Туман рамзи

(воқеий)

1999 йил 7 майда Бахмал туманида республика назорат инспекциялари раҳбарларининг семинари ўтказилиши режалаштирилган эди. Мен ўша даврда туман ҳокимининг ўринбосари — Назорат инспекцияси раҳбари вазифасида ишлардим. Апрель ойининг ўрталарида туман ҳокими М.Анарбоев тоғ қўйини туманнинг рамзи этиб белгилаш ва семинар ҳужжатлари жилдига тоғ қўйи расмини қўйдириш шарти билан мени Тошкентга юборди.

Мен “Бахмал шароб” акциядорлик жамияти раҳбари раҳматли Носир   Алимардонов билан Тошкентда бўлиб, семинар ҳужжатларининг жилдига қўйнинг эмас, оҳу расмини қўйдириб, қайтдик.

Ҳоким ҳужжатлар жилдида тоғ қўйи ўрнига оҳу қўйилганини кўриб, қаттиқ ранжиди, бақириб, қоғозларни менга қараб отди. Ҳурмати юзасидан индамай чиқиб кетдим. Ҳоким мен билан бир ҳафта гаплашмади, топшириқ ҳам бермади, бошқа берилган топшириқларнинг ижросини ҳам сўрамади. Аммо ҳоким туманнинг турли ҳудудларидан ўрмончи ва овчиларни, жумладан, раҳматли Ўнғар Тилавовни чақириб, Ойқор тоғида кийиклар бор-йўқлигини сўраб, масалага ойдинлик киритаётганини сезиб юрдим.

Тоғда кийик борлигига ишонч ҳосил қилганми, ҳоким мени қабулига чақирди. Аввалига бугундан эътиборан мени ишдан бўшатишини, умуман ҳеч жойда ишлатмаслигини айтиб дўқ урди. Кейин сал юмшаган бўлиб: “Гапир, нега менинг айтганимни бажармадинг?” — деди.

— Сиз туманда Аллоҳ насиб этса, беш ёки ўн йил ҳоким бўлиб ишларсиз, кейин бошқа бир юқори лавозимга кўтарилишингиз аниқ, — дедим раҳбарнинг менга ён беражаклигини билиб ярим ҳазил-ярим чин аралаш. — Мен эса шу халқ фарзандиман, улар билан бу ерда умримнинг охиригача яшайман. Мен ўз элимга “қўй” тимсолини олиб берганимдан кўра ўлганим яхши. Туманнинг рамзи оҳу бўлмаса, рамзсиз қолақолсин”.

Ҳоким ўйланиб қолди ва босиқ овозда: “Мен сенинг ориятли инсон эканлигингни билмай юрган эканман. Қойилман сенга! Майли, туманнинг рамзи оҳу бўлақолсин, розиман”, деб қўлини узатди ва мени жилмайган кўйи кузатиб қолди.

Семинар юқори савияда ўтди.   Юртимизнинг турли бурчакларига оҳу расми туширилган семинар ҳужжатлари тарқаб кетди.

Ишончим комилки, у ҳужжатларни қўлига олиб ўқиган ҳар бир инсон жилдидаги расмга ҳам нигоҳ ташлаган ва Бахмалнинг рамзи оҳу эканлигига эътибор қаратган. Шу гапдан хабари борми, билмадим, “Ўсмат” ғишт заводи директори раҳматли Турсунбой Алишаев оҳу шакли туширилган “барельеф” ясатиб, туманнинг кириш дарвозаси тепасига ўрнаттирди.

Мана 23 йилдирки, Бахмал туманига кириш дарвозаси тепасига қўйилган туманнинг рамзи — оҳу бу юртга келаётган сайёҳларни “кутиб олиб”, кетаётганларига “оқ йўл!” тилаб турибди…

Гулбой АЛМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =