Бу қўллар…

Қўлларим – отамдан мерос. Машҳур пианиночиларнинг қўлларига ўхшайди. Рубоб, дутор, доира чалганда буни ўзим ҳам ҳис қиламан. Куйни нозик қочиримларини чиқариб чалиш учун айнан ингичка, узун панжалар – керак-да. Лекин бу қўллар кетмон билан белкурак дастасини ҳам қаттиқ тутади. Пичоқ, қайчи, пинцет, олмос (лезвия) билан бажариладиган ишларга ҳам – жуда мос.

Энди очиғини айтинг: зиёлиларимиз орасида, ҳаттоки, оддийгина тухум қовуришу сабзи тўғрашни ҳам эплолмайдиганлар фоизи – қанча? 70-80 фоиз бор-ов?

…1969 йили 8-синфдан кейинги ёзги таътилда Бухоро вилоятидаги Вобкент туманининг газетаси таҳририятида ишга кириб, тез кунда машинкада ёзишни ўрганиб олдим. 1971–1976 йиллари ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультетида бизга машинкада ёзиш бўйича махсус дарс ўтилган. Яхшилиги факультетда алоҳида машинкалар хонаси бўларди. Бир нечта машинка қўйилган эди. Хоҳлаган талаба мақола ё шеърини машинкада ёзиб, чиқариб ола билар эди.

1975 йили отам пальто олишим учун берган 100 сўм пулларига стипендиямдан 35 сўм қўшиб, “Мос­ква” русумли ихчам (портатив) машинка сотиб олганман. Байрам бўлган-ку! 1981 йили немислар чиқарган “Эрика” деган ихчам машинка олдим. Унинг сифатига гап йўқ. Гарчи бугунга келиб оилавий музейимиз экспонати бўлиб қолган бўлса-да, ҳозир ҳам келинчакдай турибди. 1983 йили магазинларда Югославиями ё Чехословакиями чиқарган “Юность” деган ундан ҳам ихчам машинка пайдо бўлди. Олмай бўлармиди?

Лекин буларнинг бари механик машинкалар эди. Ихчам электр машинкалар чиқарилмаган. Ундан ташқари, устага олиб бориб, буларга ўзбекча ҳарфлар ўрнатишга тўғри келар эди.

1990 йили Тошкентдаги Марказий универмагда кутилмаганда “Оптима” русумли электрон машинка пайдо бўлди-ку. Унинг электр машинкадан кўп афзалликлари бор эди. Биринчиси, сиз хоҳлаганча тезликда ёзиб кетаверасиз, у хотирасига олиб қолиб, орқангиздан ёзиб бораверади. Иккинчиси, қатордан қаторга ўтиш учун сиздан ҳеч қандай ҳаракат талаб қилинмайди, бу автоматик тарзда амалга ошади. Учинчиси, қоғозни қўйиб, бир тугмачани боссангиз, бўлди, ўзи уни керакли нуқтага олиб бориб, ёзишга тайёр қилиб қўяди. Тўртинчиси, ҳар бир саҳифага фақат бир хил миқдордаги қаторларни теради. Бешинчиси, тугмачалар орқали хато кетган ҳарф устига янгисини ёза оласиз. Олтинчиси, бир тугмачани боссангиз, керакли сўзларни қора (жирный) қилиб ёзади. Еттинчиси, яна бир тугмачани боссангиз, сиз хоҳлаган сўзларни ҳарфларини ажратиб-ажратиб (разрядка қилиб) ёза олади. Ва ҳоказо ва ҳоказо.   Хуллас, у машинка эмас, ярим компьютер эди.

Муҳимдан муҳими шу эдики, машинка заводнинг ўзидан русча, ўзбекча ва тожикча ҳарфлар ўрнатилган ҳолда, махсус бизнинг минтақа учун ишлаб чиқарилган эди. Тарихда илк ва сўнгги бор машинка заводдан ўзбекча чиққанига гувоҳ бўлганмиз.

Ана энди уйларида 6 – 7 та машинкалари бор атоқли таржимашунос Ғайбулла Саломовнинг шогирдлари бўлмиш каминанинг аҳволини тасаввур қилаверинг! Бу ярим компьютер машинкани кўрганимдан кейин тинч ухлай олармидим?! Қаёқда? Аммо нархи– ўша пайтдаги 8 ойлик маошимга тенг эди-да, қурғур!

Нечта машинка турганида устига яна шунча пулга янгисини олишга уйдагилар осонгина кўнади, деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта. Бор дипломатик маҳоратимни ишга солишга тўғри келган ўшанда. Раҳматли аммасини “элчи” қилганман. Зиёли, мансабдор аёл эдилар. Кўндирдилар. Эҳе, йиллар нималар ёзилмади бу “жонивор”да!

1975 йили ишлаб чиқариш амалиёти даврида “Бухоро ҳақиқати” (ҳозирги “Бухоронома”) газетаси таҳририятида маош олиб ишладим. Таниқли шоир Тошпўлат Аҳмад энди таҳририятдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига масъул котиб бўлиб ўтган, тез-тез келиб турар эдилар. Бир келганларида қўлларида ручка билан битилган шеърий туркум бор экан. Машинистка таҳририят ишидан унча-бунчага ортавермади. Безовта бўла бошладилар. Бўлимимизда тайёр машинка турар эди. Лекин ходимлардан ҳеч ким уни ишлатмас эди.

– Шуни териб бериш керакми? – дедим.

– Ҳа-да. Шошиб турибман-да, – дедилар.

Машинкага ўтирсам, диктовка қила бошладилар.

– Йўқ, – дедим. – Мен кўчириб ёзишга ўрганганман.

Қаторларда адашмаслик учун қўлёзма устига линейкани қўйиб олиб, шапирлатиб териб ташладим.

– Эркак кишининг машинкада ёзишини биринчи кўришим, – десалар, бўладими! Ўша кезларда умумий тасаввур шунақа бўлган-да.

Уйда шунча машинка тайёр тургани билан ўзим ҳам авваллари матнни қўлда ёзар, кейин устидан қайта-қайта ишлаб, таҳририятга жўнатиш учунгина машинкада охирги вариант сифатида терар эдим. Шу қадар ҳам содда бўламанми?! 1986 йилдан: “Энди нима ёзсам ҳам, тўғридан-тўғри машинкада ёзаман!” – деб “қасам” ичдим. Таҳрир қилинса, яна қайта терилаверади-ку. 1995 йилдан бери эса ручка билан бирор нарса ёзганимни эслай олмайман: фақат компьютерда битилади.

Гапни бунча чўзишдан кўзланган муддао бор. 1969 йилдан буён авваллари ёзув машинкасида, кейинчалик компьютерда матн терадиган мутахассислари мавжуд идораларда ишлаб келаман. Оз бўлса-да, даҳшатли даражадаги тезлик билан ҳарф терадиганларни кўрганман. Ўзи компьютерда тез теришнинг усулларини ўргатадиган махсус дастур ҳам бор. Унга кўра, ўнта бармоқнинг ўз қиладиган иши мавжуд. Ҳар бармоқнинг ўз ҳарфлар “ҳудуд”и бўлади-да.

Ташқи ишлар вазирлигида бир муддат таниқли шоир, таржимон ва журналист Насриддин Муҳаммадиев билан бирга ишладик. Компьютердаги ҳарфларни фақат кўрсаткич бармоқлари билан, ўшанда ҳам жуда секин терар эдилар. Оралиқ (пробел) тугмасини бош бармоқ, чизиқчани лиличоқ, бошқа ҳарфларни ўзига яқин бармоқлар билан босишни ўргатмоқчи бўлдим. Шу кунлари ишхонамизга бир немис дипломати хизмат сафари билан келиб қолди. Компьютерда шундай тез матн терар эканки, бунақасини бошқа ҳеч кўрмадим. Ҳатто, компьютерга қарамай, телевизорда футбол ўйинини томоша қилиб туриб ҳам ёзаверади-ей. Бу даражага чиқолмадим, албатта. Лекин ҳар ҳолда, 7 – 8 дақиқада бир саҳифа матн тера оламан. Ишхоналардаги матн териши учун маош оладиган мутахассисларнинг кўпи шу тезликка ҳам чиқа олмаганини кўзим билан кўп кўрдим.

Компьютерда тез ёзиш учун ҳам пианиначининг панжалари керак-да!

Буюк адиб Габриэл Маркес улуғ ёшида компьютерда ёзишни ўрганганидан кейин: “Агар буни илгарироқ ўрганганимда бундан кўра кўпроқ асарлар ёзиб, бундан кўра машҳурроқ адиб бўлар эдим”, – деган экан. Ҳеч кимга тегиб кетмасин-у, очиғи, айрим тенгдош ҳамкасбларимиз ана шу компьютерда ижод қилишга ўта олмагани учун ҳам замондан кўп орқа қолди, деб ҳисоблайман.

Столда ўтириб ишлайдиганлар орасида Ғайбулла Саломов домладек ўта меҳнаткаш кишини бошқа кўрмаганман. Афсуски, шунча машинкалари бўла туриб, бу устозимиз ҳам аввал қўлда ёзар эдилар-да (Хатлари бағоят чиройли эди лекин). Агар шунча меҳнат компьютер ёрдамида қилинганидами, эҳе, бу алломадан яна қандай-қандай китоблар мерос қолармиди.

Устозим, атоқли шарқшунос Нажмиддин Комиловни машинка сотиб олишга даъват қилавериб, зўрға кўндирганман. Барибир, қўлда ёзишдан тўла воз кечмадилар. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминовдан ўзлари учун компьютер сотиб олишларини илтимос қилдим. “Бир асарни тўғридан-тўғри компьютерда ёзиб, таржима қилдим. Бўлар экан-ей”, – дедилар бир куни мамнуният билан.

Компьютерда ижод қилишнинг фақат матн териш билан боғлиқ жиҳатларигина гапириляпти. Эҳе, бунинг яна қанчадан-қанча йўлингизни яқин, юкингизни енгил қиладиган томонлари борки!..

“Бизнес” сирларининг барчасини ошкор қилиш ниятим йўқ-ку-я, барибир, компьютернинг илмий-ижодий иш ёзишдаги баъзи қулайликларини айтиб ўтмасам, бўлмас.

Мақола, рисола ё монографияда бошқа асарлардан парча келтирасизми? Бусиз иложи йўқ-ку. Уларнинг электрон вариантларини топасиз-да, кўчириб ўтирмасдан керакли жойини компьютерда ажратиб олиб, зарур ерга қўясиз, вассалом.

Ёки қай бир таҳририят сизга 1 минг 200 сўздан иборат мақола буюртма қилди, дейлик. Чунки унинг анъанасига кўра, мақолангиз А3 бичимдаги бир саҳифага сиғиши – керак. Нима, энди эринмай сўзларни санаб чиқасизми? Шунга кетган вақтнинг ўзида яна шунчалик бошқа бир нарса қораласа бўлади-ку. Йўқ, компьютерда ёзсангиз, пастда ўзи матнингиз нечта сўздан иборат бўлганини кўрсатиб тураверади. Шу тариқа нечта сўз қўшишингиз ёки аксинча, нечта сўз қисқартиришингизни аниқ билиб, ишлайсиз.

Фараз қилайликки, сизда: “Навоий XIV аср машҳур ўзбек адиби Бурҳониддин Рабғузийни ёки унинг “Қисаси Рабғузий” асарини билганмикан, уни бирор-бир асарида тилга олдимикан?” – деган ўта муҳим илмий савол туғилди. Албатта, бунинг учун унинг барча асарларини кўриб чиқиш – шарт. Бу аслида – қанчалар мушкул бир машғулот. Лекин компьютерда узоғи билан икки соатда ҳал қилса, бўлади буни. Навоий “Мукаммал асарлар тўплами” 20 жилд­лигининг электрон варианти – ижтимоий тармоқларда бор. Ҳар жилдни алоҳида-алоҳида топиб, саволни ўртага ташлайсиз. Компьютер ўта “ақл”ли “жонивор”: ё “йўқ” деб жавоб қайтаради, ё адиб ёхуд унинг асари тилга олинган ерни топиб беради.

Ёхуд айтайлик, сизни Навоий “сарв” сўзини жами асарларида неча бора қўллагани қизиқтиряпти. Марҳамат, компьютер ҳам умумий сонини чиқариб беради, ҳам унинг ҳар бир асарда қўлланган аниқ жойини кўрсатади.

Компьютер ёзаётган асарингизнинг нечта варианти бўлса, ҳаммасини алоҳида-алоҳида хотирасида сақлайверади ҳам. Бу ҳам жуда керак-ку!

Ўқувчиларингиз тасаввурини тиниқлаштириш учун мақолангизда тилга олинаётган ҳар бир тарихий шахснинг туғилган ва вафот этган санасини қавсда бериб кетиш нияти туғилди, дейлик. Ўзимизнинг буюклар ҳақидаги бундай маълумотларнинг кўпини ёддан билишингиз, бунда ишингиз осон кечиши мумкин. Лекин кутилмаганда буюк хитой алломаси Конфуцийни ҳам қўшдингиз. Нима, бунинг учун энди ёстиқдай-ёстиқдай энциклопедияни титиб ўтирасизми? Йўқ. Компьютер орқали GOOGLEга кирасиз, у донишманднинг милоддан олдинги 550 йил атрофида туғилиб, 479 йили вафот этганини чиқариб беради.

Бу гапларни, очиғи, ёши улуғлар ва айрим ўрта ёшдагиларни ҳисобга олиб туриб ёзяпман. Чунки ҳозирги ўқимишли ёшларимизнинг аксарияти буларни яхши билади.

Шундай юксак тамаддун замонида ҳамон ручка билан асар ёзиб юрганларга раҳм қилмай ҳеч илож йўқ. 28 йилдан буён ручкани мажлислардаги баъзи муҳим фикрларни ёзиб олиш, компьютерда терилиб, қоғозга чиқариб олинган матнни таҳрир қилиш, ўқилаётган китоб ҳошиясига туғилган мулоҳазаларни қайд этиш, ҳужжатларга, айниқса, маош қайдномасига имзо чекиш пайтидагина ишлатаман. Айтсам, эҳтимол, ишонмассиз, компьютердан узоқ ерда фикр туғилиб қолса, қўлдаги телефондан компьютер сифатида фойдаланган ҳолда битилаверади ҳам. Айрим мақолачалар ёки уларнинг парчалари шу тариқа битилган.

Ахир, замон ўта тезкор-да.

Бир ўтирганда каттагина бир материални шитирлатиб ёзиб тугатиб, ўрнимдан турганимда болаларимнинг онаси: “Дадангнинг “одамча”лари – бор, ўзлари эмас, ўшалар ёзиб беради бу кишига”, – дейди ҳазиллашиб фарзандларимизга. Йўқ, “одамча”ларим эмас, бармоқчаларим ёзади.

Дарвоқе, ҳангомамиз қўл ҳақида эди-я? Табиийки, муштим ҳам кўп катта эмас. Баъзилар: “Ҳар кимнинг юраги муштининг ҳажмича келади”, – дейишади. Майли. Юрак кичкина бўлса ҳам, дуо қилинг, узоқ йиллар ишлаб берсин. Кейин юракнинг катта-кичиклиги иккига бўлинади: жисмонан ва руҳан. Яъни, жисмонан кичкина юрак ҳам руҳан катта, яъни қўрқмас, юраги жисмонан катта юрак ҳам руҳан кичкина, яъни қўрқоқ бўлиши мумкин. Мақтанчоқликка йўймасангиз, бир гапни очиқ айтаман: ёзган баъзи нарсаларимни ўқиб: “Юрак ҳам отнинг калласидай экан-да”, — деганлар кўп бўлган.

Одамзод шуғулланадиган ҳар қандай иш учун ақл, қўллар (баъзан оёқлар ҳам) ишлаши керак. Ақли билан қўлларини ўстирмаган одамларга рос­ти, жуда қийин. Бу уларнинг ўзларига қанчалик зиён келтиришини билмадим-у, аммо жамиятни ёмон орқага тортади-да. Жабрини, табиийки, ақли билан қўлларини ҳадди аълосида ривожлантирганлар кўпроқ кўради.

Масалан, Туркия Республикасини ғарбликлар нега Европа Иттифоқига қабул қилишни ҳеч-ҳеч хоҳламайди? Эҳтимол, ҳар ким ҳар хил сабаб ё омил келтирар. Аммо менинг содда ўйлашимча, Туркия халқининг ақли ва қўлини ривожлантириши даражаси ҳали Европа Иттифоқи мамлакатларидаги аҳоли даражасига етганича йўқ. Туркия Европа Иттифоқига қўшилса, бундан, албатта, ютади, аммо Европа Иттифоқи ютқазади-да. Ҳолбуки, бу 83 миллионли энг ривожланган туркий тилли давлатнинг умумий иқтисодий кўрсаткичлари биздан 5 – 6 баробар юқори.

Чинимни айтдим.

Шубҳаланиб ўтирманг.

Ҳар куни эрталаб туриб биринчи қўлларимга қарайман. Шу кичкина қўлларим кўзларимга катта-катта, бақувват-бақувват бўлиб кўринса, билингки, бугун соппа-соғман. Минг афсуслар бўлсинки, унда-мунда қўлларим кўзларимга кичкинадан-кичкина бўлиб кўринади-да. Биламанки, бугун буровим – йўқ. Ё врачга кўринишим, ё “бошидан ўтказган табиб” қоидаси бўйича, яъни тажрибаларимга суяниб ўзимни ўзим даволашим керак.

Ҳатто сўрашганда ҳар қандай кишининг қўлидан соғми-касалмилиги даражасини билса, бўлади. Худди буни овозидан, қадам ташлашидан, кўзларидан билиб бўлгани каби.

Тобим қочган кезлари билакларим, бармоқларимнинг бўғимлари зирқираб оғрийди. Билагимдаги томиримни ушласам, одатда бир дақиқада профессионал спортчиларникидек 56 – 59 марта урадиган юрагим зарблари тезлашиб қолганини сезаман. Компьютерлаштирилган махсус соатни тақиб ўлчасам, 75 тадан ҳам ошган бўлади баъзан.

Бу мақола қўлларим кўзларимга кичрайгандан-кичрайиб кўринган кунда табиий бир туйғу ҳосиласи сифатида қоғозга тушди.

Эй Яратган Эгам!

Ҳар куни эрталаб кўзларимга қўлларимни катта-катта, бақувват-бақувват қилиб кўрсат!

Дарвоқе, бу мақола, асосан, журналистлар ўқийдиган “Hurriyat”дан бошқа газетада босилса, ҳайф кетади. Нима дедингиз?

Ушбу фикрлардан сўнг талабаларга кўп айтадиган бир гапимни яна такрорлагим келяпти: бу касб эгаси шахсий автомобилсиз ҳам яшайвериши мумкиндир (чунки камина ҳам 54 ёшидагина илк бор бир эски автомобиль сотиб олган эди), лекин шахсий компьютери бўлмаган журналист — журналист эмас.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва

Журналистлар уюшмалари аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =