Ҳолва деган билан…
Ёхуд газеталарни қандай сақлаб қолиш ҳақида
Матбуот ижтимоий ҳаётни ўзида акс эттириш, уни билиш, тадқиқ қилиш ва жамиятга қайтадан таъсир қилиш қуроли эканлигини ҳамда газеталар унинг таркибида бош ўринни эгаллаб келиши ҳаммага маълумдир. Дастлабки босма газеталар сўзни босма усул билан кўпайтириш ихтиро қилинган пайтдан бошлаб пайдо бўлган ва улар мана тўрт асрдан бери инсониятга хизмат қилиб келмоқда. Газета оммавий ахборот воситаларининг асосий турларидан бири бўлиб, жамиятнинг шу кундаги, айни замондаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ишлаб чиқариш ва маданий-маънавий ҳаётини акс эттиради, унинг асосий вазифаси ўқувчига жамиятнинг шу кундаги, айни замондаги ҳаёти ҳақида ахборот бериш, бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан хабардор қилишдир. У жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олади, шу куннинг тарихини бутун тўлалиги билан акс эттиради.
Аммо давр тараққийси ва бутун дунёнинг аксарият қисми амал қиладиган бозор иқтисоди сиёсати ҳамма соҳадаги каби матбуот ва шу жумладан, газетачилик соҳасини ҳам қайта кўриб чиқиш ва замонга мослаштиришни талаб этмоқда. Совет тузуми даврида якка ғоявийлик сиёсатини оммага етказиш ва онгларга сингдириш қуроли бўлган газеталар энди эркин сотиб олинадиган ижтимоий маҳсулотга айланиши табиий бир ҳол бўлиб қолар экан, газетачиликни ҳам шу талабларга мослаштириш лозимлиги кўриниб турибди. Энди совет тузумидаги каби ҳар сони икки юз сўмдан ортиққа тушадиган газетани икки тийинга сотиш (бошқа харажатларни аҳолининг бўйнига қўйиш) даври ўтиб бўлди. Шунинг учун газетачилик соҳасида қуйидаги ислоҳотларни зудлик билан ўтказишни таклиф қилардик:
- Республикамизда чиқадиган газеталар тармоғини қайта кўриб чиқиб энг зарурларини олиб қолиш лозим. Бунда жамиятдаги мавжуд давлат ва жамоат ташкилотлари асосий ташаббускор бўлишлари керак. Масалан, қонун чиқарувчи ҳокимият ўз газетасига, ижро ҳокимияти ўз газетасига, турли вазирликлар ҳамда жамоат ташкилотлари ўз газетасига эга бўлишлари, уни нашр этишни моддий жиҳатдан таъминлаши ҳамда шу соҳада хизмат қилувчиларнинг ўша газеталарга доимий муштарий (обуна) бўлишини таъминлашлари лозим. Турли соҳа вазирликлари томонидан чиқарилаётган газеталар ҳам шу вазирлик томонидан молиялаштирилиши ва соҳа ходимларининг унга ёзилишлари таъминланиши керак. Бу талаб турли нодавлат ташкилотлари ва ижодий ташкилотлар учун ҳам тегишлидир. Бу борада олдин йўлга қўйилиб кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган мажбурий обуна эмас – ихтиёрий онгли обуна бўлишга ўтиш лозим. Масалан, турли маҳаллий идоралар, ҳокимиятлар ўз газеталарига, соҳа вакиллари ўз газеталарини ўқишлари лозимлиги тушунтирилиши ва бунга эришиш лозим. Масалан, халқ таълими ходимлари, ўқитувчилардан газетада мақола чиқариш талаб қилинадию, аммо унга ёзилиш лозимлиги негадир айтилмайди. Ахир, ўқитувчи “Маърифат” газетасини ўқимаса ўз соҳасидаги янгилик ва тажрибаларни қаердан билади? Бу соҳанинг собиқ вазири ўзининг “газета ўқимаслигини” баралла ошкор қилиб ҳамманинг таажжуб ва эътирозига сабаб бўлган эди. Ёки мактаб ўқувчиси “Тонг юлдузи” газетасига ёзилмаса, ижодкорлар “Адабиёт ва санъат”, журналист “Hurriyat”га обуна бўлмаса бу тўғрими? Хуллас, газета нашр этилиши ва тарқатилиши борасида юқори ташкилотлар томонидан йўналиш берилиши ҳозирги кунда сув ва ҳаводек зарур. Фақат китоб ўқиганлар эмас, газетани доимий ўқиб борадиганлар ҳам рағбатлантирилса, нур устига нур бўлур эди. Шунингдек, обуна бўлинган газеталарни эгаларига етказилиши ҳам тўла таъминланиши, ҳозирда бутунлай издан чиққан почта хизматини яхшилаш, уни талаб даражасида ишлашини таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланади.
- Газеталар энди илгариги совет даврининг баландпарвоз шиорлари, сунъий пафослардан воз кечиб ҳаётни қандай бўлса шундайлигича, реал акс эттиришлари лозим. Кундалик газеталарда ижтимоий-сиёсий воқеалардан тортиб то криминалгача ёритилиши, ўқувчини ўзига қизиқтириши керак. Газеталарнинг ҳар бир сонида бир муҳим янгилик, ҳақиқий шов-шувга арзийдиган воқеа ва янгиликлар албатта берилиши лозим. Шу куннинг энг муҳим янгиликлари газеталарнинг биринчи саҳифасига, юқоридан, кўзга кўринарли қилиб берилиши шарт. Газетанинг ҳар бир сонида битта-иккита ўта қизиқ, шов-шувли материал топиб кўзга кўринарли саҳифада эълон этилиши лозим. Ҳаётдаги ижтимоий иллат ва камчиликларни ёритиб бориш ва бу борада фельетон, памфлет, карикатура ва бошқа ҳажвий журналистика жанрларидан, фотожурналистикадан кенг фойдаланиш, ўқувчини ўзига жалб этиш йўлларини излаб топиш лозим. Айрим маҳаллий газеталарда кўрилаётган манзара – атайлаб газета саҳифаларини ҳаддан ташқари безаш ва бошқа бачканаликлардан ҳоли бўлиш пайти келди.
- Газеталар интернет билан ҳамкорликни кучайтириши лозим. Интернетдаги саҳифаларда газетада босилган материалнинг сарлавҳаси ва мазмуни қисқача берилиб “қолганини газетада ўқийсиз”, деб ёзилса мақсадга мувофиқ бўлур эди. Шу билан бирликда газеталар “ёввойи матбуот” бўлмиш интернет билан дадил баҳсга киришиши, у ерда босилган номақбул фикрларни кескин танқид остига олишлари керак.
- Маълумки жамиятда “тўртинчи ҳокимият” мақоми бўлган матбуот биринчи – қонун чиқарувчи, иккинчи – ижро ҳокимияти ва учинчи − суд ҳокимияти билан ҳамкорликда иш кўрсагина ўз функциясини бажариши мумкин. Бунинг учун биринчи ҳокимият матбуот нашрларини Конституция ва махсус қонунлар орқали бошқариб боради, ижро ҳокимияти уни амалга оширади, суд ҳокимияти эса ҳамкорликда иш кўради. Ўз навбатида матбуотда, ҳозирги ўринда – газеталарда босилган ҳар бир ижобий ёки танқидий материал юқори ҳокимият – давлат, ижро ва суд-тартибот идоралари томонидан кўриб чиқилиши, фикр билдирилиши, маъқулланиши ёки рад этилиши, танқидий материаллар эса албатта текширилиб, чора кўрилиши шарт. Шундагина газета ўз функциясини бажара олади, акс ҳолда оддий кераксиз варақага айланиб қолади. Агарда давлат юқори идоралари газета саҳифаларида босилган танқидий мақола ва шикоятларга керакли даражада эътибор бериб, тегишли чора кўра бошлашса жойлардаги кўп сонли ва қимматга тушадиган шикоят қабулхоналарига ҳам зарурат қолмайди.
- Газеталар қандай мавқега эга бўлмасинлар бозор иқтисодиёти талабларига амал қилишлари шарт. У қандай марказий, маҳаллий ва бошқа хил газета бўлмасин хўжалик ҳисобида иш кўриши, ўз харажатларини ўзи қоплаган ҳолда фаолият юритиши керак. Бунинг учун газеталарда реклама ва эълонларга кенгроқ ўрин берилиши табиийдир. Газеталарнинг охирги саҳифаларини пуллик эълон ва рекламаларга ажратиш яхши фойда келтириши мумкин. Ҳар бир газета ўз соҳаси бўйича реклама ва эълон берсин. Марказий умумсиёсий газеталар банк ва йирик акциядорлик жамиятларнинг акциялар сотилиши, кредитлар ажратилиши ҳақидаги эълонларни берса, қишлоқ ҳаётига оид газеталар қишлоқ хўжалиги машиналари ва асбоб-ускуналари, турли хил ўғитлар борасида эълон ва рекламалар беришса, адабиёт газетаси эса китоб дўконлари билан келишган ҳолда қаерда қандай китоблар сотилаётганлиги эълон ва рекламасини берсалар, маҳаллий: шаҳар ва туман газеталари эса бир саҳифасини маҳаллий реклама ва эълонларга ажратса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда ўқувчи ҳам ўзи учун керакли маълумот олади ва газета ҳам сақланиб қолади. Бунинг учун ҳар бир газета таҳририятида менежментлик лавозими ташкил этилиши ва кенг йўлга қўйилиши лозим.
Юқоридаги мулоҳазаларнинг ёзилишига газеталарда ушбу мавзуда босилаётган айрим мақолалар, телевидение каналларидаги кўрсатувлар сабаб бўлди. Афсуски, бу мақола ва кўрсатувларда “Газета керак, уни сақлаб қолиш керак”, деб айюҳаннос солинадию, аммо бу иш қандай амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида гапирилмайди. Ҳа, замон сенга боқмаса, сен – замонга боқ дейдилар, ҳолва деган билан оғиз чучимайди, энди ОАВлари фаолиятини такомиллаштириш йўлида ҳам амалий ишларга ўтиш вақти келди.
Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ,
журналистика фахрийси