Кўчаётган юлдуз мисоли, зир айланар руҳим ва жисмим…

Сафар ОМОН

 

Муаллиф ҳақида:

Сафар Омон (Омонқулов) — 1957   йилда   Бойсун туманида   туғилган. Ҳозирги Ўзбекис­тон   Миллий университети (аввалги ТошДУ)нинг журналистика факультетини 1983   йили тугатган.   Шоирнинг “Лайлатулқадр” (“Ёзувчи” нашриёти, 1994 йил), “Шамсул қалб” (Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат   нашриёти, 2002 йил), “Ишқ” (“Янги аср авлоди” нашриёти, 2004 йил), “Алам” (“Ворис” нашриёти, 2007 йил), “Сайё­раи   сафар” (“Мумтоз сўз” нашриёти, 2013 йил), “Шукрона” (“Тафаккур” нашриёти, 2018 йил) каби   шеърий китоблари нашр этилган.

Ўзбекистон   Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекис­тон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

 

             МЕНИ   СУРХОНДАН   ИЗЛАНГИЗ

Дўстлар мени соғинсангиз, гўзал Сурхондан излангиз,

Ажаб Сурхон не дерсангиз,   жумла жаҳондан излангиз.

Бу заминнинг қатларига   не бир тарих имло   ўлгай,

Ким ўзлигин билмоқ эрса, ани пинҳондан излангиз.

 

Кулли башар бешигини   илк тебратган улуғ   юрт бу,

Эрон замин, Турон замин   бўлган имкондан излангиз.

У будпараст, у   зардўштдир, у насроний, у   исломдир,

Минг бир номли ломакондир, ани Қуръондан излангиз.

 

Турфа ранглар, турфа   жилва, бу Турон   барчага шева,

Жам бўлгандек заррин тева, жаннат макондан излангиз.

 

Улуғбекнинг   кўзларини, боболарнинг унларини,

Нун ва алиф,   мимларини ушбу осмондан излангиз.

Мулки Турон не ном   эрди, анда кимга инъом   эрди,

Мадинадан хабар берди,   ани Усмондан излангиз.

 

Не мозийки ўйлагайман,   Сафар, мағрур куйлагайман,

Дўстлар мени соғинсангиз, гўзал Сурхондан излангиз.

 

                БУ   ЖОНИМДА   ГУЛОБ ЎҚИ

Агар сендан савол бўлса, бу жонимдан жавоб   ўқи,

Ҳийла кўнглингга маъқулки,   дўстим, яна савоб ўқи.

 

Туғилгандан мен   истарам жавоб жонимнинг қасдиға,

Ҳижрон оташида билки, лахча- лахча кабоб   ўқи.

 

Сенинг саҳни замонингда   на масрур ўлдики, на   шод,

Эслаб яна у   кунларни   рафторимдан шитоб   ўқи.

 

Куйиб васлингда кутгайман   висолингга етишмоқни,

Соғинч дарёсида оқгай   бу кўзлардан селоб ўқи.

 

Меҳроб деб бошимни қўйдим пойингдан тушган заррага,

Жилла шодлик топсанг агар, бу жонимда гулоб ўқи.

 

Баридан кеч, арзимасдир бу гўзалнинг тирноғига,

Ғам- андуҳни   қўйгил энди, кўзларимдан китоб   ўқи.

 

Билмасманки, ёзуғида неки жаннат, неки дўзах,

Сафар, ёрнинг оғушида озод қулсан шитоб ўқи.

 

НАҚШБАНДИЙ ҲАЗРАТЛАРИГА

Ортимга қарайман, куллуҳум сўроқ,

Олдимга қарайман, куллуҳум савол.

Сувратим, сийратда не мунча завол?

Оломон, бу сирга жавоб   бер, жавоб?!

 

Осмонга қарайман, куллуҳум   сўроқ,

Пойимга қарайман, куллуҳум савол.

 

Бу не таназзулу   бу не бир камол,

Эй, осий оломон   жавоб бер, жавоб?!

 

Қўлларим   сўроқдир, йўлларим сўроқ,

Уйларим саволдир, ўйларим савол,

Карвоним   ҳилолдир, сарбоним- малол,

Аросат бандаси жавоб   не, жавоб?!

 

Калима қайтардим, астаҳфируллоҳ,

Сен не пайғамбарсан, не Расулуллоҳ,

Аросат бандаси на   башар, иллоҳ,

Куллуҳум   саволсан, куллуҳум гуноҳ.

 

Алҳамдулиллоҳки, келди бир жавоб,

Хўжа Баҳовуддин, Сўфидан   тавоф:

“Охират уммати сенсан,   биссавоб,

Савол ўзингдадир, ўзингда   жавоб”

 

                  СИЛСИЛА

Ўғлим   БЕДИЛга

Кўчаётган юлдуз мисоли,

Зир айланар руҳим ва жисмим.

Бу риндона ҳаёт   саҳнида,

Унутаман, Энажон, исмим.

 

Саҳродаги қум барханлари,

Бу номаълум шоирлар   қабри!

Самон йўлда   чақнаган нурлар,

Дарвешларнинг бардоши, сабри!

 

Ўтган авлод ўтавераркан,

Йўқолмаскан   онгнинг шеваси.

Ўркач- ўркач   тоғлар аслида,

Илҳомимнинг карвон- теваси.

 

Чўққилардан   қулаган тошдек,

Минг бўлакка бўлинар жисмим.

Қайга бормай кутиб   олар жим,

Отамерос қутлуғ маконим.

 

Шарқдан Ғарбга, Жанубдан   Шимол,

Дарвешларнинг   лашкари тўзган,

Чор тарафда шайх, авлиёлар –

Кубро, Румий байроғин ёзган!

Кўчаётган   юлдуз мисоли,

Зир айланар руҳим ва   жисмим.

Бу риндона ҳаёт саҳнида,

Унутаман, Энажон, ИСМИМ!

 

ИЛТИЖО   ЁКИ   ЛАЙИН КАСАЛЛИГИ

Ўғлим УЛУҒБЕКка

Бобомерос касбни танладинг   ўғлим,

Ҳаётдан   розимиз, йўқдир   гинамиз.

Ҳали минг- минг йиллаб инсон дардига,

Малҳам бўлаверар ибн   Синомиз!

 

Ўнгимда улғайдинг,   зукко, иймонли,

Гард юқмай юракка мисли   лоладек,

Ёшу мартабанинг бизга фарқи йўқ,

Сен ҳамон биз   учун гўдак боладек…

 

Чечагу ўлату вабо, маховни,

Тиб илми дунёдан суриб ташлади.

Энди инсон учун   юрагу буйрак,

Ҳатто каллани ҳам қўйиб бошлади.

 

Беғубор қалбингга   тушмасин титроқ,

Ҳануз кўп нарсалар келгайдир малол.

Худонинг дардига даво кўп деймиз,

Нега бедаволар авж олди, савол?

 

Бугун кўпаймоқда лайин касаллик—

Ҳасаду ғаразу фитнаю   шубҳа,

Мансаб, бойлик деса   ҳеч иккиланмай,

Ҳатто номусини қилади   туҳфа.

 

Ўзидан   ўзгани   ўйламас   ҳеч ҳам,

Мана шу касалга кўпчилик ҳайрон.

Мақсади йўлига ғов   бўлса биров,

Иллоҳ, Маккани   ҳам қилади   вайрон.

 

Шифокор, табиблар – Синозодалар,

Дунё ўзгардими, ёки ҳавоси?!

Наҳотки, шайтони   лайин   касалин,

Бўлмаса   малҳами ёки давоси?

 

Бу иллат, бу офат,   охир- оқибат,

Олиб келмасайди   қирғинбаротга.

Синчиклаб текширгин, тўғри ташхис қўй,

Нима бўлган ўзи   бу ОДАМЗОТга!

 

             ЧИЛЛА   ХАТ

Қаҳри синди чилланинг, Эна,

Қантар оғди, қор   турмас энди,

Нега кўнглим   музлайди яна,

Нега кўнгил бўзлайди, Эна.

 

Айвонимни қор босди, Эна,

Ғуруримни ёр босди, Эна,

Бу гўшадан кетайин   десам,

Қароримни ор босди, Эна.

 

Тарновларда муз синди, Эна,

Ташвишлардан кўз тинди, Эна,

Ҳасад, ғараз маҳалласида,

Ғурбатларга сўз кўнди, Эна.

 

Сўзга оғир бўлди-эй,   Эна,

Ҳақ сўз сағир   бўлди-эй, Эна,

Лафз деганда қолмади   турум,

Қасам яғир бўлди-эй, Эна.

 

Қаҳри синди чилланинг, Эна,

Қантар оғди қор   турмас энди.

Нега кўнглим музлайди   яна,

Нега кўнгил бўзлайди, Эна!

 

               РУБОИЙЛАР

 

                                1

Улуғим , улусим, эй   туркий тилим,

Кўз нурим, мадорим, оёғим, қўлим.

Тожимсан, тахтимсан   ва ўнгу сўлим,

Закий бўл, боқий бўл,   авлодим, Тилим!

                                 2

Кубронинг дастида   қолган байроқдан,

Сулаймон бастида   бўлган таёқдан,

Сенга бир суқтумор   битсам Ватаним,

Бобурнинг   бағридан томган сиёҳдан.

                                3

Ҳуббул Ватан минал   иймона,

Қачон тўлар билмам   паймона,

Шайдо бўлмай ҳукми   шайтона,

Жон фидо қил, борки   имкона.

                                4

Нурлар менинг нарвоним дединг,

Кунлар менинг қурбоним дединг,

На кунлару на   нарвон   етар,

Қани менинг имконим дединг.

                               5

Мўминга етмаса сенинг озоринг,

Ҳеч касод бўлмагай кўнгил бозоринг,

Ободу озод эт,   онгу назаринг,

Чечаклар буркагай шунда мозоринг.

                                6

Жонингни ўйлама,   ўйловчилар бор,

Қилмишинг   сўйлама, сўйловчилар бор,

Фарзу     суннатингни унутма, эй Дўст,

Охират кунида сийловчилар   бор.

                               7

Марҳумлар сенинг   нонинга зормас,

Ҳашаму дабдаба, шаънингга   зормас,

Дуодан йўқлагил,   эй осий банда,

Охират айвони билки бозормас.

                               8

Мадина — кўнгилдир,   Макка – пок ният,

Ҳаммасин Аллоҳим қилган   иноят,

Ҳажи кабирадир асли   ҳидоят,

Иймон Каъба бўлса, Ислом — саодат!

                               9

Жумлаи мўминлар қилар бир нидо,

Куну тун ўзингга   айлаб илтижо,

Туркистон пирлари   ётган маконни,

То   абад тинч сақла, эй қодир Худо!

                              10

Эй Дўст,   барқарор   қил   имконимизни,

Эътиқод аталмиш   уммонимизни,

Рамазон тонгидек   пок   айла доим,

Сўнгги нафасгача   иймонимизни.

                               11

Исо Термизийга бешик бўлган кент,

Ва   етти иқлимга   эшик бўлган кент,

Буғда   туғулган бир гўдак   ҳурмати,

Ҳадиси шарифда бешак   бўлган кент.

12

Самандар қушини бошига қўйган,

Ўн   икки юлдузни кўксига   ўйган,

Бир элу бир   юрт бор дунёда якто,

Барчани фарзанд деб   онадек суйган.

                                13

Каъба деб кўнгилни   мен қилдим тавоф,

Элимнинг дуосин айла   мустажоб,

Мен ожиз, мен   осий, гуноҳкор банда,

Дегайман: валлоҳу аълам биссавоб.

                                14

Олмос тарозида барини   тортинг,

Барча гуноҳимни бўйнимга   ортинг,

Умрим давомида бир   савоб бўлса,

Энг аввал, энамга,   энамга тортинг.

                               15

Шарқдан   шамол эсса сабо бўлармиш,

Ғарбдан   шамол турса   вабо бўлармиш,

Ҳазрати Румийнинг   буюк   ҳикмати,

Бугун   ҳам   ўнгингда   бажо бўлармиш.

                                 16

Эй Дўст,   гуноҳимни   махфират қилгил,

Сўнгги нафасгача   маърифат   қилгил,

Меҳнат ибодатдир деган ваъданг бор,

Меҳнатни бисёру   дардни   роҳат қил.

                                17

Макону замони бир фикр   қилғил,

Садоқат тонгида сен   зикир қилғил,

Тириклик,   тўкинлик учун ҳар куни,

Тангрига минг бора сен шукур қилғил.

                               18

Бандага   берилган имкониятни,

Минг битта имтиёз   ва иноятни,

Бунинг маъниси шу: фоний дунёда

Синовдан   ўтказиш   инсониятни.

                               19

Рамазон не дединг?   Мухтасар жавоб:

Тавба- тазаррула   ўтказган тунлар,

Тангрининг ваъдаси бирга минг савоб,

Дўзахнинг эшиги ёпилган кунлар.

20

Дедим: Бунча баланд нега   бу тоғлар?

Деди:   Эътиқодда собитлигидан.

Дедим:   Бундай гўзал жаннатий боғлар?

Деди:   Халқнинг юртга   содиқлигидан.

                                21

Қанийди Аллоҳим этса   иноят,

Бориб кўролсайдим мен   Муштарийни.

Ул ажам   мулкини   айлаб саёҳат,

Зиёрат қилсайдим Замаҳшарийни.

                                22

Жаҳонгирлар юртидир бу, авлиёлар макони,

Етти иқлимга жо бўлган мўъжизаю имкони,

Билки боқий янграгайдир дину имкон фармони,

То   охират Ҳақ, Адолат, эрур анинг Ҳоқони.

                                23

Ой ва йиллар   эрур абадий мезбон,

Келиб   кетмоқликдир ҳаётий мезон.

Тириклик фарзлари   аслида авзон,

Ҳаддини билмоғи   керакдир Меҳмон.

                               24

Иймоннинг дояси сабур ва шукур,

Иймонсиз ғояси ғараз   ва куфур.

Инсофдан туғулар элга   манфаат,

Ирфону маърифат   ва соғлом фикр.

                              25

Эй, бахт   қуши,   қўнма бошимга,

Бугун бахтдан сармастман   ўзим.

Эй, ғам қуши   келма қошимга,

Иккисига   сарбастман ўзим.

                             26

Оромгоҳда келса бошимга,

Сабоқ бўлсин Инсон   наслига.

Ором топсам, қабр   тошимга

Ёзингиз: “Аслидан аслига!”

                                        2019-2022   йиллар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 4 =