Туркияда нима бор-у, нима йўқ?

Дунёнинг ўнта давлатида бўлганман. Бир ўзбек зиёлиси учун бу жуда кўп ҳам, унча кам ҳам эмас, албатта.

Ҳар бир мамлакатда энг кўп учрайдиган нарса – ўша давлатнинг пули.

Туркияда, лирадан ташқари, энг кўп учрайдиган нарсаларнинг биринчиси – тоғ. 2019 йили келганда мамлакатнинг жанубидан шимолигача, яъни Анталиядан Кўнё ва Анқара орқали Карабуккача енгил автомобиль, поезд ва автобусда борган эдим. Тоғ, тоғ ва яна тоғ оралаб юрасиз. Бу гал Анқарадан Анталияга автобусда боришга тўғри келди. Фақат тоғ оралаб юрдик.

Иккинчиси – арча. Ер юзида Туркиядан бошқа арчаси бу қадар мўл мамлакат борлигига ишонмайман. Балки кўрмаганим учун шундай деб ўйларман. Қизиқ, киши бошига нечтадан тўғри келар экан-а? Кимдир шуни ҳисоблаганмикан? Арча ўсадими, билингки, бу маконда ёзин-қишин ҳаво – тоза ва кислород – оша-тоша-да.

Учинчидан, Туркияда Давлат байроғи кўп учрайди. Тоғларга, иморатларга, уйларга, меҳмонхоналарга, машиналарга… қўйиб ташланган. Биз дам олган Анта­лиянинг Кемер илчасидаги “Anita DREAM” (“Анита Орзу”) меҳмонхонасининг ҳужжатларни расмийлаштирадиган киравериши деворидаги соат ҳам Туркия Давлат байроғидаги Ҳилол ва юлдузча ичига жойлаштирилган.

Хўш, Туркияда нима – йўқ? Кўп нарса – йўқ, албатта. Лекин уларнинг ҳаммасини санаб ўтириш шарт эмас. Учтагинасини айтаман.

Биринчиси, чанг – йўқ. Бир ой юрсангиз ҳам, пойабзалингизни артишингизнинг ҳеч ҳожати бўлмайди.

Иккинчиси, Туркиянинг дам олиш мас­канларига ҳордиқ чиқариш учун келган бўлсангиз, масалан, Тошкентимиздаги тўй оши, чойхона оши, амирий ошларни, қўй гўштию мол гўштидан ёғли-ёғли қилиб тайёрланадиган жазу қийма шашлик­ларни, ҳалим, лағмон, мампар, бешбармоқларни, тандиру қозонкабобу димламаларни… бутунлай унутиб, йўлга чиқинг. Қўрқманг, холестеринингиз жойгинасига тушган ҳолда юртга қайтасиз.

Учинчиси, бу мамлакатда “сиз”лаш – йўқ ҳисоб. Масжидларнинг имомлари, олий таълим муассасалари муаллимлари, давлат арбоблари “сиз”ланади, холос. Қолган ҳамма бир-бирига “сен”лаб мурожаат қилади. Бола ота-онаси, бобо-бибисини ҳам “сен”лайди. Аммо неварангиз қатори бола сизни “сен”лаб турса, очиғи, бошида ҳазм қилиш анча оғир кечади. Чунки бизда катталарни “сен”лаш, умуман, йўқ. Ҳатто, ўзбекларимизнинг ярмида, аниқроғи, шаҳарлашган шеваларимизда ўлиб кетган бобо ё отасини ҳам “сиз”лаб, яъни “айтган эдилар”, “келган эдилар” тарзида тилга олиш одоби шаклланган.

Русларда ҳам ота-она, ака-опа, хола-амма, тоға-амакини, бошқа яқинларни “сен”лаш – бор. Лекин ёши улуғлар, бегоналарга “сиз”лаб муомала қилинади-да.

Бу жиҳатдан бутун Туркия Тожикистоннинг Кўлобига ўхшайди.

Бир кўлоблик Душанбе олий таълим муассасаларининг бирига ўқишга кирибди. Дарс маҳали муаллимларга ҳам “сен”лаб мурожаат қилар экан. Декан кураторни чақириб, уни “сиз”лашга ўргатишни топширибди. Куратор унга бир тоза дафтар тутқазиб, ҳар куни бир вараққа “шумо” (“сиз”) сўзини ёзиб, тўлдириб келишни топширибди. Шу тариқа унинг мия­сига “сиз” сўзини жойлашни ўйлабди-да.

Эртасига ундан дафтарни кўрсатишини сўрабди. Қараса, талаба дафтарнинг ҳамма варағини “шумо” сўзи билан тўлдириб келибди.

– Нега бундай қилдинг? Ахир, бу дафтарни ўн икки кунда тўлдиришинг керак эди-ку, – дебди. Шунда талаба муаллимга:

– Сени би-и-ир хурсанд қилай дедим-да, – дермиш.

Хуллас, бу талаба Душанбеда “сиз”лашни ўрганиб-ўрганмай, ўқишни тугатибди. Унга Сўғд вилоятининг Хўжанд шаҳрига ишга йўлланма берилибди. Шунда куратори олдига чақириб:

– Ука, бу ер Душанбе эди. Кўлоб­ликларни сал-пал билишади. Ҳаммани “сен”лаб ҳам, мана, ўқишни битириб олдинг. Лекин – Хўжанд Фарғона водийсига киради. У ерда муомала маданияти – тамом бошқача. У ерда одамлар ёши катталарни орқасидан гапираётганда ҳам “сен”лашмайди. Ишга бориб, Худо кўрсатмасин, яна раҳбарингни “сен”лаб қўйма тағин! – деб насиҳат қилибди.

Хўжандда, ёш мутахассиснинг ҳужжатларини кўраётиб, идора раҳбари ундан:

– Душанбедан нима билан келдингиз? – деб сўрабди.

– “Шумо-154” самолёти билан, – деб жавоб берибди у.

– “ТУ-154” самолёти борлигини билар эдим, лекин “Шумо-154” деган самолёт ҳам бор эканми? – дебди боши қотиб раҳбар.

– Устоз, – дебди ёш мутахассис, – тўғриси, ўша “ТУ-154” самолётида келдим. Лекин менга: “Хўжандда “ту” сўзини мутлақо ишлата кўрма!” – дейишгани учун шундай деган эдим, узр, – дебди…

Назаримда, туркияликларга “сиз”­лашни ўргатиш учун битта дафтар камлик қилади-ёв…

Ҳеч ким бизни “сиз”ламаган бўлса ҳам, биз ҳаммани “сиз”лаб гапиравердик. Амалдаги муомалада жуда кам қўлланса ҳам, “сиз”лаш – бу юксак маънавиятнинг бир белгиси-да.

Султонмурод ОЛИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × four =