Бугуннинг буюклиги ҳақида…

Янги Ўзбекистоннинг янги университети 4 ёшга тўлди

 

24 май. Бу сана Янги Ўзбекис­тон, ўзбек журналистикаси, шу соҳага шижоат билан кириб келаётган талаба-ёшлар ва уларнинг устозлари учун қанчалар муҳимлигини биласизми? Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ташкил этилганига 4 йил тўлди ва шу йил университетнинг биринчи қалдирғочлари учирма бўлади.

Тарихан қисқа фурсатда ўзини нималарга қодирлигини намоён эта олган бу олий таълим муассасаси Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги “Ўзбекис­тон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ фаолиятини бошлади.

 

2018 йилгача журналистика соҳасига ихтисос­лаштирилган олийгоҳ Марказий Осиёда ҳам, Мус­тақил Давлатлар Ҳамдўстлигида ҳам бўлмаган. Кўп­лаб жойларда журналистика йўналиши тарқоқ ҳолда университет ва институтлар таркибида фао­лият юритиб келарди. Хусусан, Ўзбекис­тонда ҳам кўп йиллар давомида мана шундай бўлиб келган. 1949 йилда ўша пайтдаги Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ўзбек филоло­гияси қошида журналистика бўлими ташкил этилган эди. 1967 йилдан бошлаб, мазкур олий таълим муассасасида журналистика факультети ажралиб чиқади. 1995 йилда Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтида журналистика факультети ташкил этилди. 1999 йилда эса Жаҳон тиллари университетида ҳам журналистика факультети ташкил бўлди.

Агар ўша даврдаги Тошкент давлат университетида 16 та факультет бўлган бўлса, журналистика факультети барча кўрсаткичлар бўйича энг охирги ўринларда турарди. Чунки мазкур факультетга 60 нафаргина талаба ўқишга қабул қилинарди. Амалиёт ўташ, тажриба орттириш учун на бир телестудия, на бир радиостудия мавжуд эди. Реал журналистикага талаба кириши учун керакли шароитлар йўқ эди ҳисоб. Амалиётчилар билан алоқалар ҳам ҳаминқадар эди. Афсус, бу ҳолат кўп йиллар давом этди.

Охирги даврларда журналистика факультетига паст­роқ балл тўплаган ёки очиғини айтадиган бўлсак, камроқ пули бор одамларгина ўқишга кирган эди десак хато бўлмаса керак.

Таассуфки, биз мана шундай воқелик билан яшаб келдик. Натижада журналистикамизда кадр­лар танқислиги юзага келди. Кўпчилик, асосан, малакали мутахассислар бу соҳадан чиқиб кетди. Устига-устак, журналистикада қалами ўткир, тили аччиқ одамлар керак бўлмай қолди. Сўз эркинлиги анқонинг уруғига айланди.

Ниҳоят, 2016 йилдан бошлаб, воқеалар ривожи 180 даража ўзгарди. Ўша йили Президент сайловларида мутлақ ғалаба қозонган Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди кампа­нияси даврида оммавий ахборот воситаларига берилган эркинлик мисоли тоза ҳаводек ўпкамизни тўлдирди, ҳаммамиз учун катта мотивация берди ва миллий журналистикамизни муболағасиз мутлақо янги босқичга олиб чиқди.

Бу бошланиши эди… Миллий медиа майдондаги ислоҳотлар меваси сифатида 2018 йил 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3737-сонли қарори билан мутлақо янги замонавий, инновацион Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети дунёга келди.

Лекин янги университет ташкил этилганлиги билан бошқа турдош олий ўқув юртларида журналистика факультетлари ёпилиб кетмади. Шу билан университетлар орасида ҳам соғлом рақобат бошланди.

 

Жонли эфирлар тикланган давр

 

Ҳар бир касбнинг ўз “ошхонаси” бўлганидек, журналистикада ҳам мана шундай… Сув ҳам бир жойда туриб қолса, айнийди ва у ботқоққа айланади. Бизда деярли шу даврга нисбатан мана шундай манзара юзага келган эди.

Бу вазиятни нима тўғрилади? Менинг назаримда, 2016 йилдаги медиа оламидаги энг катта ютуқ – бу жонли эфирларнинг тикланиши бўлди. Музлар эрий бошлади. Медиалар ва хусусан, Халқаро пресс-клуб музёрар вазифасини ўтай бошлади. Бизда анчадан бери бўлмаган, йўқотилган имконият пайдо бўлди. Чунки ўша пайтлар Ўзбекистон телеканалларидаги ахборот дас­турлари ҳам ёзиб олинарди. Сўнг уни бир нечта цензорлар кўриб чиқиши керак бўларди. Узоқ давом этган муҳокама ва “қайчилаш”лардан кейингина кўрсатув эфирга узатиларди. Лекин эфирга узатилган лавҳанинг на мазаси, на матраси ва на тузи қоларди. Биз бу кўрсатувларни гўёки томошабин кўради, деб ўйлардик.

2016 йилдан бошлаб Халқаро пресс-клубнинг жонли эфирлари медиа оламга ислоҳотлар ва янгиликларнинг ёқимли шаббодасини олиб келди. Шахсан мен учун жонли эфирларнинг тикланиши журналистикага бўлган муҳаббатимни қайта “реа­нимация”дан чиқаришга сабабчи бўлди. Денгиз учун қанчалик тўлқинлар, боғга эса қанчалик шамол керак бўлса, журналист учун ҳам эркин ижод шунчалик муҳим.

Чунки жонли эфир дегани бу олдиндан режалаштирилган режиссура эмас. Уни қайчилаш, назорат қилиш қийин. Одамлар жонли эфирларни шунинг учун ҳам севиб кўрадилар.

2016-2018 йилларда оммага танилган Халқаро пресс-клуб Мўйноқдан бўладими, Манасми, Олот ёки Қоракўлми ёхуд республикамизнинг энг чекка ҳудудидан бўладими, юзлаб жонли эфирлар ташкил этди. Ўзбекистоннинг барча вилоятлари бўйлаб хизмат сафарларига чиқиб, юртимизнинг очилмаган қирраларини кашф қила олди. Халқимиз вазирларни, ҳокимларни, депутат ва сенаторларни Халқаро пресс-клубнинг кўрсатувлари орқали таний бошлади. Жонли эфирлар пайтида жамият олдида турган энг жумбоқли масалалар бўйича очиқчасига гапиришни бошладик. Халқимиз бизда ҳам сўз эркинлиги борлигига, Ўзбекис­тон ҳукумати фуқаролари учун қайғуриб, бюрократия, коррупция иллатлари билан фаол курашаётганлигига гувоҳ бўлишди.

Бу биргина телевидение мисолидаги ўзгариш­лар. Ундан ташқари, медиа вакиллари газета саҳифаларида бўладими, интернет сайтларида бўладими, радиотўлқинлари бўладими, исталган ҳукумат вакилини, ташкилот раҳбарини танқид қилишни, энг оғриқли муаммоларни кўтаришни бош­лашди.

 

Хўш, янги университет ташкил этилишига қандай эҳтиёж бор эди?

 

1991 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда “кадрлар инқирози” бошланди. Замонавий фикр юритадиган, ностандарт ва креатив ёндашадиган кадр­ларга, шу жумладан, журналистларга эҳтиёж ниҳоятда юқори эди. Ачинарлиси, журналистика соҳасида йиллар давомида илмий ишлар, илмий изланишлар деярли олиб борилмаган эди. Яна бир бор такрорлайман: биз учун 2016 йил чин маънода бурилиш нуқтасига айланди.

 

Бир қаватли журфакнинг 27 қаватли осмонўпарга трансформацияси

 

Ҳа, университетни барпо этиш жараёни ҳам осон кечмади. Янги университет қурилиши учун шаҳар марказидан бино танлаб олинди. Жойлашув ҳақиқатан қулай эди. Олийгоҳ қурилишига фақатгина Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эмас, балки бошқа ҳамкасбларимиз, йирик ташкилотлар, ҳомийлар амалий ёрдам кўрсатишди.

Битта масалани ҳал қилдик деганимизда, 2019 йилнинг охирида глобал пандемия бошланди. Энди ўз эшигини очган университет талабалари масофадан туриб дарсларда қатнашишди. Шу билан бирга ташкил этилганлигига кўп муддат ўтмаган университетнинг ресурслари ҳам чекланган эди. Лекин биз таслим бўлмадик. Айнан энг оғир шароитда, пандемия авжига чиққанда университетимизнинг янги 8 қаватли ўқув биноси қад ростлади: замонавий, инновацион радиостудия, телестудия барпо этилди. 310 нафар талабага мўлжалланган 8 қаватли талабалар тураржойи – “My sweet home” маскани қурилди. Эски журфак бир қаватда ўтирган бўлса, бугун биз умумий ҳисобда 27 қаватга эгамиз.

ЎзЖОКУ кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб келмоқда. Мисол учун, университет радиостудияси Германиянинг дунёга машҳур “Deutschwelle Academy” билан, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) билан телестудия ташкил этилди. Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва Хитойнинг “Huawei” компанияси билан биргаликда замонавий фотолаборатория ҳамда коворкинг маркази ташкил қилинди. Шунингдек, университетимиз ҳудудида 3 та “Open Air” майдончаси, талабалар пресс-клуби мавжуд.

Булар нафақат талабаларга ўқиш давомида амалий ўрганиш имкониятини яратяпти, балки талабаларимиз шу ердан “O‘zbekiston”, “O‘zbekiston 24”, “Yoshlar” ва “Renessans” телеканаллари контентини бойитиб, жонли эфирларга ҳам чиқишмоқда.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, 4 йил давомида талабаларимизга фақат назарий билим берибгина қолмай, балки уни амалиёт билан уйғунлаштирдик. Талабаларимиз 50-60 фоиз ўқув вақтини аудиторияларда ўтказишса, қолган пайтларда амалиётда бўлиб, тажриба орттириб келишади.

ЎзЖОКУга илмий даражаси йўқ бўлса ҳам, лекин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси ва умуман, ҳаётий тажрибага эга инсонларни таклиф қилдик.

Университет ижтимоий тармоқларда жуда фаол. Университет қисқа муддат ичида бўлса ҳам, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Латвия, Литва, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистоннинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик қилиб боради.

Келинг, энди айрим рақамларга мурожаат қиламиз.

Бугунги кунда университетимиздаги мавжуд 3 та факультетда жами 2590 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 1465 нафари бакалавриатнинг кундузги йўналишида, 108 нафари кечки таълимда, 722 нафари сиртқи таълимда, 295 нафари эса магистратура йўналишларида ўқишмоқда.

Яқинда сиёсатшунослик йўналиши очилди. Ҳозир минтақашуносликдан дарслар берилмоқда. 8 та хорижий тил талабаларимизга ўргатилмоқда. Яна янги йўналишлар очиш бўйича изланишлар олиб бориляпти.

Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, бу йил университетимизни Президентимиз қарори билан ташкил этилган йили ўқишга кирган 119 нафар бакалавриат талабаси “илк қалдирғоч” сифатида тамомлайди!

Қолаверса, ҳар йили илмий салоҳиятимиз ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, 4-5 нафар ёш тадқиқотчилар фан доктори, фалсафа фанлари доктори (PhD), доцент ва профессор унвонларига сазовор бўляпти.

 

“Матбуот эркинлиги, бу – ҳеч бир мамлакат воз кечолмайдиган бебаҳо имтиёз”

 

Моҳандас Карамчанд Гандининг бу гапи йиллар ўтса-да, ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.

Словениялик журналист ва ёзувчи Жарко Петан шундай дейди: “Келажакнинг буюклиги ҳақида сиёсатчилар, ўтмишнинг буюклиги ҳақида тарихчилар, бугуннинг буюклиги ҳақида эса журналистлар қайғуришлари керак”.

Мен бу йил университетимизнинг илк қалдирғочлари сифатида бағримиздан учирма бўлаётган талабаларимизга қарата мана шуни айтмоқчиман: сизлар буюк келажагимиз ва буюк бугунимизнинг бунёдкорларисиз. Ҳар дам, ҳамиша ва ҳамма ерда мана шу оддий ҳақиқатни унут­манглар. Қаерда меҳнат қилманг, ортингиздан “Сенга таълим берган устозингга раҳмат!” деган эътирофларни эшитинг.

Доимо эркин журналистика, эркин матбуотнинг юзи бўлинг!

Барчангизга бошланажак мустақил янги ҳаё­тингиз муборак бўлсин!

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар

университети ректори, профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 4 =