Мансаб ва мартаба
Бошқани билмадим-у, қаламкашга Худо умрни фикрлаш учун берган. Қанча кўп яшасанг, шунча кўп фикрлаш имконига эгасан.
Тунов куни бир ошда ғалати бир ҳодиса юз берди. Эснинг эси – бор, дейсизми? Бундан 25 йил бурун бўлган бир воқеа ёдга тушди.
Ўшанда камина катта идорада хизмат қилар эди. Завқ-шавқ билан ишланар, тез-тез оммавий ахборот воситалари орқали чиқилар эди. Таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг 70 ёшга тўлишлари муносабати билан Тошкент шаҳри ҳокимияти ошхонасида зиёфат бўлди. Дастурхон атрофида каминадан икки-уч ёш кичикроқ бир нотаниш йигит кўп мулозамат кўрсатди. Чойлар қуйиб турди, нон ушатди, тақсимчага турли егуликлар солиб берди ва ҳоказо. Охири ўзини таништирди.
— Сизнинг ашаддий мухлисингизман. Сиртдан шогирдингизман. Ёзганларингизни ўқийман. Телевидение ва радиодаги чиқишларингизни жон қулоқ билан тинглайман. Сиздан услуб ўрганаман, – деди.
Икки йил ўтиб, буни қарангки, бизга “сиртдан шогирд” бўлган бу йигит билан бир идорада ишлашга тўғри келди. Ҳар ҳолда, камина раҳбар ўринбосари, у бўлим мудири эди. Негадир, аввалги “шогирд”лигидан асар ҳам қолмагандай эди. Сезмай ўлибманми, раҳбар олдида ўзини менга шогирд қилиб кўрсатишдан ўлгудек қўрқиб юрди. Аммо нима бўлганда ҳам, давраларда ўринбосардан юқори ўтиргани йўқ.
Умрнинг ўзики ўткинчи бўлганидан кейин мансаб вақтинча бўлмасинми?
Йиллар ўтди. Камина амалга оширилган қисқартириш туфайли мансабдан кетиб, бошқа ишга ўтган, аммо ҳалиги “шогирд” лавозимида қолган эди. Тошкентга яқин вилоятлардан биридаги олий таълим муассасаси ўтказган илмий анжуманга бордик. Ректор пойтахтдан маъруза учун келганларни меҳмон қилди. Камина хонага олдинроқ кирибман. Ректор тўрга алоҳида бир стул қўйдирган. Албатта, у ҳалиги “шогирд”га мўлжалланган. Камина ва ректор унинг икки қўлида рўпарама-рўпара ўтирдик.
Хомкалла бўлмай кетай, ичимда: “Ҳозир келиб: “Устоз, юқорига Сиз ўтасиз, бизга ноқулай-ку”, – деса керак”, – деб ўйлабман. Отам тумандаги раҳбар лавозимлардан бирида ишлаганлар. Ота-онамдан, 18 йил Фанлар академияси, 3 йил Ташқи ишлар вазирлиги, 3 йил Президент девони, 11 йил Республика Маънавият ва маърифат марказида меҳнат қилиб, орттирган тажрибамдан келиб чиқилса, қаерда қандай ўтириб-туришни яхши билсам керак, деб ўйлайман. Шунинг учун бу “бўлажак” таклифни рад қилишимни кўнглимда пишитиб турган эдим. Жуда бўлмаса: “Гоҳ – пирдан, гоҳ – муриддан”, “Тегирмон – навбати билан”,– деган гаплар – бор, бир марта тўрда ўтирсангиз, нима қилибди?” – деб ҳазиллашаман”, – деб ҳам ўйлаб қўйдим.
Қаёқда?!
У тантанавор кайфиятда кириб келиб, ректор кўрсатган жойга бемалол, заррача хижолат чекмасдан, мамнуният билан ўтириб олди-ку. Энди мансаби “устоз”иникидан юқори эди-да, ахир!
Бугун бундан ҳам баттари бўлди. Ўзи ўзбек ошларининг ёзилмаган кўп-кўп қоидалари бор. Улардан бири шуки, стол бир бошдан тўлдириб борилади. Бунда ёшга қаралмайди. Келган бўш стулга ўтираверади.
Столимиз ҳали тўлмаган эди. Юқорироқда икки ёши етмишларга борган оқсоқол ўтирар эди. Бир маҳал 45 ёшлар чамаси бир йигит келиб қолди. Ҳалиги икки чол ўрнидан туриб, унга жой бўшатишди. Йигит ҳам, худди ўша каминанинг “шогирд”идай, мамнуният билан чолларни босиб, юқорига ўтди. Суриштирсам, чоллар уни яхши танишар, қаердадир каттароқ лавозимда ишлар экан.
Иккита қоида бузилди: биринчиси – ошда ўтириб-туриш қоидасига амал қилинмади, иккинчиси – ёшнинг мартабаси мансабдан юқори экани буткул унутилди.
Хотира – ёмон нарса. Ёмонлиги шундаки, компьютерга вирус тушади, унга тушмайди-да.
…Бир гал устозим, атоқли шарқшунос, филология фанлари доктори, профессор, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Нажмиддин Комилов бир ошга ҳамма қатори кириб, камтарлик билан тўғри келган столлардан бири атрофига ўтирибдилар. У пайтда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси эдилар. Тўйчи домлани тўйхонанинг тўридаги столга олиш учун одам юборибди.
— Йўқ, – дебдилар устоз, – мен қаерга ўтирган бўлсам, ўша ерни тўр ҳисоблайверинглар!..
Умрини азиз-авлиёлар ҳаётини илман ўрганиб, эл орасида тарғиб қилишга бағишлаган олим шундай бўлади-да.
Аммо орамизда бу ҳикматдан, буюк исломий маънавиятдан тамоман бехабар одам шунчалар кўпки…
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими