Масъулият фақат масъулларга (ми?)

Миллат яралибдики, она тилида сўзлайди, ижод қилади, унинг қадр-қимматини улуғлашга, жаҳонаро кенг тарғиб қилишга ҳаракат қилади. Ҳар бир инсон ўз она тилининг имкониятларидан унумли фойдаланишга, унинг жозибасини, оҳанрабосини бошқа тиллардан кам кўрмайди. Ҳазрат Навоий туркий тил имкониятларини бошқа тиллардан кам эмаслигини ўз ижодида бутун дунёга намоён қилган. Бугун биз ҳам она тилимиз, унинг қўлланилиш имкониятлари, ёзилиш тартибига амал қиляпмизми?

Тилимизга давлат тили мақоми берилганига 30 йилдан ошиқ вақт ўтди. Шу вақт мобайнида тил – унинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни, миллат мавжудлигининг асосий кўриниши сифатида кўплаб қарор, фармон, ОАВ ларида кўплаб мақолалар чоп этилди, кўрсатувлар, эшиттиришлар тайёрланди.

Бугун биз она тилимизга нисбатан жуда кам эътибор қилиб, бошқа тиллардан фойдаланиш гўёки “замонавийлик”ни, “зиёлилик”ни билдиради деган тасаввурга эга бўлиб қолдик назаримда. Ҳар бир нарса юзасидан (айниқса бу миллий, маънавий мерос, қадрият масалалари билан боғлиқ бўлса) қонун қабул қилиниши, жамият ҳаётида миллий-маънавий мероснинг қадриятларнинг қашшоқлашувидан, йўқолиб бораётганлигидан далолат. Аслида бизнинг халқимиз, миллатимизга хос бўлган менталитетимизда, азалий қадриятларда ёзилган қонунлар эмас, ёзилмаган маънавий, ахлоқий хислатлар бирламчи ўринда турган.

Бу ўринда Президент томонидан имзоланган янги қабул қилинган ва шу йилнинг 9 сентябридан кучга кирган “Реклама тўғрисида”ги қонунни мисол тариқасида кўрсатишимиз мумкин. Ҳужжат билан реклама тилига, шунингдек, унинг мазмунини бошқа тилларга таржима қилишга нисбатан янги талаблар белгилаб берилди. Аввалги “Реклама тўғрисида”ги қонун 30 моддадан иборат бўлган бўлса, янги қонун 53 моддадан иборат.

Аввалги қонуннинг 5-моддасида Ўзбекис­тон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекис­тон Республикасининг давлат тилида ёки рек­лама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади. Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин, — деб белгиланган эди. Янги таҳрирдаги қонуннинг 6-моддасида реклама Ўзбекистон ҳудудида давлат тилида тарқатилади (айрим ҳолатлар бундан мустасно), — деб белгиланган. Бу жамият ҳаётида тилга эътиборсизлик янада кучайганлигидан далолат назаримда.

Бугун кўча-кўйда, турли бино ва йўл четидаги афишаларда, баннерларда, рек­лама роликларини ўзбек тилида эмас асосан рус, инглиз ва ёки бошқа тилларда берилиши тилимизга нисбатан бизнинг муносабатимизни ифода этиб турибди.

Буни биз Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрининг Марказий кўчаларида “VIP studio”, “MANGO BURGER”, “FAMILY SHOP”, “SPORT ZONA 13”, “Klassniy – Kolbasniy”, “BEAUTY SALON”, “MAJOR BUTIK”, “FRIENDS”, “VODKA”, “Creative” , “BARBER SHOP” кабиларда кўришимиз мумкин.

Юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар тилимизга эътиборнинг оддий кўриниши бўлсада, уни ҳар куни минглаб одамлар кўради. Улар ҳам ташкилот, корхона ва ёки жой номлари бошқа тилларда “жимжимадор” бўлар экан, деган хулосага келиши табиийдир.

Шу сабабдан бугунги кунда бу каби ҳолатларга чек қўйишни янги, янада кенгроқ қонун билан белгилаган эканмиз, нафақат реклама соҳасида, балки барча жабҳаларда ҳам она тилимизга ҳурмат туйғусини шакллантиришни масъуллар зиммасига юкламасдан, ҳар биримиз бунга ўзимиз масъулмиз, деб ҳаракат қилсак мақсадга мувофиқ бўларди.

Баҳром БОЙМУРОДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 1 =