Битик

Назар ЭШОНҚУЛ

Битик

(Ҳикоя)

 

“Мен мангу тошга ҳаммасини ўйиб ёздим”.

Кул тегин битиги

 

Бекатлараро такси ён томондан келиб урилган “КаМАЗ”нинг зарбига дош беролмай аввал бир ёнга оғди, кейин гурсиллаб қулади: шофёр ва йўловчиларнинг кўзлари чақчайиб кетди – қўрқув-даҳшат аралаш баравар бақириб юборишди – уларга нарироқдаги бекатда турганлар ҳам жўр бўлди: “КаМАЗ”нинг ҳайдовчиси машинадан сакраб тушиб, таксига қараб югурди: у спортчилар камзулини кийиб олган, барваста, жуҳудбашара шоп мўйловли одам эди: таксининг ғилдираклари ҳамон чириллаб айланиб турарди: у югуриб бориб кабинанинг эшигини тортди. Бироқ эшик пачоқ бўлганди, осонликча очилмади. Ҳайдовчи нариги эшикни шақирлатиб торта бошлади: шошиб қолганидан эшик сурғучини кўтаришни ҳам унутган эди. Изидан етиб келган шляпали киши унга ёрдам берди: иккаласи ойнаси чил-чил бўлган пачоқ эшикни зўрға ярим очишди ва юзи шилинган қўрқувдан серрайиб қолган ёшгина йигитни тортиб туширишди. Йигит ўзининг тириклигига ишонмаётгандай ён-атрофга шубҳа ҳамда илтижо билан кўз ташлаб чиқди ва ўзини ерга таппа ташлади, бироқ орқасидан ушлаб қолган ўрта яшар, келишган аёлнинг ёрдамида яна ўзини тутиб олди: одамларга олазарак бўлиб бир-бир қараб чиққач, уст-бошини қоқа бошлади: сўнг бирдан эсига тушиб қолгандек ўзини машина эшигига урди, аммо такси олдига йиғилиб қолган оломон унга йўл бермади: “КаМАЗ”нинг шофёри яна учта йўловчини тортиб чиқарди, уларнинг ҳеч жойига жароҳат етмаган эди ёхуд ҳали ўзларига тўла келмаган, шу сабабли ўзларини соппа-соғдай тутишарди. Улар нарироққа бориб, томошабинлар сафига қўшилишди.Такси шофёрининг чап юзи пачоқ бўлган эди. У гарчи гапираётган бўлса ҳам, ўзини аллақачон ўлик ҳисоблаб чўзилиб ётиб олди. Яна бир йўловчи бор овози билан: “Қавурғам… қавурғамнинг абжағи чиқди”, – деб бақирарди. Уни машина ичидан тортиб олиб, йўл четидаги ўтлоққа ётқизиб қўйишди. Шу пайт узун бўйли, бадқовоқ милиционер етиб келди. У одамларни туртиб-суртиб олдинга ўтди. Машинада ўриндиқлар қисилиб қолган, лабининг бир чеккасидан қон сизиб турган тиззаси устида турган очиқ китобни панжалари билан қисиб ушлаб олган йўловчи қолган эди. Уни ўриндиқдан ажратиб олиш анча мушкул бўлди. Юзи суянчиқ билан шифт орасида қолиб кетганди. “КаМАЗ” ҳайдовчиси ярми синган ойнани олиб ташлаб, суянчиқни орқага тортди. Йўловчини милиционер ва яна икки киши ўриндиқдан суғуриб олишди ва йўл четига ётқизишди.

– Ўлибди, – деди унинг бош томонида турган дўппили киши.

“КаМАЗ” ҳайдовчиси милиционерни энди кўриб қолганди.

– Йўл меники эди, қайдан пайдо бўлди, билмай қолдим, – деди овозига мусибат туси бериб. Милиционер ҳеч нарса демагач, шу гапни икки-уч марта қайтарди.

Милиционер ўлган йўловчининг панжалари орасидан китобни зўрға чиқариб олди ва қонли бармоқларининг изи қолган очиқ вараққа шунчаки нигоҳ югуртирди ва катта-катта ҳарфлар билан ёзилган “У китоб ўқиб ўлажак…”   деган сўзларга кўзи тушди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − 10 =