Сирдарёлик меценат

Мамлакатимиз олий ўқув юртларида аъло баҳоларга ўқиган, жамоат ишларида фаол қатнашган талабаларга Навоий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек каби стипендиялар таъсис этилганини яхши биламиз. Бироқ жамиятимизда шахсий жамғармасидан аълочи ўқувчилар учун стипендия таъсис этган ҳотамтой инсонларнинг борлигини кўрсак, кўнглимиз янада кўтарилади.

Ҳакимжон Юнусов анча йиллардан буён “Тас­вирий ойина” ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келади. У киши халқимизнинг: “Бир кун туз ичган жойга қирқ кун салом” нақлига амал қилиб, ўзи таҳсил олган Боёвут туманидаги чекка Мингтерак қишлоғидаги 49-умумий ўрта таълим мактабига мунтазам равишда ёрдам қўлини чўзиб келади. Унинг илк ҳомийлик ишлари мактаб заллари ва синф хоналарини тасвирий тарғибот воситалари билан безашдан бошланган эди. Бора-бора ҳомийлик ёрдамининг кўлами кенгайиб борди. Шу пайтгача Юнусов томонидан мактаб кутубхонасига 2 миллион сўмликдан зиёд бадиий китоблар совға қилинди. Адабиёт ва маданиятга яқин киши эмасми, ҳар чоракда мактабда таниқли ёзувчи, шоир ва журналистлар билан учрашувлар ўтказишга бош-қош бўлиб келмоқда.

“Сахийнинг қўли очиқ, қўли очиқнинг йўли очиқ”, дейди доно халқимиз. Бундан уч йил муқаддам Юнусов ўз шахсий жамғармасидан юқори синфларнинг аълочи ўқувчилари учун стипендия жорий қилди. Ҳар чоракда уч нафар ўқувчига 500 минг сўмдан стипендия беришни таомилга киритди. Кейинчалик стипендияга тақдим этиладиган ўқувчилар сони кенгайиб борди.

─ Сўнгги йилларда стипендиатларни 5-11-синф ўқувчилари орасидан танлаб олишни йўлга қўйдик, ─ дейди мактаб директори М. Мирзаев. ─Ўқитувчилардан ташкил топган нуфузли ишчи гуруҳи она тили, математика ҳамда Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича ўқувчилардан олинган назорат ишларини адолатли ва шаффоф тарзда таҳлил қилиб, Юнусов стипендиясига муносибларни танлаб бермоқда.

Яқинда мактабда III чорак якунларига бағиш­ланган катта йиғин бўлиб ўтди. Унда Ҳакимжон Юнусов танловда биринчи, иккинчи ўринларни эгаллаган 5-синф ўқувчилари Маҳлиё Азимжонова ва Шаббона Аҳрорқуловаларга I ва II даражали дипломлар, бадиий китоблар ҳамда 500 000 сўмдан пул мукофоти, учинчи ўринни эгаллаган 7-синф ўқувчиси Сайёра Норқуловага эса, III даражали диплом ҳамда бадиий китоблар тўпламини тантанали равишда топширди. Боз устига, яна беш нафар аълочи ўқувчига Юнусов томонидан бадиий китоблар билан “Ташаккурнома”лар инъом этилди.

─ Қани энди Ҳакимжон ака Юнусовга ўхшаб мактабга ёрдам қўлини чўзадиган ҳомийлар сафи кенгайса, ─ дейди тадбирда иштирок этган халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгаши депутати Жумабой Раҳмонқулов. ─Таълим тизими янада гуркираб ривожланиб кетарди. Зеро, Президентимиз: “Бутун умид сиз, ўқитувчилардан” деб турган бир пайтда устозларнинг қанотига киришдан ортиқ бахт борми?!

─ Ҳакимжоннинг бу саъй-ҳаракатларини мен юксак ватанпарварлик намунаси деб баҳолайман. Ҳотамтойнинг серҳафсалалилигига қойил қолмай илож йўқ. Ҳатто танлов ғолибларига махсус медаллар ҳам дарж эттирган. Ишончим комилки, Юнусов стипендиясига мушарраф бўлган ўқувчилардан келажакда юрт корига ярайдиган етук мутахассислар етишиб чиқажак, ─ дейди фахрий педагог Қурбонбой Мирзаев.

─ Ҳакимжон Юнусовнинг ҳотамтойлиги фақат ўзи ўқиган мактабга ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолмаган, ─ дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоир Абдуғани Абдураҳмонов. ─ У вилоятимиздаги журналистлар ва ижодкорларга ҳам жилд-жилд бадиий китобларни совға қилиб туради. Шу ўринда қизиқ бир фактни келтиришни жоиз деб биламан. У қизини узатганида кўрманага мўъжазгина кутубхона ҳадя этганига гувоҳман.

Ишлаб чиқариш йиғилишларидан бирида Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев раҳбарларни Ҳакимжон Юнусовдан ўрнак олишга, ўзлари таҳсил олган мактабларга тез-тез ташриф буюриб, беминнат ёрдам қўлларини чўзишга чақирди.

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × one =