Таннарх

Товарнинг таннархини, иложи борича камайтириш бозор иқтисодиётининг “олтин қоида”си ҳисобланади. Нима қилсангиз, қилинг, ишлаб чиқараётган нарсангизга кам маблағ сарфланг. Маблағнинг замирида меҳнат ётади, ахир. Шунинг учун “таннархни камайтириш” дегани – амалда “меҳнатни камайтириш” дегани.

Биздаги ҳожатхона қоғозлари ўрамининг юзида яна алоҳида қоғоз бор. Ишлатилмайди. Ташлаб юборилади. У, биринчидан, ўрамнинг очилиб-титилиб кетмаслигини таъминлайди, иккинчидан, товарнинг янгилиги, яъни ишлатилмаганини исботлаб туради, учинчидан, товарнинг этикети вазифасини ўтайди.

Лекин миллион-миллион шундай ўрамлар юзига ишлатилган қоғознинг миқдорини бир тасаввур қилиб кўринг. Тонна-тонна бўлса керак. Унга сарфланган меҳнатни айтмайсизми?

Туркияда шунинг йўлини топишган: ўрамнинг устида қоғоз – йўқ. Фақат қоғознинг тугаган ери ўрамга енгилгина елимлаб қўйилган, холос. Шунинг ўзи боя айтганимиз икки вазифани ҳам бемалол бажаради. Учинчи вазифа, яъни этикеткадан воз кечилган.

Бизда аксар пойабзаллар ипи ўтказилган ҳолда сотилади. Кимдир уни ўтказиб чиққан-да. Буни автоматлаштириб бўлмайди. Қўл меҳнати – иқтисодиётда энг қиммат меҳнат тури. Туркия шуни иқтисод қилган: пойабзалларнинг ипларини ичига солиб қўйишади, вассалом. Шу тариқа, биринчидан, жуда катта меҳнатдан воз кечилади, бу ишни харидорнинг ўзи бажаради. Иккинчидан, ҳар ким ипни ҳар хил усулда ўтказади. Бажарилган бир ишни қайтадан бажаришга не ҳожат?

Истанбулнинг Лаълилисида кўчада – бир дўкон олдида мева-чева ва сабзавот маҳсулотлари тартиб билан қутиларга солиниб, териб қўйилган. Шунча катта жойда бир сотувчи хизмат қиляпти. У саволларингизга жавоб қайтаради, илтимос қилсангиз, маҳсулотлардан пакетларга солиб беради ва ҳоказо. Асосан, ҳар ким ўзи улардан танлаб-танлаб пакетга солиб олади. Кейин ичкарига кириб, пулини тўлаб чиқасиз. Агар шу ерда уларни ўлчаб, пулини олиш ташкил этилса, ортиқча харажат бўлади-да. Шу тариқа ҳам ишчи кучи иқтисод қилин­япти.

Бозор ақлни охиригача ишлатишни, яъни онгни максимал даражада ривожлантиришни талаб қилади.

Европа шундан ривожланган.

Ривожланишни ният қилган ҳар қандай халқ – таннархни камайтиришнинг минг-минг чорасини излашга мажбур. Бошқа йўл – йўқ.

Султонмурод ОЛИМ.

2022.06.07. Анқара.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =