Газета нега керак?

Таассуфки, бугун журналистларни тинглаш эффекти етишмаяпти, деб айтишга мажбурмиз. Бутун бошли вазирликлар биз кўриб турган муаммолар (аслида уларнинг муаммолари) бў­йича айтилаётган жўяли таклифларга жавоб беришга қодир эмаслар. Ҳа, айнан қодир эмаслар! Бундан бошқа сўзни айтолмайман.

 

Босма нашрлар эҳтиёжи

 

Менда журналистикага ҳавас ҳам, кейинчалик эса журналист бўлишга иштиёқ ҳам айнан газета сабаб шаклланган. Мен ҳар тонг­­ни “тирик” газета ўқиб бошлашни одат қилганман. Бу – менинг эҳтиё­жим!

Ва биламанки, бу фақат менгагина хос “қадрият” эмас, мендайлар бу атрофда ҳали кўпчиликни ташкил этади. Демак, эҳтиёж бор, у баъзилар жар солаётганларидек, ҳали қуриб битгани йўқ. Бу – бир!

 

Иккинчи муҳим асос шуки, матбуот­дек саводли, шу билан бирга, ўз “сўзи”га жавоб бера оладиган ОАВ ҳозирча шаклланмади, деб ўйлайман. Бу мулоҳазани ўзини зиёли ҳисобловчи аксарият дастаклаши аниқ. Чунки газетада ҳар қандай материал чоп этилишидан олдин росмана чиғириқдан ўтади. Ҳаққонийлиги текширилади, ижтимоий юки ҳисобга олинади, савияси, даражаси таҳлил қилинади ва яна бундан кам бўлмаган жойи таҳрири пишитилади, энг муҳими, имлоси тоза бўлади. Назаримда, бугун босма матбуотни айни жиҳатлар виртуал ОАВ воситаларидан фарқлаб туради.

Биласизми, бугун кунига ўзини овоза қилишдан чарчамаётган пиарчиларнинг, ахборот хизматлари мутасаддиларининг аксариятида асосий муаммолар ушбу зикр этилган жиҳатларда кўринаётир: матн тузиш, хатосиз ёзиш, фактларни тўғри жойлаштириш, ўзи ишлаб турган соҳасига оид муаммони тўғри талқин қилишда…

Демак, жамиятнинг ишончли саводли асосий тоифаларидан бирига айланди – матбуот журналистикаси! Инкор этиб бўлмайдиган факт!

Шундай экан… Бугун матбуотнинг тақдирига билиб-билмай фол очаётганларга айтар сўзларимиз бисёр.

 

Соф журналистика қайғуси

 

Одамни ижтимоий тармоқларда, турли давраларда тобора фаоллашиб бораётган баъзи ёшларимизнинг ажаб­товур фикрлари сергаклантиради. Улар орасида ҳар қандай мавзуга “эксперт”лик “салоҳияти”ни даъво қилувчилар тобора кўпайиб бораётганини айтинг…

Биласиз, бирламчи ахборот асосий тасаввурни шакллантиради. Баъзилар бирон воқеа ёки ҳодиса ҳақида фикр юритар экан, истиҳолага ҳам бориб ўтирмайди. Шунчаки, “бақир-чақир”га тўла ёки нафратга йўғрилган сўзлар билан ўша ҳолатга изоҳ беради, ўзининг ҳақиқатпарварлигини исботлаш учун ҳам “ур-ҳо-ур” усулини қўллайди, бу шов-шувларга ўч бўлган оломоний фикр эгаларига роса ёқадиям, илк бор дуч келган одамда ҳаммаси ҳақиқатдек тасаввур уйғонади.

Аммо ижтимоий оламни “портлатиш” шавқи билан тўйинтирилган бундай хабарларнинг қанчаси рост, қанчаси ёлғону, қанчаси бир ёқлама бўлиб чиқаётганига энди-энди ажаб­ланмай ҳам қўйдик. Баъзида эса бундай шов-шувлар замирида бирон-бир раҳбарнинг обрўсини тўкиш, одамларнинг шахсий муаммоларини ошкор этиш йўли билан бадном қилиш каби чиркин мақсадларни англаб қолганингдан кейин одам ижтимоий тармоқнинг ҳамма гапига шубҳа билан қараб қолар ҳам экансан.

Яна ҳам кишини сергак торттирадиган жиҳат шундаки, ижтимоий тармоқлардаги нафақат имловий, балки барча жабҳалардаги саводсизлик масаласи, умуман, савод масаласининг нечанчи ўринга тушиб қолганини барчамиз кўриб турибмиз.

Тўғри, бу соф журналистика эмас. Аммо журналистиканинг қаттиқ нонини еб юрган минглаб ҳамкасбларимизни қийнаётгани, бугун жамият айни шу ҳолатни “журналистика” дея қабул қилишга “ҳозирлик кўраётгани”дир.

Ахир ҳар бир соҳа ўзига хос бир фан. Уни аввал ўқиш, ўрганиш, унинг маълум бир сирларини билиш талабини ҳали ҳеч ким бекор қилмаган. Нега бу ҳақда жиммиз?

Наздимда, биз бўлажак журналистларга, яъни олий ўқув юртлари талабаларига қандай қилиб бўлса ҳам одамларнинг ишончини қозониш, эътиборига тушиш илми – пиар қилиш сирларидан аввалроқ ижод кўникмаларини, адабиётдан, воқеа ва ҳодисаларни холисона ёзиш, воқеликка баҳо берганда танганинг икки томонини ҳам ўрганиш каби талаблардан, шунинг­дек, ифода услубларидан моҳирона фойдаланишдан сабоқ берсак, адолатдан бўлса керакдир! Ўйлайманки, бу борада мен таъкидлаётган асл журналистика бош манба бўлиб хизмат қилади.

 

Илдизга болта

 

Энди ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган босма нашрларнинг ашаддий “дўст”ларига эътибор беринг: уларнинг баъзилари “ўзимизнинг болалар” – бир вақтлар матбуотда ишлаб кўрган, эплаб кетолмаган, иши юришмаган, сафдан чиқариб юборилганлар. Ҳа, “сопи” “ўзимиз”дан чиққан. Уларни биров танимайди, “танимаслиги”ни “тан олмайди”, деб айтсак, янаям тўғрироқ бўлади. Яқинда ана шу қавмга “мансуб” бир йигит телевидениеда чиқиб ўта “ақлли” гапларни гапирди. Кейин унинг айни шу йўналишда илмий иш қилаётганини айтишди. Ажойиб! Ўша йигит илмий ишни қайси манба орқали ёзмоқда экан? Шу инсофданми энди?

Асли бу фикрдошларнинг асл мақсадлари нима ўзи? Эътиборга тушишми? Ахир бу обрў олиб келадиган гапми бу ожизликнинг ўзгинаси эмасми, ҳа, ростдан ҳам, ўз оёғига ўзи болта кўтариб турган бефаҳм болани эсга соладиган ожизлик.

Мен бир газета бош муҳаррири сифатида нашрнинг мазмун-мундарижаси, дизайни, таҳлил ва таҳрирдаги камчиликлар учун, қолаверса, жанрларнинг умуман йўқолиб кетаётгани, замон билан ҳамнафас форматлардан фойдаланилмаётгани борасидаги танқидингиз бўлса, тинглашга розиман, бу реал танқид.

Сиз аввал газеталарни ўқинг, уларни фарқланг, уларнинг қай биридир, ростдан ҳам умуман ёпилишга лойиқдир. Буни инкор этиб бўлмайди. Қай бирлари эса жамиятга мана-ман деган сайтингиздан кўра кўпроқ фойдали ишларни қиляпти. Шунинг учун ҳам сиз газетачиликка тош отишдан олдин ўрганинг ва айнан танқид қилинг, масала қўйинг, муаммони ечишнинг йўллари ҳақида айтинг, қабул қиламиз, муҳокама қилишдан қочмаймиз. Бу борада сиз қанча танқид қилсангиз, бу тўғри бўлади. Бу соҳанинг ривожланишига хизмат қилади. Ана ўша ҳақиқатдан ҳам ривожланиш эвазига, зора, биз ҳам оёққа туриб олармиз, газеталарнинг электрон шакллари, янгича форматлари пайдо бўлар, фикрлашимиз ўсар…

Аммо қани ўша дўстона, асосли танқид, журналистикага нисбатан ички жонкуярлик?

Биз жамиятни янгиламоқчимизми, замонавий фикрли, уйғониш авлодини вояга етказмоқчимизми, унда маърифатни инкор этмаслигимиз лозим. Маърифатни ҳозирча кенг тарқатаётганлардан бири матбуот, ҳа, айнан босма матбуотдир.

Биз, бугунги баъзи “қавм”лар тушунчаси билан қаралса, бу курашнинг бошида турганлар ҳақида ҳам ўз фикримизга эгамиз. Шундай экан, бир-икки одамнинг манфаати, ожиз нафси эвазига жамият учун муҳим бўлган бутун бошли соҳанинг қурбон бўлиб кетишини тасаввурга ҳам, мантиққа ҳам сиғдириб бўлмайди.

Бунга уринишнинг ўзи бир ақлсизликдир.

 

Ҳақиқатдан қўрқувчилар…

 

Биз жамиятни, ёшларни билиб туриб, атай газетадан, айтиш мумкин бўлса, энг катта маърифатдан узоқлаштирдик. “Маърифат” газетасининг ўтган уч йиллик сонларини олиб бир варақлаб кўринг, мен уларни тайёрлашга кетган шунча кўз нури, изланишлар, ижод машаққатларини кўз олдимга келтирар эканман, мактаб­лардаги обунани йўқ қилганларнинг сиймосида маърифатнинг, маорифнинг энг ашаддий душманларини кўргандек бўламан. Бунда муболаға йўқ. Бугун ўша жимитдек жамоа – маърифатчилар қилган ишни ҳеч ким қилаётгани йўқ. Ўқитувчиларга адабиётни ҳам, фалсафани ҳам, ижод завқини ҳам, педагогик услубларни ҳам шу газетачалик бирон-бир муассаса, вазирлик тушунтира олаётгани, ўргатаётгани, энг ёмони, бу ҳақда ўйлаётгани ҳам йўқ. Мана – фожиа қаерда?

Бу битта газета. Бундай нашрлар озми? “Маҳалла” газетасини сўнг­­ги йилларда “АиФ” билан солиштира бош­лагандик. “Миллий тикланиш”даги ўзига хос топилмалар, услубни кўз-кўз қилса арзийди. Бундай нашрлар етарли. Бор! Фақат буни кўра билиш, тан олиш, бу ижодий ва муҳими, тоза кучдан фойдаланиш, уни жамият равнақи йўлида сафарбар этиш йўқ! Муассисларнинг бу борадаги дунёқараши эса онгли инсонни узоқ ўйланишга мажбур қилади…

Босма нашрларга очиқдан-очиқ қарши чиқишларни кўриб, турли хаёлларга боряпмиз ҳам , рости…

Фикрлаб кўрайлик. Битта таҳлилий мақолани ёзиш учун журналист озмунча тер тўкмайди. Жумладан, муаммони ўрганади, таҳлил қилади, солиштиради, турли вариантларда ёзади, таҳрир қилади. Бунинг машаққатини залворли, таҳлилий мақола ёза оладиганлар билади!

Сиз муҳаррир сифатида уни эълон қиласиз ва кутасиз, ахир жиддий муаммони очиб ташладингиз, унда муаммо билан бирга, унинг ечимини ҳам кўрсатдингиз. Аммо… Қани энди унга бирон мутасадди бир қараб қўйса…

Ахир муаммо нима учун кўтарилди, биз очиқлик, деб нимага бонг уриб ётибмиз, холислик ва очиқликдан мақсад ўзи нима, дейдиган зот йўқ! Ваҳоланки, хорижий сайтлар бир неча бор “Ishonch” материалларини кўчириб босишганида реакция бўлди, бўлганда – қандоқ!

Бу нимани англатади?

Кўп нарсани англатади!

Таассуфки, бугун журналистларни тинглаш эффекти етишмаяпти, деб айтишга мажбурмиз. Бутун бошли вазирликлар биз кўриб турган муаммолар (аслида уларнинг муаммолари) бў­йича айтилаётган жўяли таклифларга жавоб беришга қодир эмаслар. Ҳа, айнан қодир эмаслар! Бундан бошқа сўзни айтолмайман.

 

Мана, масалан, “Ishonch” газетаси ўтган тўрт йил давомида мао­риф соҳасидаги ўнлаб ўта долзарб муаммоларни кўтариб чиқди. Аммо қани энди уларнинг лоақал биронтасига одам қониқадиган жавоб берилган бўлса! Вазирлик омманинг эътиборини керакли-кераксиз лойиҳалари билан чалғитди, лекин асл муаммолар муаммолигича қолди, улар борасида жўяли иш қилинмади. Ваҳоланки, таҳририят эълон қилган мақолалар бирон ғарб матбуотида берилганида эди, шубҳасиз, ўша мамлакат маорифи мутасаддилари жамоатчиликка изоҳ берган, бу борада кес­кин қарорлар қабул қилинган бўлар эди.

 

Ғарб олийгоҳларида ўқиб келган зукколар нега бизда бу тажрибани қўлламайдилар, ажабо! Ахир, бундан жамият, соҳа ютарди. Газета ҳам ўз вазифасини бажарган бўларди, жамиятда эса ўз-ўзидан газеталарнинг мухлислари кўпаярди, адолат тантана қиларди ва ҳоказо… Айнан мана шу – керакмас кимларгадир!

Ёки! Ёки яна бир мисол, бутун бошли бешта марказий газетада эълон қилинган “Ҳақиқатга тик боқинг, жаноб!” деб номланган мақолани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири жавобсиз қолдиришини қандай изоҳлаш мумкин? Шу энди очиқликми? Президент матбуотда эмас, ҳатто ижтимоий тармоқда соҳага тааллуқли бирор луқма бўлса, жавоб берасан, деб топшириқ бериб турибди, бутун бошли бешта матбуот органи эълон қилган эътирозлар жавобсиз қолди. Шулардан кейин яна очиқлик индексида кўтарилишни кутишга ҳақлимизми?

Мана шунча гапдан кейин матбуот кимларга халақит қилмоқда, газеталарнинг тезроқ кунпая-кун бўлишини кимлар кўпроқ хоҳламоқда, деган саволга жавоб ҳам келади-да, ўз-ўзидан!

Жавоб шундай: матбуот керак эмас, деб бонг ураётганлар ҳақиқатдан қўрқувчилардир!

 

Ахборот иккиламчи, таҳлил муҳим

 

“Билағон” биродарларимизнинг кўпчилигида битта аргумент бор: матбуот тезкорликда орқада қолмоқда. Яъниким, бугун бўлиб ўтган воқеа ҳақида орадан уч кун ўтиб берилган хабар кимга керак? Жон бордек бу мулоҳазаларда, тўғрими? Лекин эътироз бор. Мана, мушоҳада қилайлик.

Аввало, информация, яъни биз ахборот деб айтадиган товарнинг тезкори бор ва умуман кераги ҳамда нокераги ҳам бор. Ҳар қандай оммавий ахборот воситасининг қиймати унда берилаётган ахборотларнинг истеъмолчига кераклиги, муҳимлиги ва тезкорлиги билан ўлчанади. Интернет пайдо бўлиши баробарида тезкор ахборот тушунчасига ёндашув ўзгарди.

Аввало, бугун телеграм каналлари орқали ҳар қандай рост ва ёлғон (тўғриси шундай) хабар яшин тезлигида тарқалмоқда. Кейин ёлғон жойлари олиб ташланяпти, тузатиляпти ва ҳоказо. Қолаверса, сиз йигирмата телеграм каналига аъзо бўлсангиз, битта тўғрилиги исботланмаган хабарни, яъни ўша “тезкор ахборот”ни йигирма марта ўқишингизга тўғри келяпти. Шундай эмасми?

Шарт шундай экан, аввало, бундай “тезкорлик” кимга ва нимага керак? Қолаверса, бу қарашда тезкор ахборот беришда нафақат газета, телевидение ҳам орқада қолаётган бўлиб чиқяпти. Чунки Ўзбекистон телеканалларини қўятуринг, ҳатто Россиянинг ишонган ахборот менежери ҳисобланган НТВ ҳам тонгдаги воқеликни кечга бориб эфирга узатади. Бугун нафақат бир ҳафтада бир чиқадиган газеталар, балки кунига 24 соат эфир берадиган ўнлаб телеканаллар, радиоканаллар ҳам ҳатто оддий ахборот бермаётган экан, унда нега, олайлик телевидение ҳақида бу эътироз кўтарилмаяпти?

Бори шу! Бу имкониятлар чегараланганлик ҳолатида матбуот аналитикага, яъни таҳлилга ўтди, ҳисоб. Америкада ҳам, Японияда ҳам шу!

Хабарингиз борми, маърифатли жамиятларда газеталарга обуна тезкор равишда кўпаймоқда. Япония, Жанубий Корея, Туркия каби мамлакатларда газеталарга оммавий қайтиш бошланди. Бунинг замирида нима турибди?

Менинг ишончим комилки, бу жамиятнинг маърифатлилик даражаси билан боғлиқ ҳолат. Бунда давлатнинг ҳам катта ҳиссаси бор, бу шубҳасиз. Демак, газеталарга жаноза ўқишни тўхтатиб туришга тўғри келади.

Дунёнинг ривожланган давлатларидаги матбуотга қайтиш, яъни матбуот эҳтиёжи нимани англатишини мушоҳада этайлик. Назаримда, бу айни маърифат ва вазминликка эҳтиёж билан боғлиқ.

 

Янгиланиш фурсати

 

Очиқ айтганда, мен касбдошларимнинг кўр-кўрона газеталар ўлмайди, деб шовқин солишларига ҳам қўшила олмайман. Газеталар, худди бошқа ташкилотлар, тадбиркорлик субъект­лари қатори фаолиятини тўхтатади, қачонки, моли ўтмаса, бу маҳсулотларга эҳтиёж мутлақо йўқолса… Виж­донан айтганда, масалани айни шу жиҳатига қараб қўйилса, бу ҳам адолатдан бўлар эди.

 

Газеталаримиз сони янада камайиши мумкин. Яшириб нима қиламиз, уларнинг кўпчилиги ўқилмайди. Ўқийдиган қийматга эга эмас. Бугунги кун истеъмолчисининг талаб ва таклифлари ўрганилмай чиқарилмоқда. Одамларни нималар қизиқтираяпти, деган саволга жавоб йўқ. Чунки… буюртмачининг ўзи маърифатдан узоқ. Газетага, таҳририятларга айни улар яратаётган маҳсулот нуқтаи назаридан эътирозлар билдириб бориш, уларни жонлантиришга мотивация шаклланмаган, аниқроғи, бундай ёндашувлар бугун умуман йўқ.

 

Биз газеталаримизнинг дизайни, қиёфаси ҳақида, журналистиканинг ранг-баранг жанрлари имкониятларидан фойдаланишни тизимли таҳлил қилиш ва йўлга қўйиш борасида ишламаяпмиз. Ҳозирга келиб бармоқ билан санарли қолган устозлар билан маҳорат дарсларини етарли даражада ўтказиб, ҳақиқий журналис­тиканинг сир-синоати, керак бўлса, бу фаннинг тилсимлари ҳақида билишни истамаяпмиз. Мана шу каби муаммоларни ҳал этишни ўйлашимиз керак. Назаримда, бугун ўзбек журналистикасида, унинг ҳар бир тармоғи, йўналишида бу жуда катта муаммо бўлиб турибди.

 

Обуна, о, бу – на?

 

Эҳҳҳ, бу ҳақда гапиргим келмаяпти…

Обуна ҳақида жуда кўп гапирдик. Унга қарши бутун бошли арбоблар ишлашди. Барака топишсин! Лекин аслида бу матбуотнинг бош оғриғи эмас.

Моҳиятан, мажбурий обуна – бизнесдир! Унинг жуда катта фойдаси матбуотга ва матбуотчига, аниқроғи, журналистга айтарли етиб келмаган. Ҳозир ҳам баъзида ҳокимликлар рўйхат асосида эскича усул билан қилаётган обуна кампаниясининг замирида, ўлсин агар, газеталарни ривожлантириш мақсади турганига ишонмайман. Шу боис бу борада ҳам бироз жиддийроқ бўлайлик, журналист ҳамиша ҳам емаган сомсасига пул тўлайвермасин!

Матбуотга кўп нарса керак эмас, сиз унга қулоқ солинг, унинг қонуний талабига жавоб беринг, унинг ўз вазифасини сидқидилдан бажаришига монелик қилманг. Шунда у ўзини-ўзи боқади ҳам, ривожланади ҳам, жамият тараққиётига катта хизмат қилади ҳам.

Ҳусан ЭРМАТОВ.

“Ishonch” газетасининг

2022 йил 21 апрель

50-сонидан олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 1 =