Ҳақиқат баҳсларда туғилади, яхши мақола эса таҳлилда

Матбуотҳаёт кўзгуси. Мамлакат миқёсидаги янгилик­лар, ижтимоийиқтисодий ҳаётдаги ўзгаришлар, одамлар турмушидаги яхшиёмон воқеа, ҳодисалар журналистлар саъйҳаракати билан оммага етади. Бинобарин, кўпчиликка дахлдор масала борки, матбуот ходимидан синчковликни талаб этади. Тўғри, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда “шов-шув”га асос­ланган турли мақомдаги   ёлғон-яшиқ хабарларга қизиқувчилар кўп. Аммо журналистикада муаммога сабаб бўлган ҳолатларни аниқлашда бир томонлама хулоса ўзини оқламайди. Шу ўринда камтарона тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, таҳлилий мақолаларнинг таъсири кўпроқ. Чунончи, совуқ тушиши билан таҳририятга келиб: “Газ йўқ, чироқ тез-тез ўчаяпти, нимага бу муаммоларни ёритмайсизлар”, дея иддао қилувчилар кўпайиб қолади. Бундайларни газета эмас, газетанинг кучидан фойдаланиш қизиқтиради.

Янги барпо бўлган бир кўчада яшовчилар симёғочлар ўрнига ходалардан фойдаланишаётгани, электр симлари томорқалар аро ҳамда дарахтлар орасидан   ўтказилгани, симлар осилиб қолгани, бунга электр таъминоти корхонаси ходимлари эътиборсизлик қилаётганидан шикоят хати ёзишган. Айрим касбдошлар, боп­лаб ёзадиган мавзу экан, дейишди. Хўп,   “боплаб ёздик” дейлик. Жавоб сўраб яна ўша аҳолининг арзига қулоқ солмаётган   электр тармоқлари идорасига мурожаат қиламизми? Шикоят юзасидан воқеа жойида бўлдик. Одамлар билан суҳбатлашилди. Кўп кишилар уйларининг кадастр ҳужжатларини қилиб улгуришмаган. Янгисига алмаштирилган симёғочлар ёнида ҳали эскилари олинмай турибди.

Эски сим­ёғочлар санаб чиқилди. Кўпчилик   етишмаётган янги симёғочлар ўрнига эскиларидан фойдаланиб туриш кераклигини айтишди.

Аммо электр таъминоти масъ­уллари, бу симёғочлар яроқсизлиги учун ҳисобдан чиқарилган, деб туриб олдилар. Томонлар ўзаро келишиб вилоят ҳокимлигигача мурожаат хати ёзишга келишдилар. Ниҳоят, тегишли ташкилот раҳбарлари, маҳалла фаоллари, аҳоли бирдамлигида муаммо ҳал бўлди — етишмаётган янги симёғочлар келтирилди. Шу жараён таҳлил қилинган мақола газета юзини кўргач, иш янада жонланди. Одамлар электр энергиясидан бемалол фойдаланадиган бўлдилар.

Таҳририятимизда бир мактаб директорининг вазифасига ўта совуққонлик билан қараши, ўқитувчилар фаолияти тамомила назоратсиз қолгани, ўша раҳбар юқоридагилар таъсирида тайинланганлиги хусусида шикоят хати олдик. Шунга асосан масала атрофлича ўрганилди. Аввало, мактаб кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Барча ўқитувчиларни йиғиб муносабатларини эшитдик. Масалага туман ҳокимлигидаги соҳа мутасаддилари ҳам жалб этилди. Натижада “Ҳамма билади, ҳамма жим” номли мақола эълон қилинди ва нолойиқ раҳбар фаолиятига чек қўйилди. Тўғри, шикоят хати ўз исботини топ­­ди. Аммо акси ҳам бўлиши мумкин эди. Айтмоқчиманки, фақат жиддий текширув, суриштирув натижасидагина таҳлилий, танқидий мақола юзага келади.

Оилавий можаролар барча замонда ҳам муҳим мавзу бўлган. Фаол газетхонларимиздан бири жиянининг оиласи бузилиш арафасида эканлигидан ташвишдалигини айтди, ҳатто айбдорга: “Газетага ёзиб шармандангни чиқараман” деганини ҳам қистириб ўтди. Воқеа бундай: Ҳалима қўшниси Гулбегим билан жуда иноқ экан. Гулбегимнинг турмуш ўртоғи вафот этгани учун Ҳалиманинг эри Ваҳобжон оғир юмушларни бажаришда доим унга қарашаркан. Ваҳоб Ҳалимага бир неча бор, энди Гулбегимникига чиқмайман, у анақароққа ўхшайди деганида, хотини: “Бечора бир аёлни ҳақорат қилманг”, деб турмуш ўртоғини койиган ҳам экан. Вақт ўтиб Гулбегим уларникига ўз уйига киргандек кириб-чиқадиган, энди хотин бунга эътироз билдирса, эр қўшнисининг ёнини оладиган бўлибди. Бир куни Ҳалима кўрпалик пахталарни титув цехига олиб бормоқчи бўлиб турса, Гулбегим бир қучоқ пахта олиб чиқиб, шу учун овора бўлмай, шуни ҳам чиқариб келинг, дебди. Ҳалима пахталарни аравага ортиб цехга жўнабди. Қайтганида уйида эри Гулбегим билан дастурхон атрофида гурунглашиб ўтирганмиш. Ҳалима қўшни аёлнинг қандайдир кулгили гапдан “хо-хо”лаб кулиб, ёнбошлаб қолганлигини кўриб ҳайрон қолибди. Яна у ҳеч нарса бўлмагандек, Ҳалимага: “Қайнонангиз яхши кўрмас экан, овқат тугаганда келдингиз” дея ҳазиллашибди ҳам. Шу-шу Ҳалиманинг тинчи бузилибди. Эри билан ўрталаридаги можаролардан тушкунликка тушганидан ҳатто ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлган экан. Ҳалима билан суҳбатлашиб масала моҳиятига етдик. Оқибатда   газетада “Чегаланган кўнгил” номли мақола эълон қилинди. Унга берган маслаҳатларимиз натижаси ўлароқ мақолада ифодаланганидек, ўзини фақат уй юмушларига кўмиш билан чекланмай, аёл сифатида ўзига қарайдиган, оро берадиган, эрига муносабатда шубҳа-гумонларга ўрин бермайдиган, қўшниси Гулбегимдай бировнинг уйида ўзини бефаросатларча тутадиганлардан узоқлашадиган бўлибди. Яхшигина ҳунари тикувчилик билан шуғулланиб, қишлоқ касаначиларига қўшилибди. Ундаги бу ўзгаришларни қаердан билдингиз, дерсиз. Аёлнинг эри таҳририятга келди, бир мақола шарофати билан оиласи сақланиб қолганидан мамнун бўлиб гапирди.

Умуман, “Гулистон ҳаёти” газетаси мухлислари барча соҳада борлигидан фахрланамиз, улар олдида масъуллигимизни доимо ҳис қилган ҳолда ишлаймиз.

Баҳринисо НОРЖИГИТОВА,

“Гулистон ҳаёти” газетаси бош муҳаррири,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + 5 =