Сув балоси

У пайтлари Собиқ Иттифоқ даврлари эди. Қайси бир йили сув кам бўлди. Марказкўмда, обкомда, райкомда ҳар куни мажлис “сувни тежанг”, “бир томчи ҳам сув исроф бўлмасин”. Раҳбарларнинг иши сув бўлиб қолган. Қарор устига қарор.

Унда журналистларга сувчиларнинг самарали иш усуллари тарғиб қилиш билан сувни исроф қилувчиларни “аёвсиз” танқид қилиш топширилди.

Навбатдаги рейд гуруҳи аъзо­лари Жиззах ва Сирдарё вилоятлари далаларини айланиб, тузукроқ материал топа олмай қайтар эканлар, шундоққина Янгийўл яқинида, катта Ўзбек тракти ёқасида катта майдон кўлга айланиб, ғўза ниҳоллари сув тагида қолиб кетганини кўриб қоладилар.

Дархол камера ишга тушади. Оператор лойга ботади. Журналист воқеа реаллигини исботлаш учун тиззасигача сувга киради.

Бир одам — бригадирми, сувчими ишқилиб, воқеани кўриб қолади.

Журналистлар туфлигидаги лойларини юваётганидаёқ обкомда ғала-ғовур бошланади.

—“Тўхтатилсин!”, “Олди олинсин!”, “Йўл қўйилмасин!”, “Ким билан келишилган!”, “Ким рухсат берибди?”

Телевидение раҳбарлари телефонлар қўнғироғига жавоб бериб улгура олмасдилар. Кўча эшикка, орқа дарвозага, йўл бошига навбатчи қўйилди.

Журналистлар телестудияга қайтишлари билан дарҳол ўртага олиб, раҳбарият ҳузурига келтирилди.

— Нега ўзбошимчалик қиласизлар? Ким билан келиш­динглар? Ким шахсан рухсат берди? Суратга олишдан мақсад нима эди? Ким сизларни бу иғвога чорлади?

Ҳеч қанақа жавоб ҳеч кимни — телевидение раҳбариятини ҳам, Тошкент вилоят комитетини ҳам қониқтирмас эди.

Чунки ҳисоботда Халқ назорати, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, сув хўжалик идоралари шу туфайли, сувни иқтисод қилиш йўлидаги курашда қатнашар эканлар.

Газеталар, радио ва телевидение орқали доим ваъзхонлик қилишарди. Бир гектардан кўпроқ ерни босиб кетган сув тошқини — эҳтимол, бир сувчининг бепарволиги, вилоят партия ташкилотининг тарихий ва беқиёс обрўйига, “Тошкент технологияси” муаллифларининг ташкилотчилик сифатларига доғ бўлиши мумкин экан.

Яъни, шовла кетса кетсин, обрў кетмасин таомили амалда эди. Хуллас, ўша материал экран юзини кўрмади. “Ўзбошимча” журналистларга қайта бунақа вазифа берилмаслиги ҳақида кўрсатма берилди.

Кечқурун, сухандонлар овози борича яна “сувни тежаш”, “тежаб сарфлаш”, “ҳар томчи сувдан эҳтиёткорона фойдаланиш” ҳақида илғор иш тажрибаларини тарғиб қилдилар.

Оролга етиб боролмаган Аму-Сир сувлари эса далаларни ботқоққа айлантираверди. Кузда эса сувни “тежаб — тергаганлар” навбатдаги мукофотларга сазовор бўлдилар. Журналистларга коммунал, уй-жой хўжалиги соҳасидаги камчиликларни танқид қилишлари мумкин эди, холос.

Бу воқеа ҳаётий. Лекин мус­тақиллигимиздан анча олдин бўлган воқеа. Буни эсга олаётганимга сабаб шуки, бугунги ҳамкасбларимга, ёшларга ҳавасим келади: ҳеч қандай тўсиқ, таъқиқлар йўқ. Бемалол эмин-эркин ишлаш мумкин. Зарур бўлса, танқидий материаллар тайёрлаш мумкин. Бундай имконият бир замонлар матбуот аҳлига орзу эди.

Анвар ТОЖИЕВ,

фахрий журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × three =