Янги йил табассуми
КАМРОҚ ИЧИШ КЕРАК
Уч оғайни суҳбатлашиб қолишибди:
— Мен ўтган йили Янги йилни Гавая оролларида кутиб олгандим.
Иккинчиси:
— Мен эса, океан тубида кутиб олганман. Ажойиб бўлганди…
Учинчиси:
— Иккаловинг ҳам мен билан чойхонада кутиб олгансан! Камроқ ичиш керак эди!
ОРЗУ
Талабалар қаттиққўл ўқитувчисига Янги йилга совға беришмоқчи:
—Домлажон, сизга нима совға қилсак бўлади?
—Менга ҳеч нарса керакмас!
—Айтақолинг, бирор орзуингиз бордир ахир…
—Ягона орзуим, сизлар менинг талабам бўлганингизни ҳеч ким билмасин!
АЛАМ ҚИЛАДИ, АММО…
Бўйдоқ йигитга ота-онаси дебди:
— Дўстларингнинг ҳаммаси уйланди. Оиласи, хотини бор. Сенга алам қилмайдими?!
Йигит дебди:
— Жуда алам қилади. Лекин нима қилай, уларга ёрдам бериш қўлимдан келмайди!
ҚОРБОБО ЭМАС!
31 декабрь. Бир қизалоқ “Тез ёрдам”га қўнғироқ қиляпти:
— Алё дўхтир тезроқ келинг, дадамнинг мазаси қочгандек… Қизил кийим кийиб, пахтадан соқол қўйиб олган, мен Қорбобоман деяпти!
МЕҲРИБОН ЎҒИЛ
Ўқитувчи:
— Валижон, кундалигингни ота-онангга кўрсатдингми?
Ўқувчи:
— Йўқ, устоз!
Ўқитувчи:
— Нега?
Ўқувчи:
—Ота-онамнинг саломатлиги мен учун жуда муҳим!
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ тўплади.