Нақадар гўзалсан, Истанбул! (Туркиянинг юксак туризм салоҳиятига бир назар)

Дунёни эргаштираётган турк байроғи

(Давоми. Бошланиши газетамизнинг

2023 йил 5 апрелдаги №13-сонида)

Туркия тараққиётининг илдизлари, унинг асосини ташкил этган сабаб ва омиллар ҳақида ўйлаганда яна бир ибратли, ҳайратли ва ҳатто, таъбир жоиз бўлса ҳавас қилгули ҳодисани айтишни жоиз деб билдик. У турк қардошларимизнинг қалбидаги   юксак ватанпарварлик туйғусининг юксаклигидир. Ҳақиқий ватанпарварлик оғизни тўлдириб гапириш ёки кўчалардаги ҳайбатли шиорлар ва баландпарвоз чақириқлар билан белгиланмайди. Аксинча, ватан мафаатлари йўлида амалга оширилган ишлар билан ўлчанади. Бу борада турк дўстларимизнинг ватан байроғига бўлган чексиз ҳурматига ҳавас қилса арзийди. Турк байроғи кириб бормаган ва мағрур ҳилпираб турмаган бирор манзилни учратмайсиз. Қаерга борсангиз қирмизи турк байроғи ҳилпираб сизга пешвоз чиқади. Ҳатто, “Тўп қопи” турк султонлари томонидан қурилган саройлар мажмуа музейини зиёрат қилаётган хорижлик сайёҳларни ўз ортидан эргаштириб кетаётган гид-кузатувчилар ҳам Туркия байроғининг мавқеини оширишдек буюк мақсад билан яшайдилар. Саёҳатчиларнинг адашиб қолмаслик­лари учун турк байроғидан маёқ сифатида фойдаланади. Байроқ кўтариб кетаётган турк қардошимизнинг худди шу кўринишини тасвирга тушириб олдик. “Туркияга хуш галдингиз қардошим, Ўзбекистонга саломлар”, дея бизга илтифот кўрсатди ва қўлида ҳилпираб турган турк байроғини баланд кўтарганча, саёҳатчиларни ўз ортидан эргаштириб кетди. Ҳавасимиз келди. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган саёҳатчилар Туркия байроғини кўтарган йўл бошловчи — гиднинг ортидан илдамлаб кет­япти. Назаримизда, дунё Туркиянинг ортидан эргашиб кетаётгандек эди гўё…

Ватанпарварлик ва ўзаро жипслик билан боғлиқ яна бир ибратли ҳолат ҳақида айтмаса бўлмас. Биласиз, Туркия парламенти бир неча мухолиф партиялардан ташкил топган. Қонунлар қабул қилиш ёки уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва айниқса ҳозиргидек сайловлар жараёнида партиялар ўртасида жуда кескин тарзда баҳс-мунозаралар ва тортишувлар бўлади. Ҳатто, жуда кўп ҳолларда жиққамушт бўлиб кетиш ҳолатлари кузатилган. Бир томондан парламентдаги бундай фаолликдан хурсанд бўлиш керак. Чунки, узоқ тортишувлар, кес­кин танқидлар, ранг-баранг фикрлар, таклиф ҳамда мунозаралардан кейин қабул қилинган қонунларнинг умри узоқ бўлади. Чунки, ҳар битта қабул қилинаётган қонунда Туркия ва турк халқининг манфаатлари, орзу умидлари мужассам. Баъзан Туркия парламентидаги бу қадар шиддатли талашиб-тортишишларни кузатиб, жанг майдонларидаги манзараларни кўргандек бўласиз. Аммо ана шундай қизғин баҳс-мунозаралар авжига чиққан пайтда мамлакат ҳаётига четдан хавф-хатар сезилгудек бўлса, бир-бирига душман бўлиб кўринган мухолиф партиялар бир зумда, душманга қарши битта муштга айланади. Туркия мамлакати ва халқининг манфаатлари йўлидаги шарафли мақсад уларни муқаддас   ватан — Туркия атрофида бирлаштиради. Ана сизга Туркия тараққиётининг ўта муҳим ва ҳавас қилса арзигулик   сабабларидан яна бири.

 

“ОЛТИН ҚАНОТ” ҚУШЛАР ПАРВОЗИ

 

Одатда, аэропорт, автостанция ва портлар ўша шаҳар ёки юртнинг дарвозаси ҳисобланади. Туркиянинг тарихий ва гўзал шаҳри Истанбулга ҳаво йўли орқали кириб келадиган дарвозаси унинг халқаро аэропортидир. Истанбул халқаро аэропортининг   меъморий қиёфаси ўзи бир олам. Ҳудудининг катталиги бў­йича дунёда учинчи ўринда турадиган Истанбул халқаро аэропортида яратилган қулайликларни қўяверинг, таърифига тил ожиз. Йўловчилар учун ғамхўрлик юқори даражада. Ҳудуднинг кенглиги боис пиёдаларнинг чарчаб қолмаслик­лари ва учиш майдончасига тезроқ етиб олишлари учун ўзи юрар йўлакчалар хизматингизга шай, устига чиқиб, тик туриб олсангиз кифоя, у ёғига ўзи юрар йўлакча тез фурсатда манзилингизга етказиб қўяди. Аэропортнинг йўловчилар кутиш заллари, муҳташам савдо марказидаги хизмат турларининг кўплиги ва сифатининг юқорилик даражаси ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Кўрибоқ   ҳавасингиз келади. Аэропортнинг ичидаги мега савдо расталаридан истаган нарсангизни топасиз. Турк қардошларимизнинг ватанпарварликка асосланган яна бир тадбиркорлигига қойил қолмай илож йўқ. Юқорида эслатганимиз, “Муҳташам юз йил” телесериали туфайли хорижлик сайёҳлар сони ортганлигини айтган эдик. Истанбул халқаро аэропортининг савдо расталарида ўша сериал қаҳрамонлари кийган кийимлар савдоси йўлга қўйилибди. Султоннинг бош кийими, сарой хонимлари кийган либослар, давлат мулозимлари, канизаклар, қў­йинки, ўша машҳур телесериалда қатнашган барча актёрлар қиёфасидаги қаҳрамонларнинг кийимларини чет эллик саёҳатчилар қизиқиб харид қилмоқдалар. Мана сизга туризмни ривожлантириш йўлида ташланаётган ва кўпчиликнинг хаёлига келмаган дадил қадамлар. Шунинг учун илтимос, Туркияни севиб қолдим, десам мени айбламанг дегим келмоқда ва қиз-жувонларимизнинг эгнида ял-ял товланадиган қадим Марғилоннинг атласу адраслари бирма-бир кўз ўнгимдан ўтяпти. Биласиз, адрасу атласлар ипакдан   тайёрланган табиий маҳсулот. Инсон саломатлиги учун беҳад фойдали. Ёки дунёнинг қадимий ўлкалари билан бемалол беллашадиган, очиқ осмон остидаги фақат “Ичан қалъа”даги савдо расталаридагина сотиладиган чўгирманинг ўхшаши йўқлигини айтмайсизми? Риштоннинг машҳур кулолчилари бугун дунё бозорларига ўз маҳсулотларини сотаётганидан хабарингиз бор. Касбида тайёрланаётган тандирлар Америкага олиб кетилмоқда. Нега? Чунки, ўзбекнинг шунга ўхшаган миллий кийим-кечаклари ва ўхшаши йўқ табиий маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда. Шундай экан, нега туркиялик ватансевар қардошларимиздек хорижлик сайёҳлар кўпроқ ташриф буюрадиган гавжум жойларда ёки аэропортларда уларнинг сотувини йўлга қўйиш мумкин эмас? Самолётлар, тез юрар поездларда миллий либосларимиз ва маҳсулотларимиз тарғиботини видеороликлар ва альбомлар кўринишида реклама қилиш мумкин-ку. Шунинг учун ҳеч ҳам иккиланмасдан бу борада Туркия тажрибасидан ўрганишимиз керак.

…Яна Истанбул халқаро аэропорти ҳақидаги маълумотларни давом эттирамиз. Ҳар бир ярим, икки дақиқада Истанбул аэропортига дунёнинг турли мамлакатларидан “олтин қанот қушлар” келиб қўнади ва учиб кетади.Турли мамлакатларнинг тамғаси остида учиб келиб, осмонга кўтарилаётган самолётлар парвозини кузатиб, Истанбул осмонида қанот қоқаётган “олтин қанот қушлар” галасига ҳавас ва ҳайрат билан боқасиз. Турли динларга эътиқод қилувчи, турли тилларда сўзлашувчи, турли ирқ ва жинсга мансуб одамларни бирлаштираётган Истанбул халқаро аэропорти дунёнинг марказига ўхшайди, десам Туркияда яшаётган ижодкор   ватандошимиз Нодира Даврон: “йўқ, Истанбул ва унинг маҳобатли аэропорти дунёнинг қалбига айланди”, деди. Жуда фаол ва серқирра журналист Шарофиддин Тўлагановнинг ёзишича, Туркияда маданият ва туризм соҳасига катта эътибор берилади. Шунинг учун бўлса керак, бу мамлакатдаги маданият ва туризм вазири Меҳмет Эрсойнинг нуфузи Президент, парламент раисидан кейин, Ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари билан бир қаторда тураркан. Нима учун туризм вазирининг нуфузи ба­ландлигига ойдинлик киритамиз. Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, “Туркия ташриф буюрувчилар сони бўйича Франция ва Испаниядан кейин Италия ва АҚШни ортда қолдириб, учинчи ўринни эгаллаган!

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) маълумотларидан иқтибос келтирган хабарига кўра, UNWTOга аъзо давлатлар маълумотларида 2019 йилда энг кўп ташриф буюрган 10 давлат рўйхатида олтинчи ўринда бўлган Туркия учинчи ўринга кўтарилди ва даромад кўрсаткичлари билан биринчи ўринни эгаллади.

UNWTO маълумотларига кўра, Туркияга 2022 йилда тахминан 1 миллиард киши саёҳат қилган. Бу рақам пандемия туфайли 2021 йилда 447 миллион, 2020 йилда эса 409 миллионни ташкил қилган.

2022 йилда энг кўп сайёҳ келган мамлакатлар учлигига Франция, Испания ва Туркия киритилган.

Туркияда сайёҳлар сони 2020 йили 16 миллионга тушиб кетган бўлса-да, 2021 йилда 30 миллионга, 2022 йилда эса Туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг таъкидлашича, мамлакатга 51 миллиондан ортиқ   сайёҳ ташриф буюрган. Шунинг учун Туркия – дунёда туризм лидерлигини мустаҳкам ушлаб турган давлатлардан бирига айланди. Мамлакатга энг кўп ташриф буюрувчилар немислар, британияликлар, руслар ва бошқа миллат вакиллари бўлиб, сўнгги йилларда юртимиздан ҳам ушбу давлатга саёҳатга бориш истаги кучайди. Айниқса, 2021-2022 йилларда кўплаб ўзбекистонликлар ёз ойларида оилавий дам олиш учун Туркияни танлашмоқда. Жумладан, ушбу мақола муаллифи ҳам гўзал Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб қайтди. Ана шу сафар туфайли сиз ўқиётган саёҳатнома ёзилди.

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг маълум қилишича, Туркия дунёнинг учинчи йирик туризм бозорига айланди. 2022 йилда Туркиянинг туризмдан тушган даромади 2019 йилга нисбатан 19 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 46,3 миллиард долларга етди. Бу натижаларга қандай эришилди, деган саволга Нури Эрсойнинг маълумотидан жавоб топамиз.

“Туркия глобал тарғибот фаолиятини кучайтиради ва барқарорликка эътибор қаратади” Меҳмет Нури Эрсой давом этди: “Келгуси 5 йил ичида мақсадларимизга эришиш учун биз бозорни диверсификация қилиш, ўзига хос манзилларимиз ва маҳсулотларимизни глобал рек­лама қилиш билан бир қаторда, брендлаш ва барқарор туризм экотизимини яратишга эътибор қаратамиз. Туркия Жаҳон барқарор туризм кенгаши (GSTC) билан ҳукумат даражасида ҳамкорлик шартномасини имзолаган дунёдаги биринчи давлатдир. Бизнинг брендлаш ва глобал тарғибот тадбирларимиз йилдан-йилга ошиб боради. 2028 йил охирига келиб мамлакатимизнинг бутун туризм ва маданият таклифини бутун дунёга тақдим этадиган жами 9 та йўналиш ва 20 та маҳсулот суббрендига эга бўламиз. Биз хилма-хиллик ва узлуксизликни сақлаб қоламиз.

Туркия туризмни тарғиб қилиш фаолиятида баъзи бир соҳаларга эътибор қаратади; Велосипед туризми, гастрономия ва спорт туризми асосий эътибор қаратилиши керак бўлган қисмлардир. Туркия соғлиқни сақлаш туризмига ҳам алоҳида диққат қаратади ва йилнинг 12 ойи давомида ўзининг 81 шаҳрига туризм таъминотини диверсификация қилади. Археологик диққатга сазовор жойлари билан машҳур Туркия, дунёдаги энг қадимги неолит обидаси бўлган “Таш Тепелер” ҳудудида археологик қазишмаларини давом эттиради ва Анталия, Гўреме-Кападокия, Пергамон ва Измирдаги Асклепион ва Ликия йўлида янги археологик паркларни ишга туширади”.

Мана шундай катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилгани учун ҳам Туркиянинг маданият ва туризм вазири Меҳмет Эрсойнинг мавқеи шу қадар юксалди. Ушбу маълумотлардан хабар топгач, Ўзбекистонда янгитдан шу тармоқ вазири бўлиб тайинланган Озодбек Назарбековнинг ҳам мавқеи юксалиб кетса ажаб эмас, деган умиддамиз. Бунинг учун Ўзбекистонда ҳам Туркия таж­рибасидан кенг фойдаланиш кони фойда эканлигини айтишдан чарчамаймиз. Айниқса, туризм бўйича дунё эътиборини қозонган Туркиядан Озодбек Назарбековга ўринбосар лавозимига муносиб мутахассисни таклиф қилиш фурсати етмадимикан?

Мақоламиз аввалида айтиб ўтганимиздек, шу йилнинг февраль ойида кучли ер ости силкинишлари туфайли Туркиянинг бир неча шаҳарларида вайрона­ликлар кузатилди. Кўплаб турк қардошларимиз харобалар остида қолиб, бевақт оламдан ўтди. Минглаб одамлар жароҳатлар олди. Уй-жойларидан ажралди. Аммо ана шундай пайтда дунёнинг барча бурчакларидан ёрдамлар кела бошлади. Жумладан, Ўзбекис­тон Президенти Шавкат Мирзиёев ўша дамлардаёқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жаноблари билан телефон орқали боғланиб, таъзия билдирди ва зудлик билан қардошларимизга ҳар томонлама ёрдам кўсатишга киришилди. Қутқарувчилар гуруҳлари юборилди. Халқимиз ёрдам кўрсатиш учун ташкил қилинган жойларга оқиб кела бошлади. Чунки, қон-қардошлик ана шундай оғир дамларда билинади. Шундан сўнг Туркия давлати зилзиладан озор чеккан аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун кенг кўламли амалий ишларни бажаришга киришди. Жабр чекканларга ёрдам кўрсатиш жараёнлари давом этмоқда. Ана шундай мураккаб вазиятни кузатган айримлар “энди Туркияда туризм масалалари эътибордан четда қолса керак”, деган хаёлларга берилган эди. Йўқ, аксинча Туркияда   туризм билан боғлиқ янги ва янги ғоялар ҳамда ташаб­буслар олға суриляпти.

…2024 йилнинг февраль ойида Истанбулда эллик йиллик тарихга эга бўлган SITEнинг Халқаро Конференцияси бўлиб ўтади. Мазкур SITE Global конференцияси доирасида рағбатлантирувчи туризм соҳасидаги юзлаб иштирокчиларни Истанбулга жалб қилиниши кутилмоқда.

90 мамлакатда 2500 дан ортиқ аъзоси бўлган ва ярим асрлик тарихга эга SITE рағбатлантирувчи туризмнинг етакчи ассоциацияси ҳисобланади. SITE ўз сегментининг аъзолари ва мутахассислари энг муҳим халқаро тадбирни ўтказиш учун Истанбулни танладилар. Демак, Туркиянинг туризм соҳасидаги ютуқлари дунё миқёсида эътироф этилмоқда.

Буюк турк дунёси тарихидаги айрим хатоликлар, тўғрироғи беназир аждодларимиз соҳибқирон Амир Темур ва Йилдирим Боязид боболаримиз ўртасидаги Анқара жанги ҳамда “Олтин Ўрда” хони Тўхтамишхон ва Амир Темур ўртасидаги жанг туфайли шиддат билан одимлаётган туркий дунё тараққиёти бир неча аср орқага сурилиб кетди. Бунинг учун аждодларимизни айблашдан йироқмиз. Чунки, уларнинг ўртасидаги совуқ урушни келтириб чиқарганлар бегоналар эди. Буюк қондошларнинг хатоларидан айёр душманлар усталик билан фойдаландилар. Натижада дунёга даъвогар турк олами ҳалигача ўзини ўнглаб ололмади. Зўравон мамлакатларнинг мустамлакасига айланган Туркистоннинг қардош ва қондош халқлари бўлакларга бўлиб ташланди. Орадан асрлар ўтгач, қуллик занжирларидан озод бўлган мустақил ўлкалар яна қаддини ростлади. Шукурки, бир замонлар боболари қилган катта хатони авлодлари тузатди. Бугун Туркий давлатлар ташкилоти деган умидбахш суянч пайдо бўлди. Глобал замонда бирлашган ўзар, деган мақолга жиддий эътибор қаратган Туркий давлатлар ўртасида жуда муҳим шартномалар имзоланди. Туркий давлатлар ўртасида маданий-маърифий, савдо иқтисодий ҳамкорлик йўлга қўйилди. Айниқса, туризмни ривожлантириш борасида Туркия тажрибасидан кенг фойдаланиш зарур эканлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Юртимиздаги тарихий иморатлар, қадимий гумбазлар, миноралар, масжиду мақбараларнинг   дунёнинг бошқа мамлакатларидаги тарихий масканлардан кам жойи йўқ. Аксинча, бой ва устун. Ҳатто, дунёнинг саноқли очиқ осмон остидаги шаҳарлари рўйхатининг юқори поғонасида турадиган Хивадаги “Ичан қалъани”   худди Истанбулдаги “Тўп қопи” саройлар мажмуа музейидек дунё   сайёҳларининг қадами узилмайдиган даргоҳга айлантириш мумкин. Бухоро ва Самарқандда, Шаҳрисабзу Қўқонда ҳам Туркиядагидек сайёҳлик масканлари ташкил этилса, нур устига аъло нур бўлур эди. Бунинг учун янгидан Америка очишга ҳожат йўқ. Меҳмет Нури Эрсой   таъкидлаганидек “Ўзбекистонда ҳам худди Туркиядагидек туризм глобал тарғиботи фаолиятини кучайтириш ва барқарорликка эътибор қаратиш, ўзига хос манзилларимиз ва маҳсулотларимизни глобал реклама қилиш билан бир қаторда, брендлаш ва барқарор туризм экотизимини яратишга эътибор қаратишимиз керак. Уни дунё аҳлига қай тарзда етказиб, кўрсатиш йўлларини ўйлаб, каллани ишлатиш керак холос. Ўшанда Туркияга оқиб келаётган миллионлаб, миллиардлаб долларлар Ўзбекистонга келишига замин яратган бўламиз.

Рўзибой ҚЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 5 =