Тарихий ёдгорликларга муносабат шуми?
“Прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан ўрта асрларга оид ноёб маданий мерос объекти бузилиб, ўрнига уй-жой қуриб юборилгани аниқланди.
Жумладан, Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани Навкент маҳалласида жойлашган “Ўрдатепа” археология ёдгорлигининг 0,03 гектар қисми фуқаро Ж.У. томонидан ҳамда 0,02 гектар қисми фуқаро А.Ю. томонидан махсус техника ёрдамида бузиб ташланиб, ўрнига ўзбошимчалик билан уй-жой қурилган.
Оқибатда тарихий ёдгорликка қарийб 72 миллиард сўмлик жиддий зарар етказилган.
Текшириш натижасига кўра, жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда”.
…Очиғи, куни кеча ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ушбу бедодликни ўқиб, тил айланмай қолади. Нималар бўляпти ўзи?! Ўтган йили Эски Термиз манзилида буюк зот, буюк олим, тарихий шахс—Абу Бакир Варроқ Термизий қабри тўлиқ суриб ташлангани ҳақида ижтимоий тармоқларда, матбуотда бонг урилган эди. Алишер Навоий бобомиз ўз асарларида тилга олиб, юксак баҳо берган авлиё ҳоки билан бирга қадимий археологик манзилнинг маълум қисмини теп-текис қилиб ташлаган кимсаларга эса қандайдир чора кўрилгани бугунгача номаълум. Не бедодликки, бу маънавий жинояткорона иш маҳаллий раҳбарларнинг лоқайдлиги, ўйловсизлиги билан содир бўлгани айтилади.
Тарихимизга, ўзлигимизга бўлган бундай тажовузларни асло кечириб бўлмайди…
Ҳикматулло ҚОДИРОВ,
“Hurriyat” мухбири