“Ўзбекистон – менинг иккинчи Ватаним!”

Фазодан қараганда бир мушт бўлиб турган Ер шарида қанча миллатлар ўз кечмишини кечирган, кечираётир ҳам. Жаҳон аҳкомини зулматда асраб келаётган нарса дўстлик эканлигини бир-бирига қўл берган эллар мисолида кўрамиз. Бу шонли тарихимизда қардош халқлар ўртасида меҳр-оқибатга асосланган борди-келдилик ҳамиша эзгуликка хизмат қилган. Бугунги кунда юртимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиб келади. Улар орасида озарбайжонлик қардошларимиз ҳам кўп.

Гулу Кенгерли ўтган асрнинг сўнггида хизмат тақозоси билан Ўзбекистонга келди. 24 йил мобайнида Озарбайжон ахборот агентлигининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мухбири лавозимида ишлади. 2010 йилда хорижлик журналистлар орасида Ўзбекистон ҳақида жуда кўп ёритган муаллиф сифатида “Олтин қалам” Миллий мукофоти ғолибларидан бирига айланди. Бу ерда бир қатор китоблар, мақолалар чоп эттирди. Айни пайт­­да суҳбатдошимиз билан гурунгимиз Ватан, миллат, адабиёт, маданий ҳамкорлик мавзулари атрофида кечди.

– Инсон учун Ватан туйғуси муқаддасдир. Сизни эъзозлаган, асраган юртни севиш эса бурч. Озар халқининг ўғлони, ўзбекнинг жўмард адиби Мақсуд Шайхзода даврнинг заҳмату ситамларини хўб тотиган, умри маълум вақт сургунларда ўтган бўлса-да, шу юртни алқаб, севиб яшайди. У ҳақида шеъру достонлар битади. Унинг, айниқса, “Менинг икки Ватаним бор, бахтли эмасманми?” деб айтмиш сўзлари машҳур. Сиз ҳам Озарбайжонда туғилиб, Ўзбекистонда яшаб келяпсиз. Демак, Ўзбекистон ҳам сизга Ватан қаторида, шундай эмасми?

– Албатта, Ватан танланмайди. Ватан бу Аллоҳ томонидан инсонга берилган буюк инъом. Тақдир битиги. Ҳар бир иймонли, виждонли инсон туғилган ва яшаган Ватанини ардоқлайди. Бизнинг энг машҳур муғомлардан бири “Баёти Шероз” муғомида шундай сўзлар бор:

Ватанин севмаган инсон ўлмас,

Ўлса-да, ул кимсада виждон ўлмас.

Мен 1957 йилда Ғарбий Озарбайжоннинг Даралаёз мавзесида туғилганман. Озарбайжон давлат университетининг журналистика факультетини битириб, радиода ўз фаолиятимни бошладим. 1998 йилда Озарбайжон ахборот агентлигининг Марказий Осиёдаги мухбири сифатида Тошкентга ишга жўнатилдим.

Шу тахлит тақдирим Ўзбекистон билан боғланди. Шу юртнинг тузини ичдим, нонини едим. Шу ерда ижод қилдим. Ўзбекистоннинг “Олтин қалам” Миллий мукофотини олишга муяссар бўлдим. Бу мукофотни ҳамюртларимиз орасида олганим билан ҳақли равишда фахрланаман. Чорак аср ичида ўнлаб, юзлаб дўстлар орттирдим. Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудини кезиб чиқдим. Ўзбекистоннинг табиати, тарихий ёдгорликлари, танти ва меҳмондўст халқи билан яқиндан танишдим. Шу билан бирга, бу юртда яшаб келаётган ватандошларим билан мулоқотда бўлдим.

Фарзандларим шу ерда улғайишди. Ўзбекистондек гўзал юртни севмай бўладими? Бу ерда юрсам Озарбайжонни, Бокуда юрсам Ўзбекистонни соғинаман. Шу боис, Ўзбекистонни ҳар доим иккинчи ватаним деб биламан. Биласизми, ҳатто дўстларимга айтадиган дил изҳорларим бор. Ўзбекистонлик дўстларим Озарбайжонга борадими, ёки Озарбайжондан Ўзбекистонга меҳмонлар келадими, уларга шундай дейман: “Ватандан – ватанга!”.

Бу сўзлар дўстларим орасида қанотли иборага айланганига неча-неча йиллар бўлди…

– Хабаримиз бор, сиз узоқ йиллардан бери ноширлик фаолияти билан ҳам шуғулланиб келасиз. Яқинда Ўзбекистонда яшаган ва яшаётган ҳам­юртларингиз ҳақида китоб ёздингиз. Ана шу китоб ҳақида тўлароқ маълумот берсангиз.  

– Мен илгари ҳам Озарбайжоннинг янги тарихидаги қора кунлар ҳақида бир қанча китоблар ёзганман. Ўзбекистонда ҳам асосий фаолиятим билан параллел равишда бадиий ва публицистик ижод билан шуғулландим. Шу кунгача озарбайжонлик шоир ва ёзувчиларнинг асарларини Ўзбекистонда чоп этишга муносиб ҳисса қўшдим. Шу кунгача Анор, Элчин, Юнус Ўғуз, Воқиф Султонли, Ҳидоят, Собир Рустамхонли сингари ўнлаб озарбайжон адибларининг асарларини ўзбек таржимонлари ёрдамида чоп этдик. Шу билан бирга, 2010 йилда ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарларидан иборат тўпламни Озарбайжонда чоп эттирдим. Озарбайжон ёзувчилари ва шоирларининг антологияларини ўзбек ўқувчиларига тақдим этдик. Бу борада Бобохон Муҳаммад Шариф, Файзи Шоҳисмоил, Усмон Қўчқор, Тоҳир Қаҳҳор, Шаҳло Қосимова, Рустам Жабборов сингари дўстларимиз менга яқиндан ёрдам беришди. Ўз фаолиятим давомида Озарбайжон олимлари, ёзувчилари, шоирлари асарларининг ўзбек тилига таржимасини ўз ичига олган 33 китобни нашр эттиришга муваффақ бўлдим.

2016 йилда Озарбайжонда нашр этиладиган “Каспий” журналининг Ўзбекис­тонга бағишланган махсус сонига баҳоли қудрат кўмак бердим. Тошкентга келган илк кунларимдан бошлаб, Ўзбекистонда туғилган, шу ерга келиб яшаб қолган ва шу мамлакат равнақига ўз ҳиссасини қўшган озарбайжонлар ҳақида материаллар тўпладим, уларни Марказий Осиё­нинг бош­­қа ўлкаларида яшаган ҳамюртларимиз ҳақида маълумотлар билан бо­йитдим. Натижада катта бир китоб юзага келди. Бу китобда сўнгги 5-6 аср давомида Ўзбекистон заминига келиб қолган ёки шу ерда туғилиб ўсган ватандошларимиз ҳақидаги сара мақолалар ўрин олган. Китоб ўзбек ва озарбайжон тилларида босилиб чиқди. Ҳали бу борадаги изланишларим давом этяпти. Маълумотлар жуда кўп. Насиб этса китобнинг кейинги нашрларида яна қўшимча маълумотлар киритилади. Бу китоб “Унутилмаган ўтмиш тарихга айланади” деб номланди. Бу менинг 10 йиллик изланишларим натижасидир. Асарда тарихий воқеаларни қаламга олиш билан бирга, ўша қийин пайт­ларда бир бурда нонини озарбайжонлар билан бўлишган, уйидан жой берган, не-не одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган бағрикенг, улкан қалб соҳиби бўлмиш ўзбеклар ҳақида қалбимда эъзозлаб келаётган туйғуларимни, юрак сўзларимни битганман. Шу кунларда “Унутилмаган ўтмиш тарихга айланади” деб номланган китобимдаги қатағон қурбонлари тақдири ҳақидаги бўлимни янада бойитиб, кенгайтириб, алоҳида китоб ҳолида чоп этиш ниятидаман. Чунки, айтганимдек, маълумотлар ҳали анчагина. Айни пайтда “Сургун” деб номланадиган китоб устида ишлаяпман. Умид қиламанки, буларнинг барчаси келгуси авлодлар учун аждодлар тақдирини ўрганишда бир манба бўлиб   хизмат қилади.

– Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ҳар томонлама алоқалар йил сайин ривожланиб бормоқда. Сизнингча, адабий дўстликни янада мус­таҳкамлаш учун нималар қилиш керак?

– Дунёда бир-бирига яқин халқлар кўп. Аммо озарбайжон ва ўзбеклар сингари бир-бирига тили, дини, маданияти, урф-­одатлари ўхшаш халқларни топиш қийин.

Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари натижасида азалий алоқаларимиз янада ривожланиб, тараққий этиб бормоқда. Хусусан, Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиевнинг Тошкентга ташрифи муносабати билан пойтахтда халқимизнинг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев номи билан аталадиган хиёбон очилди. Бир неча йилдан бери Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузурида Ҳ.Алиев номидаги Маданият маркази фаолият кўрсатмоқда. Ҳар йили қатор маданий тадбирлар, конференциялар, учрашувлар ўтказилмоқда.

Сўнгги йилларда халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар янада мус­таҳкамланиб боряпти. Бу борада, албатта биз ижодкорлар, ёзувчи ва шоир­ларнинг ўз ўрнимиз бўлиши керак. Ижодий учрашувлар, хизмат сафарлари, йўл очеркларини кўпайтириш керак. Борди-келдиларимиз кўпайса, муносабатлар ҳам теранлашади. Ҳозирги кунда ахборот интернет маконида ривожланяпти. Турли янги-янги телеграм каналлар, сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар, саҳифаларни кўпайтириш керак. Ўзбекис­тонда озар, Озарбайжонда ўзбек тилларини ўрганиш бўйича ишларни чуқурлаштирсак янада яхши бўларди. Ҳозирги давримизда ҳам Ғафур Ғулом ва Самад Вурғун, Зулфия ва Марварид Дилбозийлар ўртасидаги дўстлик ришталари каби тарихда қоладиган абадий дўстлик алоқалари кўпайиб, мустаҳкамланиб, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштириш йўлида хизмат қилишини жуда ҳам истардим.

– Ўтган аср бошларида аждодларимиз Буюк Турон бирлиги ғоясини ўртага ташлашганди. Шунингдек, ке­йинги йилларда туркий давлатлар ташкилоти доирасида кенг қамровли алоқалар янаям кенгаймоқда. Ҳозир ҳам умумтурк тили ва ягона алифбони жорий этиш бўйича турли таклифлар, муносабатлар билдирилмоқда. Бу масалада сизнинг фик­рингиз қандай?

– Албатта, Ер юзида 300 миллиондан ортиқ туркий халқлар вакиллари истиқомат қилади. Бир пайтлар улар ягона тилда сўзлашган. Кейинчалик турли миллат ва элатларга ажралиб кетишган. Уларни янада яқинлаштириш, бирлаштириш учун тил ва алифбони умумлаштириш жуда чиройли ва мафтункор ғоя. Умумтурк тили ва алифбосини яратиш устида узоқ йиллардан бери турли давлатларда кўплаб олимлар изла­нишлар олиб боришади. Бироқ бу масалалар шунчаки олимлар, зиёлиларнинг интилиш­лари билан битиб қоладиган иш эмас. Бу масала давлат сиёсати даражасида бўлгани яхши. Мана туркий давлатлар ташкилоти тобора ривожлан­япти. Бугунги кунда бутун дунёда кечаётган ўзгаришлар бирлашганлар фақат мувафақият қозонишини кўрсатяпти. Бироқ   бутун турк дунёсини ягона давлатга бирлаштириш имконсиз. Бугун Ер юзида камида олтита туркий тилли давлат мавжуд. Уларниг ҳар бири ўзининг стратегик мақсадлари, ўз ривожланиш йўли бор. Ҳар бир туркий давлат ўз йўлидан кетгани маъқул, аммо бир-бири билан алоқаларни янада кучайтириш лозим. Яъни, Европа Иттифоқи сингари туркий тилли давлатлар ягона, мустаҳкам иттифоққа бирлашса, бундан фақат ютуққа эришиларди. Камина ҳар бир қардош миллатлар қатори мана шундай эзгу мақсадларда, орзуда яшаяпман, десам бўлар.

–       Гулу Бей, суҳбат ва холис фикр­лар учун раҳмат, ижодий ишларингизда омад ёр бўлсин.

Наргиза АСАДОВА суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − fifteen =