Нақадар гўзалсан, Истанбул! (Туркиянинг юксак туризм салоҳиятига бир назар)

Рўзибой ҚЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

 

Аслида бугунги дунёнинг аҳволи   ҳавас қилгулик эмас. Одам боласи турли кутилмаган синовларни бошдан ўтказяпти. Яқиндагина COVID деган ажал ер юзининг тинчини бузди, миллионлаб одамлар қирилиб кетди. Инсоният бемаҳал ўлимдан саросимага тушиб қолди. Энди ундан қутуламиз, деб турганда бош­­қа бир умуминсониятни ўйга толдиргувчи муаммо пайдо бўлди. Бу жаҳон иқтисодиётига беҳад зарар етказаётган Россия-Украина урушидир. Бу уруш туфайли дунё мамлакатлари аҳолисининг тинчи йўқолди ва кўплаб мамлакатларнинг иқтисодиёти жиддий зарар кўрди. Ҳаёт тарзи издан чиқмоқда. Бу фикрни фақат мен ёки сиз эмас, етакчи давлатларнинг раҳбарлари, жаҳоннинг таниқли сиёсат арбоблари ҳам айтмоқда. Давлатлараро муносабатларга дарз кетди, йиллар мобайнида амал қилиб келаётган савдо иқтисодий, маданий маърифий алоқалар тўхтаб қолди. Бундан ташқари яқин келажакда кўплаб мамлакатларнинг иқтисодиётида янада оғирроқ инқирозлар   тахмин қилинмоқда. Демак, ҳар бир мамлакат мутасаддилари ана шу мураккаб вазиятдан чиқиш, ўз халқининг бошига келиши мумкин бўлган озиқ-овқат тақчиллиги ва кўплаб бошқа муаммоларнинг олдини олиш режаларини изламоқда. Бу борада   қардошларимиз ўлкаси, қарийб саксон беш миллион аҳолининг дарду ташвиши билан яшаётган Туркияда аҳвол қандай?

Бунинг устига табиатнинг яна бир оғир синови шу йилнинг февраль ойида юз берган зилзила туфайли Туркиянинг 10 та ви­лоятидаги қанча шаҳарлар, қишлоқлар вайрон бўлди. 60 мингга яқин одам вафот этди. Миллионлаб туркияликлар жабр кўрди. Аммо ана шундай синовдан ҳам турк биродарларимиз матонат билан ўтмоқда. Табиий офатдан жабр кўрган, зарар кўрган биродар Туркияга дунёнинг кўплаб давлатлари кўмакка шошилди. Шу жумладан, биринчилар қатори Ўзбекистондан ҳам қутқарувчилар етиб борди, гуманитар ёрдам жўнатилди. Бундан ташқари, қанча саховатпеша юртдошларимиз ўз кўмакларини аяшмади.

Хуллас, Ғарб ва Шарқни боғлаган бу мамлакат иқтисодиёти ва умуман турк халқининг ҳаёт тарзига ҳамла қилиши мумкин бўлган глобал муаммони улар   қандай қаршилаяпти ва қайси йўллар билан уни ҳал этяптилар? Бу ҳақда қуйироқда батафсил сўз юритмоқчимиз. Аммо дастлаб фикримизни Туркия туризмига оид таассуротларимиз билан давом эттирмоқ ниятидамиз.

Истанбулнинг табиати ўзгача. Мудом товусдек товланиб, мавжланиб қирғоққа бош ураётган мовий денгиз атрофга ажиб бир тароват бахш этади. Бу ажиблик фақат денгизи бор жойлардагина учрайди. Қирғоққа бош ураётган денгизнинг сирли чайқалишларига қараб, унга маҳлиё бўлмаган қалб топилмаса керак. Иккинчидан, денгизга яқинлашсанг, хазинага ошно бўласан, деган ота сўзимиз ҳам бор. Айтиш керакки, мафтункор, мовий денгиз турк қардошларимиз ва дунёдан келаётган сайёҳлар учун фақат кўриб ҳайратланадиган хилқат эмас, шу билан бирга битмас-туганмас моддий манфаат келтирадиган хазина ҳамдир.Бу ҳақда кейинроқ фикр юритамиз.

…Истанбул тўрт томони сердарахт ўрмон билан қуршаб олинган қўрғонга ҳам ўхшайди. Ранг-баранг дарахт турлари шу қадар кўпки, уларга боққанингиз сайин дилихиралик, ҳорғинлик ва яна бошқа иллатлар вужудингиздан чекина бошлаганини сезасиз. Танангиз яйрайди. Турк қондошларимиз дарахтлар ва гуллар билан гаплашадиган эл. Улар дарахтлар ва гулларни беҳад севадилар. Шунинг учун кўчалар, йўлакчалар, ҳатто бир неча асрлардан буён яшаб келаётган қалъа деворларида ҳам гуллар ўстирадилар, меҳр бериб уларни парваришлайдилар.

Истанбул иккита қитъа бағридаги яъни Осиё ва Европада жойлашган ер юзининг ягона шаҳридир. Осиё қисмида яшовчилар Европада ва аксинча Европадагилар Осиёга қатнаб, ишлайдилар. Жуда қизиғ-а. Ҳар куни икки қитъага бориб-келасиз… Агар улар эртароқ йўлга чиқишмаса денгиз орқали ўтадиган кўприклардаги катта тирбандликка дуч келади ва ишга кечикиб қолишлари мумкин. Аммо тирбандлик кун бўйи давом этмайди. Эрталаб соат саккиздан, то ўн бирга қадар кузатилади. Кейин эса тирбандлик камаяди. Ҳолбуки, йигирма беш миллионга яқин аҳолини ўз бағрида жамлаган Истанбулда кун бўйи йўллар автомашиналардан бўшамаслиги ва бу шаҳарда бугун биз ҳавас билан тавсирлаётган кўринишлар бўлмаслиги мумкин эди. Аммо бу муаммо бартараф этилган. Хўш, қандай қилиб, демоқчимисиз, марҳамат, кузатишларимизнинг давомини ўқисангиз турк дўстларимизнинг фойдали тажрибасидан воқиф қиламиз!

 

ҚОН ТОМИРЛАРИНГИЗ СОҒЛОМ БЎЛСА, ТАНАНГИЗ ЯЙРАЙДИ

 

Ҳа, тиббиёт ходимлари айтганларидек соғлом қон томирлар вужудни руҳан ва жисмонан тетик қилувчи, соғлиқни мустаҳкамлаб, умрни узайтирувчи омилдир. Ҳар бир мамлакатнинг турли ҳудудларини боғловчи йўллар ҳам ўша юртнинг қон томирлари каби ўта муҳимдир. Агар йўллари равон, сифатли, йўловчилар учун қулай бўлса, билингки, соғлом инсондек ўша юртнинг тараққиёти   ҳам шаксиз, юксалади. Ёки аксинча, яроқсиз, ўйдим-чуқур, ёмғирдан сўнг йўлларда бемалол ҳаракатланишга халақит берадиган кўлмак­лар пайдо бўлса, носозлиги боис йўл ҳаракати ҳалокатлари кўпайса, шубҳасиз, ҳар бир ҳайдовчи “йўлсозман” деганнинг гўрига ғишт қалаши муқаррар. Хўш, Туркиянинг энг гавжум шаҳри Истанбулда йўловчиларга хизмат кўрсатадиган йўлларнинг аҳволи қандай? У ерда ҳам худди биздагидек йил давомида йўллардаги чуқурчалар тез-тез ямаладими, йўллар қуриш ва таъмирлашга ажратиладиган маблағларнинг кўп қисми талон-торож қилиб, ўмариладими ёки…

Уни билиш мақсадида Истанбул йўлларини кўздан кечирамиз. Дастлаб, аэропортдан шаҳар марказигача бўлган эллик кило­метрдан ортиқ масофадан юрсангиз, роҳатланасиз, вужудингиз яйрайди. Ҳаракатга халақит берадиган бирорта нуқта йўқ. Йўллар шу қадар текис ва равонки, худди ойнадек ярқирайди. Бирорта нуқсон топа олмайсиз. Шу равон йўллардан юрарканмиз ўзимизнинг яқингинада қурилган бўлса-да, аллақачон бузилиб, ҳар жой, ҳар жойида чуқурлар пайдо бўлган, ёмғир ёғса дарҳол кўлмаклар ҳосил бўладиган афтодаҳол йўлларимиз ёдга тушди. Ҳолбуки, биз Истанбулга борган ўша кезларда қаттиқ ёмғир ёғиб, шаҳар кўчалари ва йўлларини сув босган. Лекин тез фурсатда сув ўз ўзани бўйлаб оқиб кетган экан. Демак, йўллар ўйлаб, пишитилган лойиҳалар асосида қурилган. Канадада яшаётган, асли ангренлик бўлган Шараф Муҳаммад деган ватандошимиздан у ерда йўллар қурилишининг лойиҳалари, мустаҳкамлиги, сифати ва янги қурилган йўллар неча йилгача таъмирланмаслиги каби саволлар бердик. Мана унинг жавобини ўқинг:

“Саволларингизга қисқароқ жавоб беришга ҳаракат қиламан. Автомобиль йўлларининг узоқ муддат хизмат қилишини таъминлаш, аввало, лойиҳаларни қурилиш стандартлари асосида тайёрлашдан бошланади. Лойиҳалашда жуда кўплаб факторлар ҳисобга олиниши даркор. Яъни, қурилиш жойидаги eр юзасининг шакли, тупроқ таркиби ва пара­метрлари, eр усти ва ости сувларининг мавжудлиги, йўлдан ўтадиган автомобилларнинг сони (кунлик, ойлик, йиллик), йўл юзасига тушадиган босим, оғирлик, об-ҳаво ва ёғингарчилик факторлари ва ҳоказолар…

Ундан кейин, қурилишда ишлатиладиган материалларнинг сифати, чидамлилиги ва албатта бажариладиган ишларнинг сифати жуда катта роль ўйнайди. Биз Канадада мана шу айт­ганларимнинг ҳаммасига амал қиламиз, шунинг учун ҳам қурган йўлларимизга кафолат берамиз. Шунинг учун янги қурилган йўллар ўн йилгача таъмирталаб бўлмайди.

Ўзбекистон масаласига келадиган бўлсак, у eрда жуда кўп нарсаларни ўзгартириш керак, балким йўл қурилиш соҳасида ислоҳотлар қилиниши керакдир. Мен “Ўзавтойўл” ва Транспорт вазирлигига ҳамкорлик қилиш ва ислоҳотлар ўтказишда ёрдам кўрсатиш ҳақида таклиф жўнатганман. Афсуски, бир неча ойдан бери ҳеч бир жавоб йўқ…”

Канадалик ватандошимизнинг фикрларидан хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг.

Энди яна Туркияга қайтамиз. Шаҳар ичкарисидаги йўлларда пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг ўз манзилларига тезроқ ва хавфсиз етиб олишлари учун қўшимча қулайликлар яратилган. Автомобиллар ҳаракатига халақит бермайдиган ва пиёдалар учун йўлнинг у томонидан бу томонига ўтказадиган кўплаб кўприклар қурилгани таҳсинга сазовор. Йўллардан ўнг ёки чап томонга, орқага қайрилиб олишда ўта қулай, қўшимча усуллардан фойдаланилган (пойтахтимиз Тошкентнинг “Катта Фарғона” йўли қурилишида ва бошқа кўчаларда шу усулдан қисман фойдаланиляпти). Шунинг учун автомашиналарнинг тўхтовсиз ҳаракатланиши натижасида беҳудага сарфланиши керак бўлган ортиқча вақт тежалмоқда, иккинчидан автомобиллардан чиқаётган заҳарли чиқиндиларнинг камайишига эришиляпти.

 

БЕШ ДАҚИҚАДА ОСИЁДАН ЕВРОПАГА, ЕВРОПАДАН ОСИЁГА БОРИШ МУМКИНМИ?

 

Яна бир муҳим томони уч километрдан ортиқ санъат асари даражасидаги икки томонлама денгиз ости йўлининг қурилганидир. Уни беҳудага санъат асари демаяпмиз. Чунки, ер ости йўли шу қадар мустаҳкам қурилмалар ёрдамида ўта билимдонлик ва нозик дид билан лойиҳалаштирилганки, денгиз ости йўлидан юрган ҳар бир йўловчи ёки ҳайдовчи уни дарҳол фахмлайди. Денгиз ости йўлининг икки томон девор қисми ва шифти дизайни ўзгачалиги, уч километрдан ортиқ масофада ҳавонинг меъёрида айланиши, агар ҳаракатланиш давомида автомобилда носозлик учраса, тўхтаб туриши учун қўшимча жойларнинг бўлиши, фавқулодда вазиятларда ёрдам сўраб, хабардор этиш учун телефон алоқасининг йўлга қўйилгани каби замонавий қулайликларни айт­масак бўлмас. Ёки ер ости йўлининг шифт қисмида мовий рангнинг жилоланиб туриши тепангизда денгиз чайқалиб   турадигандек тасаввурнинг пайдо этишида ҳам ўзгача бир мазмун бор, гўё. Денгиз ости йўли билан юрсангиз, беш дақиқа ичида Европадан Осиёга, яна шунча вақтда Осиёдан Европага ўтиб оласиз.Агар ер устидан юрадиган бўлсангиз, айниқса, юқорида айтганимиздек тирбандлик кўпайган эрталабки пайтда бир неча соат вақтингизни беҳудага совурасиз. Айтмоқчи, денгиз ости йўлидан ўтиш пуллик. Аммо қиммат эмас.

Йўловчилар ва ҳайдовчиларга қулай, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатаётган сув йўлининг ўрнини айтмасликнинг иложи йўқ. Босфор бўғозининг икки соҳилини боғловчи сув йўли истанбулликлар ва сайёҳлар учун жуда қулай ва қизиқарлидир. Ҳар дақиқада минглаб йўловчилар кемалар орқали денгиз манзараларини, қирғоқлар бўйлаб қурилган уй-жойлар, ошхоналар, дам олиш иншоотлари, меҳмонхоналар ва уларнинг ўзига хос меъморий кўринишларини томоша қилиб, нариги соҳилга етиб келганини сезмай қоладилар. Айниқса, кемадаги йўловчиларнинг сувга ташлайдиган озиқ-овқатларни кўргач, чуғурлаб, тепангизда парвона бўладиган денгиз қушларининг қанот қоқишлари ажиб бир кўтаринкилик бағиш­лайди. Шунда, “Нақадар гўзалсан, Истанбул”, деган ўша машҳур телесериал қаҳрамонининг нидолари ёдга тушади.

Истанбулда яна бир транспорт тури мавжуд. Бу метробусларнинг борлигидир. Метробуслар қатнови учун атрофи ўраб олинган, тез ҳамда фақат белгиланган бекатларда тўхтайдиган махсус йўл ажратилган. Бекатларнинг икки томонида кўприкка кўтариладиган йўллар барпо этилган. Шунинг учун пиёдалар автомобиллар қатновига умуман халақит бермайдилар. Мет­робуслар қатнови жуда тез ҳаракатлангани боис йўловчилар қисқа фурсатларда манзилларига етиб оладилар. Истанбулда аҳолига қулай хизмат кўрсатадиган яна бир транспорт бу метро қатновининг йўлга қўйилганидир.

Қисқаси, Туркиянинг тараққиётида қулай ва замонавий йўлларнинг ўрни жуда катта, деб бемалол айта оламиз.

 

ТУРК СУЛТОНЛАРИДАН ҚОЛГАН ХАЗИНА

 

Энди эса Туркияга оқиб келаётган миллиардлаб долларлар ҳақида фикр юритсак.

Юқорида айтганимиздек, дунёда боши берк кўчага кириб бораётган мураккаб геосиёсат Туркия иқтисодиётига ҳам барибир ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Натижада турк лираси қадрининг пасайиши кузатилди. Нарх-наво қимматлашгани ҳам бор гап. Аммо шундай вазиятда ҳам бугун турк халқининг насибаси, миллиардлаб долларлар Туркияга кириб келмоқда. Қандай қилиб ва нима учун деб сўрамоққа лаб жуфтлаяпсиз ва қизиқишингиз табиий. Чунки, дунё мамлакатларининг “мана-ман” деган лидерлари бошига мушт еган одамдек гандирак­лаб, қаердан, қандай қилиб даромад олиш мумкин, дея карахт бўлиб қолган бир пайтда Туркия хазинасига миллиардлаб маблағларнинг кириб келаётгани ҳайратли ҳодиса албатта. Табиийки, шунча миқдордаги маблағ осмондан ёғилаётгани йўқ. Ёки денгиз орқали тўғридан-тўғри оқиб келмаяпти. Бу Туркиянинг неча асрлар оша яшаб келаётган тарихи, жаҳон давлатчилик тарихида ўзига хос из қолдирган, етти асрга яқин ҳукм сурган Усмонийлар сулоласи даврида яратилган ва бугунгача хизмат қилиб келаётган бебаҳо хазина билан боғлиқ ҳақиқат, десак хато бўлмас.

Камина оддий бир ўзбек журналисти ўлароқ, Туркиянинг туризмга алоқадор биргина тармоғига эътибор қаратсам. Биласиз, Усмонли турк султонлари фақат босқинчилик ёки ўз ҳудудини кенгайтириш ва айрим телесериалларда намойиш этилганидек дунё гўзалларини саройга йиғиб, никоҳига олиш билан чекланмаган. Улар аслида Туркиянинг тарихи, туркларнинг қадимий ва умуминсоний   урф-­одат ва анъаналарини, илм-фан, адабиёт, санъатини ривожлантириш, ҳайратомуз меъморий обидалар барпо этишдек эзгу вазифаларни амалга оширмоқни улуғ мақсад қилдилар ва шу улуғвор ният йўлидаги буюк орзуларини тўла-тўкис амалга оширдилар, деб бир неча аср беридан туриб айта оламиз. Бугун “дунёнинг маркази” ёки яқиндан бошлаб “дунёнинг қалби”, дея таърифланаётган Истанбул мисолида фикрларимни давом эттирмоқчиман. Гўзал Истанбулдаги Евроосиёнинг қадим тарихи, осори-атиқалари ястаниб ётгани аниқ. Шу билан биргаликда бир неча асрлар давомида Усмонли султонлари томонидан барпо этилган муҳташам иншоотлар, уларнинг бағрида яшаётган сиру синоатлар, мафтункор гумбазлар, ҳайратомуз нақшлар, қадам босишингиз билан ажиб туйғулар ҳадя этадиган йўлаклару зиналаридаги ўзига хос сирлилик беихтиёр сизни тарихнинг ажабтовур воқеалари сари етаклаши табиий. Мен буни “Тўп қопи” саройлар, музейлар мажмуаси ҳудудини кўздан кечиргач, ёзяпман. Қарийб юз гектар ҳудудни эгаллаган “Тўп қопи” султонлар мажмуасини айланиб, маълумотларга эга бўлиш учун камида уч кун вақт сафлашингиз мумкин. Чунки, саройлар мажмуасида ўнлаб муҳташам обидалар, ҳар бир Усмонли сулоласининг ҳукмдорлари томонидан ва улардан олдин қурилганлари ҳам бор. Бетакрор кошоналарнинг ўзига хос меъморий қиёфаси бири иккинчисини такрорламайди. Султонларнинг сарой уламолари, давлат мулозимларини қабул қилиш кўшклари, хорижий давлатлар элчилари ва меҳмонлар билан музокаралар олиб борадиган муҳташам   заллар, ҳашаматли кошоналарнинг жозибали кўринишларини кўздан кечиргач, Туркиянинг бир неча асрлик тарихи кўз ўнгингизда намоён бўлади. Хорижий меҳмонларнинг эътиборини тортадиган яна бир жой бор. Бу сарой канизак­лари яшайдиган алоҳида жойдир.   Бир замонлар бу ерда дунёнинг турли ҳудудларидан келтирилган маликалар султоннинг кўнглини олиш, унинг муҳаб­батига сазовор бўлиш учун айланиб, ҳордиқ чиқарадиган махсус боғу гулзорларни кезганлар. Сарой деворларидан пастда чайқалиб ётган денгиз сувлари, дунёнинг турли мамлакатларидан келаётган кемалар ҳаракатини маҳлиё бўлиб кузатган канизаклар бу ерларни ажиб бир хаёллар оғушида   кузатган бўлсалар не ажаб. Канизакларнинг гўзал хатти-ҳаракатлари, юриш-туришлари, муомала маданиятидан тортиб, қадди-қоматигача бемалол кўриниб турадиган кузатув жойи ҳам шу ердан қўним топган. Кузатув жойи султон учун қурилган. Султон истаган пайтида бу ерга келиши ва сайр қилиб юрган канизакларни кузатиши, кейинчалик, уларнинг орасидан ўзига ёққанини танлаб, никоҳига олиши мумкин бўлган. Саройнинг худди шу ерида канизакларни сарой шароитига мослаштириб, тайёрлайдиган хос тарбиячи аёлларга ажратилган хоналар, султонларнинг ўзлари ва оналари учун алоҳида жиҳозланган махсус ҳаммомлар, хос хоналар, султон ва оиласининг ошхонаси ва ошпазларининг хоналари каби яна кўплаб кўшклару, хонақоҳлар қурилганки, дунёнинг турли мамлакатларидан тинимсиз оқиб келаётган сайёҳлар бу муҳташам иморатларни ҳайрат ила томоша қиладилар. “Тўп қопи” саройлар мажмуа музейига кириш учун ҳар бир сайёҳ 25 доллар тўлар экан. Агар Истанбулга ҳар куни дунё саёҳатчиларининг дарёдек тинимсиз оқиб келаётганини эътиборга оладиган бўлсак, демак Усмонли турк султонлари қуриб қолдирган маҳобатли иморатлар бугун турк халқига миллиардлаб долларлар олиб келмоқда. Пешонаси ярқираган қардошларимиз аждодлари қолдирган бебаҳо мерос туфайли   бугунги иқтисодий бўҳронларни четлаб ўтмоқдалар. Турк қардошларимизнинг туризм соҳасидаги яна бир ажабтовур ёндашувларидан ибрат олса арзийди. Хабарингиз бор, туркиялик киноижодкорлар томонидан яратилган қатор телесериаллар аллақачон дунё эътиборини қозонган. Айниқса, “Муҳташам юз йил” кўп қисмли телесериалининг довруғи оламга машҳур. Аввало, фильмдаги тарихий шахс­лар ва томошабинни ушлаб турадиган   муҳим воқеаларни ўта драматизмга асосланган тарзда тасвирга олингани эътиборга моликдир. Айниқса, тожу-тахт атрофидаги шафқатсиз воқеалар, ташқи душманларга қарши курашдаги ватанпарварлик, саройдаги минг хил ҳийла-найранглар, ака-ука, ота-ўғил ва маккор аёлларнинг макр-ҳийлалари қизиқарли қилиб очиб берилгани томошабинни ўйга толдиради, безовта қилади, қувонтиради ва қайғуга солади. Шу билан бирга воқеаларнинг ўша даврда қурилган муҳташам иморатларда тас­вирга олиниши телесериалнинг нуфузини янаям оширган. Ишонарли чиқишига алоҳида ҳисса қўшган. Сериалдаги драматизмдан ҳая­жонга тушган хорижий сайёҳлар ўша воқеалар тасвирга туширилган тарихий саройларни кўриш учун ҳам ер юзининг турли томонларидан Туркияга келмоқда. Уларга қўшилиб миллиардлаб доллар Тур­кияга оқмоқда. Турк қондошларимиз “Муҳташам юз йил” номли телесериал орқали ўзларининг маҳобатли ўтмиши, бир неча аср давр сурган сулола, турк дунёсининг ўша пайтдаги мавқеини кўрсатиш баробарида ўша даврда қурилган саройлар, мақбаралар, хонақоҳлар, мадрасаларнинг ҳам меъморий қиёфасини дунёга моҳирона кўрсата олди. Натижада, телесериалда тарғиб этилган гўзал Истанбулнинг ошиқлари янада кўпайди. Саё­ҳатчи ошиқларнинг жаҳоннинг турли мамлакатларидан эканлиги таҳсинга лойиқ. Бу биргина Истанбулнинг тарихий обидалар ҳақидаги айрим маълумотлар холос. Ушбу жараёнларни кузатиб, ҳалигача кўплаб тарихий шахсларимизнинг қизиқарли ҳаётини телесериаллар орқали акс эттира олмаётган ўзимизнинг киноижодкорлар ҳақида ўйлайсан ва уларга ажратилаётган миллиардлаб маблағларнинг нималарга сарфланаётгани хаёлларингни тумтарақай қилиб юборади…

Ҳолбуки, Туркиянинг бошқа ҳудудларида ҳам бу каби тарихий иншоотлар, денгиз бўйларидаги дам олиш оромгоҳлари ва бошқа сайёҳлик масканлари борлигини ва улардан келаётган фойдани ҳисоблайдиган бўлсак, мамлакат хазинасига мўмайгина даромад ўз-ўзидан келиб тушмаётганининг гувоҳи бўламиз. Турк қардошларимиз ўзларининг буюк ўтмиши, унинг осори-атиқаларини табиий ҳолатида, қадимий кўринишига зарар етказмасдан асраб-­авайлашлари ва уларни турли йўллар билан дунёга реклама қила олганлари туфайли катта натижаларга эришяптилар. Оқилона иш юритишлари эвазига яхшигина даромад кўришмоқда. Энди савол туғилади, турк қондошларимиз айтганларидек уларнинг ота юрти бўлмиш Ўзбекистонда ҳам бир неча асрларга бўйлашадиган буюк тарих, маҳобатли иншоотлар борку. Уларни дунёга танитишда, тарихий обидаларимизнинг меъморий кўринишлари ҳақидаги қизиқарли маълумотлар, қадим давлатчилигимиз, дунёни забт этган амир, султон ва хонларимиз саройлари, осмон жисмлари ҳаракатини дунёга ўргатган етук олим Мирзо Улуғбек барпо этган расадхона ҳақидаги оламшумул кашфиётлар, қизиқарли маълумотлар, ислом дунёсининг таниқли муҳаддиси Имом Бухорий, Имом Термизий ва яна ўнлаб буюк аждодларимизнинг Ислом дини ривожига қўшган ҳиссасини, худди турк қардошларимиздек жаҳон аҳлига танитсак бўлади-ку! Бу борада фақат биттагина инсон куйиб-пишмоқда. Бу ҳам бўлса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев. Шу тармоқнинг бошқа мутасаддилари эса уйғонишга шошилмаяптилар. Ҳатто сайёҳликни ривожлантириш, хорижий меҳмонларга жаҳон стандартлари даражасида хизмат кўрсатиш каби кўплаб эзгу ниятлар мужассам этилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлса ҳам унинг ижросини таъминлаш кўнгилни тўлдирадиган даражада эмас. Тўғри, Самарқанд ва бошқа қадимий ҳудудларимизда туризм марказлари ташкил этилишини қутлаймиз. Лекин бу улуғвор ниятлар ҳал бўлди дегани эмас. Яқингинада Туркиядан ташриф буюрган бир аёлнинг норизо оҳангдаги видео мурожаати ижтимоий тармоқларни ларзага солди. Кечирасизу, сайёҳлар учун оддий шароитлар йўқ. Ҳолбуки, ўша сайёҳ аёл Ўзбекис­тонга қилган сафарини менинг Туркия сафари таассуротларидан ҳаяжонга тушганимдек тўлиб-тошиб ёзиши мумкин эди-ку! Афсус, у бечора аёл саёҳатчиларга яратилиши керак бўлган оддий шароитларнинг   ёмонлигидан нолиб кетди. Ана сизга   мамлакат миқёсида жон куйдириб қилинаётган эзгу ҳаракатларга масъулларнинг муносабати.   Шундан аён бўляптики, туризм билан шуғулланиши керак ва шарт бўлган мутасаддилар ҳали уйғонмадилар. Бугунги мураккаб замонда, илм-маърифат, замонавий ахборот воситаларидан мукаммал даражада фойдалана олмаган мамлакатларнинг дунё саҳнида қолиши, ривожланиши қийинлашади. Шундай бўлгач, юрт иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаши мумкин бўлган сайёҳлик тармоғини ривожлантириш йўлида жиддий қадамлар ташлаш лозим. Ана ўшанда Туркиянинг тарихий обидаларини кўришга ошиқаётган дунё сайёҳлик оқимининг ўзани Ўзбекистон томонларга ҳам бурилиши мумкин.

(Давоми келгуси сонда)

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 18 =