Амри маъруф ҳам тарбияга йўғрилса…

Мустақиллик шарофати билан кўп-кўп исломий анъаналаримиз қайта тикланди. Шулардан бири – амри маъруф.

Уни баъзан хато тарзда “амру маъруф” деб ҳам ёзишяпти. Ҳолбуки, бу ердаги “амр” от, “маъруф” эса сифат сўз туркумига киради. Яъни, бу “маърифатли амр”, яъни “билишга чорловчи кўрсатмалар” дегани.  Чунки “амр”  тилимиздаги “буйруқ”, “топшириқ”, “йўл-йўриқ” тушунчаларини,  “маърифат” эса “билиш”ни англатади. Агар уни “амру маъруф” десак, қўпол бир лисоний англашилмовчилик юзага келиб, “кўрсатмалар ва маърифатли” дегандек ғалатидан-ғалати нарса келиб чиқади. Худони англаш, Ҳаққа яқинлашиш маъносида ҳам “маърифат” сўзи қўлланилади. Шундан келиб чиқиб, бора-бора “маърифат” сўзи “тасаввуф” истилоҳининг маънодош (синоним)ига айланган.

Ҳазрат Алининг бир шеъридаги мисрани буюк донишманд бобомиз Алишер Навоий:

Тоат кўпидин маърифат ози – яхши,

— деб таржима қилган. Бунда кўп тоат қилавергандан озгина Ҳақни билиш билан шуғулланишнинг яхшилиги уқтирилади.

Амри маъруфларимизда бирхиллик устун бўлиб қолган. Қори ака бир диний мавзуда суҳбат қуради, кейин Қуръондан тиловат, сўнг эса дуо қилинади.

Таниқли кишиларимизнинг ёш тўйлари (юбилейлари), халқ орасида машҳур кишилар вафотидан кейин ўтказиладиган эҳсонларда бошқачароқ йўл тутиш мумкин-ку.

2006 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, педагогика фанлари номзоди, доцент Акрам ака Акмалов 60 ёшга тўлдилар. Шу муносабат билан эҳсон дастурхони ёзилди. Ўша кунлари “Маърифат” газетасида каминанинг домланинг ҳаёт йўллари, хизматлари ҳақидаги мақоласи босилиб чиққан эди. Ўзлари амри маъруфда шуни ўқиб беришимни илтимос қилдилар. Қори ака даврани очиб, сўз бердилар. Мақола ўқиб эшиттирилди. Кейин Қуръон тиловат қилиниб, дуо қилинди.

Бир профессорга бу янгилик асло ёқмабди-да.

— Қоидани буздингизлар. Ҳамма қатори мулланинг ўзи амри маъруф қилгани тузук эди, — деди бир куни.

— Нима бўлибди? — дедим. — Ахир, мақолада бир зиёлининг босиб ўтган илмий-педагогик машаққатли йўли сўзланди, бу маърифат эмасми? Қайтанга, бунинг таъсири кучлироқ, маърифий фойдаси кўпроқ-ку!

Йиллар ўтди. Ўша эътироз қилган профессорнинг ўзи 70 ни тўлдирди. Амри маъруфда ўзининг босиб ўтган илмий-ижодий йўлини биров ҳикоя қилиб беришини илтимос қилди… Демак, ўйлаб, кўриб, янгиликка қўшилибди-да.

Куни кеча Тошкентда Ўзбекистон халқ шоири, атоқли таржимон Жамол Камол хотирасига бағиш­ланган амри маъруф бўлиб ўтди. Таниқли адабиётшунос, филология фанлари номзоди, катта илмий ходим, Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти соҳиби Сайфиддин Рафиддин даврани очиб, савоби жорияни тушунтирди, Жамол Камолдан қолган савоби жорияларни бир-бир санади, Қуръондан тиловат қилиб, дуо ўқиди.

Сўнг халқаро тадбиркор, маърифатпарвар ва саховатпеша зиёлимиз, марҳум шоирнинг кўп китобларига ҳомийлик қилган Анвармирзо Ҳусаинов марҳум билан ҳамкорликлари-ю ёрқин хотираларидан сўзлади, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов шоир шеърияти ҳақида сўзлаб, унинг “Ёлғон гапирмаслик” шеърини ўқиб берди,  Халқаро ёзувчилар федерацияси президенти Олег Евгеньевич Воловик (Будапешт, Венгрия) Москвада шоирнинг рус тилида чоп этилган  “Площадь спасения” тўп­лами хусусида, камина эса форс-тожик тилидан қилган таржималари борасида сўзладик.

Ҳеч ким ҳозиргача форс-тожик шеъриятидан Жамол Камолчалик кўп ва хўб таржима қилмаган. Жалолиддин Румийнинг 6 дафтардан иборат “Маснавийи маънавий”си, Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”, “Асрорнома”, “Илоҳийнома”, “Панднома”, “Булбулнома”, “Уштурнома” достонлари, Низомий Ганжавийнинг “Хамса”сига кирган беш маснавийси, Алишер Навоийнинг форс­ча-тожикча шеърлари шу қалам соҳибининг кўп йиллик заҳматли ижодий меҳнатлари билан халқимиз мулкига айланди. Бунга шоирнинг Ҳазрат Али, Юнус Эмро, Вильям Шекспир, Радий Фиш ва бош­қалардан қилган таржималарини ҳам қўшсак, қандай катта бир мерос кўз олдимизда гавдаланади.

2019 йили Туркияга борганимизда, ўғлимиз бизга “Маснавийи маънавий”нинг Кўнё шаҳрида ўзбек тилида босилган 6 жилддан иборат нашрини  кўрсатди. Унга бир тадбирда ўзбекистонлик бўлгани учун достоннинг айнан ўзбекчасини совға қилишибди. Бу унга кутилмаган совға бўлибди. Кўрганимиз эса бизга сюрприз бўлди. Уни камина Тошкентга олиб келиб, раҳматли Жамол акага етказдим. Қизиқки, бу таржимоннинг ўзига ҳам сюрприз бўлибди. Чунки бир неча йил илгари босилган бу китобдан у кишининг мутлақо хабарлари йўқ экан.

Хуллас, таниқли кишиларимиз билан боғлиқ амри маъруфларимиздаги аксарият ҳолларда бу шахсни унча танимайдиган бир мулланинг маърузаси учун ажратилган 15-20 дақиқалик вақт мобайнида уч-тўрт кишининг давра суҳбатини ташкил этиб, шу инсон умрининг ўрнак бўладиган томонлари гапирилса, ҳар тарафлама тўғри бўлади.

Шунинг ўзи ҳам бир амри маъруф эмасми?

Султонмурод ОЛИМ,

Тошкент амалий фанлар университети профессори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − two =