Яшаш ийзолари

“Ҳаёт ҳақидаги ўйлардан қоч, ўйлаб ўйингга етсанг, ҳаётдан кўнглинг совийди”.

“Макар Чудра”. Максим Горький

 

Кимсасиз дашт ва   ўрмон чеккасида яшаётганимга бугун тўрт кун бўлди. Ён-атроф­даги осойишталик, сокинлик руҳимга қўнган. Ёнимда ҳеч ким йўқ, на мен бошқани, на бошқа мени безовта қилади, лекин чексиз саҳрони қоплаган чангсимон ҳовур ва борлиқни қучган мавҳумликдан ўйим нотинч­роқ. “Наҳотки, шуни истадинг? Наҳотки, дилинг мунтазир осудалик, ором кимсасиз, ҳар қандай тирик жонни ютишга шай саҳрода? Яшаш қийноқлари боиси   балки мулкдорлик истаги қачон пайдо бўлганди менда, аниқ билмайман. Бозор иқтисодиёти тарафдорларидан бири эдим. Дадам, халқ мулкини ўмармоқчимисан, э, жўжа, сен кимнинг ўғлисан, эсингдан чиқарма, мен коммунистман, деган меҳнатдан қотган ва урушда йўқотган ярим панжасини кўкрагига уриб.

Институтни битириб келгандим ўшанда. Маълумотимга оид иш йўқ. Бир йилча бекор юрдим. Бир-икки танишим хусусий фирма ва қўшма цех очишгач, менда мулкка қизиқиш уйғонди. “Хусусий корхонам ёки дўконим бўлади, истаган кишини ишга оламан, ёқмаса, ҳайдаб юбораман-да! Мулк хўжаси бўлишим керак, вассалом!”. Менда “лаънати буржуйча яшаш истаги”ни кўрган дадам мен билан салом-аликни тўхтатган. Талабаликда ёдлаган шиорим эсимга тушди: “Буюкликка даъвогар бўлмаган мавҳумликка маҳкум”. Мен мавҳумликка маҳкум бўлишим мумкин эмас!

Олди-сотдини ўрганиш учун ўзимни бозорга урдим. Уч-тўрт кун растама-раста, “точкама-точка” кезиб юрдим. Саҳарда келиб кўтарасига мева-чева олиб, устига қўйиб, сотдим. Даромадим зўрға бир ярим-икки кило гўштга етарди. Кейин аравача ҳайдаб кўрдим, бозор ичида “пўшт-пўшт”лаб юриш тинкангни қуритади. Даромади ўзимга етарди, лекин у билан мулкдор бўлиш қийин эди.

Дадамга мулкдор бўлганимни, мен ҳақлигимни кўрсатгим келарди. Таваккал қилиб, пойтахтга келдим. “Чорсу” бозорида тирикчилик қилиб юрдим. Арзонроқ турар жой излаётганимда “квартира, уй—ҳовли сотиб оламан ва сотаман”, деган эълонга кўзим тушди. Олиб-сотар билан танишгим, ундан савдогарлик (у пайтда “маклер” деган сўз бизда истеъмолда эмасди) сирларини ўрганмоқчи бўлдим. Содда ўйлабман. У ниятимни билгач, алоқага чиқмай қўйди. Кейин икки ойча мардикорлик қилиб юрдим. Ундан ҳам безиб, уйга қайтмоқчи эдим. Уфа, Самара томонларга қатновчи андижонлик йигит билан танишиб қолдим. У “анжонликман, анжон­ликлар яхши савдогар, бўлишади”, деб мақтаниб қўярди. Тўрттадан катта бозор сумкасига мол — чойшаб, халат, сочиқ, пайпоқ юклаб, қайдасан Уфа, деб поездга миндик. Вагонда ҳатто тик туришга жой йўқ, баъзи аёллар юклари устига ётиб олган. Ҳамма бечипта. Проводница ҳеч нима дея олмайди, унга раҳми келган, инсофни унутмаган “тадбиркор” юкидан у-бу нарса беради. Уфада бош­қирд оилага қўндик. Ўзбекларни жуда ҳурмат қилишар экан. Халатларни бир-бирига кўрсатиб, чамалаб, “мотор” дейишади. Бу “зўр” дегани экан. “Баланги” қайнатиб олдимизга қўйишди. Катта идишда қайнатилган беш-олти кило картошкани “баланги” дейишаркан. Мен, бизни қўй сўйиб, меҳмон қилишмоқчи шекилли, деб ўйлабман. Аммо биз бир-биримизни таржимонсиз тушунардик. Уч кун ичида юкларимизни сотдик, анча даромад билан орқага қайтдик. Энди шеригим билан асал юкладик. Омадимиз юришмади, бошқирд бозорлари асалга тўла экан. Зўрға йўл ҳақини чиқарибмиз. Навбатдаги сафар супурги обкетдик. Уй эгаси, супурги обке­санглар, ўзим сотиб бераман, бу ерда “ходовой товар” деганди. Ҳар биримиз олти сумкадан супурги юклабмиз. Касодга учрадик, сумкага кўп сиғади, деб дастасини калта кесдиргандик. Қайтишга зўрға пул қилдик. “Халқаро бизнес”дан кўнглим қолди. Ноилож, яна мардикор бозорига чиқдим. Тақдирни қаранг, ўша маклерникига хизматга бордим, уни овозидан танидим. Ундан бирор нимани сўролмасдим, аммо имкониятдан фойдаланишга аҳд қилдим. Унга, Хоразмда ҳовлим бор, уни сотиб, шу ердан уч хонали квартира ёки ҳовли олмоқчиман, дедим.

У мендан ҳовли қаерда, шаҳардами ёки қишлоқда, нимадан, ғиштданми ёки пахсадан, кимнинг номида ва қанча метр квадрат эканини сўраб-суриштирди. Нималарнидир ёзиб қўйди.

Тахминан қанча туришини ҳам айтди.

— Алмаштириш имкони йўқ, — деди у, — пойтахтни вилоятга алмаштирувчи нодон йўқ.

Демак, нақд пул керак. Унинг телефони тинмасди. Гап-сўзларидан “посредник”лигини билдим.

Аввалига бу иш жуда осон кўринди, кейин анг­ладимки, “посредник”лик анча мураккаб экан. Сотувчи билан харидорни келиштириб, айниқса, уларни бир-бирига рўпара қилмай, фақат ҳужжатларини учраштириш ишончга кира олиш санъатини талаб этаркан. Муҳим шарти — нотариус “ўз одаминг” бўлиши керак. Деворлар ва симёғочларга ёпиштирилган эълонларни йиғиб юрдим. Биринчи “операциям” омадли бўлди. Бир ҳовлини сотиб, эгасига бир-биридан йироқ икки   квартира олиб бердим. Зарур ҳужжатларни йиғишга уч кун кетди, кадастр ва нотариусда яқинлар орттирдим. Икки мингдан зиёдроқ “кўквой” чўнтагимни қаппайтирди. Бу мени илҳомлантириб юборди. Ҳар ойда бешта-олтита “операция” қилардим. Уч хонали квартира сотиб олдим, уни кўнглимдагидек жиҳозладим. Энди уйланаман, адамни чақираман, деб кўнглимга   тугиб қўйдим.

Шу ўртада “қимматбаҳо операция” қилдим. Бир бойвачча   данғиллама ҳовлисини тезда сотиш ниятида менга мурожаат қилди. Шартта ишга киришдим. Харидор ҳам топдим. Бойваччада менга ишонч пайдо бўлди. У дўконлари ва тикув цехини ҳам сотажагини, Америкадаги қизи олдига кетишини айтди. Қолган мулкларига ҳам харидор излашим ва унинг номидан сотишим учун барча ҳужжатларни қўлимга берди. Эртаси бойвачча олдига келсам, ташқари эшиги қулфланмаган, ичкари эшиклари ланг очиқ. Баҳайбат овчарка занжирини узай дейди. Чақирсам овоз чиқмайди. Шубҳаланиб, ичкари хонага ўтдим, бойвачча чайқалма креслода иягини ушлаганча ўлиб қолибди. Ҳовли, мулкларга оид ҳужжатлар менда эди. Бойваччанинг, меросхўрим — қизим, у Америкада, олти йил аввал аварияга учраганди, даволанаяпти, ҳозир бу ерга келолмайди, деган гапларини эсладим. Онда-сонда қўшни, ярим жон кампир келиб, ҳовлини супуриб, идиш-товоқларни ювиштириб кетарди. Қандай мулк менга насиб қилаётганини тушундим ва “ўз одамим” бўлган нотариусни ишга солдим…

Омад жуфт келади, деганларидек, талабалик пайтлари дилимни ўртаган курсдошимни учратиб қолдим. Турмушга чиққан, икки ўғли бор, эри қазо қилган экан. Очиғини айтсам, иккиландим, ота-онам рози бўлмасди, бу аниқ. У менга ўрганиб қолганини айтди. Кетсангиз, чидай олмайман, деб йиғлади. “Аёл ашки олмосни эритар”. Уйландим, ахир кимгадир умримни, топганларимни сарфлашим керак-ку, деб ўйлардим ўша пайтда. Вояга етгач катта ўғилни, бир йилдан кейин кичигини уйлантирдим. Иккаласини ҳам олий маълумотли қилдим, машиналар обердим.

Бахтли яшашим учун ҳамма нарса етарли эди гўё. Иш билан бандман, вақти-вақти билан, ўз фарзандим бўлиши зарур, деган ўйга борардим, хотиним менга хайрихоҳдек эди. Йиллар ўтган сайин бу ўй тез-тез безовта қилар, айниқса кичик ўгайнинг бефарқ ва совуқ муносабати, дўконлардан рухсатимсиз “навар” олиб кетишлари, онасидан, менга билдирмай, пул ундиришлари, бирор иш буюрсам баҳоналар топиб, ҳисоб беришни хуш кўрмаслиги каби қилиқлари ғашимга тегарди. Онаси билан келишиб, дўконларимни ўз номига расмийлаштирмоқчи эканини эшитиб қолдим. Уларни қаттиқ тергов қилдим, кўчага ҳайдашим мумкинлигини айтдим. Хотиним, дўконларингизни бошқарса, нима бўпти, у ҳам меросхўр-ку, деса бўладими даб-ду­рустдан.

— Йўқ, сиёсатшунос. Олий маълумотли қилдим. Касби билан шуғуллансин!

— Мулки йўқ қанақа сиёсатшунос бўпти?

— Соҳаси билан шуғуллансин! Вассалом!

— Ўгай-да, мулкингизга шерик қилгингиз йўқ.

Жаҳлим чиқди, бирор нима дейишдан қўрқиб, чиқиб кетдим. Куни билан “ўгай-да” хаёлимдан кетмади.

Бойвачча катта кредит олган экан, буни банкдан огоҳлантириш келгач билдим. Тўланадиган фоиз цех келтирадиган қўшимча даромаддан юқори. Бу, шубҳасиз, банкротга олиб келиши мумкин эди. Бош ҳисобчи маошни бир-икки ойга ушлаб беришни таклиф этди. Ўз вақтида маош ололмаганлар, ҳатто ҳисоб-китоб қилиб ўтирмай, бўшаб кетишаркан. Бу ноқонуний, аммо корхонани сақлаб қолиш йўли. Маошни камайтириш ҳам шундай йўл эканини кейинроқ тушундим.

Бироқ уч-тўрт фаол бизни судга берди. Тажриба орттириш фикри билан судга ўзим қатнадим. Меҳнат кодекси, маъмурий ва жиноий жавобгарликка оид ҳужжатлар билан танишишимга, кўп нарсалар устида бош қотиришимга тўғри келди. Ҳужжатсиз юристга айландим. Суд ишлари деярли беш ойга чўзилди, борди-келди ва “сан-ман”дан жуда чарчадим.

Бошқарув идораларига, айниқса, суд-ҳуқуқ маҳкамаларига ишинг тушмагунча адолат ҳақидаги ҳавойи гапларга ишониб юраверар экансан. Сен учун ҳеч ким жон куйдирмайди, сенинг адолат ҳақидаги ўйларингни суд-ҳуқуқ идораси ўзига зарур томонга буриш, ўзгартириш ҳуқуқига эга. Буларни у қонун номи билан қилади. Адолатни, ҳуқуқни ўрганишга ҳожат йўқ.

Цехни юритишга жиддий киришдим. Икки-уч кунлаб цехда қолиб кетардим. Маркетинг бўлими бош­лиғи кийим-кечаклар таннархини арзон чиқариб дўконларга, бозорга бошқа, юқори нархда ўтказишини сезиб қолдим. Ортиқча даромадни ўз чўнтагига урар экан. Аввалига индамадим, ўзимни билмаганга солдим. Кейин бўлим фаолиятини ревизия қилдирдим. Цехга келадиган қўшимча даромадларнинг деярли ярмини бўлимдагилар ўзлаштиришар экан.

Туркиялик немис компанияси, биз орқали газламалар сотиб олиб, банкротдан қутқарди. Таваккал қилдим, ё банкрот, ёки цехни юргизиш. Халқаро савдомиз изга тушди, кўп буюртмалар МДҲ даги савдо компанияларидан эди. Роса бир йил омадли ишладик. Трико­тажга талаб катталигидан янги цех очишни мўлжалладим. Хитойдан тўртта станок обкелдим. Хотиним, ёнингизга олинг, деб жаврайверганидан кичик ўгайни янги цехга менежер қилиб қўйдим.

У мени ҳайратга солиб, тадбиркор чиқиб қолди. Нафақат трикотаж, шунингдек, газлама цехи фаолияти билан ҳам қизиқа бош­лади. У акасини ҳам рек­лама ишларига жалб қилди.

Уларни кўрганимда, барибир, ўз фарзанд­ларим йўқлиги эсимга тушиб, хотинимни ёмон кўриб кетардим. “Аблаҳ, деярли ўн беш йилдан бери алдаб келади. Нуқул ана, ҳомиладорман, мана, ҳомиладорман, дейди. Баҳоналари кўп”.

Ўгайлик бегоналикдан ўзгача туйғу, у тезда қаҳрга, ўч олишга айланади. Бегона сизни айбингизни, қўполлигингизни тез унутади, аммо ўгай эсидан чиқармай, нима биландир ўч олади. Бегона сиздан узоқда, ўгай эса ҳар куни ёнингизда, ҳар қадамингизда унга рўпара келаверасиз. Натижада ўгай асабингизни кемиради, нима учун уни ёмон кўраётганингиз боисини қидириб ўтирмайсиз, ундан нуқул қусур ва айб қидираверасиз.

Баъзан туғишганлар ҳам ўзини ёт, бегона, ўгай тутади. Бундай ўгайлик чексиз зиддиятлар ва низоларга айланади, оддий “сан-ман”дан тортиб, то бир- бирига тиғ санчишгача борадиган ўгайликдан ҳеч бир жамият холи эмас.

Бизнес билан қанча кўп шуғуллансам, одамнинг ақли ноқис, такаббур ва нафс бандаси эканига шунча кўп ишондим. Оддий ижрочилигини ноёб иқтидор билгувчи кишилар ҳаддан зиёд, аммо бирор янгилик кашф этишда улар — бекас, ҳеч нимага ярамайди.Пул берсанг, югур-югур билан боғлиқ ҳар қандай топшириғингни бажаришга тайёр, ихтирога келганда — соқов ва кўр.

Кичик ўгай бир партия кийимларимизни бир вагон тахта-ёғочга бартер қилди. Тахта-ёғочни пулладик, яхшигина даромад кўрдик. Бартер ишларини кичик ўгайга ишониб қўйдим, у Россия, айниқса Сибирь томонларни кезиб шериклар топишга киришди. У уч-тўрт ойлаб йўқ бўларди, келганида истар-истамас “ҳисобот” берарди.

Унинг бу қилиғи “ўзим қилаяпман, сен аралашма”, деган маънони англатарди.

— Корхонамизнинг Устави ва ҳисоб-китоб тартиби мавжуд. Саккиз ой Россияни кезибсан, тузган шартномаларинг ва сафарларинг ҳақида ҳисобот бермабсан. Келгуси ҳафта банкка, налог­­га ва тадбиркорлар палатасига ҳисобот беришимиз керак…

Худрўй эшитишни истамай ўрнидан турди. Кўрсаткич бармоғини бигиз қилганича силкитди:

— Йўқ, мен ўз фирмамни очаман! Кўптармоқли фирма бўлади.

— Сан саккиз ой корхонамиз ҳисобига шаҳарма-шаҳар кезиб юрдинг…

— Корхонангизга қанча даромад келтирганим эсингиздан чиқдими? Берган қўл олишга ҳақли.

У корхонам муҳри орқали фирмасига катта пул ўтказганини билиб қолдим. Пулни қайтаришга уриниб кўрдим, лекин ташвиши кўп экан. Адвокат уч ой ҳаракат қилди, натижа чиқмади. Хотиним, болам, бечора саккиз ой бегона юртларда, шаҳарма-шаҳар кезиб, сизнинг корхонангизда ишлади. Ўзига фирма очган бўлса, нима бўпти, деб дард-ярам устига туз септи. Чиқиб кетаётганимда, “ўгай ўгай-да”, деди. Тарсаки тортиб юборишдан ўзимни аранг тўхтатдим.   “Ярамас!”

Прокуратура тамғаси босилган конвертга кўзим тушиб, юрагим “шув” этиб кетди. Унда идорага келишим хабар қилинган экан. Эллик ёшларга борган катта терговчи Америка мулк­дорлар ассоциацияси ва Виржиния штати суди тасдиқлаган, инглизча ва русча битилган хатни олдимга қўйди. Унда ўн уч йил олдин ўлган бойваччанинг қизи отасидан қолган мулкка қонуний меросхўр, шу сабабли у ҳовли, цех ва икки дўконни қайтариб олиш ниятида эканини билдирган экан.

Ҳужжатларни расмийлаштириб берган нотариусни, кўчиб кетганми, вафот этганми, тополмадим. Мен нимага, мулкнинг қайси қисмига даъвогар бўлишим мумкинлигини ҳам билмайман. Ахир ўн уч йиллик чоп-чопларим, азиятларим бефойда кетмагандир? Хуллас, мулк ва меҳнат муносабатларини биладиган адвокат керак эди. Екатеринбурглик адвокатни ёлладим, унга муаммони тушунтирдим, ҳужжатлар нусхасини юбордим. Республика Бош прокуратураси бор мулк ва транспорт воситаларига “запрет” қўйди. Кўп ўтмай адвокат мулк ноқонуний ўзлаштирилганини, шу сабабли, ўн уч йиллик меҳнат ҳақини ундириб беришдан бошқасига кучи етмаслигини айтиб, ишдан воз кечди. Хотиним Томскдаги кичик ўғли олдига кетди.

Оҳваш дилимни кимга ёришни билмайман. “Ўз фарзандим бўлганида…”. Кўзим токчадаги “Napoleon”га тушди. Қоп-қора, ноодатий шишадаги француз коньягини охирги марта қачон ичгандим, эсимда йўқ. Эрталаб уйғонсам, шиша-ярим. Бошим ғувуллаб оғрияпти. Коньякни кўргим йўқ. Уйимиз олдидаги “Сосисечная”га кирдим. Бу ерга ўн йилдан зиёд бўлди кирмаганимга. Юзта “Ўзбекис­тон” ва иккита сосиска айтиб, столга ўтирдим. Ҳеч ким мени танимаётганидан мамнун эдим.

Энди қўзғолгандим, қўлидаги пиво билан бир киши рўпарамга ўтирди.

— Сантехник Миша! Миша ака, помнишь?

Эсладим, уни тез-тез хизматга чақирардим.

— Эсладим. Шунча йиллар ўтибди-я?!

— Мен билан ишлайдиган Марат, помнишь, во мужик был, ўтган ойда, ишхонада ўлиб қолди. Шахматист Абдураҳмон, помнишь, тоже ўтган йили қазо қилди. Сизлар подъездингиздаги Рая опа, красавицей была, три года тому назад ушла. Инфаркт у нее. Домингиздаги Шавкат, бухгалтер, маҳалла котиби Раҳимбий, чўлоқ, помнишь, ҳаммаси, жойи жаннатда бўлсин, умерли. Кейинги йилларда ўлим кўп, а? !

Кечқурун Миша ака келди, тўртта сомса ва бир шиша коньяк обкелибди. Дардчил ўйларимдан халос бўлиш боис, шерик топилганидан хурсанд эдим ҳам.

Ичишга ўрганиб қолдим. Гоҳ якка, гоҳо бирор шерик топиб, кўнгилхушлик қилардим. Мулкларим борлигини унутдим. Суд уларни бойваччанинг қизига ўтказиш ва менга иш ҳақлари ажратиш ҳақида ҳукм чиқарди. Қанча ажратганини билмайман, унинг энди аҳамияти ҳам йўқ эди.

Мулк ташвишларидан қутулиб, ўзимни енгил сезардим. Бизнес-мақсадим алғов-далғов бўлиб кетган бўлса-да, улфатларим даврасида хурсанд эдим. Деярли ҳеч нима эсимга тушмас, фақат бугун қаерда, қайси кафе ёки оромгоҳда базм қиламиз, деган савол туғиларди. Эркин эдим, бундан ортиқ омадни тилаш мумкинми?

Кичик ўгай кетига рэкет тушибди, тиззасини мажақлабди. Фирмасини тортиб олибди. Хотиним қўнғироқ қилиб, ёрдам сўради. Менинг қўлимдан нима келарди? Мулклар қонуний эгасига ўтказилганини айтгандим, у таҳдидона, улар умумий мулкимиз-ку, деб бақирди. Индамадим. Бир ҳафталар ўтгач, хотиним учиб келди, аравачада майиб ўғли. Салом-алик йўқ.

— Мулкларда менинг долям бор. Энажоннинг ҳам!

Она-бола суд ва прокуратурага қатнашга тушишди.

— Ўн уч йиллик иш ҳақи олибсиз, — деди хотиним ғазабли кўзларини тикиб. — Унинг учдан икки қисми бизники. Тинч, ортиқча гап-сўзсиз уларни ўғлим билан менга, иккимизга ажратинг.

— Қанақа иш ҳақи? Олганим йўқ.

— Ўзингизни гўлликка солманг. Ҳаммасидан хабардорман. Хабардормиз!

Мол-мулк ва йиғилган даромадлардан иш ҳақи ажратиш ҳақида суд ҳукми борлигини билардим, аммо ҳали сариқ чақа ҳам қўлимга тегмаганди.

— Мен икки йилга яқин эшакдек ишладим, — деб гапга аралашди ўғли. — Кимга “Spark” олиб берилганини ҳам биламиз. У бизнинг мулкимиз….умумий.

— Яна бир бор тилга олсанг…

— Умумий мулкимиздан ўйнашингизга “Spark” оберинг! — деб пичинг қилди хотиним. — Унинг ота-онаси олдига борай, ана шунда кўрасиз!

— Аблаҳ! Турмуш қурмаган қизни…Майли, ол, ўша иш ҳақларини. Қизни бадном қилма!

— У билан ресторанларга боргансиз, расмларга тушгансиз.   Расмлардан тониб бўпсиз.

— Улар дўстона суратлар.

— Орқасидаги шеърлар, изҳорлар-чи? Шу ёшингизда… Уятсиз!

Хуллас, ёнингиздагилар кимлигини билмоқчимисиз, уларни мулкидан айириб кўринг. Айниқса аёл зотидаги молпарастлик унинг шаънига тўқилган барча мақтовларни чиппакка чиқаради.

Ўзим бойваччадан ўтган данғиллама ҳовлида турганим учун уйланмасимдан олдин олган уч хонали квартирамни кичик ўгай номига ўтказиб бергандим. Тағин шу квартирага қайтишга мажбурман.

Дадамни кўрмаганимга, эсламаганимга анча йиллар бўлди. Унинг “буржуй” деган ҳақоратомуз пичинги эсимдан чиқмаган. Ўртамизда пайдо бўлган ғоявий-руҳий тўсиқни бартараф этишим керак эди. Ота уйдан чиқиб кетганимга, санасам, ўн саккиз йил бўпти-я?! Мулк топиш завқи эл бўлиб яшашдан кучли экан. Мулкдор бўб дадамга кимлигимни исботлайман, деб аҳд қилибман-а? Бундан ҳам ортиқ такаббурлик, аъмолик борми? Энди эса дада, дадажон, мени кечиринг, дегим келади.

— Уйланибсан, хабардорман, — деди дадам ўзига хос коммунистча виқор билан урушда айрилган панжасининг ярмини мушт тугиб. — Икки чоғаси (хоразмча, боласи) ҳам бормиш. — Дадам “ҳм”лаб кўзимга синовчан тикилди. — Буржуйлар учун одам — товар. Товарни эса сотиш мумкин, олиш мумкин. Шунинг учун буржуй садоқат, бурч налигини билмиди. Энди сен ўгайлардан қутулолмайсан, улар зулукдек қонингни сўришади.

— Дада…

— Гапимни бўлма! Унутибсан. Хизматчиларингга дўқ қилишинг мумкин, манга эмас. Хотин зоти бир “йўлдоши” учун қирқ эркакни лақиллатиш макрига эга. “Йўлдоши” икки бўлса, у ҳеч бир эрга меҳр бермайди. Ота-боболаримиз сўраб-суриштириб уйланган, сандай қош-кўзига маҳлиё бўлиб эмас. Қошдаги сурма тўрт кунлик. Буни турмуш аччиқларини тотган боболаримиз айтган. Катта тадбиркор бўлган де­йишади сани. Банкрот ҳам дейишади. Нега банкрот, буржуйча ҳийлаларни тушунмайман. Лекин эрта букилибсан. Кўзларингга ғам қўнган. Овозинг мунгли, хастасан. Элни ишли, ошли, бошпанали қилиш осон эмас, давлат уддасидан чиқолмаётган ишни зиммангга олиб, қирқингда қаридинг. Бу билан манга нани исботладинг? А, айт, нани исботладинг?

Синглингни узатдим, икки укангни уйлантирдим, уй-жойли қилдим. Бирортасида ёнимда турмадинг. Уларнинг уллиси (хоразмча, каттаси) эдинг-ку?! Энанг, раҳматлининг кута-кута умиди жони билан бирга   узилди. Хабар қилсак, хотининг, гермонда, деди.

— Айтмади. Келардим учиб.

Дадамнинг таъналаридан ҳўнграб, бўкириб йиғлагим келди. Бостириб келган аламли кўз ёшларимни ушлаб туролмадим. Дадам елкамдан қучаркан деди:

— Йиғла! Товба қил, пайти келди!

Мўялаб, ўзимни ерга отдим. Гуноҳим нима? Дунё — олди-сотди. Унинг ўйинларига кирганим учун бадбахтманми?

— Узоқ жойга, панага бор, — деди дадам ҳукмона. — Одам бўлмасин, одамдан қоч! Одамнинг адуви — одам! Зуҳдлик фикрингни чархлайди. Энди қандай яшашинг керак, ўйлаб кўр. Ўйла…

Виктор АЛИМАСОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 − 4 =