Савицкий яратган мўъжиза
“Қорақум ва Қизилқум оралиғидаги Лувр”, “Саҳродаги дурдона” номлари билан дунёга машҳур Нукусдаги санъат музейи Игорь Савицкий номи билан аталади. Хўш, қорақалпоқ диёридаги дунё сайёҳлари ва санъатсеварларини жалб қилиб келаётган машҳур музейга нега ўзга миллат вакили номи берилган?
Игорь Витальевич Савицкий асли киевлик бўлиб, бадавлат адвокат хонадонида 1915 йилда туғилганди. Ўз даврининг энг олд, зиёлиларидан бўлган ота-онаси энага, қолаверса, француз тилини ўргансин деган ниятда фаранг муаллимасини ёллашганди. Шу боис Игорь француз тилини мукаммал ўрганганди. 1920 йилда Савицкийлар оиласи Москвага кўчиб келишади. Бу пайтга келиб Игорь техникага ҳам ихлос қўйганидан пешингача электр асбобларини ўргатиш курсида, тушдан сўнг эса Р.Мазел, Е.Сахновский каби машҳур рассомлардан хусусий сабоқ оларди. Сўнгра Игордаги ихлос санъатга ошуфталикни кучайтириб юборди. Натижада у дастлаб Москва бадиий билим юртида, сўнгра 1938-41 йилларда Рассомлар малакасини ошириш институтида, буюк рассом Лев Крамаренко устахонасида таҳсилни давом эттиради. Устози билан нафақат бепоён Россияни, балки Кавказ ва Қримни ҳам кезиб чиқади.
Игорь Савицкий 1941 йили Москва тасвирий санъат институтига ўқишга киради. Маълумки, ўша йили бошланган уруш “ҳамма нарса фронт учун” деган давр даъватини юзага келтирди. Бироқ соғлиғи ёмонлигидан Игорни урушга жўнатишмади. У таҳсил олаётган институт бўлса 1942-44 йиллари эвакуация боис Самарқандга кўчирилади. Самарқанддаги таҳсил даври, қолаверса, Ўзбекистондаги яшаш тарзи Савицкийни шарққа мафтун қилиб қўйди.
1944 йили Москвага қайтган Игорь ўқишни давом эттираркан ҳамиша шарққа талпиниб яшади. Негаки у Самарқанддалик пайтида, бу ердаги К.Истомин, Р.Фальком, Н.П.Ульянов каби рассомлар билан биргаликда Ўрта Осиёнинг бетакрор бой маданий ёдгорликларига кўнгил қўйганди. Унинг Ўзбекистонга келиш орзуси Сергей Толстов билан учрашгач амалга ошди. 1950 йилдан у С.Толстов бошчилигидаги Хоразм тарих ва этнография экспедициясида қатнаша бошлади ва бу унинг ҳаётида ўзгариш ясади. Савицкий рассом сифатида археологларнинг қадимий Хоразм сарҳадларидан топган буюмларини чизиш билан машғул бўларди. Ноёб топилмаларда у мозий сирлари яшириниб ётганлигини англаб, халқ амалий санъати намуналарини тўплаш билан мустақил шуғуллана бошлади.
Дастлаб 1956 йилда Қорақалпоғистон илмий-тадқиқот институти мажмуасида, кейинчалик эса тарихий ўлкашунослик музейида ишлаб туриб, ҳам рассом сифатида қорақалпоқ халқи ҳаётини турфа рангларда тасвирлади, амалий санъат дурдоналарини тадқиқ қилиш, тўплаш устида фаолият олиб борди. Шунингдек, Савицкий устози Сергей Толстов билан ана шу асарларни ўз ичига оладиган санъат музейини очиш ташаббуси билан чиқди. Таклиф Нукусдаги раҳбарлар томонидан мамнуният билан қабул қилинди.
Савицкий халқ амалий санъати дурдоналарини тўплаш ва ўрганиш учун Кегейли, Чимбой, Қўнғирот, Мўйноқ, Тахтакўпир, Элликқалъа, Беруний, Тўрткўл туманларини, бутун Қорақалпоқ диёрини, Хоразм вилоятини ҳам энига, ҳам бўйига кезиб чиқди. Сафар давомида тўплаган дурдоналарини эса Тошкент, Москва шаҳарларидаги кўргазмаларда намойиш қилиб, қорақалпоқ халқини жаҳонга танитиш йўлида фидойиларча хизмат қилди.
Савицкийнинг Москвадаги машҳур Арбат кўчасида уйи бўлса-да, асосий вақтини Нукусда ўтказар, бу ердаги ҳаёт тарзи ғоят оғир бўлса-да, аксинча бу хилдаги турмуш тарзи унга завқ бағишларди. Айнан ана шу сабабли ҳам Савицкийни шўро мафкураси, ҳуқуқ идораси ходимлари бир неча бор уни терговга чақиришди. Савицкийнинг ана шу йиллардаги ҳаётини яхши билган шогирди Тўра Қурёзов бу ҳақда шундай эслайди:
— Савицкийни Нукус шаҳрида расмий рўйхатдан ўтмасдан туриб яшаётгани ва ишлаётгани, Қорақалпоғистондаги ижара уйи пулини вақтида тўласа-да, бу уйга ҳатто ётишга келмаслиги, куни ва тунини академия ихтиёрига берилган автогаражда ўтказаётгани шубҳалантирарди. Одатда Игорь Витальевич академиядаги расмий иш жойида соат бешгача ишларди. Кейин эса гаражга келарди. Бу ерда уни биз — бир неча ёш рассомлар кутиб ўтирардик. Бир куни одатдагидан кечроқ келди. Декабрь ойи эди ўшанда. Ҳаво ниҳоятда совуқ. Изғирин жон-жонингдан ўтиб кетади. Ниҳоят, эшикда Савицкий кўринди. Эгнида эски кулранг плаш, бошида жигарранг беретка, совуқдан қотиб қолган иякларигача қалтирайди.
— Яна ички ишларга чақиришди, —деди у, — яна имзосиз хат тушибди. Бу гал рўйхатдан ўтмай яшаётганимни рўкач қилишибди. Олимлар, ёзувчилар доимий рўйхатга турмаёқ хоҳлаган жойларида яшаши мумкин, буни ижод эркинлиги дейишади, деб батафсил ваъз ўқидим. Авваллари улар бундай маърузамни бош ирғаб тинглашарди. Айтганимга кўнарди. Энди эса негадир оёқ тираб туриб олишди. Эмишки, менинг фахрий унвоним йўқ. Унвон йўқ, демак, имтиёз ҳам йўқ! Мен ҳаётимни шу юртга бағишлаганимни, кўчиб кетиш ниятим йўқлигини қайта-қайта айтиб, ўзимга уй олсам, албатта рўйхатга тураман, деб зўрға қутулдим.
Асли хоразмлик бўлган Тўра Қурёзов Савицкийнинг шогирди бўлиб, устози билан бир неча йиллар ҳамкорлик қилган зиёлилардан. Тўра ака устози билан боғлиқ қуйидаги воқеаларни эслайди: “Қоронғи тушиб қолган пайтда биз овулдаги биринчи уйнинг эшигини тақиллатдик. Хонада хирагина керосин чироқ милтиллаб турарди. Меҳмон атойи худо деб кутиб олган мезбон хотинига бешбармоқ — тансиқ таом тайёрлашни буюрди. Эътибор қилсам, Игорь Витальевич дастурхонга қўйилган жиҳозларнинг ҳар бирини қўлига олиб, диққат билан текшираётир. Бошини сарак-сарак қилиб қўяётир. Уларнинг бари, ҳатто қошиқ, коса, лали, пиёла ҳам толёғочдан ўйиб ясалганди. Четларида ёш болаларнинг тиши тегиб, учган жойлари билиниб турибди. Фақат қозонгина металдан ясалган. Эртасига ўн-ўн беш чақирим пиёда юриб, овулларни айландик, эски буюмларни қидирдик. Арзигулик нарса топилмади. Энг чекка овулдаги энг охирги хонадонга етдик. Бор-йўғи биргина хона. Томи пастак — одамнинг боши тегай дейди. Ҳовлида эса кўпчиликнинг уйидаги каби оқ ўтов тикилган. Мезбон чол бизни шунга таклиф қилди. Шинамгина ўтовга киргач, бизнинг ҳам қаддимиз сал тикланди, соддалик ва озодаликдан кўнглимиз ёришди. Мен қарияга мақсадимизни тушунтирганимча, Игорь ака ҳовлига чиқиб кетди.
Чолнинг болалари яйловга мол ҳайдаб кетган экан. Ҳув нарида боғлаб қўйилган эшакдай бўрибосар итни демаса, бошқа жонзот кўринмайди. Атрофда ибтидоий сукунат ҳукм сурмоқда.
Оқсоқол билан суҳбатим ҳали ичкариламай турибоқ, тўсатдан ташқарида Савицкийнинг жон ҳолатда қичқириғи-ю итнинг важоҳат билан ҳургани эшитилди. Югуриб чиқсак, Игорь ака қоп-қора қонга бўялган қўлини силкитиб вой-войламоқда, ҳовли айланиб қочмоқда. Ит ер тимдалаганча важоҳат билан воввуллаётир. Билсак, Савицкий итнинг ялоғига қизиқиб қолиб, шуни кўрмоқчи бўлибди. Табиийки, ит ўзининг мулкини бировга индамасдан бериб қўймайди. Бесўроқ чўзилган қўлни шарт тишлаган. Узиб олмабди ҳалиям.
Жароҳатга йод суртиб, боғлаб қўйдик. Мен тезроқ туман марказига бориб, врачга учрашишни, қутуришга қарши эм олиш зарурлигини айтдим.Чол эса калтак олиб, кўппагини қувалай кетди. Савицкий уни ҳай-ҳайлаб тўхтатди ва ўзининг айби учун жонзотнинг калтакланишига тоқат қилолмаслигини билдирди. Аммо у врачга боришдан бош тортди, “менга ҳеч нарса қилмайди” деб кулди. Чиндан ҳам ҳеч нарса қилмади.
Мен қизиқиш билан итнинг ялоғини олиб, ювдим. Синган сопол товоқ четида арабий имлода битилган нақшу нигор кўринди. Савицкий чўнтагидан лупасини чиқариб, ёзувни ўрганмоққа тутинди, чолдан шу ялоқни сотишни сўради. Яхшигина ҳақ айтди. Бироқ мезбон пулни рад қилди. Лекин итга ялоқ бўлиб келаётган ноёб асарни текинга олдик. Кейинги овуллардан яна бир нечта сўзана ва бошқа кашталар харид қилдик.
Овул адоғида яшайдиган чол ва кампирнинг кулбасини тақиллатдик. Чол нима биландир андармон эди, кампири эса кўҳна бир шолчада ўтирибди. Савицкий шолчани кўриши биланоқ, “Бу XVII асрдан қолган, шуни оламиз!” деди. Мен момога шу эски шолчани сотиб олмоқчи эканимизни айтдим. У кўнмади. Айтдики, шолча менга момомдан, момосига эса унинг момосидан мерос қолган. Мен айтдимки, бу шолчанинг эгаси сиз бўлганингизни ёзиб қўямиз. “Нега менинг отимни ёзасизлар, деди онахон, шолча момомга момосидан қолган бўлса, энг катта бобомнинг мулки бўлса!?”. Уларнинг ҳам исмини ёзиб қўямиз дедим. Мен уларнинг исмини билмайманку, деди. …Хуллас, узоқ тортишдик, кампир сира кўнмади. У момоларидан ёдгор буюмни бировга беришни сира истамасди. Савицкий у пайтлар қорақалпоқчани билмасди. Савдога аралашолмайди. Ўрисчалаб бир нималар деб гапиринди-да, шолчанинг бир четидан ўзига торта бошлади. Кампир шолчадан турмайди, қўли билан бир четидан ушлаб олган. Савицкий болалигида томоғини шамоллатиб олган, шунга унинг овози қизларникидай ингичка эди. Уларнинг бақириқ-чақириғи оламни тутган денг. Ўла-а, деб куладиган одам йўқ.
Бир маҳал кампир шолчани қўлтиғига қистириб, сув бўйига югуриб кетди. Уни шу ерга ёзиб, устига ўтирганча бор овозда ҳўнграб йиғлай бошлади. Савицкий ҳам унинг ёнига чўкка ўтириб, йиғи бошлади. Биз ҳайрону лолмиз. Икковлари роса тўйиб йиғлашди. Охири кампир зарда билан ўрнидан турди. “Шу шолча бошгинангдан ордона қолсин. Тиланчи!”, деб шолчани бизга берди. Савицкийнинг ҳам кўз ёшлари қуриди. Шолча эса музей учун ноёб экспонат эди.
Хуллас, Тўра Қурёзов эслаганидек музейга экспонатлар тўплаш жараёнида шу каби воқеалар ҳам бўлиб турган.
Савицкий ўзи тўплаган манбалар ҳақида 1965 йилда “Фан” нашриётида “Қорақалпоқ халқ амалий санъати: ёғоч ўймакорлиги” номли китобини нашр этдириб, бу борада яна бир янгиликка қўл уради.
Ана шундан кейингина Қорақалпоғистон Республикасида давлат санъат музейини очиш амалий тус олиб, унга илк раҳбарлик Игорь Витальевич Савицкийдек хассос рассом ва санъатшуноснинг зиммасига тушганди. Натижада 1966 йил 5 февралда ташкил қилинган музейда қисқа муддат ичида Савицкий бошчилигида тўпланган экспонатлар сони 50 мингдан ошиб кетди. Бу ҳақда хориж матбуоти ўша кезлари “Саҳродаги дурдона”, “Қорақумлар оралиғидаги Лувр” сарлавҳали мақолалар чоп этган эди.
Савицкийнинг қадимги Хоразм санъат асарларини тўплаш фаолияти туфайлигина кўплаб дурдоналарнинг йўқолиб кетиши олди олинди ва қорақалпоқ халқ амалий ҳамда тасвирий санъати ҳам ривожланиб, юқори босқичга чиқди.
У табиат манзаралари — пейзажчи рассом бўлгани боис, К.Саипов, Ж.Қутимуратов, Д.Тўраниёзов, А.Атабоев сингари қорақалпоқ рассомлари уни устоз деб билишарди.
Кези келганда шахсга сиғиниш даври билан боғлиқ яна бир тарихий ҳодисани эсламасдан ўтиб бўлмайди. Ўтган асрнинг бошларида Европада пайдо бўлган авангардизм оқими кўплаб рассомларни ўзига жалб этганди. Бироқ шўро мафкураси бу тарзда ижод қилувчи рассомларни ва уларнинг ижодини номақбул асарлар деб топади. И.Савицкий энг чекка ҳудуд ҳисобланган қорақалпоғистонлик раҳбарларни авангардизмга доир санъат асарларини арзон гаровга сотиб олишга кўндиради. Натижада мамлакатнинг Москва, Киев ва бошқа шаҳарларидаги авангардчи рассомлар асарлари айнан Игорь Вилатьевич сабаб сотиб олинади ва Нукусга келтирилади. Вақт ўтиб бутун дунёда бебаҳо антикварга айланган асарлар бугун Нукус санъат музейини бойитиб турибди. Юқоридаги сингари 1950-60 йилларда яратилган нодир расмлар ҳатто Москва, Санкт-Петербург, Киев шаҳарларида эмас, бугун айнан Нукусда сақланиб турибди. Бу эса Савицкийнинг меҳнатлари туфайлидир.
Нукусдаги музейда авангард, поставангард йўналишларига мансуб ноёб асарларнинг мажмуи тўпланган бўлиб, Москва, Киев каби катта шаҳарларда пол тагига, қазноқларга яширилган, уни чизган рассомлар эса қамоқ, сургунда азоб тортиб ётган пайтда, шўро мафкураси инкор қилган эллик мингдан зиёд расмларнинг Савицкий томонидан Нукусга келтирилганининг ўзи жасорат эди. Айнан биргина инсоннинг фидойилиги билангина дунё санъатсеварларини ҳайратлантираётган ноёб асарлар сақланиб қолинибгина қолмай, дунёга машҳур музейга асос солинди.
Қорақалпоғистон халқи ўз фарзандидек бўлиб қолган И.В.Савицкийни Бердақ номли мукофот билан тақдирлади. 2002 йилда музей учун янги замонавий бино қурилди.
Ҳа, рассом, археолог ва санъатшунос И.Савицкий (1915-1984)нинг қорақалпоқ халқи олдидаги хизматлари унутилиб кетмади. Зеро, у шундай эъзозга сазовор ишлар қилиб кетган эди.
Умид БЕКМУҲАММАД