Кўкбўри

Холмуҳаммад Каримий

 

Муаллиф ҳақида:

Холмуҳаммад КАРИМИЙ — 1966 йилда Қумқўрғон туманидаги Шерози қишлоғида туғилган. 1995 йилда ЎзМУнинг филология факультетини тамомлаган. Ёзувчининг “Ҳурайро”, “Ҳурлиқо”, “Буни ҳаёт дейдилар”, “Овунчоқ тош”, “Уруш кўрган одамлар” сингари насрий китоблари чоп этилган. Муаллифнинг “Самарқанд фасли” қисса ва ҳикоялар китоби эса яқинда Туркияда нашр этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Кўкбўри

(Ҳикоя)

Ҳисор тоғ этагидаги қишлоқ. Нур­али чўпон одатдагидек хуфтондан кейин қўтонни кўздан кечириб қайтар чоғ осмондан бир нур ўқдек учиб бориб Кийикмозорнинг ғорига кириб кетгандек бўлди. Чўпон ҳайрон, ҳеч бунақасини кўрмаган, ўйлай-ўйлай уйга келиб ётди. Чала ўлган илондек тўлғониб тонг­­га интизор бўлиб бомдод маҳали нур сирини билиш учун жўнади. Қўлида таёғи, белида пичоғи билан ҳансираб чўққига чиқиб борганда қуёш юз кўрсатган эди. Шу маҳал ғор тарафдан ғингшиган товуш эшитилди. Эҳтиёткорлик билан ғор томон аста-аста қадам ташлади. Ғор оғзида катта тарғил бўри олдоёқларига бошини қўйганча ўлиб ётибди экан. Унинг ўликлигини бир кўришда пайқаган бўлса ҳам қаттиқ сесканиб, беихтиёр ортига тисарилди. Ўзини ўнглаб пичоқни бир қўлга, таёқни иккинчисида маҳкам тутиб теваракни кузатди. Бу гал ғингшиган овоз яқинидан эшитилди. Бўрининг танасини таёқ билан туртиб кўрганди ён томонга ағанаб тушди. Қотиб қолган танадан билдики, анча олдин ўлиб қолган. Бўрининг шеригини ахтариб теваракни яна кўздан кечиргач, жондорнинг очиқ қолган кўзларида қандайдир бир илтижо қотиб қолганини аниқ пайқади. Энгашиб қарагандагина унинг эркак бўри эканлигини билиб ажабланиш баробарида она бўри қаерда, деган ҳадик олди. Аммо ўлган бўрининг тагида икки ўлик бўри боласига кўзи тушгач, баттар қўрқиб кетди. Бундай пайтлари она бўри қутуриб кетади. Шу пайт бўри болаларидан бири ғингшиди. Биттаси тирик экан. Кулранг юнгли ғалати бир бўри боласи. Нурали чўпоннинг кўзига қандайдир жозибали кўринди. Уни таёқ билан қимирлатганди ундан нур таралиб кетгандай бўлди. Чўпон ҳайратда. Ота бўрининг сонидан қон сизиб қотиб қолганини кўрганда эса беихтиёр “эҳ” деб инграб юборди. Она бўри овда ҳалокатга учраган, арлони бир амаллаб уяга етиб келгану болаларини бағрига олиб жон бергани кундек равшан бўлди. Бу бўрининг не хислати борки, нур шу ғорга тушди, энди бўри боласида жилваланиб турибди. Шуларни ўйлаб тунда келолмаганига ачинди. Бечора зорланиб ёрдам сўраётган ҳолида жон берган экан-да. Лекин бу сирли манзаранинг маъносига ақли етмади. Шундай бўлса ҳам ҳушёрликни йўқотмай яна теварак-атрофни бир сидра кузатди. Кўзлари эндигина очилган бўри боласи ғингшиб қўймоқда. Бўри боласининг бошини чиқариб тўнига ўради-да, бўри ва бўри боласини пичоғи билан ер ковлаб кўмди. Ғингшиётган бўри боласи типирчилаб чопонни тепкиларди. Балки, бу ҳайвоннинг миннатдорлик аломатидир. Тамизли, зийрак феъл чўпон табиатга, ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатига жуда эътиборли муносабатда бўларди. Бугунги ҳолатнинг ортида ҳам сирли бир хайр борлигини илғагандек эди. Шу сабаб бўрининг ёрдам сўраб очиқ ҳолда қотиб қолган кўзи учун уни кўмиб кўнгли тинчигач, бўри боласини олиб уйига жўнади.

Уч ўғли бу овунчоқдан роса қувонишганидан илҳомланиб эр-хотин бир амаллаб бўри боласига қўй сутидан ичиришди. Шу зайл у тирик қолиб улғая бошлади. Яна болалар учун зўр эрмак. Қизиғи, шу бўри боласини уйига олиб келган кунидан бошлаб рўзғорига айрича бир барака кирганини ҳис этди, ҳатто хотинидан бунинг тасдиғини бот-бот эшитди. Айниқса, кенжаси Жонпўлат ундан ажрамай қўйганидан тусмоллаб шу ўғлига Худо бир насиба қилиб бердимикан, дея кўп ўйлайди. Негадир, бўри боласи ҳам унга эликди. Ундаги нур ҳар кимга ҳам сезилавермаганиданми, ё бўрилардан чўчишгани учунми, ишқилиб, одамлар бўрини асраш ёмон хосият сифатида гапиришади. Шу тахлит йиллар ўтди. Бўри боласи каттакон кўкбўри бўлиб етилди. Жонпўлатнинг доимий ҳамроҳи. Акалари улғаявергач бўрига эътиборсиз бўлганидан ота кўкбўридаги нурнинг баракаси кенжага аталганига гумон қилмай қўйди. Кўкбўри бошқа итлар билан бирга ўсганидан улар билан аралашиб юраверарди. Одамлар ҳам уни ит сифатида қабул қилиб, бепарво бўлишганидан отанинг кўнгли тинч эди. Вақти замони келиб чўпон ўғилларини кетма-кет уйлантирди. Кенжа келин ҳам бўрига ғайрлик қилмаётганини сезиб роса қувонди. Ҳақиқатан уларга насиба экан, деб қатъий қарорга келиб ҳам бўлганди.

Бир куни уларнинг овулида шовқин-сурон бошланди. Сабаб ўртанча ўғилнинг қўрасидаги қўзилардан бирини бўғизлаб кетган бўри кенжанинг “кўкбўри”си эмиш. Ғавғо кўтарган келиннинг товушидан аввалига овсинлари, кейин овулдаги қўшнилар ҳам бирин-кетин йиғилишиб қолишди. Муҳокама каттариб бораркан, шу пайт қўтондан қайтган кенжа кўкбўрини эргаштириб келиб қолди.

Худди шуни кутиб турган жабрдийда келин уларга ташланди. Кўкбўри қочиб узоқроққа бориб тишларини такиллатиб ириллаганди. Кўкбўрининг бу қилиғидан унинг йиртқичлиги қўзиганига шубҳа қолмади. Шу билан ғажиб ташланган қўзи ҳамманинг эсидан чиқиб кўкбўрини ўлдириш масаласи ўртага чиқди. Ниҳоят, кун пешиндан оққанда тараф-тараф бош­ланиб бутун овул оёққа турган. Сал бўлмаса ака-укалар бир-бири билан жиққа мушт бўладиган. Нурали чўпон можаро устига келиб қолмаганида ёмон ҳолат юзага чиқиши турган гап эди. Чўпон эса ҳеч бирига танбеҳ бермасдан бу воқеанинг ҳикматини ўйлади: нур бежиз менга кўринмади. У бўри боласида турибди. Балки, кенжамга аталган насиба бўлса, жанжал ишора эмасмикин?

Шу хаёлда Нурали чўпон кўкбўрини кўриши кераклигини айтиб, салла печини елкасига ошириб ташлаб қўйди-да, соқолини тутамлаб-тутамлаб ўғли ишора берган томон юрди. Йиғилган эркагу аёл сукутда уларни кузата бош­лади.

Кенжаси билан бориб кўкбўрига узоқ назар қилиб, разм солар экан, унинг пешонасидаги нур бир-неча марта жилваланиб кетди. Ана шунда жонивор айбдор эмаслиги, аксинча, бу насибанинг эгаси аниқ бўлганини билди:

– Жонпўлатим, овулдан кетмасанг бўлмайди-ёв. Сенга васиятим шуки, оиланг билан кўкбўрининг ортидан кетавер, у сенга йўл кўрсатади. Қилич белингдан тушмасин, ортингга қарама.

Ўғил сўзсиз итоат этди. Оғироёқ келинни она кузатди. Шу билан можаро сув сепгандек тинчиди.

Ҳисорнинг этагида Сурхон дарёси шарқираб оқиб ётади. Дарё бўйлаб қоронғу тушгунча юрдилар. Тунда яйдоқ яланглик топиб жой ҳозирлаб ётди. Эрталаб кўкбўри ортидан яна йўлга тушди. Шу зайл дарёдан кечиб ўтиб Боботоғ қирларига ўрлаб боришарди. Бу томонлар кенг яйлов экан, мўл-кўл ўт-ўлан ўсадиган қирлар бўйлаб кетиб боришарди. Бир куни катта бир сойдаги очиқ майдонга етиб бориб кўкбўри чўнқайиб ўтириб осмонга қараб увлади. Кейин атрофни айланиб келиб увлаган жо­йида ётиб олди. Эр-хотин шу ерга қўшини тушириб жой ҳозирлашга тушди. Одатдагидек тун осуда эди. Кўкбўри ёнларида бўлганидан бехавотир уйқуга кетдилар. Бирор шарпани сезса жонивор ириллаб хабар бериши аниқ. Аммо эрталаб уйқудан туриши билан иккиси ҳам ҳайратда қолишди. Атроф тўла қундуз. Бу мўйнали жониворлар қаердан келганига ақли етмай ҳайрон. Бу насибадан қувончи ичига сиғмай кетган Жонпўлат уларнинг терисини шилишга киришди.

Хотини тайёр териларни қуритиш учун бирин-кетин буталарга илиб чиқди. Чўпон оилада тарбия топган ёшлар бундай ишларни кўриб кўзи пишган. Жонпўлат тайёр териларни елкага осиб кўкбўрини хотини олдида қолдирган кўйи дарё бўйидаги қишлоққа қараб йўл олди. Қишлоқдан ёрдамчи ёллаб бозорга жўнади. Ишларни битириб қайтгач, қишлоқ кексалари билан учрашиб бўлган воқеани айтиб бунинг сирини сўради. Кексалар зўр гап айтди. Бу тоғнинг икки тарафида икки дарё оқар экан. Бири Жайҳун, бири Сурхон. Ана шу икки дарёдаги қундузлар йилнинг маълум тунлари гала-гала бўлиб шу маконда жуфтлашишга келар эмиш. Шу кеча келган гала уларнинг ризқи бўлиб чиқди. Жуфтлашгани келган қундузларни бир-бирига етишмасидан унинг кўкбўриси ов қилгани чиқибди. Шу билан Жонпўлат отамакондан узоқларда насибадор бўлиб қолди. Ана шунда отасининг нима сабабдан кўкбўри ортидан кетавер, деганига тушунгандек бўлди. Шу сабаб кўкбўрига меҳри янада ортиб, уни эр-хотин парваришлашда давом этди. Йиллар ўтиб бойигандан бойиб боришарди. Ҳатто ҳамма унинг равиши билан иш тутадиган, маслаҳат сўрайдиган обрў-эътибор эгасига айланди. Бу орада оғироёқ келиннинг кўзи ёриди. Ўғил фарзанд дунёга келиб, Худо берган баракали ризқ-насибалар шукронасига фарзандига Худойберди исмини қўйишди. Кейинчалик ҳам кўкбўрининг баракали ишларда сабаб бўлаётганига бу оила кўп бора дуч келди. Худойберди алпонг-талпонг қадам ташлаши билан кўкбўри билан ўйнайдиган бўлгани эса отанинг қувончига айланган. Келин сал ҳадиксираса-да кўкбўрининг юввошлигини кўриб тинчланарди.

Ҳисор тарафларда Нурали чўпон оиласида бир ғариблик сезилгани аниқ. Кенжаси билан барака кетиб қолгандек. Бироқ ота-онадан бошқалар ўз тақдири, ўз ҳаётига кўмилиб яшашда давом этаётганидан шубҳали ўйлар юзага чиқмас. Орадан уч-тўрт йил ўтиб кетган, онанинг соғинчи кучайганидан эрини тек қўймай йўлга тушишга ундар. Эр эса пайсалга солгани-солган. Ниҳоят, ота ҳам йўлга тушишга рағбат сезиб отланди. Сўроқлаб юриб ўғлининг дарагини эшитиб уларни топиб борган-да ўғли билан келини соғинчини кўринг-да. Нурали бобо неварасини қучар экан, бир қувончига минг қувонч қўшилди. Меҳмондорчилик мароми етган. Отанинг кайфи чоғ. Атрофдаги кексалар йиғилиб келиб меҳмон билан узоқ суҳбат қурдилар. Буларнинг баридан қувонар экан, кўкбўридаги нур ҳамон унинг пешонасида турганини пайқаган отанинг ичи эзилди. Ёши ҳам бир жойга бориб қолган бўлса. Худо унга аломатлари билан бир ризқ берган эди-ю, адашиб уни кенжага меҳрим зиёда бўлгани учун бериб қўймадимми, деган қўрқув кўнглига тушди. Балки, катта ўғилларига аталгандир. Меҳр одамни алдайди. Мен омонатни ўз эгасига бермаб­ман деган хаёлда боши қотган. Бу нур қай бир ўғлига аталган?

Бир куни эрталаб туриб ўғли ва келинига уйга қайтиш вақти бўлганини айт­­ди. Хижолатлик билан ўғлига бир гапи борлигини билдирди:

– Совға-саломингни ортмоқлаб юрмай, бизда ҳаммаси етарли. Хоҳласаларинг бирга олиб кетаман. Шу ерга ўрганган бўлсаларинг унда ҳам истакларинг. Аммо болам силардан бир илтимосим бор.

– Отажон, ҳеч ўйламай айтинг, бизнинг оила сизнинг мулкингиз, – деди Жонпўлат. – Эътироз ҳақида ўйламанг. Элнинг меҳрини қозондик, шулар билан қолишни маъқул кўрсангиз ҳам, юр десангиз ҳам розимиз.

– Мен силарни бу элдан ажратишни ўйламадим. Шу элдан меҳр топибсилар, эл билан бирга бўлинглар, – деди ич-­ичидан эзилиб. Аммо қийналиб узоқ ўйлангач, – кўкбўрини олиб кетмоқчиман. У қарибди. Уни ўз маконига олиб борай.

Ўғли ҳеч иккиланмай рози бўлди. Отаси отлангач, кўкбўрини чақириб унинг бўйнига сиртмоқ солди. Арқоннинг учини отага узатди. Нурали чўпон паришон ҳолда от устида арқонни маҳкам ушлаб хайр-хўш қилганча йўлга тушди. Келин ҳам боласини етаклаб кузатиб қолди. Кўкбўри итоаткорлик билан отга эргашди. Нурали чўпон ич-ичидан инг­раниб, кўкбўрининг ҳаракатини кўрганда хато қарор чиқарганидан ўкинди. Кўкбўрининг пешонасидаги нур қайси фарзандига аталганидан боши қотиб хаёлга берилган кўйи борар чоғи кўкбўри қаттиқ силкиниб уни отдан йиқитиб юбораёзди. Икки қўллаб отнинг ёлига ёпишиб йиқилмай қолди-ю, қўлидан арқон бўшаб кетди. Арқон судраган кўкбўри даҳшатли ириллаб қўра олдида ётган катта қўчқорга чанг солиб бир ҳамлада бўғизлаб ташлади. Нурали чўпон ҳанг-манг, ўғли ва келини чинқириб югурган. Типирчилаётган қўй эътиборини тортган чўпон, қўйни ҳалоллаш учун отдан тушасолиб белидан пичоғини олиб чалажон қўйни бўғзига тортиб юборди. Шу пайт болалари ҳам етиб килишди. Кўкбўри қочиб кетган. Нурали чўпон қаттиқ афсус қилди. Пешонадаги нурига алдандим, бу ёлғон нарса экан, дея ўғлига қараб бош чайқади. Уст-бошига қон сачраганини кўрган келин қайнотасини уйга бош­лади. Шу пайт невараси турган жо­йида кўринмагач, қаттиқ қўрқувга тушган бобоси, боланг қани, кўкбўри-чи, дея аянчли товушда қичқириб юборди. Буни эшитган ўғил ҳам, келин ҳам қўрқувдан жой-жойида тош қотиб қолган. Нурали чўпоннинг ўзи уй томон югурган. Ўтовнинг ёнида хотиржам ўйнаб ўтирган неварасига кўзи тушгачгина қўрқуви босилиб унинг олдига борди. Болакай олдида ётган кўкбўрининг бошини силаб ўтирарди. Бояги йиртқичнинг бу ҳоли Нурали чўпонни ҳайрон қолдирди. Авайлаб болани олмоқчи бўлганида унга кўкбўри аянчли ўтмишни эслатиб юборди. Шунда бутун ўй-хаёли чувалашиб неварасини кўтариб олмоқчи бўлган узанган қўллар ҳавода қолди. Боланинг пешонасида нур жилваланиб турарди. Кўкбўри эса омонатни эгасига етказдим дегандек илтижоли ҳолатда кўзи очиқ ўлиб ётарди. Шу пайт ўғли ва келини ҳам чопиб етиб келдилар.

Ота болаларини тинчлантиргач, кўкка қараб қўл очди.

– Худойбердига Худо берган экан. Насиба эгасини топди. Ўғлим оиланг­­ни маҳкам тут, менда армон қолмади.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =