, Тоҳир Малик каби кўплаб адибларимиз номларини санаб ўтаверамиз. Уларнинг ижодий мероси ҳозирги кунда ҳам етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ўқувчи томонидан севиб ўқилади. Лекин… ҳозирги болалар адабиёти намояндаларининг ижод маҳсулини қўлга олсангиз, фақатгина юқорида айтганимиздек, ўн ёшгача бўлган болаларгина ўқиши мумкин, ундан катталари эса мазкур адабиётларни ўқийман деса ўзини шу асар мўлжалланган ёшдан ўтган ҳисоблайди. Улар буни “ҳазм қилиш”ни ўзларига эп кўришмайди. Бизда адибларимиз 12 ёшдан юқори қатлам ўқувчиларнинг ички олами ва дунёқарашини ҳам ҳисобга олишса, адабиётимиздаги айни шу кемтик жой тўлдирилган бўларди.

Худойберди Тўхтабоев, Фарход Мусажонов, Анваржон Обиджон каби ёзувчиларнинг ўсмир ёшдаги болалар ҳаётига оид бир қанча асарлари маълум. Аммо бугунги замонавий ўзбек адабиёти бу борада анча орқада, десак хато бўлмаса керак.

Кейинги асосий ва муҳим муаммо – бу, юқорида келтириб ўтилган болалар нашрларининг адади масаласи.

Статистика маълумотларига кўра, Ўзбекис­тонда 4 ёшгача бўлган болалар аҳолининг энг катта гуруҳи. 10 ёшгача бўлганлар билан қўшиб ҳисобланса, болаларимиз 10 миллиондан ошади. Бу – бундайроқ давлатнинг аҳолисидан ҳам кўп, дегани. Агарки, бунга ўсмир ёшдагиларни ҳам қўшадиган бўлсак, 15-16 миллионга яқин дегани. Энди ўйлаб кўринг, миллионлаб ўқувчиларимиз бўлса-ю, улар учун чоп этиладиган нашрлар адади юз минг у ёқда турсин, ўн мингга ҳам етмаса, биз учун, миллат учун – бу, иснод эмасми? Ҳатто чекка ҳудудларга бориб қолсангиз, мактаб ўқувчилари ўзлари учун қандай нашрлар борлигини билишмайди. Шундай экан, улар ўз нашрларининг номини билмай турганда, миллий қаҳрамонларимиз ҳақида қандай тасаввурга эга бўлишсин? Бу кетишда келажакдан нима кутамиз? Ахир шу авлод кўз очиб-юмгунча ҳаётга кириб келади. Уларнинг онги нимадан сув ичаяпти? Комиллик сари йўлимиз шу даражада абгор ҳолга келиб қолганми? Аҳвол шу даражага келиб қолишига ким айбдор?

* * *

Қани энди ақлини таниган бола дастлаб “Ғунча” журналини қўлга олса, сўнг “Тонг юлдузи”, “Класс” каби газеталарнинг ва “Гулхан” журналининг ўқувчисига айланса эди. Кейинги босқичлар эса “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Hurriyat”, “XXI аср”, “Ишонч” ва шу билан бирга бошқа бир қатор залворли нашрлар ўқувчисига айланса. Газетхонлик, журналхонликдан сўнг, миллатимиз бўйлаб ҳақиқий китобхонлик маданиятини шакллантириб, асл бадиий китоб мутолаасига йўл очган бўламиз. Қани энди, ҳар бир ёшнинг, ҳар бир инсоннинг севимли ёзувчиси, севимли асари, севимли қаҳрамони, севимли нашрлари бўлса…

Айтмоқчи бўлганим, мамлакатимизда таълим муассасалари сингари ҳар бир давлат хизмат кўрсатиш муассасаси, ташкилот ва идора аппарати бўлсин, ўзининг махсус кутубхонасини ташкил этса. Шу кутубхонага ҳар бир ходим учун кунига бир соат мутолаани мажбурий этиб белгилаб қўйилса. Ана шунда комиллик сари дадил қадам ташлаган бўламиз.

Шунингдек, бунга энг аввало, бевосита Рес­публика Маънавият ва маърифат маркази ҳам ўзини дахлдор ҳисобласа, яхши бўларди.

Бекмурод БАРДОШ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + 10 =