“Меҳрибон чаён”ни ўқиганмисиз?

Ҳаёт шуддати шундайки, фарзандларимиз улғайиб, яхши-ёмон, рост-ёлғоннинг фарқига бориб қолишганини сезмай қоламиз, бунга эътибор бермаймиз. Бола бўлгандан кейин катталарнинг олдида бетга чопарлик қилмаслиги, яъни жим туриши керак деймиз. Бола тарбияси хусусида улуғ аждодларимиздан қолган ўгитларда ҳам “Сукут гоҳо каломдан улуғ”, деган ҳикмат бор.

 

Сукут меъёри

Бир қарашда, бу насиҳатлар шарқона одобга жуда мос. Аммо ҳамма нарсада бўлганидек, жим туришда ҳам меъёр бўлиши зарур. Болага, болача бўлса-да, фикрини билдириш имконини бериш керак.

Фарзандимиз оғзини очмай, фақат бошқаларни тинглаб, ким нима деса хўб дейишдан нарига ўтмай улғайса, кейинчалик фикрини аниқ ифодалашга қийналади, бирор ҳолатда ҳатто айбсиз эканини исботлаб бера олмайди, энг ёмони — бефарқ ва лаббайчи бўлиб қолади. Лаббайчилар урчиган жамият эса таназзулга юз тутади.

Болани фикрлашга, мулоҳаза юритишга ўргатиш уни тинглашдан, гап-сўзларига, нимани ёқтириши-ю нимани ёқтирмаслигига, китоб ўқишига эътибор беришдан бошланади.

Шундай қилинса, бола бундай муносабатни мукофотдай қабул қилади, кўнглида ўзига нисбатан ишонч куртаклари пайдо бўлади. Нутқи шаклланади. Аксинча, уни бўлар-бўлмасга жеркийвериш, “гапга аралашма”, “оғзингни юм”, “нари тур”, “қачон одам бўласан ўзи”, “ҳе фалончи”, дея изза қилиш мурғак қалбини жароҳатлайди, “Гапирмаслигим керак, нари туришим керак, хўб дейишим керак, бундай қилмасам яхши одам бўла олмайман”, деган тушунчалар онгига нақшланади ва кейинчалик шундай бўлади ҳам.

Нутқ ўз-ўзидан равон бўлиб қолмайди. Чолғучи бирор куйни ўрганмоқчи бўлса, уни юз бор, минг бор ижро қилибгина муддаосига эришади. Мусаввир бир асар яратгунча қанча заҳмат чекади. Ҳеч ким бирданига Суқрот ёки Абдулла Қаҳҳор даражасига кўтарилмайди. Нутқ маҳоратини эгаллаш учун йиллар давомида машқ қилиш керак. Қадимги юнон нотиғи Демосфен ўзининг ҳазин овозини яхшилашга жазм қилиб, ертўлага тушар экан-да, тўла шифтига ўткир тиғли ханжарни осиб қўйиб (бошини димоғдорона баланд кўтармаслик учун) узлуксиз машқ қилар экан. Ўзимизнинг карнайчилар машқ қилсалар, бу асбобнинг ҳали қиёмига етмаган беўхшов овози маҳаллани безовта қилмасин дея карнайнинг оғзини кўрпа остига олиб пуфлашади. Бу усул нотиқликка тўғри келмайди.

Улуғ иқрор

Лев Толстойнинг “Иқрорнома” асарини биринчи бор рус тилида, сўнг ўзбек тилида ўқиганман. Кейинги беш-олти йил ундан журналистика факультетидаги сабоқларимда муттасил фойдаланиб келаман. Ҳар бир сабоқ олдидан, китобни яна бир бор варақлаб чиқаман, “Иқрорнома” хусусида   иншо ёздираман. Бу асар мен учун фавқулодда қадр­дон бўлиб қолган. Қаердаки яхши китоблар ҳақида гап бошланса, муҳим асарлар қаторида “Иқрорнома”ни тилга оламан, бошқалар ҳам бу ноёб хазинадан баҳраманд бўлишларини хоҳлайман.

Устоз Озод Шарафиддинов “Иқрорнома”нинг муҳим фазилати хусусида мулоҳаза юритар экан, шундай ёзади: “Толстой қайси муаммо ҳақида баҳс юритмасин, ҳамиша бу муаммоларни ўз ҳаёти мисолида таҳлил қилган ва бирор ўринда ҳам самимиятдан чекиниш, мақтанчоқликка, манманликка, ўзини пардозлаб кўрсатишга уринган эмас. Мана, қуйидаги парчага эътибор беринг: “Мен урушда одам ўлдирганман, ўлдирмоқ ниятида дуэлга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни қартага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига яшаганман, уларни қатл этганман, ёлғончилик, ўғирлик, ҳар хил рангдаги зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик… Мен қилмаган жиноят қолган эмас…”. Бу парчани ўқиган ўзбек китобхони, албатта, ёқа ушлайди: “Ё алҳазар! Шу ўзимиз билган, соясига салом бериб келган улуғ адибми? Роса бўлган экан-ку! Вой, соқолинг кўксингга тўкилгур-ей!”. Бундай дейишимизга сабаб шуки, биз (“биз” деганда ўзим тенги авлодни назарда тутаяпман — О.Ш.) юзаки фикрлашга ўрганганмиз, биз учун фақат оқ ва қора рангларгина мавжуд, ҳар қандай одамни баҳолаганда ҳам ё уни мақтаб, фариштага айлантириб юборамиз ёхуд қоралаб, қарғаб, қора ерга киритиб ташлаймиз. Ўрталиқни тан олмаймиз, ҳар қандай инсон, биринчи навбатда, банда эканини ва банда сифатида адашиш ҳуқуқига эга эканини унутиб қўямиз. Толстой улуғ эди, лекин у айни чоғда инсон ҳам эди… ўзбек китобхони шу пайтга қадар Толстойни фақат даҳо-санъаткор сифатида таниб келди. Ҳолбуки, у жуда йирик мутафаккир ҳам эди ва мутафаккир бўлганда ҳам, ҳеч нарсага шунчаки ишониб кетавермайдиган, ҳамма нарсани қўли билан ушлаб кўришга интилувчи, ҳар қандай ҳақиқатни ўз ақл тарозусида таҳлилдан ўтказгандан кейингина қабул қилувчи шаккок мутафаккир эди”.

“Иқрорнома” тўла маънода фалсафий публицистик асар. Унинг ҳар жумласи фикр-мушоҳада, фикр-инкор, фикр-тасдиқ, фикр-даъватдан иборат. Адибнинг иқрорномаси дастлаб унинг шахсий ҳаёти манзаралари, умри баёнига ўхшаб кетади. Аммо бир-икки саҳифадан кейиноқ, ёзувчининг ҳаёт, турмуш, тириклик, диний эътиқод, борлиқ ҳақида ўзига ўзи бераётган саволларини ўқувчи ҳам беихтиёр қайтара бошлайди. Ўқувчи ҳам, адиб сингари, ўтган умрини, ўй-қарашларини, ҳаётдан олган сабоқ-хулосаларини, ютуқ-камчиликларини, қисқаси, ўз умрини қандай ўтказаётганини тафтиш қилишга тушади. “Ғалати манзара,– деб ёзади улуғ адиб,– одамлар диний эътиқодларга сиғиниб, уларга зид тарзда ҳаёт кечирганларини кўрганимда шу эътиқодлардан безиб кетгандим. Аммо одамлар худди шу эътиқодларнинг ўзига амал қилиб яшаганларини кўрганимда улар менга ғоятда жозибадор ва оқилона кўринди. Шунда мен нега бир вақтлар бу эътиқодлардан безганимни, нега уларни маъносиз деб ҳисоблаганимни, эндиликда эса нима сабабдан уларни қабул қилганимни… тушундим. Мен адашганимни ва қандай қилиб адашганимни англаб етдим. Мен нотўғри фикр юритганим учун адашган эмас эканман, балки гуноҳкорона ҳаёт кечирганим учун адашган эканман. Мен англаб етганим – ҳақиқат юзини мендан яширган нарса фикрларимдаги хатолик бўлмаган экан, балки фавқулодда ишратбозлик, маишатпарастлик шароитида, балои нафсни қондириш йўлида ўтказган ҳаётим бўлган экан”.

“Иқрорнома”дан англашиладиган буюк хулоса шуки, нотўғри фикрлаш — айб эмас, ҳақиқат излаётган инсон адашиб, янглишиб, ўзининг бу ҳолатларини идрок этибгина кўзлаган мақсадига эришади. Бунгача у, адиб уқдирганидай, ҳаётнинг номаълум соҳиллари томон қайиқда, шиддатли оқим билан ёлғиз қолдирилган ҳолда, тажрибасиз қўллари билан эшкак эшади, оқим уни манзилдан бошқа томонга аёвсиз равишда судрайди, йўл-йўлакай ўзи каби оқим ихтиёрига тушиб қолган, қўлларидан эшкаклари тушиб кетган йўловчиларни   учратади, ва яна, у олислаб сузиб борар экан, оқимни менсимайдиган ҳайбатли кемаларга, шов­валарга урилиб, дабдаласи чиққан қайиқларга дуч келади. Бундай ҳолатга тушган адиб, ниҳоят, хулоса қилади: “Соҳил – Худо эди, йўналиш – ривоят эди, эшкак­лар – менга берилган эрк эди. Мен уларнинг ёрдамида соҳилга – Худонинг жамолига эришмоққа сузмоғим керак эди”.

Ғўрланиш

Хорижга бориб келган ҳамкасбларимиздан бири сафар таассуротларини сўзлар экан, “Бир жомадон китоб олиб келдим, ҳар биттаси тиллага тенг”, деган эди, даврадош­лар “Китоб ўзимизда ҳам кўп-ку”, дея ҳайрон бўлишди, ёш олим эса “Шунча тилла бир кишига кўплик қилади, биз ҳам ўқийлик”, деди. Шу гап баҳона суҳбатимиз китоб мавзусига кўчди.

Китоб ҳақида ўйлаганингда, фикрлар ўз-ўзидан қуюлиб келаверади. Ёзувчи ва ношир Эркин Маликов китобни уй ичига кираётган офтоб нурига қиёслайди. Алқисса, китоб бор экан, инсон комилликдан узоқлашмайди. Юраги китоб ишқи билан банд боладан асло ёмонлик чиқмайди. Руҳшунослар ёшлигида кўп китоб ўқиган бола қушларга озор бермаслиги, уясини бузмаслиги, болаларини чирқиратмаслиги, гулларни пайҳон қилмаслигини таъкидлайдилар.

Хитой вилоятларидан бирида амалдорлар ҳар йили камида бешта китобни ўқиб чиқишлари, бошқаларга сўзлаб беришлари шарт. Бразилия қамоқхоналарида эса битта китоб ўқиган маҳбуснинг жазо муддати беш кунга камаяр экан.

Бизда ҳам шунга яқин тажриба бошланганга ўхшайди.Эндиликда қаерда сўров ўтказилмасин, амалдор, тижоратчи, солиқчи, божхоначи, ҳуқуқ-тартибот соҳаси ходими – аксарият улус ўқиган китоблари рўйхатига “Ўткан кунлар”ни киритади. “Бу китобни ўқимаганман” дейиш кар­ьера йўлига тўсиқ бўлиши мумкин. Яхшигина лавозимга ўтиш учун суҳбатга келган номзод: “Ўзбек ёзувчиларидан кимларни биласиз, қайси асарларини ўқигансиз”, деган саволга: “Абдулла Қодирийнинг “Меҳрибон чаён” китобини ўқиганман”, деб жавоб берган экан.

Ёзувчи Ғафур Пўлатовнинг “Пуштунлар хазинаси” романининг иккинчи китоби “Наврўз” нашриётида чоп этилибди. Таҳрир ҳайъатида ўзимнинг   номимни кўриб ҳайрон бўлдим. Одатда, таҳрир ҳайъати газета-журналларда бўларди. Бу ҳам майли, аммо “Жаҳон адабиёти” газетаси муҳаррири”, деб ёзилганига нима дейсиз? Мен-ку, нима дейишимни биламан, дўстимиз Шуҳрат Ризаев ўзининг санъатшунос эмас, “саноатшунос” эканлигини ўқиб, роса кулса керак?! Фаҳмнинг шўрлагани, саводнинг ғўрлагани шу бўлади.

Ғўрланган савод, олға!

Фалсафа

Рақамларнинг сеҳри ҳақида жуда кўп ёзилган. Бир вақтлар мен ҳам бильярд шарларининг номерларига битиклар ёзганман. Ўшанда хаёлимни рақамсиз, белига икки томондан қора чизиқ тортиб қўйилган шар тортган эди. Ўйин қоидасига кўра, бильярд ўйновчи бошқа шарларни шу “белбоғли” шар билан уради. Ўйиннинг бошидан охиригача бечора шарнинг бошида калтак синади. “Белида белбоғи бор-да, калтак ейди, белбоғсизлар бўлса бир четда тўрга қачон тушишларини кутиб туришаверади”, деб ёзгандим.

Кейинроқ улуғ бобомиз Муҳаммад Хоразмий ихтиро қилган “нол” ҳақида ёзмоқчи бўлдим. Бунга “1” рақами сабаб бўлди. Қизиқ ҳолат: 1ни 1га қўшса 2 бўлади, бир-бирига қўшилмай, шунчаки ёнма-ён туриб қолишса 11 га айланади.

Нолчи? Ўзича ҳеч қандай кучга эга эмас, бир ўзи ҳеч нимани ҳал қилмайди. Нолмисан нол. Аммо пайт пойлаб туриб, 1нинг ёнига туриб олса 10 га, 5 га яқинлашса 50 га, 9 нинг атрофида гирдикапалак бўлса, 90 га айланади.

Баъзи одамларни нолга ўхшатса бўлади. Қўлларидан дурустроқ бир иш келмайди. Бирор гап сўрасангиз, “Фалончининг айтишича…”, деб гап бошлайди. Аммо кутилмаганда кимгадир яқинлашади, кимнингдир пинжига киради ва… катта кучга айланади.

Бундай одамлар, Балзак бобо айтганидай, фақат пилдираб, ғилдираб кун кўради. Шоир Ҳусниддин Шарипов бу ҳолатни “Балиқ фалсафаси” шеърида бағоят чиройли тасвирлаган:

Думингни ликиллатасан – олға кетасан,

Думингни ликиллатасан – олға кетасан…

Амал

Ўқувчилик йилларим дадам билан бир хонали уй қурганмиз. Томи ёпилгач, уйнинг ичини сувоқ қилиш учун дадам Абдуназар қорини айтиб келдилар. Бухородаги катта мадрасада таълим олган бу донишманд киши ўша йиллари бир сабаб билан қишлоғимизга келиб, шу ерда муқим яшаб қолган, Қуръон тиловатида пешқадам бўлсалар-да, буни ошкор қилмай, ким иш айтса, йўқ демасдилар. Биров бир гапни бузиб бутунлай тескарисини айтса ҳам “Э, шунақа эканми, бай-бай, қаранг-а, биз аҳмоқлар мадрасада уламолар бошқача тушунтиришса, ишониб юраверган эканмиз-да”, дердилар-қўярдилар. “Бува, нотўғри гапиряпти-ку”, десангиз, “Ҳа, адашяпти, аммо изза ҳаром, тўғрисини эшитаверса, ўзи тўғрилаб олади”, дердилар.

Лой етилгач, мен уни ийлаб, ҳовучимда Қори бувага узатаман, у киши сув сепилган деворга чаплайдилар. Ёшлик қилиб бир нималарни сўрайман, тушунтириб берадилар. Бир пайт ҳовлимизга тоғда яшайдиган чўпонлардан бири кириб келди. Ўша кунлари Ўнҳаятда яшайдиган қариндошимиз Адашвой тоға оламдан ўтган эдилар, чўпон Қори бувани танимай, марҳумнинг руҳига ўзи билганича тиловат қилди-да, нонга оғиз теккизиб, ўрнидан турди.

Чўпон кетгач, мен бувага чўпоннинг тиловатида хатолари борлигини айтгандим, у киши “Майли-майли, шунча жойдан ният қилиб келибди, хатони тузатса бўлади, ниятда гап кўп, қани, лойдан узатинг”, дедилар. Бу гапнинг маъносини англаш учун кўп китоб варақладим. Ҳазрат Навоий “Амалларнинг боши – ниятнинг холислигида. Ният холис, кўнгил тоза бўлмас экан, фақиҳлик каби шарафли касб ҳам номаи аъмолнинг гуноҳлардан холи бўлишига кафолат беролмайди”, деган эканлар.

Аҳмаджон Мелибоев

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − fifteen =