Вақт тўхтаган масканлар

Авваллари қиш­лоқдаги Ғофир ошпазнинг ҳозирги уйи ўрнида катта ҳаммом бўларди деб бобом кўп айтардилар. Билишимча бутун қишлоқ аҳли ана шу умумий ҳаммомга келар экан. Ҳайрон қоларлиси, хатто аёллар учун ҳам ана шундай покланиш масканлари бўлиб, ҳафтанинг сўнгги кунларида жуда гавжум бўлган эмиш. Улар биз биладиган айни дамдаги кўнгил очар сузиш учун мўлжалланган “сауна” лардек эмас, балки зарурат юзасидан покланиш мақсадида ташкил этилган масканлар бўлган экан. Ўзимча ўйга толаман, уят ва андиша туйғулари анча баланд бўлган олдинги одамлар қандай қилиб бундай жойларга борган экан?

Энди бошқа илож бўлмаган. Ҳали қиш­лоғимизга газ тортилмаган, одамлар ҳам анча содда эди деб тушунтиргандек бўлардилар бобом.

Ахир одамлар, молларни тўдалатиб боқиб юравермай, ҳовлисига биттагина ҳаммом қуриб қўйса нима бўларди ўша вақтда деган хаёл ҳам ўтарди кўнг­лимдан. Энди ярим тунгача   далада ишлашга маҳкум қилинган, шифер қоқилмаган, оддий лойдан томсувоқ қилинган томидан қизғалдоқлар ўсиб чиққан уйларда яшаган бечора одамларнинг бу ҳақида ўйлашга вақти қаёқда эди. Бобом айтганидек маҳалла ҳаммомларида эса, ҳамма шароит яратилган бўлиб, ортиқча оворагарчиликсиз ҳафтада бир марта бориб келиш анча қулай бўлгандир-да.

Бу ҳақда фақат бобомдан эмас, балки бир-икки эски ўзбек киноларида ҳам кўрганман. Балки сиз ҳам биларсиз. Майли, кўп ҳам эски гаплар билан бошингизни қотиравермай, мақсадга ўта қолай.

Мана бугун замонлар ўтиб, кўп нарсалар ўзгариб кетди. Ўша пайтлардаги пастак-пастак лойсувоқ уйлар ўрнида энг ками тўрт хоналик (кўпи эса тўққиз-ўн хоналик) қишлоқнинг кенг-кенг ҳовли уйлари бўй кўтарди. Улардаги шарт-шароитлар ҳам шаҳардаги уйлардан ўтса-ўтадики, асло ортда қолмайди. Бироқ ўта ҳашаматли ва замонавий қилиб қурилган бу уйларнинг кўрки кунлар совиши билан ўз аҳамиятини йўқотади. Негаки ҳаммамизга маълум бўлган газ қувурлари ичида бугун қуруқ ҳаводан бошқа нарса айланмай, қишлоқ аҳли кўмир, ўтин ҳаттоки, ўша бир замонлардагидек таппи билан қатор-қатор уйларнинг атиги бир, нари борса икки хонасинигина иситиб, барчалари тор жойга тиқилади. Электрнику гапирмай қўя қолайлик, ҳудди одамнинг устидан кулгандек лип этиб ёнади-ю, бирор нарсани улашингиз билан яна лип этиб ўчади. Майлида, яқин-яқингача ҳам бир сандалнинг атрофида ота-онасидан оқибат ва юз-хотирлик ҳақидаги ўгитларни тинглаб, сабр билан яшаб келган халқимиз тезда замонавийлашиб кетса ҳам бўлмайди. Шундайми? Озгина сабр билан кутилса, уч ойлик, жуда чўзилиб кетса тўрт ойлик совуқ кунлар ўтади-кетади. Не-не орзу-ҳаваслар билан бунёд этилган ва ҳозирда бўш турган бошқа хоналарнинг ташвишини қилиш эса бизга эмас. Ҳа энди, қачонлардир тўй-тўркун қилинганда уларга ҳам одам тўлар.

Билмадим, аммо бу ерларда вақт тўхтаб қолганга ўхшайди. Сабаби ҳамма жойда замон тезлашиб, бир нима-бир нималар бўлиб кетаяпти дейилади-ку, қиш­лоқларда айрим эскиликлар эскилигича турибди.

Айтганча, гап-сўзлар билан бўлиб, энг муҳим жиҳатни унутибмиз. Аслида ҳам қишлоқликларга ҳаммомнинг умуман “кераги йўқ”. Нега десангиз, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, уйида энг сўнгги жиҳозлар билан бойитилган ҳаммомлари бўла туриб, барибир одамлар ҳар ҳафта бўлмаса ҳам, икки ҳафтада бир ўша ўн тўққизинчи-йигирманчи асрдагидек маҳалла ҳаммомларига чиқишяпти. Совуқ кунда соатлаб навбатда турганда очилмаган истеъдодлар очилиб, “бинойидек” шеър ва қўшиқлар ҳам яратиляпти. Сиз ҳам улардан ижтимоий тармоқлар орқали аллақачон баҳраманд бўлган бўлсангиз керак.

Мана қиш келиб, телевизорда ҳозирданоқ янги йил фильмлари намойиш этила бошланди. Қишлоқликлар эса бу фильмларнинг бирортасини ҳам охиригача кўролмайди. Чироқ ёнган ўн беш дақиқа мобайнида эса, одамнинг ҳавасини келтирадиган биринчи қорнинг романтик тас­вирлари узатилади. Қиш қанчалик чиройлик-а шаҳарликлар учун. Оналаримизнинг байрамона, мазали таом­ларни мароқ билан пиширишлари-чи. Қишлоқ аёллари эса таппи билан қозонда сув иситиб, ана шу сувда болаларининг кийимларини ювади. Ўртоқлари билан шодон ўйин-кулгулар ила қувнаб келган болалар эса, ўтин печка билан иситилган уйда зўр кайфият билан ухлаб, тонгда аччиқ совуқда уйғонишларини бир ўйлаб кўринг.

Ўзимни ёмон кўриб кетаман. Чунки, иссиққина уйда дунёдан нолиётганимда, ошхонадаги чойнакнинг қопқоғи сакраб ётса ҳам ўқиётган ўша кераксиз қоғозимдаги матн тугамагунча ўрнимдан тургим келмайди. Тунда уйқусираб чиқиб, қайноқ сувни шарриллатиб оқизиб юбораётганимда қанча одамлар тапписини санаётган, қолган ўтинларини чамалаётган бўлади. Яна қишлоқдагилар бизни ҳам ўзлари каби саҳар олтида туриб, ҳаракатда бўлади деб ўйлашади. Қаёқда дейсиз, иссиқ уйда бошингизни уйқудан кўтаришингиз осон бўларканми. Тинчгина уйқуни давом эттирганимиз маъқул. Ҳаммаси секин-аста ўз изига тушиб кетарди. Озгина сабр ҳам керак, балки қиш ҳам эртароқ тугаб қолар…

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 3 =