“Борди-ю…” ёхуд фаоллик “мукофот”и

Бир йили январнинг ўртасида нуфузли бир идорага ишга ўтдим.

Февралнинг биринчи ярмида ҳам Навоий, ҳам Бобур туғилган. Газеталар танийди. Қўнғироқ қилиб сўрашган. Кўп нашрларга шу икки буюк зот ҳаёти ва ижоди ҳақида кўп мақолалар бериб қўйган эканман. Февралнинг биринчи ярмида ана шулар потирлаб чиқиб қолса десангиз.

Минг хижолат билан бўлимимиз раҳбари секин тушунтирди:

– Бир муаллифнинг бир неча мақоласи бирдан чиқиши юқорига ёқмабди. Айтиб қўйишимни уқтиришди, кўнглингизга олмайсиз…

Кўп ўтмай телевидениеда “Маънавият” видеоканалини мен олиб бораётганим ҳам ёқмаётганини юмшоққина қилиб билдириб қўйишди.

Мен фаоллик, шахсий намуна қадрланадиган ташкилотдан фаоллик ва шахсий намуна мутлақо ёқмайдиган муассасага ишга ўтганимни шунда анг­лаб қолдим.

Бу ерда ҳам шундай фаол ишласам, обрўйимга обрў қўшилиб бораверади, деб, хом ўйлабман.

Нима эмиш: “Борди-ю, шу чиқиш­лардан бири тепага ёқмай қолса: “Бу одам қаерда ишлайди?” – деган савол ўртага тушар ва катта раҳбаримизга гап келар”, – эмиш…

Ҳолбуки, шахсларнинг фаоллиги тўсилган бирон-бир жамият ривожланиб кетган эмас.

Бутун дунё – жон куйдириб, фуқароларини фаол шахсга айлантириш йўл-йўриқларини излаш билан овора.

Ахир, ўзи одамни ишлатишдан оғирроқ ижтимоий муаммо йўқ бу оламда.

Идора тураверади. Лекин орада не-не истеъдодли шахслар қандайдир ўзимиз яратиб олган чекловлар “қул”ига айланиб, нофаол, ўрта-миёна, шунчаки, русча ифодалаганда, “ординарный” косибга айланиб, Худо бир боргина берадиган шундай умри азизини ғиз этиб ўтказиб юборганини билмай ҳам қолади.

Хуллас, ё мен бу янги ташкилотга ортиқчалик қилдим, ё бу ташкилот менинг таъбимга ўтирмади.

Натижа нима бўлганини ўзингиз хулоса қилиб олаверинг.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + twelve =