Недир куйдирар тинмай Дилларни, димоғларни

Ҳол Муҳаммад Ҳасан

 

Муаллиф ҳақида:

Ҳол Муҳаммад Ҳасан — 1957 йил Сирдарё вилоятининг Гулис­тон туманида туғилган.

1983 йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини тамомлаб, адлия ва суд тизимида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Ҳол Муҳаммад Ҳасан таниқли ҳуқуқшунос ижодкорлардан бири бўлиб, “Оҳува”, “Ул куни Устоз дедилар”, “Қадимий қўшиқ”, “Сулувлардан сулувсан”, “Ой ўтов оппоқ ўтов” каби бир нечта шеърий китоб­ларнинг муаллифидир.

Айни пайтда у жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси бўлиб фаолият юритади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

                 Куз

Зар хазонлар қопламиш

Зардолузор боғларни.

Ўзни булбул чоғламиш

Завқи тошиб зоғларнинг.

 

Баъзўр қўшиғин айтиб,

Болари кезар дайдиб.

Мушки маст қилмай қўйди

Гулларнинг, гиёҳларнинг.

 

Сочин ёйиб елвагай,

Тунлар илҳом имлагай,

Чирилдоқлар чалиб най,

Кўмар сўлу соғларни.

 

Отдан тушиб виқорлар

Тоғни тарк этар қорлар,

Чизар мусаввир морлар

Сувратин ирмоғларнинг.

 

Кун санаган келиндай

Борлиқ тўлишган. Бай-бай…

Недир куйдирар тинмай

Дилларни, димоғларни.

 

Ҳолсиз хўрсиниб қалам,

Оҳор юзин қилар нам:

“Ёзмаслик мумкинмикан,

Тавсифин бу чоғларнинг?”

 

Туйғулар тўзиб тинди,

Бир ҳис инграйди энди:

“Куз манимдир,манимди,

Баҳор эса соғларнинг…”

 

            Мусофир

Ўзидан гар изн йўқдир,

Ўзингча из сололмассан.

Беназар молбозорда бир

Жарчи, даллол бўлолмассан.

Мусофир ит думин ҳар дам,

Бағрида асрамиш маҳкам.

Бировнинг юртида ҳеч ҳам

Оёқ чўзиб ўлолмассан.

Бериб сир яхши-ёмона,

Юрма бурнинг бўяб қона,

Бегона — сангги девона,

Тегар қайдин билолмассан.

Дунёда сарсон — авбош кўп,

Туробин топмаган лош кўп.

Миннатли ошда, бил, тош кўп,

Тишинг синса, кулолмассан.

Ўз уйингдир — ўлан тўшак,

Сен-да сиғажаксан, бешак.

Элингга қайт, “тож”инг ташлаб,

Миллатингга малолмассан.

Ўзидан гар изн йўқдир,

Ўзингча из сололмассан.

Муҳожирликда мусофир,

Оёқ чўзиб ўлолмассан.

 

           Хос шеър

Сиёсатга алоқам йўқ,

Аммо лоқайд эмасман.

Ноз-неъматдан кўзларим тўқ,

Қарзим йўқ бирон касдан.

 

Фиқҳдан сал хабарим бор,

Зерим бор, забарим бор.

Мантиқ отлиғ тошга чақиб

Билгум рўёни ростдан.

 

Хушомадни хушламасман,

Бийни олқишламасман.

Ҳамиятимга тегса гар,

Кечгум минг йиллик дўстдан.

 

Элибойли элатданман,

Эсли бир миллатданман.

Бугун афсус ор ҳақда сўз

Кетса, лом-мим демасман.

 

Бор мақтанса, топилгайдир,

Йўқ мақтанса, чопилгай.

Қачон ёлғон ёпилгайдир?

Билолмай – “эси паст”ман.

 

Тошга дўнмиш гардуни дун,

Чақмоқ чақар тамаддун.

Қўрқаяпман тушиб учқун

Ўт кетмаса бехосдан…

 

Фисқу фасод, фаҳш, иснод…

Арвоҳлар чекар фарёд:

“Ҳаё хаста, аста-аста

Чиқиб бормоқда эсдан”.

 

Шукр, аъзои таним соғ,

Тўрт мучам бут, камим йўқ.

Ахир менинг дохилим йўқ,

Дейман, аммо лоҳасман.

 

Бошқарувга бошим етмас,

На куч, на ёшим етмас.

Оқиб бораётурман, бас,

Лойқа сувда бир “хас”ман.

 

Синфга ҳам алоқам йўқ,

На баён, на қулмасман.

Асли ўзи бекманми, ё …

Билмасман, ҳеч билмасман.

 

       Жадидлар ёди

Эй, сиз элат ойдинлари —

юлдузмисиз, оймисиз?

Бош кўтариб бўйлаб қўйинг

би-ир, “Минг қўйли бой”мисиз?

Қўрангизга бўри тушган,

чўлиқлар ҳуши учган,

Эрта бир кун санаб юрманг

бой берилган қўйни, сиз.

 

Қорин сувин қўйинг чайқаб,

бир сирни олинг пайқаб,

Эл кўкайин кўрмай туриб,

бошлаб қўйманг тўйни, сиз.

 

Сичқон кирса супрасига,

бурни қашқа бўлмаган

Қора уйлар қопқасига

исбанд осиб қўйингиз.

 

Битманг ҳадеб: “Тарих ночор,

бугун, мана, бари зўр”

Бироқ нега елкалар бўш —

на калла, на бўйинсиз.

 

Ёзинг, сайдин қўйсин сайёд,

сайёра бўлсин ул ҳам,

Бир-ров нафас олсин қул ҳам,

ҳатто, қўй ҳам “ўйинсиз”

 

Эссиз элнинг ойдинлари,

булут босган ойми, сиз?

Қани чақмоқ тош эсангиз,

ё бир бўлак лоймисиз?

 

 Ўлма Гўрўғли, ўлма

Соқибулбул, қурни кузат,

қувёғочни қўй,чалма.

Толкосада майдан узат,

тўлдириб қуй, уялма.

Қирқ жигитинг қани,

Сардор, қани Юнус ва Мисқол…

Ай, Гўрўғли, ҳеч замонда

парилар ҳам аёлма.

 

Зот тиламай от тиладинг,

ҳайла Ғиринг – йўлдошинг,

Ўтар бўлсанг, ўчар отинг –

йўқ бирор қариндошинг.

Ай, Гўрўғли, келди ёшинг,

асрагин ёлғиз бошинг,

Чида, чида “Ёлғончи”да,

ўлма, ўзингдан қолма.

 

        Кўнгил берсанг

 Ай, Яратиқ, кўнгил берсанг

Бер, аввало Яратганга.

Сўнг пойини кўзга суртиб,

Қил тавалло, тўратганга.

 

Кўнгил берсанг, бу дунё дун

Ўюниға бутунлай кўн.

Кўнгил, кўнгил берма, лекин,

Зимдан сиринг сўратганга.

 

Бер, майлига, дарёдилга –

Ёр ишқида куйган қулга,

Ва ё муғжа ёрган гулга,

Булбул деб бўй таратганга.

 

Берсанг кўнгил, от – уловга,

Меҳринг тушиб бир бедовга,

Бор будунгни тиксанг довга

Қараб қарта чийратганга…

 

Кўнгил берсанг. Кўнгил берсанг,

Енгилмассан, енгил, — десам,

Оғир олсанг, Ҳол сўрасам

Қайрилмасанг қон ютганга.

 

Ай, Яратиқ, не дей яна,

Кўнгил қолди тугаб, мана

Қолган сўзим, шу – Биргина

Яратганга.

 

                 Пахтачи

(Узангидошларимга)

Ҳой, жўражон, бир тўхта-чи,

Нафасни ростлаб мақта-чи,

Майли, билиб қўйсин элат,

Биз пахтакормас, пахтачи.

 

“Пахтачи” – соф ўзбекча сўз,

Мос мисоли узукка кўз.

Ким келса, кўр, пахта тўшаб,

Дарҳол тутамиз нону туз.

 

Ажойибдир аьмолимиз,

Феъли хўйимиз, ҳолимиз.

“Отангни, гар ўлдирса ким,

Онангни бер” – мақолимиз.

 

Ҳа, ҳалимлик, наслда бор,

Юввош, мулойим, беозор.

“Қўрқоққина бўлсанг, магар,

Соғ-омонсан” – энг зўр шиор.

 

Қара, олим – уламога,

Боқ, шоиру шуарога,

Пахтачиликдан панд ўқир

Дийдаси тош фуқарога.

 

Билгани: “Балли, пахтачи!”

Девона далли “пахтачи”

Бошлиғичун бошин тикар,

Авбош “амал”ли пахтачи.

 

Мақтар юзинг-кўзинг, демай,

Борин берар ичмай, емай.

Кўкармасин деб орқаси,

Гулпахта тўккай “индамай”

Ҳай – ҳай, жўражон, пахтачи,

Эркакмисан, тик тўхта-чи?

“Уят” деган сўз бор, ахир,

Сирингни сотмас “…ахтачи”

 

Ҳай, тўхта-чи,

Би-ир, тўхта-чи?!

 

                          Эврилиш

Тилимни тишладим қаттиқ, кетди қон,

Оғзимни тўлдириб узилди тамом…

Яхши бўлди, ажаб бўлди, хўп бўлди,

Ёмон бийрон эди кўп йилдан буён.

 

“Тийил” дедим, бир нафас тийилмади,

Сукут сақлаш нелигин ҳеч билмади.

Худонинг зорини қилдим “Ўчир” деб,

Ўчирмади, қирчини қийилмади.

 

Ёшуллининг гапи бор: “Пирга бер қўл,

Магар тинч яшамоқчисан, соқов бўл.

Басир эса қўни-қўшнинг, овулинг,

Сен-да кўзинг қисиб ўт, ё мохов бўл”.

 

Бўлди, тилимга суяк сунадурман,

Замона зайлига бўйсунадурман.

Ўсиб-ўсиб бошимга етмагунча,

Узиб-узиб ютурман, кўнадурман.

 

Тишладим, тишладим, мана сўнди жон…

 

                    Набирамга

Тарих эртак эмас, ривоят эмас,

Мутлақ ҳақиқат ҳам деб бўлмас, бироқ.

Ровий икки дунё қасам ичмас, бас:

“Лофи йўқ, бадиий безаги кўпроқ”.

 

Кас бор-ки, бир умр мўъжиза кутар,

Муждалар қидирар мозий комидан.

Кўҳна китобларни беҳуда титар,

Билмас улар сўйлар ғолиб номидан.

 

Болам, қўй уринма, хомтама бўлма,

Мағлублик кўп кўрди бизнинг бу шажар.

Аждодлар товони тилинган йўлда

То ҳануз тош, чақиртиконлар учрар.

 

Майли, бари ўтрик, балки чиқар рост…

Фикри зикринг йиғиб, эртангга қарат.

Ҳою ҳавасларга чалғима ҳеч вақт,

Фақат ўз тарихинг Сен ўзинг ярат.

 

                     Қартайиш

Адабиётшунос олим

Қозоқбой Йўлдошевга

Мен бир бедов – қирчанғига дўниб қолган,

Соҳибининг зардасига кўниб қолган,

Жангу жадал, ўт-оловли кўпкарининг

Талотўпи кўзларида сўниб қолган.

 

Қулоқларим қамиш эди – кесар эди,

Орасидан жаннат ели эсар эди,

Туёқларим тошни қумдай эзар эди,

Ёлим ялов янглиғ…, энди синиб қолган.

 

Кишмиш эди, новвот эди авқотларим,

Балки Дулдул, балки Буроқ – аждодларим,

Қиличқанот Бойчиборим, Ғиротларим

Қони оқмай томиримда тўниб қолган.

 

Яккамих йўқ, тушов тугул жиловим йўқ,

Ҳурман озод, ўт-ўлан кўп ва қорним тўқ,

Аммо кўнгил тубида бир мисқолча чўғ

Узилган, ҳуув, эгар узра иниб қолган.

 

Мана, яна қирқин қизлар сағрим силар,

Менга омад, бекларига соврин тилар,

Турибман тик, тушга ахир кирмас нелар,

Бизнинг қавм бу Ҳолга ўрганиб қолган.

 

Тулпор эдим,

Нетай, шаштим тиниб қолган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 3 =