Ўзбек ва тожик халқи бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғи

Ўзбекистон ташқи сиёсатида дунё мамлакатлари, энг аввало, қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилаётгани, хусусан, Тожикис­тон Республикаси билан турли соҳалардаги алоқалар тобора юксалиб бораётгани эътирофга молик.

Дарҳақиқат, ўзбек ва тожик халқи бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига қиёсдир. Бизнинг динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Бир мақсад йўлида бирлашган ҳолда, қувончу шодлигимизда ҳам, қайғумизда ҳам доимо биргамиз.

Аждодлар анъанасига содиқ қолган ҳолда, халқларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамламоғимиз шарт, бу давр, тараққиёт талаби.

Таъкидлаш жоизки, айни кунда Ўзбекистонда 300 га яқин умумтаълим мактабида тожик тилида дарс берилади. Бир қатор ўрта ва олий таълим муассасаларида, жумладан, Самарқанд ва Термиз давлат университетларида эса тожик филологияси бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қў­йилган. Тошкент шаҳри ва вилоятларда тожик маданият марказлари самарали фао­лият юритмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, кўп миллатли юртимизда тожик ва тожикзабон биродарларимизга ҳурмат ва эҳтиром сифатида Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси муассислигидаги “Овози тожик” газетаси нашр этилиб келинмоқда. Ӯнга яқин шаҳар ва туман нашрларининг тожикча саҳифалари бор. Марказий ва ҳудудий телеканаллар ва радиоэшиттиришларда тожик тилида кўрсатувлар ва радио эшиттиришлар доимий эфирга берилмоқда. Ўтган йили Самарқандда чоп этиладиган “Овози Самарқанд”   газетасининг 30 йиллиги кенг нишонланди. Бу нашр жамоаси Журналистлар уюшмаси томонидан ўтказиладиган “Олтин қалам” танловининг босма нашрлар номинацияси бўйича ғолиби ҳисобланади.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 7 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Тожикис­тон Журналистлар иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Тожикистон Журналистлар иттифоқи томонидан бир гуруҳ журналистларга Уюшмаларга аъзолик гувоҳномалари ҳамда кўкрак нишонлари тантанали вазиятда топширилган эди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ҳар йили икки мамлакат журналистлари делегацияларининг ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ижодий сафарларини уюштириш имконияти яратилди.

Хусусан, Тожикистон Журналистлар иттифоқи раиси Зинатулло Исмоилзода Ўзбекистонга ташрифи давомида Самарқандда ҳам бўлиб, вилоятдаги оммавий ахборот воситалари фао­лияти билан яқиндан танишди. Хусусан, “Овози Самарқанд” газетаси, “Дурдонаи Шарқ” журнали тожик тилида, “Самарқанд” ва “Гулобод тонги” газеталари ўзбек ва тожик тилларида чоп этилаётгани, вилоят телерадиокомпаниясида тожик тилида кўрсатув ва эшитти­ришлар эфирга узатилаётгани, шунинг­дек, бир қатор сайт ва ижтимоий тармоқларда тожик тилида хабар ва мақолалар бериб борилаётганини юқори баҳолади.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан икки мамлакат журналистлари ҳамкорлигини ҳудудлараро янада кенгайтириш ва доимий йўлга қўйиш бўйича ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда, жорий йилнинг 11 март куни Тожикистон Матбуоти куни ва тожик матбуотининг 110 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ сирдарёлик журналистларнинг Тожикистон Республикаси Суғд вилоятида ижодий сафарда бўлганини, улар Тожикистон Матбуоти кунига бағишланган байрам тантаналарида иштирок этганини эслатиб ўтиш жоиз.

Бундан кўзланган асосий мақсад икки қўшни вилоят журналистлари ўртасида ўзаро дўстлик ришталарини янада мус­таҳкамлаш, ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба алмашишдан иборат, албатта.    

Ҳамкорликнинг яна бир ёрқин мисоли сифатида шуни қайд этиш керакки,   “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловда тожикистонлик журналистлар ҳам фаол қатнашмоқда. 2021 йилдан бошлаб уларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси танловнинг асосий йўналишига киритилди. Журналистика соҳасида “Олтин қалам” XV танлови   ғолиб ва сов­риндорлари сафидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланиш жараё­нини Тожикистонда кенг ва таҳлилий ёритиб келаётган, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар ривожига қўшаётган ҳиссаси учун 2021 йили Тожикистон Республикаси ҳукумати қошидаги Телевидение ва радио қўмитаси “Овози тожик” радиоси ўзбек бўлими катта муҳаррири Атобек Ғоибов ғолиб­ликни қўлга киритган бўлса, бу йил Тожикистоннинг “Халқ овози” газетаси мухбири Ўринбой Усмон “Олтин қалам” мукофотига муносиб топилди.

“Сариосиё” газетаси таҳририяти ва Тожикистонда нашр этиладиган “Диёри Турсунзода” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан дўстликни тараннум этувчи газетанинг махсус сони чоп этилгани бу ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди, десак муболаға бўлмас.

“Диёри Турсунзода” газетасининг махсус сонида ҳар икки халқнинг туташ тақдири, маданияти, урф-одатлари ҳамда икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг ёритилиши дўстлик алоқалари ва журналистларнинг ўзаро ижодий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишида муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.

Мана, 12-16 октябрь кунлари бир гуруҳ ҳамкасбларимиз – телевидение, радио, босма ва интернет нашрлари ходимларидан иборат ижодкорлар Тожикис­тонга ижодий сафар қилишмоқда. Тожикистон Журналистлар иттифоқи таклифига биноан 5 кун давомида мамлакатдаги қатор ижодий жамоалар хусусан, газета-журнал таҳририятлари, телерадиокомпаниялар фао­лияти билан танишиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Суғд эркин иқтисодий зонасида бўлиш, Гулистон ва Турсунзода шаҳарларига бориш, мамлакат пойтахти — Душанбе шаҳрига ижодий саёҳат уюштириш, Тожикистон алюминий заводи музейи билан танишиш, Нурек шаҳри,   Нурек ГЭСида бўлиш, “Тожикфильм” ва бошқа ижодий ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишиш кўзда тутилган.

Ҳамкасбларимиз айниқса, Тожикис­тоннинг қадимий гўшаларига, улуғ зотлар қадамжоларига бориш, зиёрат қилиш каби режалар ташриф дастуридан жой олганлигидан хурсанд. Энг муҳими, тожикистонлик ижодкорлар, зиёлилар билан бўладиган учрашувлар, тажриба ва фикр алмашишлар ўзаро ижодий ҳамкорлик ришталарининг яна мус­таҳкам қанот ёзишига хизмат қилади.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон

Журналистлар уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =