Фаол медиа ҳамкорлик

Бу ҳақда бугун, “Ўзагроинспекция”нинг Навоий вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур доирасида айтиб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Қизилтепа туманидаги машина-трактор паркида бўлишди. Бу ерда 2022 йил баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда ғалла ўримида қатнашадиган комбайнларни мавсумга тайёрлаш жараёнлари билан танишдилар.

Маълумот ўрнида келтириш жоиз, вилоятда жами 707 та чопиқ трактори ва мингдан зиёд агрегат ва бош­­қа техникалар мавсумда қатнашиши белгиланган бўлиб, уларни жойлардаги МТПларга йиғиш ва таъмирлаш ишлари “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан назоратга олинган. Бу борада инспекторлар томонидан кунлик назорат ўрнатилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш жараёнлари сифатли ва талабга мувофиқ амалга оширилиши назорат қилиб борилмоқда.

Матбуот тадбири иштирокчилари тумандаги чорвачиликка ихтисослашган “Янги аср” фермер хўжалигида ҳам бўлишди. Мазкур фермер хўжалиги томонидан 2020 йил давомида 765 бош наслли қорамоллар, шундан 226 бош гўшт, 539 бош сут йўналишидаги қорамоллар, 2021 йил давомида эса 577 бош қорамол аҳоли ва фермер хўжаликларига етиштириб берилиб, фермер хўжалиги иқтисодини ривожланишига эришилмоқда.

— Вилоятда ҳозирги кунда чорвачилик ва балиқчилик соҳасида жами 1 минг 423 та субъект фаолият кўрсатмоқда, — дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бош­қармаси бошлиғи Алишер Рашидов. — Мавжуд субъектларда жами 18 минг бошдан зиёд қорамоллар парваришланмоқда. 2021 йил давомида инс­пекциямиз томонидан вилоятда чорвачиликда насл­чилик ишлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жами мингдан зиёд назорат тадбирлари ўтказилиб, аниқланган 493 та қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилди.

Пресс-тур якунида журналистлар учун инспекция вилоят бошқармасининг 2021 йилги фаолияти бў­йича матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда бошқарма бошлиғи йиғилганларга амалга оширилган вазифалар ижроси юзасидан йўналишлар кесимида аниқ маълумотлар тақдим этди. Бундан ташқари, мутасаддилар томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

— Бошқармамиз Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган, — дейди инспекциянинг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича масъул ходими Зулфия Бобоева. — Бу эса бевосита ташкилотимиз негизида амалга оширилаётган вазифалар юзасидан журналистларга, қолаверса аҳолига кенг ахборот бериб бориш имконини туғдиради. Бугунги пресс-тур ва матбуот анжумани мазкур ҳамкорлик доирасида амалга оширилди.

Тадбир доирасида, шунингдек, бошқарма ва уюшма томонидан 2022 йилда амалга ошириладиган тадбирлар режаси юзасидан ҳамкорлик Меморандумини имзолашга ҳам келишиб олинди.

Озод МУСТАФОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Навоий вилояти бўлими мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 6 =