Олима аёллар — эътиборда

Мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга. Аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этишган. Маърифатпарвар олим Абдулла Авлоний “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”,  деб ёзган эди. Дарҳақиқат, уларнинг бугунги фаолияти ҳам давлатимиз эътиборида.

11 февраль куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда вазирлик томонидан эълон қилинган “Олима аёллар грантлари” танлови ғолиблари иштирок этиб, ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказдилар. Тадбирда, шунингдек, ёш ихтирочи қизлар қатнашдилар, уларнинг тақдимотлари ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирга ташриф буюрган аёл ва қизларни инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов қутлаб, жумладан шундай деди:

— Аёллар бош бўлган ишларда ҳамиша тартиб-интизом кучли бўлади. Улар бор жойда бағрикенглик ва адолат ҳукм суради. Шунинг учун ҳам юртимизда Президентимиз томонидан жамиятда хотин-қизларнинг ўрнини ошириш, уларга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, аёлга эътибор — келажакка, бутун миллатга эътибордир. Шахсан ўзим ҳам айнан олима аёлларнинг шогирдлари мўл бўлишини соҳага масъул раҳбар сифатида кўп кузатганман. Улар билим улашишда, фанга ёшларни жалб қилишда биз эркак­лардан кўра фаол­роқ. Олималаримизнинг илм-фан соҳасида улуши кўп бўлиши инсон капиталининг ривожланишига, демакки, жамият тараққиётига хизмат қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, техника ва инновациялар” тўғрисидаги резолюцияда ушбу соҳаларда гендер тенгликни таъминлаш масаласи кўтарилган бўлиб, бутун дунёда хотин-қизларнинг фан, техника ва инновацион ютуқлардан тенг ва тўлақонли фойдаланиш­ларига имкониятлар яратилишига чақирилган. БМТ қарорига кўра, 2016 йилдан бошлаб ҳар йили 11 февраль — “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” сифатида нишонланади. Бундан кўзланган асосий мақсад аёлларнинг илм-фандаги салоҳиятига эътибор қаратиш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.

Хотин-қизларнинг илм-фан ва илмий фаолиятдаги ўрнини ошириш ва уларнинг инновацион ғояларини, ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 2020 йилдан буён аёллар учун алоҳида танлов – “Олима аёллар грантлари” ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинмоқда.

Хотин-қизларнинг инновацион ғоя­ларини, ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг амалий натижаларига эришиш учун олима аёллар хорижий нуфузли илмий марказлар, университетларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юборилмоқда. Стартап лойиҳалар танловларида ҳамда хорижий давлатларга стажировкага юборилаётган ёш олимлар орасида ҳам хотин-қизларнинг сонини кўпайтириш бўйича чоралар кўриляпти.

Ҳозирги кунгача олима аёллар раҳбарлигида илмий-тадқиқот ишлари учун давлат буюртмаси талабларига мувофиқ умумий йиллик молиявий ҳажми 219,6 млрд. сўмлик 174 та илмий лойиҳа бажарилмоқда. Лойиҳалар доирасида эса тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган янги ишланмалар яратилаётир. Бу каби эзгу ишлар, албатта, ўз мевасини беради.

Х. АҲМАДЖОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =