Байрам ҳазиллари

“Тафаккур” журнали Бош муҳаррири — Эркин Аъзамга

 

Донишмандлик қонида бор,

Қонидамас жонида бор.

Асарларин дунё ўқир,

Ўқимаган бўлар сўқир.

“Тафаккур”да тафаккур қил,

Бирор сонин қолдирмагил.

Обуна бўл ўз вақтида,

Эриш муштарий бахтига.

 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси — Алишер Хаджаевга

 

Сифатлари озмас, тўп-тўп,

Яна каналлари кўп.

“Ёшлар”зўрми, ё “1”чи,

Қани ўйлаб бир кўринг-чи?..

 

 

“Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири — Аҳмаджон Мелибоевга

 

Устоз эрур ёши катта,

Ёзганларин тоши катта.

Шўхликларин қувгани йўқ,

Унвонини “ювгани” йўқ.

 

“Зарафшон” газетаси Бош муҳаррири, сенатор — Фармон Тошевга

 

Жуда камтар, камсуқум,

Биров демас: “Амалдор”.

Ўйламайди обунани,

“Ҳоким бор-ку, не ғами бор?!”

 

 

“XXI аср” газетаси Бош муҳаррири —Норқобил Жалилга

 

 

Яхшиликни яхши кўрар,

Эзгуликдан суюнади.

Ижод деса хурсанд доим,

Муаммо деб куйинади.

Тадбиркорлар қанотидир,

Газети-ку катта минбар.

“Гўшт кўп еманг” деганларга,

Муроса ҳам қилмас минбаъд.

 

ЎзА Бош директори — Абдусаид Кўчимовга

 

Дарс беради ҳаммага,

Керак бўлса аммага.

ЎзА ўзи шундай даргоҳ—

Тарқатади ҳаммага.

 

 

 

 

“Гулистон” журнали Бош муҳаррири — Маматқул Ҳазратқуловга

 

Жиддий одам ўзлари,

Маънолидир сўзлари.

Илҳом бўлди зўр доя,

Ёзди қисса, ҳикоя!

 

 

 

 

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро Пресс-клуб раҳбари — Шерзодхон Қудратхўжага

 

Унга сифат бедорлик,

Ҳазил гапми ректорлик.

Гоҳ уловда, гоҳ оёқда,

Гоҳ у ёқда, гоҳ бу ёқда.

Жудаям кўп сафари,

Унга керак “Феррари”.

 

 

“Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари Бош муҳаррири —Сирожиддин Рауфга

 

Шоирларнинг зўридир,

Таҳрирда ҳам беназир.

Ҳузурига борсангиз,

Дейди: “Келинг, хўш, тақсир”…

Ҳожи акамга гап йўқ,

Журналхонлар кўнгли тўқ.

Ўтаётган бу йилда,

“Подписка”дан кўнгли тўлди,

Лекин ҳали билмас сира,

Янги йилда не бўлди?

 

АТБ “Қишлоққурилишбанк” Бошқарув раисининг матбуот котиби-Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — Шуҳрат Орифга

 

Дейди мен шоирман, банкир эмасман,

Шеърни билмаганни одам демасман.

Дейди пулни эмас, яхши кўраман гулни.

Сайратаман булбулни, ёмон кўраман кулни.

Қарамайди жононлар, нима қилай ёронлар?

Ўзим ҳам билмайман, нималар дедим,

“Мен одам эмасман асли ёр эдим,”

Кўринг, китобимнинг номи шул,

Лекин зиён қилмас, бўлса пул.

 

“Нуроний” газетаси Бош муҳаррири —Шуҳрат Деҳқоновга

 

Ноибликдан зерикди у,

Не қилсам деб ўйлаб қолди.

Ёш бўлса ҳам тинчлик истаб,

“Нуроний”га ўтиб олди.

Режасида не борлигин,

Биров билди, биров йўқ.

Наманганлик бўз бола-да,

Келажакдан кўнгли тўқ!

 

“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари Бош муҳаррири — Салим Дониёровга

 

Феъли шундай: оғир-босиқ,

Устозларин яхши кўрар.

Ичмайди ҳам, чекмайди ҳам,

Байрамларда “юзта” урар.

“Правда Востока” кўҳна жуда,

“Янги Ўзбекистон” яп-янгида.

Уларга мен бошман дейди,

Ҳали ўзим ёшман дейди.

 

 

“Қишлоқ ҳаёти” газетаси Бош муҳаррири — Чори Латиповга

 

Ўзи қишлоқ одами,

Тузук эди қалами.

“Мажбурий обуна” дейилгач,

Ошиб кетди алами…

 

 

 

“Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари Бош муҳаррири — Ҳусан Эрматовга

 

Газети зўр, ўзи ҳам зўр,

“Доверие”дан чиққан эмас.

“Ишонч” бўлса, бари бўлар,

“Обуна” деб бош қотирмас.

 

 

 

 

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррири — Салим Ашурга

 

Салим ака – салим одам,

Ғирром қилмас, ҳалим одам.

Шеър ишқида ёнар ўзи,

Гуллардадир икки кўзи.

Кўп жойларда ишлади у,

Довонларни ошиб ўтди.

“Адабиёт ва санъат” дебон,

Орзусига мана етди.

 

“Овози тожик” газетаси Бош муҳаррири — Шерпўлат Вакиловга

 

Ўзбекчани “қотиради”,

Яқин улфат , жўрадир.

Агар девор бўлмаса,

Кўчаниям кўрадир.

 

 

 

 

 

 

 

“Инсон ва қонун” газетаси Бош муҳаррири— Қўчқор Норқобилга

 

Афғон мавзуси ёпилди,

Гулдур-гуп.

Лекин тинмай ёзади,

Мавзу кўп…

Ўйлаб кўрса яхши кўрар,

Муҳаррирнинг зотини.

Чунки ўзи муҳаррир,

Муҳаррирдир хотини…

 

“Нурлы жол” газетаси Бош муҳаррири — Ғуломзакир Юсуповга

 

“Газетам энг ўқишли” дер,

Керилади мисли шер.

Лекин битта “айби” шулки,

Тиним билмай тўкар тер.

 

 

 

 

 

 

“Китоб дунёси” газетаси Бош муҳаррири — Хосият Рустамовага

 

Бу чеҳрани дунё билар,

Мухлислар ҳам биляпти.

Гоҳ Туркия, гоҳо Хитой,

Амирқодан келяпти…

 

 

 

 

“Маҳалла” газетаси Бош муҳаррири — Бахтиёр Абдусатторовга

 

Кимдан хафа, кимдан хурсанд,

Бировга сир айтмайди.

Ваъда берса, ўша гап-гап,

Сўзидан ҳеч қайтмайди.

Вазирликдан гина қилар,

Ўпка қилар, кина қилар.

Обунага мошин қўйиб,

Қолмасин-да фақат куйиб…

 

 

 

“Саодат” журнали Бош муҳаррири — Мунаввархон Усмоновага

 

Шеърларини ўқисангиз,

Узоққа ҳеч кетолмайсиз.

Орзу қилманг ўзаман деб,

Опага ҳеч етолмайсиз.

 

 

Байрам ҳазиллари

таҳририят ижодкорлари томонидан

ҳашар усулида ёзилди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + 18 =