Ёлғоннинг “ёғли”си

Муқаддас динимизда “сидқ” деган тушунча – бор. Бу: “Ҳамма нарсани Худо кўриб-билиб турибди”, – деган ақидага қатъий амал қилишни тақозо этади.

Гап шундаки, яқинда бир диний уламонинг эълон қилинган мусоҳабасида, жумладан, чекка   қишлоқларимиздан бирида туғилиб-ўсгани, 48 ёшдалиги, диний тарғиботни бошлаганига 40 йил бўлгани, 8 ёшида “юзлаб” шогирдлар ундан таълим олганини айтди.

Келинг, келтирилган шу фактларни реал ҳаётга солиштириб кўрайлик.

40 йил бурун 1982 йил эди. Тилимизда 100 гача бўлган рақам кўзда тутилса, “ўнлаб” дейилади, борди-ю, “юзлаб” дейилса, бу 200 дан ошиқни билдиради.

Демак, 1982 йили 8 ёшли бир бола чекка бир қишлоқда 200 дан ортиқ бола ёки кишига диний таълим берган.

Энди пешма-пеш саволлар туғилади…

Биринчидан, шўро даврининг қиличидан қон томиб турган даҳриёна сиёсати 1982 йили 200 дан ошиқ кишига яширинча диний таълим олишга йўл бериб қўярмиди? Ахир, 1984 йили отасига жаноза ўқитгани учун бир академик ва бу маросимда қатнашган бир неча илмий ходим Ўзбекистон Коммунистик партияси XVI пленуми минбаридан туриб сўзланган маърузада қаттиқ танқид қилиниб, жазоланган эди-ку.

Иккинчидан, бу диний таълим учун 200 кишидан ошиқ одам сиғадиган қайси иморатдан фойдаланилди экан?

Учинчидан, ўша замонда вилоятларимиздан бирининг чекка бир қишлоғида 200 дан ошиқ киши диний таълим олиш истагида бўлдимикан?

Тўртинчидан, ҳатто, ҳозирги кунда ҳам хусусий тарзда диний таълим бериш давлат қонуни билан қатъиян ман этилган, агар рухсат берилса ҳам, чекка бир қишлоқда бугунги кунда ҳам 200 дан ошиқ кишининг келиб, диний таълим олишига ким кафолат беради?..

Халқимизда: “Мулланинг айтганини қил-у, қилганини қилма!” – деган     ажойиб мақол бор. Бу халқдаги: “Гарчи баъзан ўзи амал қилмаса ҳам, мулла тўғри гапиради”, – деган қатъий ишончнинг меваси сифатида яралган ҳикмат.

Мулла кишининг бундай “ёғли-ёғли” ёлғонларни айтиб ташлайвериши замирида нима ётибди?

Бизнингча, ё: “Мулламан-ку, нима десам, одамлар ишониб кетаверади, айтавераман”, деган мақсад,   ё… яна одам нима дейишга ҳам ҳайронсан.

Келинглар, халқимизнинг: “Мулланинг айтганини қил!..” – деган эзгу эътиқодига путур етказмайлик!

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + two =