Очиқлик, таклиф ва ташаббуслар

Инсон қадри улуғланиб, эл-юрт манфаатлари устун бўлган давлатда тараққиёт тезлашади, ривожланиш бўлади. Дарҳақиқат, юртимизда кейинги беш йил давомида жуда катта ўзгаришлар, янгиланишлар, изчил ислоҳотлар олиб борилаётганига барча гувоҳ. Аммо ҳаёт бор экан, барча ишлар ҳам бир текис, силлиқ кечавермаслиги табиий жараён. Ҳаётнинг турфа хил муаммолари, камчиликлари кўзга ташланиши бу янгилик эмас. Албатта, мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар силсиласида сўз ва матбуот эркинлиги борасида ҳам сезиларли ўнгланиш, ўзгариш рўёбга чиқди. Бироқ “ҳаёт кўзгуси” ҳисоб­ланмиш оммавий ахборот воситалари ана шу жараёнларни, ҳаёт ҳақиқатларини нечоғлик ёритиб боряпти? Деҳқонча қилиб айтганда матбуот бугунги кун давр талабига жавоб бера оляптими?

Куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан жорий йилнинг 29 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекис­тоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган устувор вазифаларда кўзда тутилган ҳамда ОАВ олдида турган вазифалар бўйича “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси: оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг ҳудудий бўлими раҳбарлари, республика ОАВ вакиллари, соҳага оид қатор ижодкорлар иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров олиб борди. У дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида кўзда тутилган устувор вазифалар, эзгу мақсадлар ва мамлакатимиз тараққиёти стратегияси бўйича мўлжалланган улкан режалар, ушбу Фармоннинг аҳамияти, шу жумладан, ҳар бир журналистнинг олдида турган вазифалар хусусида сўз юритди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессори, юридик фанлари доктори Шавкат Асадов “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти”, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош­қарма бошлиғи Маъмуржон Парпиев “Тараққиёт стратегиясини ёритишда ОАВ олдида турган вазифалар” мавзуларида маъруза қилди.

Маърузалар юзасидан баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар қизғин кечди. Жумладан, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов бундай тадбирларда матбуо­тимиз олдида турган муҳим масалалар, жойларда халқимизни қийнаётган долзарб муаммолар ва давлатимизнинг фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятини теран таҳлил этиладиган маърузалар бўлиши ҳамма учун фойдали эканлигини таъкидлади. “Кўпинча юзаки ва пухта тайёргарлик кўрилмаган маърузалар ҳеч кимга фойда бермайди”, деди у.

Шу билан биргаликда вазирлик ва идоралар томонидан ташкил этилаётган матбуот анжуманлари, брифинглар доимий бир қолипга тушиб қолаётгани, шунчаки, номигагина ўтказилаётган тадбирлар раҳбарлар томонидан олдиндан тайёрланган ахборотларнигина бериш билан чекланилаётгани, журналистлар билан очиқлик, эркин савол-жавоб тарзида бўлиб ўтадиган тадбирлар ҳар бир соҳанинг ривожланишига хизмат қилиши хусусида ҳам фикрлар ўртага ташланди.

Анжуман сўнгида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан уюшма аъзолигига қабул қилинган бир қанча ижодкорларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − twelve =