Шахс: Ғарб ва Шарқ

Ғарб умрини бошқаларга ўхшамасдан яшашга бағишлай-бағишлай, шундай юксак тараққиётга эришди.

Шарқ ҳали-ҳамон кўпчиликдан фарқ қиладиган яшаш тарзига эга одамларнинг устидан кулишдан чарчагани ‒ йўқ.

 

‒ Ичмайман, ‒ дедим бир даврада киройи иззат-икром билан тутилган қадаҳни рад этиб.

‒ Қана-а-ай?! ‒ деди у киши бухороча қилиб. ‒ Қанай бухоролик бўлиб туриб, ичмайсиз?

Демак, у билган бухоролик эркакларнинг ҳаммаси ичади.

Навоийхонлик учрашувларида, албатта: “Шоир нега уйланмаган?” ‒ деган саволни беришади. Одамларимизнинг назарида Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб каби буюкларимиз ҳам ҳаммамиз каби уйланиб, рўзғор тебратиши, умрини бола-чақасини оёққа қўйиш билан ўтказиб юбориши керак экан-да.

Кўп эмас, салгина бошқачароқ яшай бошланг, тамом, оғзига кучи етган ҳам, етмаган ҳам  сизнинг ғийбатингизни қилади-да.

Бир гал туғилиб ўсган қишлоғимда жиянимнинг велосипедини миниб, у ер-бу ерга борган бўлдим. Кўрган ҳам гапирди, кўрмаган ҳам.

‒ Ака, сизга ярашмайди, ‒ деди бирови очиқчасига. ‒ Одамлар “Мерседес” миниб юрган замонда-я?! Кошки, сизни танимасалар экан. Телевизорларда чиқиб турасиз.

Германиянинг Мюньхен шаҳрида бўлганман. Бир ташкилот ходимларининг катта қисми ишга велосипедда келиб-кетар экан. Лекин у ерда ҳеч ким бунга ажабланмайди ҳам, бунинг учун дакки бериб ўтирмайди ҳам. Шундан жамият ривожланади-да. Ҳар ким ўзига қулай йўлни излаб, топади. Қонунга хилоф келмаса, бўлди.

Бизнинг иссиқ иқлимда ёзда соч қўйиб юришни асло хушламайман. Ҳар йили тагидан қирдириб ташлагим келади. Уйдагилар норози бўлишади. Нима эмиш, ҳамма кулар эмиш. Астағфируллоҳ, “ҳамма”нинг дастидан ўзимга ёқадиган ишни ҳам қила олмайманми? Уларга нима экан?

Йўқ-да, назаримда, баримиз тақлид билан яшашимиз керак. Соқолни ҳар куни олиб юриш расм бўлган замонларда ҳамма ҳар куни соқол олиб юриши, соқол қўйиб юриш удум бўлганида ёппасига ҳамма соқол ўстириб юриши керак-да.

Бир гал нуфузли бир даврада таниқли бир кишининг хотини билан хорижга курортга боргани  устидан баралла кулинди. Ҳатто, очиқчасига: “Бунақа жойга одам деган хотини билан бормайди-да”, ‒ ҳам дейилди. Демак, шу удум бўлган экан-да. Курортга хотинсиз борганларнинг бошқа бир дарди бор бўлса керак-да.

Мамлакатимизнинг энг нуфузли идорасида ишлаб юрган кезларим қизиқчиликка қўй боқар эдим. Бир қўшнимиз нима деганини айтайми?

‒ Ё бу одам соғ эмас, ё у фалон ерда ишламайди, ‒ дебди. ‒ Ахир, битта телефон қилса, ўнта қўйнинг пулини келтириб беришади-ку унга!

Аммо ўнта телефон қилсам ҳам, битта қўйнинг пулини биров келтириб бермаслигини мен яхши биламанми ёки ана ўша қўшнимми?!  Ёки ўша идора мени қўнғироқ билан қўйнинг пулини келтириб беришларини талаб қилишим учун ишга олганми? Ёки халқимиз коррупцияни “яшашнинг ягона йўли” деб биладиган бўлиб кетганми?

“Йўқ!” – дедингизми? Унда нега бир кампир поездда ҳаммага эшиттириб: “Куёвим катта жойда ишлайди: коррупцияда”, – деб мақтанади. “Коррупция” деган катта идора – борми? Эҳтимол, коррупцияга қарши кураш идорасидир у? Ёки бу кампир назарида корруп­цияга қарши кураш идораси коррупция билан шуғулланадими? Коррупция – тараққиёт кушандаси эканини бу қария билмаса, ҳеч нарса қилмас, лекин жамиятда кўпчиликнинг бутун саъй-ҳаракати коррупция йўли билан бойиш имкониятини излашдан иборат бўлиб қолган бўлса-чи? Унда дардингни кимга айтасан?

Ана шунақа гаплар.

Билиб турибман, жамиятимизда шу гапларимнинг устидан куладиганлар ҳам тиқилиб ётибди.

Султонмурод ОЛИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 5 =