Шогирдлик рутбаси

Ожиз банда сифатида бировнинг бировга таъна қилишга асло ҳаққи – йўқ.

Лекин ҳаётда шундай   аччиқ-аччиқ хулосаларга келасанки, бир машҳур қўшиқда куйланганидек: “Айтсам – ўлдирарлар, айтмасам – ўлам”.

Келинг, шундай хулосаларимдан бирини айтиб қолай…

Йигирма йиллар бурун бир йигит учун совчиликка бордим. Қизнинг отаси кўп доно одам эди.

– Ҳаммаси – яхши-ю, домодшаванда эркаги йўқ оилада униб-ўсган экан-да, – деди иккиланиб.

Хафа бўлдим. Бу гапни ғирт қолоқликка йўйдим: ахир, демократик нуқтаи назардан олиб қараганда, отасиз йигитнинг ҳам яхши қизга уйланишга тўла ҳаққи – бор-ку!

Хуллас, тўй бўлди. Орадан, мана, шунча йиллар ўтди. Бироқ қачон шу оила ҳақида ўйласам, ўша доно отанинг гапи ёдимга тушаверади. Очиғи, мен совчилик қилган ўша қизнинг оиладаги мураккаб ҳолати отасининг шу гапини эслашга мажбур қилади.

Отасиз ўсган кўп йигитлар рандаланмаган тахтага ўхшайди: қўл билан ушласангиз, бармоқларингизга зирапча киради. Бундайлар кўнгли нимани истаса, қилиб, оғзига нима келса, гапириб улғайган. Ҳеч ким унга: “Қилма, қўйма!” – демаган-да.

Ота тарбиясини олган ўғилда, истаса ҳам, ниманидир ҳеч қачон айтмаслик, истамаса ҳам, ниманидир ҳар замон-ҳар замон айтиб туриш, бузрукворга бўйсуниш, унинг раъйига қараш, гапига қулоқ тутиш, хизматини қилиш, ҳолидан хабар олиб туриш, доимо қаттиқ назоратда бўлиш каби ва ҳоказо анъаналар отасиз вояга етган йигитда шаклланмаган.

Аллоҳга шукр, камина қарийб эллик ёшимга қадар, ҳатто, бир нарса ёзсам ҳам, радио ёки телевидение орқали бир нарса десам ҳам, борингки, овозимни сал баланд кўтарсам ҳам: “Отамдан гап эшитмасмиканман?” – деган хавотир билан яшаганман. Отамиз ўтганларидан кейин у кишининг маслаҳатларига зориқсам, аввал: “Шу масалада отам нима деган бўлар эдилар?” – деб ўйлайман, шу тариқа ўзимча жавоб топишга уринаман.

Табиатан отам жуда кам қўнғироқ қилар эдилар. Лекин йигирма йилга яқин Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольк­лори институтида меҳнат қилганимдан кейин Ташқи ишлар вазирлигига масъул лавозимга ишга қабул қилиндим. Шунда отам раҳматли қўнғироқ қилиб:

– Ўғлим, назоратдасиз. Оғир бўласиз. Ерга қараб юринг, осмонга эмас! – қабилида насиҳат қилган эдилар.

Қатъий хулосам шуки, отасиз ўсган йигитларнинг кўпи шогирдликка ярамайди. Муридликни-ку қўяверасиз.

Бундайлар, менинг фикримча, ҳар қанча уринмасин, шогирдликнинг баланд рутбасига эриша олмайди. Чунки унда устозни ота ўрнида кўриш кўникмаси йўқ-ку. Шунинг учун иши битган заҳоти эшаги сувдан ўтган бўлади.

Азиз ўқувчи, бу мулоҳазаларим ҳеч кимга оғир келмасин, айтдим-қўйдим-да.

Султонмурод ОЛИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =